Урганжий қишлоқлар

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳудудларга ташрифи ислоҳотларнинг ҳаётдаги самарасини кўрсатибгина қолмасдан, тарихий хотирани уйғотишга ҳам хизмат қилмоқда. Масалан, яқинда Андижон вилоятининг Избоскан туманидаги “Урганжий” маҳалласига қилинган ташриф халқ орасида, жумладан, хоразмликларда Урганжий топонимига қизиқишни уйғотди. Шулардан келиб чиқиб, Урганжий қишлоғининг Хоразмдаги Урганч шаҳрига қандай боғлиқлик томони бор деган табиий саволни ўртага қўйди.

Маълумки, республикамиздаги Фарғона   вилоятининг Данғара, Учкўприк, Бувайда, Андижон вилоятининг   Избоскан, Пахтаобод, Наманган вилоятининг Наманган, Жиззах вилоятининг Фориш, Бухоро   вилоятининг Ғиждувон туманларида   Урганжи номли қишлоқлар   бор. Хўш, бу қишлоқларнинг қандай бир-бирига боғлиқлик томони бор?

 

Дастлаб, Урганч топонимига тўхталсак.

Урганч атамаси илк бора зардуштийларнинг муқаддас китоби “Авесто”да Урга шаклида   тилга   олинади. Энг қадимги даврларга оид   яна бир манба милодий 92 йилда воҳага   келган Хитой элчиси Бан Гу хотираларида Урганч­­ни ўз талаффузига мослаб, Юег –Янь дея   ёзганди. Қуйи Амударё бўйидаги ушбу   масканни   қадимги туркий қавмлар Гурганж, Гурганч, араб   манбаларида эса Журжония деб   аташган.

1558 йилда   воҳага   келган инглиз савдогари   Антоний Женкинсон ўз   кундаликларида Хоразмдаги ушбу   шаҳарни   Юргендш дея   ёзган. Хива хонлиги даврида   ўлкага ташриф буюрган   россиялик сайёҳ, элчи, олим, жосусларнинг битикларида   эса шаҳар Ургенч   деб қайд этилган. Маҳаллий аҳоли эса ўз жонажон мас­канини   Урганч дея   севиб   тилга олади.

Хўш, жой номлари ҳақида илмий тадқиқот ишлари олиб борадиган топонимик олимлар ўртасида Урганч номининг келиб чиқиши бўйича қандай фикрлар бор?

“Авесто”дек зардуштийларнинг   муқаддас китобида тилга олинган Урга (Урва) ҳозирда Қорақалпоғистоннинг Жанубий Орол бўйидаги   гео­лог-газчилар шаҳарчаси сифатида   ҳозирда   ҳам маълум. Қадимий Урга харобалари археолог олимлар томонидан етарлича   ўрганилган. Орол денгизининг   сувлари тўлиб тошиши   натижасида Урга қалъаси жамоаси эрамизнинг VII-IX асрларида жанубга томон кўчган ва Ургин-Уркенд дея айнан Ургага оҳангдош ном билан   атала бошланган.

Филология фанлари   номзоди, Аҳмад Ишаевнинг фикрига кўра, Урганч топоними қадимги “Ургин” — яъни “тахт, сарой” сўзидан келиб чиққан. Бироқ “Ургин” сўзи қайси даврда Урганч­­га айланган ва   унинг “тахт, сарой” сўзига   қандай боғлиқлиги   бўйича қатъий якуний илмий хулоса йўқ.

Негаки, Урганч топоними анча қадимий   атама бўлиб, Ўрта Осиёда туркий халқлар пайдо бўлмасдан ҳам олдин мавжуд бўлган.

Профессор Зарифбой Дўсимов   олиб борган илмий тадқиқотларидан келиб чиқиб шундай якуний фикрга келади: “Урганч топонимининг биринчи компоненти “уру” хоразмий тилида “катта” маъносини   билдирган ва Уруканд-Уруканз-Уруганж-Урганж-Урганч   каби шаклланган.Демак, бу топоним “катта шаҳар, катта қалъа” маъносига эга.

З. Дўсимов ўз фикрини асослаш мақсадида мавзуни теран тадқиқ қилади: “Урганч топоними вужудга келиши хронологияси билан хоразмий даврига мосдир. Унинг кейинги қисми, “ганч”, “ганж” биз кузатаётган “кант” компоненти билан алоқадордир. “Кант” ёки “канд”нинг “ганж”­га айланиши ҳақиқатга   анча яқиндир. Хоразмий тилининг   маълум бир босқичида “t” ва “с” товушлари “дз” (бизнинг “з”га яқин) ҳолатида бўлган. Сўнгги туркий аҳоли тилида “ж”га   айланган. “tс-дз-ж” ҳодисаси юз берган. Хоразмий тилида фақат шу тилга хос бўлган “з” товушининг борлигини машҳур россиялик тилшунос А.А.Фрейман ҳам қайд қилган эди. У 1950 йилларда Хоразмга келиб, Ислом динидан олдинги даврдаги хоразмийлар тили, фонетикасини ўрганиб, “Хорезмский язык” номли китобини 1953 йилда Санкт-Петербургда нашр қилдирган. Ушбу китобда 3000 сўздан иборат хоразмликлар шевасига оид сўз ва иборалар изоҳлаб ўтилган. Жумладан, у “с” ва “S”нинг “дз”га мос   келганлигини ва бундай товушнинг сщ-д ва осетин тилларида   йўқлигини айтади.

Шундай қилиб, “кант” компонентининг ке­йинги даврларда “ганж”га айланишини   қонуний деб ҳисоблаш   мумкин. Сўз охиридаги “ж-ч” ҳодисаси соф туркий ҳодисадир. Номнинг биринчи қисми Урнинг эрон тилларидаги “хур” (“хуршид-қуёш) орқали   изоҳланиши топонимик қонуниятга тўғри келмайди. “Қуёш шаҳри” ёки “бахт шаҳри” типида эмоционал-экспрессив усулда   ном қўйиш топономияда деярлик учрамайди. Гарчи Урганч топонимини хоразмий даврининг “кат” этапига мансуб деб ҳисоблар эканмиз, унинг изоҳини ҳам шу даврдаги тилдан, яъни эрон тилларининг шарқий группасига мансуб тиллардан билиш мумкин.

Шундай экан, Урганч   топонимининг биринчи компоненти “уру” хоразмий тилида “катта”   маъносини билдирган ва Уруканд-Уруканз-­Уруганж-Урганж-Урганч   каби шаклланган. Демак, бу топоним “катта шаҳар, катта қалъа” маъносига эга. (“Хоразм топонимлари”, Т. “Фан”нашриёти”, 27-28-бетлар).

Маълумки қадимда “гур” сўзи   “нур” маъносини ифодалашини академик ватандошимиз Муҳаммаджон Йўлдошев таъкидлаб ўтган ва   “Гурганж” — “Нурли тупроқ” деган маънони билдиради дея ҳисоблаганди.

ХI асрда яшаган буюк аждодимиз Маҳмуд Қошғарий ўзининг “Девон-ул-луғотит турк” асарида Журжон — Гургон сўзига “Чин   йўлида мусулмонлар чегарасидан бири” дея қисқа изоҳ берган, бироқ манзил сифатида ўрнини кўрсатиб   ўтмаган. Қошғарий асарини нашрга   тайёрлаган С.Муталлибов Журжон   ўша даврдаги Хоразмнинг пойтахти   эканлигини таъкидлайди ва араб сайёҳи Ёқут ал Ҳамавийнинг (1179-1229) “Муғ-жамол булдон”   асаридан   мисол келтирганди: “Журжон Гургоннинг араблашганидир. Журжон Хоразм ўлкасига тегишли катта   бир шаҳардир. У Жайҳун   қирғоғидадир.Аслида хоразмликлар Жайҳуннинг шарқидаги Мансура деган шаҳарда яшар эдилар. Жайҳун уни ювиб   кетди. Ундан асар ҳам қолмади. Сўнг улар Гурганчга кўчдилар. Шаҳар кундан-кунга кенгайиб обод бўлди. Гурганчни 616 ҳиж­рийда (милодий 1220 йил) мўғул татарлар истило қилиб хароб қилмасдан олдин, ўз кўзим билан кўрганман. Мен бундан каттароқ, чиройлироқ, тўкисроқ бир шаҳар кўрганимни билмайман”.

Тарихий фактлардан ҳам   аёнки Хоразмга пойтахт   вазифасини тарих мобайнида   Урга, Маздакент, Тупроққалъа, Қўйқирилганқалъа, Кат, Гурганч, Вазир ва Хива шаҳарлари бажарган. Ёқут Ҳамавий айтган Хоразм пойтахти Мансура, бошқа манбаларда Кат (Қиёт) дея аталган   шаҳар ҳам ўз даврининг машҳур шаҳарларидан бўлиб, бу диёрда 973 йилда буюк аллома Беруний туғилганини таъкидлаш лозим. Маълумки Катни Амударё сув остига олгач, пойтахт милодий 995 йили янги ҳудуд — Гурганчга кўчган. Ўша   вақтларда ушбу шаҳар — Гурганч   кичикроқ шаҳар   бўлган.

“Хоразм шаҳар эмас, умуман ўлканинг номидир. Пойтахтга келсак, уни Журжония деб аташади. Маҳаллий аҳоли уни   Курканж (Гурганж) дея атайди, аммо бу ном арабчалашиб   арабларда Журжония деб талаффуз қилинади” дея ёзади Ҳамавий. Бироқ араб   сайёҳи   ва савдогари Ҳамавий шаҳарнинг кўркамлиги, бой ва ободлигидан ҳайратланган бўлса-да, айнан шаҳар номининг келиб чиқиши, тарихи ҳақида маълумот бериб ўтмаган.

Таниқли ҳуқуқшунос ва тарихнавис Анвар Шукуров   “Нур устига нур ёғсин” номли асарида (Т. 2013 йил) “Урганч-Гурганч-Кўрганч сўзларидаги   “у” ҳарфини “ў” деб талаффуз этсак хато бўлмайди — Ўрганч, Гўрганч, Кўрганч каби. Мазкур вариантлар ўзаги   аслида “кўргон-Қўрғон” бўлганини   фараз этиш мумкин. Бундай тахминга   олиб келган Гўрган (Кўрган) сўзи билан Амир Темур номидаги   Кўрагон (Гўрагон) сўзи араб имлосида бир хил ёзилиши   тасодиф бўлмаса керак. Хоразм пойтахти Гўрганч (Кўрганч) Ўрганч номи Амир   Темурнинг Кўрагон (Гўрагон) лақаби жуда қадимги тарихий анъанадан дарак беради” (ўша асар, 66-бет) дея   ўз фикрини билдириб ўтади. Анвар Шукуровнинг фаразича   Қўрғон-Кўрагонга, ундан сўнг эса Ўрагон, Ўрган-Урганчга айланган бўлиши мумкин. Албатта бу Анвар   Шукуровнинг бир тахминий фикрлари.

Агарки Ёқут Ҳамавий келиб ўз кўзи билан кўрган, ҳайратланган Гурганч ҳақида тўхталадиган бўлсак, бу шаҳар Окс (Амударё)нинг ғарбий томонидан Фил   ёки Мансура (Кат-Шоббоз-Беруний)нинг   рўпарасида жойлашган кичик   шаҳарча бўлган.

1573 йилда жўшқин   Амударёнинг ўз йўналишини   Каспийга эмас, Орол   томонга буриши, ўзанини ўзгартириши   натижасида   Хоразмнинг қадимий   шаҳарларидан бири бўлган   Урганч сувсизлик   сабаб   абгор ҳолга кела   бош­лайди. 1646 йилга келиб   Хива хони Абулғози   Баҳодирхон (1603-1664)   хароба   бўлаёзган Урганчни   Амударё бўйидаги ҳозирги Хоразм ҳудудига кўчириб келтиради. Шаҳар номи ўчмасин дея аввалги шаҳарни Кўҳна Урганч, сўнггисини   эса Янги Урганч   деб атай бошлашди. Вақт ўтиб, унинг номидаги “янги”   сўзи халқ тилидан   тушиб қолди.

Урганч номи билан   боғлиқ бир қанча   қиш­лоқ топонимлари   ҳам   мавжуд бўлиб, улар   Урганжи деб аталади, бу — “урганчлик” дегани. Аниқроғи, мазкур атама урганчликларнинг замон таъсирида турли даврларда у ёки бу ҳудудга кўчиб, ўрнашиб қолиши билан боғлиқ.

Ҳозирда юқорида айтганимиздек, Фарғона вилоятининг Данғара, Учкўприк, Бувайда, Андижон вилоятининг   Избоскан, Пахтаобод, Наманган вилоятининг   Наманган, Жиззах   вилоятининг Фориш, Бухоро   вилоятининг Ғиждувон туманларида   Урганжи номли қишлоқлар   бор.

Айнан турли ҳудудлардаги Урганжий қиш­лоқларига келадиган бўлсак, асрлар давомида бу қишлоқлардан фақат номгина сақланиб қолганми, деган савол пайдо бўлади. Демак, тадқиқотчилар олдида Урганжий қишлоқлари орасидаги боғлиқлик, ўзаро яқинлик, урф-одат, анъаналардаги ўхшашлик жиҳатларини ўрганиш асосий мавзу бўлиб турибди.

Умид БЕКМУҲАММАД

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × two =