Муносабат билдириш билан чекланмаймиз

Куни кеча пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлари Ижодий уюшмасининг “Ўзбекистон Журналистлари Ижодий уюшмаси: кеча, бугун ва эртага” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Ўзбекистон Журналистлари Ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров иштирок этган тадбир чин маънода ОАВ вакиллари билан очиқ мулоқотга айланди.

Уюшма раиси Олимжон Ўсаров журналистларни Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан табрик­лаб, ўтган қисқа муддат давомида уларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишга доир амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.

Хусусан, жорий йил июнь ойининг ўзида, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раисининг махсус @jurnalist_uz_bot телеграм боти ишга туширилганди. Айни пайтгача уюшмага бот орқали мингга яқин мурожаатлар йўлланган. Бугун улар атрофлича ўрганиб, ҳал қилиняпти.

Шунингдек, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзолари Александр Пушкин таваллудининг 222 йиллигига бағишланган тадбирда иштирок этиб, шаҳримизда қад ростлаган шоир ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Андижонда Effect.uz интернет нашри журналисти бир гуруҳ шахслар томонидан калтакланганлиги ҳолатига расмий муносабат билдирилди, “Саҳҳоф” нашриёти раҳбарияти билан учрашув уюштирилиб, нашриёт раҳбарияти уюшма кутубхонаси фонди учун “Пойравот фарзанди”, “Пандемия ва мусъулият” ҳамда юртимизнинг қатор ҳудудлари тарихи ва бугунига бағишланган китобларни совға қилди.

“Овози тожик” ва “Нурли жол” газеталари таҳририятларига замонавий компьютер тўп­ламлари совға қилинди, давлат ва жамоат арбоби Зиёд Есенбаев таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан устоз журналистнинг хонадонида хотира тадбири ўтказилди. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги Касб этикаси бў­йича жамоатчилик кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Шунингдек, кўпгина фаол журналистларга аъзолик гувоҳнома ҳамда аъзолик кўк­рак нишонлари тантанали равишда топширилди.

Тадбир давомида уюшма раиси томонидан келгусида амалга ошириладиган режалар ҳақида ҳам маълумот берилди. Жумладан, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан бу йил Матбуот ва омма­вий ахборот воситалари ходимлари куни муносиб нишонланиши, “Йилнинг энг фаол журналисти” танлови доирасида танлов ғолибларига қимматбаҳо совғалар топширилишини маълум қилди.

— Қонунчилигимизда нафақат ахборот олиш, излаш, сақлаш, тарқатиш кафолатланган, балки давлат органлари зиммасига ҳам журналистни ва бошқа фуқароларни қизиқтирган маълумотни тақдим этиш мажбурияти юкланган. Акс ҳолда, таъкидлаш жоизки, бу борада жавобгарлик ҳам назарда тутилган. Журналистларимиз аксар ҳолларда давлат идоралари маълумот тақдим этмаса, шунга рози бўлиб кетаверади. Аслида эса бундай бўлмаслиги керак.

Демоқчиманки, сўнгги пайтда журналистлар билан боғлиқ кўплаб ҳолатларга биз ўз муносабатимизни билдириб кел­япмиз. Албатта, фақат шу билан чекланиб қолмоқчи ҳам эмасмиз. Олдимизда ҳали кўплаб амалий ишларга ўтиш бўйича ҳам режалар бисёр.

Низом бўйича ҳар йили 10 нафар журналист совриндор сифатида мукофотланган. Шу билан бирга 15 нафар журналист рағбатлантирувчи мукофотлар билан тақдирланган. Бу йил эса мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан энг фаол 30 нафар журналистимизни уюшманинг махсус совғалари билан тақдирлаймиз, — деди О. Ўсаров.

Қолаверса, яқин кунларда ОАВ вакиллари учун махсус дам олиш зоналари, соғломлаштириш марказига йўлланмалар бериш тизимини йўлга қўйиш, журналист ва блогерлар ҳимоясини ҳуқуқий қонунийлаштириш юзасидан Адвокатлар палатаси билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилади. Уюшма раҳбари тез орада Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия, Ҳиндис­тон, Россия ва Жанубий Корея журналистлар уюшмалари билан халқаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланишини ҳам маълум қилди.

Абдулазиз Аҳмедов.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 5 =