Бугун журналистикага нима етишмаяпти?

Куни кеча Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан Миллий матбуот марказида “Янги Ўзбекистон журналистикаси: замонавий ёндашувлар ва анъаналар давомийлиги” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, бир қанча босма ва интернет нашрларнинг бош муҳаррирлари, телерадиоканаллар вакиллари, журналистлар, журналсит кадрларни етиштирувчи олий таълим муассасалари педагоглари ҳамда соҳага қизиққан ижодкорлар иштирок этган тадбирда Президентимизнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан йўллаган табригидан келиб чиқадиган вазифалар хусусида фикр алмашилди.

Давра суҳбатини Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров олиб борди. Уюшма раиси мамлакатимизда давлатимиз раҳбари томонидан миллий масс-медиа соҳаси ривожига жиддий эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлади. Ва қуйидаги фикр­ларни билдирди: Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида матбуот ва оммавий ахборот воситалари соҳасида ҳам туб ўзгариш­лар юз бераётир. ОАВнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсири, фаолият самарадорлиги, таъсирчанлигини ошириш, уларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, кадрлар салоҳиятини ошириш, соҳа ходимлари меҳнатини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш устувор вазифа бўлиб келмоқда.

Кейинги йилларда соҳага оид 12 та қонун ҳужжати қабул қилинди. Ахборот хизматлари тизими тубдан янгиланди. Бу йил ташкил этилганининг 65 йиллиги нишонланадиган миллий телевидение фаолиятида ҳам жиддий ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг янги, замонавий платформаси марказий телеканалларда намойиш этилаётган кўрсатувларни бутун мамлакатимиз ҳамда дунёнинг 100 дан зиёд давлатларига узатиш, ижтимоий тармоқларга фаол жойлаштириш имконини бермоқда.

Айни пайтда нодавлат электрон оммавий ахборот воситалари, газета ва журналлар, нашриёт ва босмахоналар сони тобора ортмоқда. Интернет журналистикаси тобора ривожланмоқда. Мамлакатимизда фаолият юритаётган 1 минг 893 та оммавий ахборот воситасидан 638 таси ёки 33,7 фоизи Интернет нашрлари — веб-сайтлар сифатида рўйхатдан ўтган.

Тадбирда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларига табриги ҳар бир журналист, медиа тузилма, таҳририятлар, ижодий жамоалар учун муҳим дастуриламалдир.

Айни пайтда соҳадаги камчиликлар, муаммоларни биргаликда, ҳамжиҳатлик билан ҳал этиш долзарб аҳамиятга молик, — деди О.Ўсаров.

Давра суҳбати сўнгида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан бир гуруҳ журналистларга уюшмага аъзолик билетлари топширилди.

Қуйида эса тадбир иштирокчиларининг мухтасар фикр-мулоҳазалари эътиборингизга ҳавола этилмоқда.

Аҳмаджон Мелибоев,

“Жаҳон адабиёти” журнали

Бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист:

— Биз бугун матбуотда сўз эркинлигини амалда ҳис эта бошладик. Босма нашрлар, радио ва телевидение, ижтимоий тармоқлар ўртасида очиқлик ва ошкоралик мусобақаси бошланди. Бунда кимнинг ғолиб чиқиши муҳим эмас, эркин сўзни, рад этиб бўлмайдиган ҳақиқатни журъат ва албатта, маҳорат  билан (одоб доирасида) айта оладиган, иқтисодий жиҳатдан бирор кимга ёки ташкилотга боғланмаган, ўртада холис туришга қодир нашрларнинг мавжудлигида. Фикримча, бундай ижодий жамоалар янада кўпайиши керак.

Бугунги дунёвий ўзгаришлар кўп соҳаларга оид назарий методологик асосларни ҳам ўзгартириб юборди. Назария ва амалиёт ўртасидаги кўп йиллик узилиш шунга олиб келди. Бу ҳолат журналистикага ҳам тааллуқли. Қисқа қилиб айтганда, матбуотнинг асосий принцип­ларига доир бир-бирига қарама-қарши  фикрлар пайдо бўлди. Улардан бири – ОАВ камчиликларни, мавжуд муаммоларни кўрсатиб бериши, яширилган ҳақиқатларни ошкор қилиши, нотўғри хатти-ҳаракатларни танқид остига олиши шарт, аммо уларнинг ечими қандай бўлгани билан қизиқмаслиги керак. Биздан жуда узоқда бўлмаган таж­рибали бир мутахассис “Бу матбуотнинг иши эмас”, деб турибди.

Ахир, бу фикрга мутлақо қўшилиб бўлмайди! Журналист заҳмат чекиб, бирор муаммонинг илдизини очиб берса-ю бу хусусдаги танқидий чиқишга тегишли ташкилотлар муносабат билдирмаса, бундай заҳматли меҳнатдан не маъно чиқади? Гўёки, деҳқон эрта баҳордан кеч кузгача меҳнат қилиб, далага экин экса, ҳар туп ниҳолни авайлаб парваришласа-ю ҳосил билан қизиқмаса — бу нима дегани?

Хуршид Дўстмуҳаммад,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

—       Эътибор берадиган бўлсак, кейинги бир ойда Журналистлар ижодий уюшмаси қанчалик жонланганини кўрамиз. Фавқулодда жонланди. Юқори авж пардаси 27 июнь бўлди, албатта, бунга Президентимизнинг табриклари, эътибори алоҳида сабаб бўлди. Аммо байрамлар ўтади, ҳаёт давом этади. Ҳар куни тирик инсоннинг олдида янги-янги муаммолар бўлганидек, журналистларнинг олдида 10 ҳисса, 100 ҳисса кўпроқ муаммолар бўлади. Бу — табиий. Журналистларнинг касби шуни тақозо қилади.

Иккита масалага эътибор қаратишингизни сўрайман. Биринчиси, кадр тайёрлаш масаласи. Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети очилди, Шарқшунослик институтида, Самарқанд давлат чет тиллар институтида халқаро журналис­тика йўналишлари очилди. Бу жуда яхши. Ўқув даргоҳлари қанча кўп бўлса, рақобатга имконият қанча бўлса, шунча яхши.

Лекин битта мулоҳаза пайдо бўлади. Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университетидаги халқаро журналистика йўналишининг фаолияти тўхтатилди. Бунда озгина мантиқсизлик кузатил­япти. Факультет, университет раҳбарияти билан Олий таълим вазирлигига тушунтиришга ҳаракат қилдик. Лекин ожизлик қилдик, шекилли, фикрларимизни уқтира олмадик.

Буни қарангки, Президентимизнинг таб­риклари чоп этилган “Hurriyat” газетасининг биринчи саҳифасида “Меҳнат шуҳрати” ордени олган Ўғилой қизимиз ҳам шу даргоҳни тамомлаган. Бундай собиқ талабалар жуда кўпчиликни ташкил қилади. Жаҳон тиллари университетининг 20 йиллик салоҳиятга, тажрибага, базага эга бўлган факультетининг баҳридан ўтилди.

Энг жиддий масалалардан бири газеталаримизни кузатсак, эълон қилинаётган танқидий чиқишларга жавоб масаласи, мурожаатларга жавоб масаласида ҳали қиладиган ишларимиз ниҳоятда кўп.

Мана, кечагина Урганчда бир деҳқоннинг уйига кириб 30 тонна буғдойини ички ишлар ходимлари олиб чиқиб кетибди, зўравонлик билан. Kun.uz нашри шуни олиб чиқибди. Нимага босма нашрлар ҳам бунга нисбатан ўз гапини айтмайди? Фақат мақтовга берилмасдан, шундай ҳолатларни ҳам олиб чиқса бўлади-ку!

Ҳусан Эрматов,

“Ишонч”–“Ишонч-Доверие” газеталари бош муҳаррири:

—       Президентимизнинг табригида алоҳида бир нуқта бор. Шу пайтгача ҳеч қайси бир табрикда биз Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг тилга олинганини кўрмаган эдик. Бу ерда Журналистлар ижодий уюшмасига катта ишонч билдириляпти. Иккинчидан, Уюшма биз маслаҳатлашадиган, бошимиз бирикадиган бир мас­канга айланса, деган таклиф берил­япти, деб айтишимиз мумкин.

Биринчи навбатда, биз ўз олдимизга “Бугун журналистикага нима етишмаяпти?” — деган саволни қўяйлик. Тўғрисини айтсам, бугунги босма нашрларимизда ҳам ҳақиқий журналистика унчалик кўзга ташланмайди. Биз ўқиган журналистикани ҳозир нашрларимизда жуда кам кузатяпмиз. Авваламбор, ўз касбимизни бир назардан ўтказайлик, нималарни ўрганган эдик? Журналистика бу — санъат, журналистика бу — фан эмасми?

Ҳамма ташқаридан туриб баҳо бераяпти. Биз индамай ўтирибмиз. Нимага шундай бўляпти?

Аввало, ўзимизнинг қилаётган ишларимизни ислоҳ қилиб олсак яхши бўларди. Илгари газеталаримизни нима кўтарган. Газеталаримизни фелъетонлар кўтарган, таҳлилий материаллар кўтарган. Ҳозир айтайлик, иқтисодий мавзуда ёзилаётган аксарият мақолаларни ўқиб бўлмайди-ку. Бирорта бир жиддий таҳлилий иқтисодий йўналишда ёзадиган одам тополмай қол­япмиз. Давлат раҳбари шунча ўзгаришлар қиляпти. Буни ёритишда иқтисодий таҳлил керак бўладиган жойлари бор. Қани шуни кўрсатиб бераётган бирорта бир журналист?

Тўғри, битта-иккита сал дадилроқ газеталаримиз бор, лекин фақат шулар билан биз мана шу, ўзбек матбуоти, деб мақтанолмаймиз.

Бош муҳаррирлар… бошимиз бирор марта бирикмайди. Масалан, битта “Hurriyat”да чиққан, сўнг уни тўртта газета кўчириб берган мақолага (“Ҳақиқатга тик қаранг, жаноб!”, “Hurriyat” газетаси, 2021 йил, 21 апрель, №17-сон) жавоб ололмадик-ку.

Иккинчидан, таълим нуқтаи назаридан ҳам. Таълимнинг ҳам ўзининг эгалари бўлиши керак-да. Факультет сонини кўпайтирган билан унда ишлайдиган одамларни ҳам ўйлаб кўришимиз керак. Қандайдир бир ички илгаригидан қолиб кетган зиддиятлар борлигини эшитиб қол­япмиз. Журналистикамизни илмий нуқтаи назардан тадқиқ қилиб, бугунги камчиликларимизни қайта кўриб чиқишимиз керак.

Айтайлик, газеталаримизда чиқаётган материалларга жавоб келмаяптими, Уюшма билан буни муҳокама қилайлик, кўрсатувлар ташкил қилайлик. Ҳамжиҳатликни таъминлайлик.

Ҳозир бурилиш нуқтаси. Шу ердан тўғри йўлни танлаб олсак, яхши томонга кетамиз. Йўқса, шу жойимизда қолаверамиз.

Шерзод Ғуломов,

Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси экспертлар кенгаши раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:

— Бугун назария билан амалиёт ўртасидаги узилиш ҳамон сезилиб турибди. Аслида бу табиий ҳол: ҳар бир оммавий ахборот воситасининг ўз йўналиши, иш услуби ва юзи бор. Университет партасидан келган ёш мутахассис дарҳол унга мослашиб кетиши осон эмас. Бу эса бизга фаолиятимизда замонавий ёндашувлар билан бир қаторда кўп йиллик “устоз-шогирдлик” анъаналаримизни ҳам унутмаслигимиз лозимлигини намойиш этади. Бир тажрибали журналист етиштирган шогирд нафақат малакали мутахассис бўлади, балки таҳририятга, ўз ишига меҳрли ҳам бўлишини ҳаёт тажрибаси кўп кўрсатган. Демак, таҳририятлар билан олий ўқув юртлари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва талаба-журналистларни таҳририятлар ишига кўпроқ жалб этиш мақсадга мувофиқ.

Шу ўринда Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси иш тажрибасидан бир мисол келтирмоқчиман. Ассоциация кадрлар муаммосини теле-радиожурналистикага қизиққан ёшларни турли ўқув курс­лари, семинар-тренингларга жалб этган ҳолда тар­биялаб, ўз тизими учун мутахассислар тайёрлашга катта эътибор қаратиб келади.

Ҳозирда Ассоциация қошида “Ёш журналистлар мактаби” фаолият олиб боряпти ва унда телерадиода ишлаш истагида бўлган қатор ёшлар ўқишмоқда. Улар кейинчалик журналист-кадрлар тайёрловчи олий ўқув юртларида таҳсил олишни орзу қилишади.

Менимча, таҳририятларда шундай мактаблар фаолият олиб бориши ёшларни журналистикага қизиқтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Шу ўринда журналист бўлишни орзу қилган, яхши материаллари билан иқтидорини намоён этган йигит-қизларга соҳа учун кадрлар тайёрловчи олий ўқув юртларига ўқишга киришларида бирон имтиёз берилса ёмон бўлмасди, деган фикрдаман. Айтайлик, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси тавсияси билан ўқишга имтиёзли қабул қилинса. Бу бир томондан иқтидорли ёшларни маълум маънода қўллаб-қувватлаш бўлса, иккинчи томондан уюшманинг нуфузини ҳам оширишга хизмат қиларди.

Расул Кушербоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Жамиятда кечаётган барча ўзгаришларни рўйи рост, ўткир таҳлил қилиб очиқ-ойдин кўрсатиш матбуот ва оммавий ахборот воситаларининг вазифасига киради, албатта. Кўпинча жамоатчилик назорати ҳақида гапирамиз. Матбуот очиқ бўлса, кучли бўлса, қўрқмаса, жамоатчилик назорати йўлга қўйилгани шу дегани аслида.

Яширишга ҳожат йўқ, ҳалиям сўз эркинлигига турли босимлар, ноқонуний аралашишлар юз беряпти. Ҳатто журналистнинг қўлидаги камерасини тортиб олиб, синдириб ташлаш каби хунук ҳолатлар ҳам содир бўлиб турибди-ку!

Бугун қонунчилигимизда матбуотда сўз эркинлиги, кафолати юзасидан ҳали қиёмига етмаган, охиригача олиб борилмаган жиҳатлар мавжуд. Айниқса, давлат органлари вакиллари мат­буотга дахлдор ўзига “керакли” ҳуқуқ ва чораларни қонунчиликда мус­таҳкамлаб олишган, лекин ОАВ вакилларининг фаолиятига оид тарафларда бўшлиқ бор. Биз бу бўшлиқни тўлдириш учун ҳаракат қиляпмиз.

Айтайлик, матбуотда эълон қилинган танқидга муносабат масаласи бўйича. Ҳали бу борада қонунчиликда тегишли қоидалар, нормалар белгиланмаганлигини афсус билан айтишимиз мумкин.

Ҳа, журналистларни қонун йўли билан тўлиқ ва ишончли ҳимоя қилишда ҳамон қатор ҳуқуқий омиллар етишмайди.

Ҳалим Саидов,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси, “Бошланғич таълим” журнали бош муҳаррири:

—       Бу каби тадбирларни кўплаб ташкил этиш керак. Баҳсларда ҳақиқат туғилади. Масалан, устоз Аҳмаджон Мелибоев таъкидлаган мулоҳазаларнинг бари жуда эътиборли ва керак бўлса, ўринли баҳс-мунозаралар мавзусидир. Кўп ҳолларда демократик жамият талабларини авторитар “багаж” билан англашга кучимизни бефойда сарф қиляпмиз. Тўпланиб қолган муаммоларни журналистлар, соҳа олимлари бирикиб муҳокама қилишимиз, демократик жамият ва ОАВ олдида турган вазифаларни, журналистиканинг келгусидаги йўлини белгилаб олишимиз, зарурат туғилганда уч ҳокимият олдига қўйишимиз даркор. Акс ҳолда яна авторитар қарашлар, авторитар ёндашувлар урчийди. Буни яқин тарихимизда бошимиздан ўтказдик ва бугун ҳам аҳён-аҳёнда бўлса-да, ҳаётимизда бўй кўрсатиб турибди.

Давлат равнақини, халқ фаровонлигини ўйлашга масъул уч ҳокимият “тўртинчи ҳокимият” ривожидан, эркинлигидан манфаатдор бўлмас экан коррупция палагини ёйиб, жадидлар айт­моқчи, “миллатимизни кейин қолмоғиға, жаҳолат ва ғафлати олийда ўлуб, бошқа миллатлардан кам даражада қолмоғиға” сабабчи бўлаверади. Агар уч ҳокимиятнинг матбуот ривожидан манфаатдорлиги сезилмаса, унда улар коррупционерлар тарафида деган хулоса ҳам келиб чиқади.

Салим Дониёров,

“Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари Бош муҳаррири:

—Бугун юртимизда кечаётган янгиланиш ва ўзгаришларни матбуотимиз афсуски, кўнгилдагидек ёрита олаяпти дея олмаймиз. Журналистларимизда чуқур таҳлил, ўткир нигоҳ етишмайди. Газеталарда маҳорат билан ўқиладиган мақолалар чиндан ҳам кам. Намойиш этилаётган телекўрсатувлар, эшиттиришлар ҳам кучли эмас.

Бунинг сабаби юқорида устозларимиз таъкидлаганидек, журналист кадрларни етиштиришда, ўқитишдаги муаммоларга ҳам бориб тақалади. Афсуски, бугун университетни тугаллаб келаётган ёшлар ўртасида шу соҳага бутун вужуди билан қизиққанлар кўп эмас.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятида ҳақиқатан ҳам янги раҳбар тайинланганидан кейин жуда қисқа вақт ичида ўзгариш, ижобий ўзгариш сезилди. Энди Уюшмамиз билан соҳамизга дахлдор муаммоларни, вазифаларни ўртага қўйиб, янада яқинроқ муҳокама қилишимиз, ўзимиз ҳам Уюшмага қўлдан келганча ҳаммаслак, кўмакчи бўлайлик.

Албатта, юқорида босма нашрлар, жумладан, бизга билдирилган танқидий фикрлар ҳам бўлди. Шубҳасиз, хулоса қилиш, янгича фикр юритиш—бугун давр талабидир.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 + 1 =