ХАЙРУЛЛА ҲАМИДОВ: “ЖУРНАЛИСТЛАР КЎПРОҚ ОҒИР КУНЛАР УЧУН ЯРАЛГАН ИНСОНЛАРДИР”

Суҳбатдошимиз — Хайрулла Ҳамидов. Таниқли журналист, Ўзбекистон миллий телевидениесининг спорт шарҳловчиси. Ҳаётда анча-мунча шукуҳли дамлар билан бир қаторда, синовли кунларни ҳам бошидан кечирган ҳамкасбимиз билан журналистика, матбуот заҳматлари, ўзбек футболи ҳамда шахсий ҳаёти борасида самимий суҳбат қурдик.
— Хайрулла ака, рухсатингиз билан, суҳбатимизни журналист касби ҳақида, унинг ўрни хусусидаги саволдан бошламоқчиман. Кўп йиллардан бери соҳада ишлаб келаётган журналист сифатида айтинг-чи, бу касбни танлаганингиздан хурсандмисиз?
— Севимли шоиримиз Муҳаммад Юсуф: “Шоирлик, бу қисматдир”, деган эди. Менимча, журналист бўлиш ҳам — қисмат. Табиатан бир-бирига яқин инсонларгина журналист бўлиб етишадилар. Ёшлигида жамият тарозисини ички руҳи билан ҳис қилганларгина қўлларига қалам оладилар. Албатта, журналистикага қизиқиб, кейин бу соҳанинг ҳақиқий вакили бўла олмаганлар талайгина. Лекин барибир ўша чин журналист бўла олмаганлар ҳам ёшлигида тенгқурларидан ажралиб турган, деб ўйлайман.
Журналистика мен учун — инсоншунослик, жамиятшунослик ва холис қарашлар мажмуи.
Ёшлигимда менга “Келажакда ким бўласан?” — дейишса, космонавт ё санъаткор бўламан, демаганман. Журналистика деган соҳа борлигини билмаганим учун шунга яқинроқ соҳани ҳис қилганман чоғи. “Билмайман”, дердим нуқул. Аслида номини билмасдим, холос. Ўзи борлигини, инсонлар ўртасида адолат тантана топиши учун курашадиган соҳа мавжудлигини ички идрок ила сезган бўлсам керак. Наинки ўзим, балки исталган ҳақиқий журналист танлаган соҳасидан пушаймон бўлишига ишонмайман. Чунки қисматдан қочишнинг иложи йўқ. Мен Яратгандан шу соҳа вакили қилганидан мингдан минг розиман. Ўзимни бошқа соҳада тасаввур ҳам қилмаганман, қила олмайман ҳам.
— Ҳақиқий журналист бўлиш учун кимлар керак ва бизда кимлар “етишмайди”?
— Журналистика факультетига кирганимизда, биринчи дарсдаёқ “Журналистика асослари” фанидан дарсга кирган домламиз бир гап айтгандилар: “Болаларим, агар келажакда бу касбнинг ортидан бойиб кетишни истасангиз, мансаб талаб қилсангиз ё энг кўркам машиналар сотиб олиш орзусида бўлсангиз, ҳозирданоқ айтинглар, “юрфак”ка ё шунга ўхшаш факультетларга “перевод” қилиб берамиз. Бу соҳа фақат фидойилик талаб этади. У сизга ҳеч нарса, яъни моддий томондан катта-катта “тоғлар”ни бермаса ҳам, сиз унга борингизни беришингиз керак. Бир фидойининг жойини эгаллаб ўтиришдан уялинг!” — деган эди.
Ҳа, ҳалигача шу гап, шу ўлчов, шу формула қулоғим остида жаранг­лайди. Ҳақиқий журналист бўлиш учун инсон охиригача кураша олиш хислатига эга бўлиши керак, деб ўйлайман. Ўн марта йиқилса, ўн бир марта ўрнидан тура оладиган кучга эга инсонларгина чин журналист бўла олишади. Тўғри, баъзан чуқур цензура, диктатура, тазйиқни енгиш, унинг симли деворларидан ўта олиш мушкул. Лекин мен энг кучли журналистлар, ёзувчилар, шоирлар айнан шунақа даврларда етишиб чиқади, деб ўйлайман.
Албатта, кучли журналист бўлиш учун жасоратнинг ўзи кифоя қилмайди. Билим базаси ҳам шунга яраша бўлмоғи керак. Иккиси тенг кўриниш олганида, журналистнинг салоҳияти юзага чиқади. Замонни баҳона қилиш, оғир дамлардан чекиниш бошқа исталган соҳа вакилларига мумкиндир, илло журналист учун эмас. Журналистлар кўпроқ оғир кунлар учун яралган фидойи инсонлардир…
— Спорт журналистикаси. Негадир бугунги ёшлар орасида ана шу йўналишни танлаётганлар жуда кам. Бунинг боиси нимада, сизнингча?
— Спорт журналистикаси спе­цифик соҳа ҳисобланади. Юқоридаги талабларга қўшимча ўлароқ спортни ўта яхши кўриш керак. Спорт билан яшаш керак. Мухлислари у қадар кўп бўлмаслигини билган ҳолида шу йўналиш бўйича кетишини билади. Балким шунга камчилик бўлсак керак.
— Ҳозирги ўзбек спорти, хусусан, ўзбек футболи ҳақида нима дейсиз. Миллионлар ўйинида сурункали муваффақиятсизликларимизнинг бош сабаблари нимада?
— Мамлакат спорти, хусусан, жамоавий ўйин турлари натижалари давлат салоҳияти даражасида бўлади. Чунки яккакурашчиларни вояга етказиш учун тизимдан кўра талант аҳамият касб этади. Бир шаҳматчини, боксчини ё қиличбозни тарбиялаш имкони бор. Аммо жамоавий ўйинларда тизим кучли бўлмаса, қай бир чизиқда муаммолар учрайверади. Ҳатто Мессиси бор Аргентина ҳам жаҳон чемпиони бўла олмаяпти, чунки мамлакат майдоннинг ўн бир нуқтасига етарли бир хил савиядаги футболчини етиштириб бера олмаган. Ўзбек футболининг муваффақиятсизликлари сабаби ҳам шу. Бугун ўзига бўлган эътибор билан, ажратилаётган молиявий таъминот билан бир Нестеров, бир Аҳмедов, бир Шомуродовни етиштириб бериши мумкин футболимиз, ундан ортиғини эмас. Демоқчиманки, аслида ўзбек футболидан биз ортиқча нарса кутамиз. Аслида ҳозирча унинг бўлгани шу.
— Энди кўнглингизга олмасангиз, барибир сўрамоқчи эдим: 2010 йилда бошингизга тушган оғир синовлар ҳақида кўп эшитганмиз. Негадир бу ҳақда ҳеч нарса ёзмадингиз, ёзган бўлсангиз ҳам эълон қилмадингизми, ишқилиб, кўзим тушмаган. Нима бўлганди ўзи?
— Бу ҳақда яқинда “Телеграм юлдузлари” номли блогерлар саҳифасига интервью бердим ва кўп нарсани очиқладим. Шуни айтишим мумкинки, ўтирганман, муддатимни ўтаганман. Менга у ёқда бошқаларга қараганда анча яхши муносабатда бўлишган. Қайсидир маънода айбни ўзимдан қидиришга ўрганганман. Ростини айтсам, ўтган ишларни у қадар кўп эслагим келмайди. Дийдиё қилгим ҳам йўқ. Шу боис, келажакда ҳам ҳеч нарса ёзиш ниятим йўқ. Баъзан шундай йўл тутган маъқулроқ.
— Эшитишимизча, қамоқхонадан 1-Президент номига хат ҳам ёзгандингиз… Муносабат қандай бўлганди? Умуман, у ёқдаги “сабоқ” ва аҳвол ҳақида нима дея оласиз?
— Саволингиз яна юқоридаги мавзунинг давоми бўлди. Жавобим ҳам қайтариқ бўлади, узр.
— Матбуотга меҳрингиз қандай? Бир пайтлар газета ҳам очган эдингиз, адашмасам.
— Радио ва телевидениеда танилган бўлсам-да, ҳа, аслида “газетачиман”. Газетадан бошлаганман журналистикани. Бу жуда яхши бўлган мен учун. Чунки телевидениеда ҳам, радиода ҳам матн ёзасиз. Матн масаласида кучли бўлсангиз, уёғини тортиб кетиш мумкин. Агар матнда оқсасангиз, ҳар қанча кўркам ва гапдон бўлманг, кемтик ўрнингизни ёпа олмай чарчайсиз. Ҳозир матбуот майдони интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар томонидан эгаллаб олинган бўлса-да, газетага қайтиш бор, деб ўйлайман. Чунки газета кўринишида мақолаларни ўқиш бош­қача ҳис-туйғу улашади одамга. Интернет сайтларига эҳтиёж туғилади барибир.
— Бугун ва кечани солиштирганингизда журналист сифатида ва оддий бир инсон сифатида эртада нималарни кўрасиз?
— Ҳозирда эркинлик давридамиз. Ижтимоий тармоқлар орқали деярли ҳамма “блогер” бўлиб олган. Бунақа очиқлик ва шиддаткор давр­­да журналистика бир эврилади, бош­­қа режимга ўтади ва жамиятнинг катализатори бўлишлик вазифасини олади. Бунга тезроқ етишиш керак.
Оддий одам сифатида эса менимча, аввалгидан унчалик фарқим йўқ. Ҳаётнинг баланд-пастини кўрдим, ёшим улғайди…
Шаҳзод ШОДМОНОВ
суҳбатлашди.
Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

8 − two =