ДИДАКТИК ЎЙИНЛАР ҲАМ ТАЪЛИМ ВОСИТАСИ

Бугуннинг талаби — жамиятда жисмонан соғлом, маънавий етук шахсларни вояга етказишдир. Ҳар томонлама баркамол авлод эса порлоқ келажакнинг гаровидир. Шу сабаб, ёшларни қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.

Олимларнинг кўп йиллик тадқиқотлари шуни кўрсатдики, инсон умри давомида ўзлаштириши мумкин бўлган билимларнинг 70 фоизини 3-7 ёш оралиғида эгаллар экан. Чунки бу даврда боладаги барча билиш жараёнлари ўсиб, ривожланади.

Мамлакатимизда кейинги йилларда Мактабгача таълим тизимига катта эътибор қаратилиб, болаларни мактаб таълимига тайёрлаш даражасини тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш, болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий,   эстетик ва жисмоний ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида барча имкониятлар яратилмоқда.

Замон тараққиётга, ривожланишга юз тутган сари таълим-тарбия жараёнида самарали восита бўлиб хизмат қиладиган омил, метод, воситаларини ҳам   такомиллаштириш талаби вужудга келди. Ўн йил олдинги 5 ёшли бола билан ҳозирги шу ёшдаги боланинг қизиқиши, ҳаракати, эркалиги тубдан фарқ қилади. Шу боис, таълимнинг барча босқичларида янгича методлар майдонга келмоқда.

Маълумки, баркамол авлодни тарбиялаш, дастлаб, оилада, сўнгра мактабгача таълим муассасасида амалга оширилади. Бу анъана масъулият билан давом эттирилиши лозим. Замон талабидан келиб чиқиб, миллат жонкуярлари зарур тадбирларни излаб топади, тизимга татбиқ этади.

Мактабгача таълим ёшидаги боланинг эшитиш хотирасидан кўра кўз, тасаввур хотираси кучли бўлади. Шуни инобатга олиб машғулотлар ўйин, кўргазмали қуроллар, мультимедиа-дидактика ўйинларидан фойдаланилган ҳолда ташкил этилса, ҳар бир болада ўрганишдаги рағбатнинг амалий натижаси ҳис этилиб, ахлоқий фазилатлари ривожланади, ҳалоллик, адолатлилик, қатъиятлилик, эркин фикрлаш, нутқининг ўсиши ва энг асосийси, замонавий технологиялар билан ҳамнафас бўлиб вояга етишига замин яратилади.

Дидактик ўйинларга изоҳ берадиган бўлсак, болалар билан махсус таълимий ўйинлар шаклида машқ қилиш усулида боланинг билим доирасини ривожлантиришдир. Дидактик ўйинлар ҳам ўйин, ҳам таълим воситаси. Бундай ўйин жараёнида бола барча ақлий жараёнларни ривожлантиради ва индивидуал хусусиятларини шакллантиради.

Мультимедиа-дидактика ўйинларидан фойдаланган ҳолда мактабгача ёшдаги болаларнинг билиш жараёнини ривожлантириш бугун жаҳонда эътироф этилаётган энг самарали йўллардан бири. Мультимедиа — замонавий техник ва дастурий воситалардан фойдаланиш. У интерактив дастурий таъминот бошқаруви остида ўзаро визуал ва аудио самара таъсиридан иборат бўлиб, у матн, товуш, графика, фото, видеони рақамли тақдим этиш усулида бирлаштиради.

Мультимедиа-дидактика ўйинларидан фойдаланган ҳолда машғулотларни олиб боришнинг яна бир афзаллиги, бу каби ташкил этилган машғулотда мажбурий билим бериш бўлмайди. Бола билимни ихтиёрий қабул қилади ва бу орқали тарбиячи ижобий натижага эришади.

Мультимедиа-дидактика ўйинларидан фойдаланиш боланинг мактабга ишонч ва келажакка ошиқиш билан қадам ташлашига ёрдам беради. Йиллар элагидан ўтиб келаётган олтин нақл бугун ҳам қийматини оширса оширганки, заррача камайтирмаган. Чиндан ҳам ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш каби бебаҳодир.

Виктория ПОНОМАРЁВА,

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги

418-ДМТТМ тарбиячиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 2 =