ЯНГИ ҚОНУН — ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР

Энди фуқаролар ва юридик шахслар тегишли ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан Конституциявий судга шикоят билан мурожаат қилиши мумкин

Ҳар бир инсон келажакка умид билан яшайди. Ўзи яшаётган жамиятнинг, давлатнинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкам қуришга ҳаракат қилади.

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг биринчи кунларидан мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш, шунингдек, қонун устуворлигини таъминлашга муҳим вазифа сифатида қараб келинмоқда.Бу борада айниқса, давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи бўлган суд тизимининг ўрни ва аҳамиятини янада ошириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида улкан ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Мамлакатда Конституция ва қонун устуворлигининг қарор топиши, ҳуқуқий давлат асосларининг мутаҳкамланиши, конститу­циявий қонунийлик таъминланиши учун Конституциянинг барқарорлиги, унинг нормаларига оғишмай риоя қилиниши муҳим аҳамиятга эга.

Бу кўп жиҳатдан Конституциявий суд томонидан конституциявий назорат фаолиятининг амалга оширилиши билан боғлиқдир.

Сўнгги йилларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда суд ҳокимияти мус­тақиллигини таъминлаш борасида сезиларли ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Суд ҳокимияти эски даврдаги жазоловчи органдан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиши лозим бўлган, жамиятда адолат тамойилининг қарор топишида нафақат қонун ҳужжатлари тарғиботини, давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи сифатида фаолият юритмоқда.

Таъкидлаш жоизки, дунё ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилаётган Янги Ўзбекистонда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан фуқароларнинг одил судловга ишончи ортишига эришиш, суд ҳокимиятининг амалда мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш борасида ислоҳотларнинг янги даврига асос солинди.

Бунда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривож­лантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишда муҳим асос бўлиб хизмат қилаётганлигини алоҳида қайд этиш жоиз.

2021 йилнинг 27 апрель куни давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги янги Конс­титуциявий қонуннинг имзоланиши ва кучга кириши билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятида янги давр бошланди, десак муболаға бўлмайди.

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конститу­цияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Конституция ва қонун устуворлиги – ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг энг муҳим мезонидир” маърузасида таъкиланганидек, “Мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш учун биз ҳаётимизнинг барча жабҳаларида конституциявий назоратни кучайтиришимиз зарур.

Бу эса пировард натижада инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, унинг шаъни, қадр-қиммати, мол-мулкининг дахлсизлигини сақлаш, фуқароларнинг меҳнат қилиш, таълим олиш, тиббий ёрдамдан фойдаланиш каби энг асосий ҳуқуқларини тўла таъминлаш имконини беради”. Ушбу вазифалар “Ўзбекистон Республикасининг Конститу­циявий суди тўғрисида”ги янги Конституциявий қонунини ишлаб чиқиш ва қабул қилинишида муҳим омил бўлди.

“Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун 101 моддани ўз ичига олган ўн учта бобдан иборат. Таққослаш учун: аввалги Қонун – 5 боб, 45 моддадан иборат эди. Бу, аввало, мазкур орган фаолиятининг кенгайиши билан боғлиқдир.

Янги қонун Конституциявий суд фаолиятининг самарадорлигини ва нуфузини ошириш, мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, ваколатларини кенгайтириш, уни шакллантириш тартибини янада демократлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Қонунда Конституциявий судда иш юритишнинг барча процессуал босқичлари, яъни мурожаатларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва ўрганиш, ишни кўриш учун қабул қилиш, суд ишларини юритиш иштирокчилари ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, суд муҳокамаси, суднинг қарорлари, суд мажлисининг баённомаси ва бошқа ҳаракатларни белгилангани мазкур органнинг фаолият кўлами ва нуфузини янада ошириши шубҳасиз.

Шунингдек, Конституциявий судга масала киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар доираси мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар — Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий маркази, Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ҳисобига янада кенгайди.

Конституциявий қонуннинг асосий янгиликларидан бири – фуқаролар ва юридик шахсларга муайян ишда қўлланган қонунга биноан уларнинг конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан шикоят билан Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди. Ушбу механизмни жорий этиш Конституциянинг 44-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилишни ишончли кафолатлашга хизмат қилади. Агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конс­титуциясига мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, фуқаролар ва юридик шахслар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақлидир.

Таъкидлаш жоизки, аввал фуқаролар ва юридик шахсларга бундай ҳуқуқ берилмаган эди. “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги янги Конституциявий қонуннинг қабул қилиниши инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимида Конституциявий суднинг ролини янада ошириш, унинг фаолиятини такомиллаштириш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, конституциявий қонунийликни мус­таҳкамлаш, Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.

Саодат МУҲАМЕДОВА,

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг эксперти.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − 1 =