Ёшлар овози

Яқинда Республика ёш ижодкорларининг навбатдаги анъанавий Зомин семинари бўлиб ўтди. Маълумки, мазкур анжуман ҳар сафар ёш ижодкорларни кашф қиладиган адабиёт танлови, устоз ижодкорларнинг ёш қанотларга ўгит ва тавсиялари бериладиган унутилмас чиқиш­ларга, таъбир жоиз бўлса, ижод ва маҳорат дарсларига айланади. Бу йил ҳам Зомин – мафтункор масканда юртимизнинг барча гўшаларидан келган кўплаб ижодкор ёшлар орасида ўз овози, умидли сўзига эга иқтидорлар бўй кўрсатди.

Қуйида “Hurriyat” муштарийлари эътиборига ана шундай топилдиқлардан икки нафари – хоразмлик Умиджон Қўзиев ва қашқадарёлик Собиржон Абдужалиловларнинг ижод намуналаридан эълон қилишни лозим топдик.

 

Умиджон ҚЎЗИЕВ

1998 йилнинг 18 июлида Хоразм вилоятининг Шовот туманида туғилган. Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари иштирокчиси.

ЙЎЛ

Ўзинг бир йўл ярат, ҳеч ким юрмаган,

Тушсин фақат сенинг қадаминг изи.

Майли, тикан бўлсин, майли,

                                                  чуқурлар,

Уфуриб турса бас гулларнинг иси.

 

Томиридан чопиб тиканларини,

Йўлингни гулзор эт, равон эт,

                                                  дўстим.

Йўлингда ҳар гиёҳ меҳнатинг боис,

Гул бўлиб кўкарсин, гул бўлиб ўссин.

 

Бироз сабрли бўл, бироз чидамли,

Чарчаш ярамайди йўлнинг сўнгида.

Яна бир одим от, кейин ҳар куни

Шодон уйғонасан бахтнинг тонгида.

 

* * *

Руҳим, мени тингла, англа сўзимни,

Гар бош эгсанг, тилар ажал кўксимиз.

Энг тотли, энг гўзал куйларни куйла,

Шодликка ўргансин қулоқ, кўзимиз.

 

Руҳим, бўйин эгма, қилич бўл, қилич!

Кескир бўл!

Андуҳнинг томирларин кес!

Ҳар қадам, ҳар дамда юрак зарбида,

Бахтни сез, бахтни сез,

                             фақат бахтни сез!

 

* * *

Оппоқ далаларда оққа бурканиб,

Пахталар термоқда юраги оқ қиз.

Дилимга ўт қалаб қўйган ғойибий,

Бугун қаршимдадир кўнгли уйғоқ қиз.

 

Табассум порлайди нигоҳларида,

Тунни ҳам нурафшон қилади ойсиз.

Товланиб туради юзларида нур,

Кунлари қуёш қиз, кечалар ой қиз.

 

Тасодифми, тақдир, учрадинг бугун,

Юрагим тўхтади чекишдан озор.

Сенинг ҳаётимга учрашинг сабаб,

Оппоқ далалардан катта қарзим бор…

 

* * *

Оҳиста яқинлар лабларим найга,

Дудоқлар жуфтланса бўлар қиёмат.

Журъатим етмас, вох,

                                найни чалишга.

Аммо…

Ташлаб кетолмайман сени омонат

 

Куй бўлиб оқади кўзимдан томчи,

Оппоқ куйларимга тушасан рақс.

Томчилар тинади….

Чалинади най,

Найни сен чаласан юраги оқ қиз.

Бу куйга тушамиз мангу рақсга…

 

* * *

Тор қафасин ёриб чиққудай,

Хўп интиқиб урарди юрак.

Сенинг номинг, хаёлинг ила

Тоғдан эди орзулар юксак.

Энди менга эртаксан, эртак…

 

Наъра тортар сенсиз юрагим,

Кўкси қонли ярадор шердай.

Жаранглайди энди сўзларим

Ишққа тўла ҳазин бир шеърдай.

Ўзим эса ердайман, ердай…

 

Шууримда айланган гир-гир

Орзуларим энди армонлар:

Сенга етай деганда, ахир,

Синиб кетаверди нарвонлар.

Сендан яқин экан осмонлар…

 

Собиржон АБДУЖАЛИЛОВ

1999 йилнинг 23 сентябрида Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида туғилган. Ҳозирда Қарши давлат университетининг 3-босқичида ўқийди. Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари иштирокчиси.

АММО…

Тун – ҳомиладор аёл,

Сени туғиб берар ҳар тонг субҳга.

Дардга чайиб олар нигоҳи – маҳзун,

Дунёга сиғмаган севги – талваса.

 

Ўйлайсан ўзингни бахтга елкадош,

Санасанг, сочингнинг толаси омад.

Ҳаммаси жойида бўлади, аммо,

Кечаги юрагинг – ўзингникимас!

 

АГАР

Эрксиз қушлар қафас ичида

Йиғламиш, ҳасрати бир олам.

Бунда юрак еб, бахтдан

Севинади ғафлатманд одам!

 

Занжирлар қисмати норизо,

Қулликда туғилмиш бор истак!

Тақдирга тан бериб, умрни,

Қанийди, музаффар этолсак!

 

Осмонни оларди ишқимиз…

 

* * *

Уйимизда яшаш зерикарлидир.

Фуруғ Фаррухзод

Соғиниш гуллайди,

Куртак ёзар дард.

Отам тамакида ҳасратин чекар:

Юраги торликни билмас онамнинг

Муҳаббати кезиб юрар ҳавода.

 

Чинқириқ келади ҳар бир хонадан,

Бурчак-бурчагидан қаҳ-қаҳ отар Ишқ!

Жойнамоз устида тасбеҳ айтадир

ва пичирлаганча Соҳибин ёдлар.

 

Дарахтлар йиғлайди ўз қисматидан,

Кетиб қолмоқ бўлар қўшнимникига.

Итимизнинг елкаларига

Тунни оқартирмоқ залвари тушган.

 

Йилда саккиз марта туғади мушук,

Оғироёқ юрар бекорчилигим.

Ногоҳ англаб қолдим: уйимда фақат

Ўзимга жой йўқдир – исботлаганим.

 

СЎНГСЎЗ

Мен қотиллик қилдим

Ўзимга ўзим.

Сени тополмадим, умрим мазмуни.

Энди кетиб борар, энди унутган,

Ишқимнинг ярмига эга эмасман.

Исёним ичимда, жимлигимда.

Нафратим жудаям кичкина –

Кучсизман, тан олай:

Сиғинган худойим – номардлик!

Алҳазар,

Сен мени кечиргин, ё Раббий,

Мени қайта яса ўзимдан.

Мени унут қилиб юбор ва лекин,

Сеники бўлганман бир умр!

Сеники бўлганман бир умр!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 1 =