ҚАДИМИЙ ВА ҲАҚИҚИЙ МИНТАҚАНИНГ ҚАЙТА КАШФ ЭТИЛИШИ

Ҳа, шу йилнинг 15-16 июль кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” халқаро конференцияси қўшни давлатлар билан кўп асрлик ўзаро ишонч ва дўстлик, яқин қўшничилик қадриятларига асосланган ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, қардош халқлар ўртасидаги алоқаларни янги ва юксак босқичга олиб чиқиш борасида юксак қадам бўлди.

Халқаро экспертларнинг фикрича, Ўзбекистон Марказий Осиёда хавфсизлик бўйича Самарқанд конференцияси ва Афғонистон бўйича қарама-қарши томонлар ўртасида тинчлик музокараларини бошлаб берган Тошкент анжуманидан сўнг минтақавийликни ривожлантиришга замин яратган учинчи халқаро тадбирдир.

Халқаро анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбарининг ушбу маърузаси нафақат конференция иштирокчилари, балки бутун дунё ҳамжамиятининг диққат марказида бўлди.

— Бугунги кунда дунё турли таҳдидлар, шу билан бирга янги имкониятларни ўзида мужассам этган глобал геосиёсий ўзгаришлар даврига қадам қўйди. Шундай мураккаб шароитда қарийб икки миллиард аҳоли яшайдиган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро алоқаларни қайта тиклаш муҳим ҳаётий зарурат ва табиий жараёнга айланмоқда, — деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Олий даражадаги конференцияда Афғонистон Ислом Рес­публикаси Президенти Ашраф Ғани, Покистон Ислом Респуб­ликаси Бош вазири Имрон Хон, Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари, 44 мамлакат ва ўттизга яқин халқаро ташкилотлардан делега­циялар, нуфузли илмий-тадқиқот ва таҳлил марказлари раҳбарлари иштирок этди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антонио Гутерриш конференция иштирокчиларига видеомурожаат йўллади.

Дунё сиёсат майдонида эътироф этилишича, давлатимиз раҳбари қўшнилар билан муносабатларни яхшилади ва Ўзбекистонни минтақадаги потенциал етакчи сифатида намоён қила олди. Конференция эса минтақалараро мулоқотдаги мазкур ижобий силжишни мустаҳкамлаб, савдо, транспорт ва коммуникация алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилади.

— Конференция асносида амалий лойиҳаларни самарали татбиқ этишга ёрдам берадиган кўп сонли ташаббуслар тақдим қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Президентининг салмоқли нутқида юқори натижаларга эришиш бўйича асосий йўналишлар тақдим қилингани айниқса аҳамиятли бўлди, — дея ўз фикрини билдирди Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

— Конференция Марказий ва Жанубий Осиё минтақасининг ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга воқеа бўлди. Ушбу йирик анжуман 10 дан ортиқ давлатларни бирлаштиради ва у икки асосий минтақа — Марказий ва Жанубий Осиё минтақасининг ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга. Боиси ҳалигача икки минтақа алоҳида ривожланиб келмоқда эди, – деди қирғизистонлик эксперт Қувончбек Таабалдиев.

Анжуман доирасида “Барқарор ўсишга хизмат қилувчи савдо ва транспорт алоқаси”, “Маданий-гуманитар алоқаларни тиклаш, дўстлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш воситаси сифатида”, “Минтақавий хавфсизлик. Қаршиликлар ва таҳдидлар” мавзуларига бағишланган шўъба мажлислари ҳам бўлиб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва таклифига кўра, Конференция якунлари бўйича махсус резолюция лойиҳаси тайёрланиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясига кўриб чиқиш учун тақдим этиладиган бўлди.

А. АҲМЕДОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 3 =