ҚИЗИҚЧИЛАР ПОДШОСИ

ёки Юсуфжон қизиқ Шакаржоновнинг ҳаёт йўли ҳақида

“Мен қироллар масхарабози эмас, масхарабозлар қиролиман”, деган эди машҳур рус цирк устаси Анатолий Дуров. Айнан шунга оҳангдош сифатида Дуровлар билан ҳамкорлик қилган Юсуфжон Шакаржонов ҳам, “мен халққизиғи, қизиқчиларнинг подшосиман, аммо лекин подшоларнинг кўнглини очадиган масхарабоз эмасман”, деган экан.

Бироқ Юсуфжон қизиқ яшаган давр Қодирий таъбири билан айтганда, “сўнгги хон замонлари, мозийнинг энг кир, қора кунлари” эди. Шу боис у амир ва хонлар даврасида ҳам, оддий халқ орасида ҳам ўз санъатини намойиш этиб, ўзбек қизиқчилигини дунёга намойиш этган санъаткор эди.

Юсуфжон қизиқ 1869 йилда Марғилон шаҳрида туғилган бўлиб, отасининг асл исми Шокиржон бўлган. У киши халқ ўртасида сўзга чечанлиги, ширин суҳбати билан донг таратиши натижасида исми Шакаржонга айланиб кетган. Табиатан шўх ва санъатга ихлоси баланд Юсуфжон ёшлигидан Саъди Махсум, Матхолиқ, Мулла Ҳожи, Афлотун, Қошғарий, Мўмин қишлоқи, Зокир Эшон деган қизиқчиларни ўзига устоз тутиб, улар билан водий бўйлаб ижодий сафарларда — тўйлар, бозорларда юриб кулгусеварлар олқишини олди.

Ўша даврда “Бола ўқитиш”, “Келин тушириш”, “Зар кокил”, “Мударрис”, “Елпибўтириш”, “Духтар­бозлик”, “Қиморбозлик”, “Улоқчилик” сингари неча йиллардан бери анъанавий равишда намойиш этиб келинаётган комедиялар бўлиб, Юсуфжон уларни устозлари, ҳамкасблари билан ижро қилиб халққа қизиқарли тарзда тақдим этади.

Эътиборлиси, бундай матнга эга бўлмаган, бадиҳа-импровизация асосида ижро этилган саҳнавий комедияларда қизиқчилар ҳам, актёр ҳам режиссёр сифатида иқтидорга эга бўлган. Чунки, қизиқчилик санъати шуни талаб қиларди. Шунингдек, бундай саҳна кўринишларида давр тараққиётига тўсиқ бўлаётган иллатлардан, хурофотлардан кулишга ҳам асосий ўрин ажратилган. Раис, савдогар, эшон ўша давр қизиқчиларининг ҳажв тиғидаги қаҳрамонлар бўлишган.

Чўлпон “Гулистон” журналининг 1936 йил 6-сонидаги “Қизиқлар” мақоласида ёзганидек, “Подшоҳлар, султонлар, хонлар ва бекларнинг қамчиларидан қон томган замонларда, кўпчилик аҳоли ўз дардини бир юлғун бачкисига ҳам айта олмаган даврларда халқнинг оғир аҳволини, мамлакатнинг қора кунларини, фуқаронинг дард ва ҳасратларини биронта сарой ёки халқ қизиғи чиқиб, “ҳазил” йўли билан “едириб” юборади. Катта-катта издиҳомларда, йиллик сайилларда неча кеча-кундузлик тўйларда сўз қилатурғон қизиқлар мингларча халқнинг жуда зўр мароқ билан ўзларига тикилиб турганини кўрганларидан кейин жамиятнинг файзи билан дадилланиб, мамлакатнинг катталарини, ҳокимлар, қозилар, раислар, муҳрдор ва ҳатто, хонларнинг ўзларини танқид қилиб ташлар эдилар. Натижада баъзиларнинг боши кетиб, баъзи бирлари бадарға қилиниб, бир хиллари эса бошқа мамлакатларга қочиб хонавайрон бўлардилар”.

Ҳа, Чўлпон таъкидлаганидек, Юсуфжон қизиқ яшаб ижод этган давр ана шундай таҳликали эди. Бироқ шунга қарамай, Юсуфжон қизиқ санъатдаги ўз йўлида давом этаверди.

1893 йилдан эса Макс Баранский, Богоевский, Жиганов, Иванцович, Жанжаладзе, Юпатов сингари Россиянинг машҳур цирк усталари Туркистонга келганида улар билан ҳамкорликда чиқишлар қилди. Шу сабаб рус тилини ўрганиб, рус адабиёти ва санъати, матбуоти билан танишиб, давр янгиликларидан хабардор бўлди.

1903 йилда эса Саид қиссахон қизиқ билан Бухоро ҳамда Самарқандга бориб, амир Абдулаҳад саройида ва оддий халқ учун бозорлар, тўйларда ижодини намойиш этди. 1904 йилда тошкентлик Муллабой Мансуровнинг ташаббуси билан ўзбек цирк усталари, қизиқчилар, созандалар бирлашган ҳолда, миллий цирк уюшмасини ташкил этишди. Натижада ушбу уюшма аъзолари билан Юсуфжон қизиқ 1904-1907 йилларда Пишпак, Тўқмоқ, Авлиё ота, Преьжевальск, Қарқара, Ёркент, Қашқар, Қобул, Астробод сингари шаҳарларга бориб ўзбек санъатини бошқа халқларгаям намойиш қилишди.

1910 йилда у амир Саид Олимхон билан Петербургга бориб, у ердаги Петродворец саройидаги император қабулида иштирок этди, музей, театр томошаларида қатнашди. Шунингдек, ака-ука Анатолий ва Владимир Дуровлар билан Петербург циркида “Шайтон”, “Сартарош” номли саҳна кўринишини намойиш этди.

Айнан ана шу сафар Юсуфжон қизиқнинг дунёқараши янада кенгайишига, ижоди такомиллашишига сабаб бўлди.

“Қизиқчилик қизиқ бўлиши керак. Кулгу, ҳажв ундан чак-чак томиб турмаса бўлмайди. Қизиқ кўринди дегунча, томошабин кулаверсин.Унинг ҳар бир гапи, ҳаракати, юриш-туриши, имо-ишораси кулгули бўлиши зарур. Чунки қизиқчиликдан мақсад кулдириб туриб, одамларга яхшиликдан сабоқ беришдир”, деган эди шу боис Юсуфжон қизиқ..

1914 йилда у ўзини Петербургга олиб борган Бухоро амири Амир Олимхоннинг ва Хива хони Исфадиёрхоннинг саройларида, бозорлар ва тўйларда санъатини намойиш этади. Гарчи у ҳукмдорлар олдида саҳна кўринишлари кўрсатса-да, “Пул қисташ”, “Қаландарлик” чиқишларида бойларнинг судхўрлиги, хурофотга берилган мутаасиб диндорларнинг ҳаётини танқид қилади.

…Орадан йиллар ўтди. 1917 йилда октябрь тўнтариши, 1920 йилда амир ва хонлик тугатилиб, янги шаклдаги ҳукуматлар юзага келди. Аммо Юсуфжон қизиқ санъатда ўзи танлаган йўлдан бораверди: бозорларда, тўйларда чиқишлар қилди. Марғилонда оддий одамлар орасида яшади. Шу билан бирга 1923 йилда Москвада ўтказилган қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандлар кўргазмасида Тамарахоним, Уста Олим Комилов, Абдуқодир Исмоилов, Отахўжа Саидхўжаев сингари санъаткорлар билан иштирок қилди. 1927 йилда эса Муҳиддин Қори Ёқубов труппаси сафларида Москва, Минск, Ялта, Харьков, Симферополь, Боку, Қозон, Уфа, Ашхабод шаҳарларида ижодий учрашувлар ўтказишди. 1930, 1937 йилларда бўлса Москва саҳналари Юсуфжон қизиқ ва унинг шогирдларини яна бир бор олқишлади.

Юсуфжон қизиқнинг Москвадаги чиқишларини атоқли рус балетмейстри К.Я.Голейзовский “Народное творчество” журналининг 1937 йил 4-сонидаги мақоласида “кўп қиррали санъат соҳиби”, дея баҳолаган бўлса, ёзувчи И.Ирась эса “Ўзбекистонда халқ томошалари” мақоласида у ҳам созанда, ҳам ашулачи, ҳам раққос, ҳам актёр-импровизатордир. “Ақл бовар қилмас даражадаги ифодали мимик ўйин, бой, чинакам халқчил, сўз ўйинига, аскияга тўлиб-тошган тил, бошқа қиёфага киришдаги кишини ҳайратга соладиган ижодий иқтидор унга катта шуҳрат келтираяпти”, дея баҳолаганди.

Ҳа, ана шундай эътирофлар сабаб у 1937 йил 22 июндаги ҳукумат қарорига кўра, Меҳнат Қаҳрамони унвони билан тақдирланади. Юсуфжон қизиқ катта тажрибага эга санъаткор сифатида В.А.Успенский, Е.Романовская, И.Бахта, А.Л.Троицкая сингари мусиқашунос, этнограф, тарихчиларга ўзбек мусиқаси, санъати, тарихи бўйича билганларидан маслаҳатлар бердики, шулар асосида юқоридаги олимларнинг назарий асарлари юзага келди.

Бундан ташқари у 1940 йилда ўзбек қизиқчилари ва аскиячиларининг мусобақасини уюштириш ташаб­буси билан чиқиб, кўплаб янги иқтидор эгаларининг кашф этилишигаям сабабчи бўлди. 1941 йилда Иккинчи жаҳон уруши бошланган пайтда у 72 ёшда бўлишига қарамай, республикамиз ва Тожикис­тон вилоятларида, Фарҳод ГЭС и қурилишида чиқиш­лар қилиб, халқ кўнглини кўтаради. Урушдан ке­йинги тикланиш йиллари, 1958 йилда Москвада ўтказилган адабиёт ва санъат декадасидаям кексалигига қарамай янги саҳнавий кўринишлар ижро қилди.

“Кулинг умрингиз узоқ бўлади” деган гап бор. Ҳа, кулганнинг ҳам, самимийлик билан кулдирганнинг ҳам умри узоқ бўлар экан. Ўзбек қизиқчилик санъатини дунё бўйича янги поғонага кўтарган, кўп­лаб шогирдлари орқали санъатдаги асрий давомийликни шакллантирган Юсуфжон Шакаржонов 90 ёшида — 1959 йилда вафот этади.

Умид БЕКМУҲАММАД.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty − eleven =