ЭРКИН ВА АДОЛАТЛИ САЙЛОВ – ДЕМОКРАТИЯНИНГ МУҲИМ ШАРТИ

Марказий сайлов комиссиясининг 23 июль куни бўлиб ўтган нав­батдаги мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига расман старт берилди.

Мамлакатимизда фаолият юритаётган сиёсий пар­тияларнинг раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этган мажлисда Марказий сайлов комиссияси 2021 йил 24 октябрни — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови куни деб белгилади. Сайлов кампанияси 23 июлдан бошлангани эълон қилинди.

Таниқли ҳуқуқшунос олим, юридик фанлари доктори, професор Худоёр МАМАТОВнинг қуйида эътиборингизга ҳавола қилинаётган мақоласи сайлов ўтказишнинг халқаро тамо­йиллари ва миллий нормаларига бағишланган.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида: “Халқнинг хоҳиш-­иродаси ҳукумат ҳокимиятининг асосини ташкил этиши керак, бу хоҳиш-ирода даврий ва сохталаштирилмаган сайловларда ўз ифодасини топиши лозим” деб мустаҳкамланган.

Сайловларнинг даврийлиги ва мажбурийлиги принципи Ўзбекис­тон қонунчилигида ҳам ўз аксини топган. Масалан, Ўзбекистон Рес­публикаси Конституциясининг 90-моддасига мувофиқ Ўзбекис­тон Республикасининг Президенти фуқаролар томонидан умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланади. Ёки бўлмаса, Ўзбекистон Респуб­ликаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисидаги конс­титуциявий қонунларнинг 5-моддасида тегишинча Қонунчилик палатасининг ваколат муддати — беш йил. Сенатнинг ваколат муддати — беш йил этиб белгиланган. Ушбу нормалар Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 61-, 67- ва 75-моддаларида ҳам ўз аксини топган. Юқоридаги қонун талабларига мувофиқ ҳар беш йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига сайлов ўтказилиши шарт. Бундай ваколат муддатининг аниқ белгиланганлиги ва даврийлиги одатда жаҳон амалиётига тўғри келади ҳамда сайловолди дастурларининг асосий йўналишларини амалга ошириш, фаолиятнинг амалий натижаларини кўриш имконини беради ва давлат ҳокимияти органларининг янгиланиши даврийлигини таъминлайди.

Ушбу демократик тамойилга амал қилган ҳолда, Ўзбекистон Рес­публикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан 2021 йил 23 июлда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш кунини белгилаш ва сайлов кампанияси бошланишини эълон қилиш тўғрисида” қарор қабул қилинди.

Қарорга асосан Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти сайлови 2021 йил 24 октябрь куни ўтказилиши белгиланди ва сайлов кампанияси жорий йил 23 июлдан бошланганлиги эълон қилинди. Шу тариқа, мамлакатимизда эркин ва адолатли, очиқ ва ошкора сайлов бошланди.

Эркин сайлов ҳуқуқи сайловчиларга ва сайлов жараёнининг бошқа иштирокчиларига ҳеч қандай таъсирсиз, зўравонликсиз, зўравонлик ишлатиш таҳдидисиз ёки бошқа ноқонуний таъсирсиз ўзининг сайловда иштирок этиши ёки иштирок этмаслиги хусусида қарор қабул қилиши, овоз бериш жараёнида ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши ва ҳеч қандай назоратсиз, яширин овоз бериши учун имкон беради.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 7-моддасига асосан сайловда эркин ва яширин овоз берилади. Сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини назорат қилишга йўл қўйилмайди. Яширин овоз бериш сайловчининг хоҳиш-иродаси устидан ҳар қандай тарзда назорат қилиш имкониятини истисно этадиган тегишли шароитларни яратиш орқали таъминланади. Бюллетень тўлдиришда овоз бериш хонасида сайловчидан ташқари бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади.

Эркин сайлов ҳуқуқи сайлов жараёнининг иштирокчиларига, сайлов комиссияси аъзоларига сайлов натижалари ва овоз бериш натижалари қандай бўлишидан қатъий назар жазоланишдан ёки таъсир кўрсатишдан қўрқмасдан қонунда йўл қўйилган шаклларда ва қонуний усулларда қарор қабул қилиш имконини беради.

Сайлов кодексининг 11-моддасига мувофиқ сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органларидан, жамоат бирлашмаларидан ва мансабдор шахс­лардан мустақил ҳолда амалга оширади. Сайлов комиссияларининг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Сайлов кодексига ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.

Адолатли сайлов принципини татбиқ этиш учун мамлакатимиз сайлов қонунчилигида барча ҳуқуқий асослар яратилган. Бундай сайловлар сайлов жараёни барча иштирокчиларига сайловда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий шароитларни таъминлайди.

Сайловнинг очиқ ва эркин ўтишини амалга ошириш мақсадида Марказий сайлов комиссиясининг жорий йил 23 июлда бўлиб ўтган йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комис­сиясининг Матбуот маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Матбуот марказининг низоми тасдиқланди. Шу куннинг ўзида Матбуот марказининг очилиш ва тақдимот маросимлари бўлиб ўтди.

Қарорда белгиланганидек, Матбуот маркази Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жа­раёнини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ брифинглар, матбуот анжуманларини тайёрлаш ва ўтказиш, журналистларга ва жамоатчиликка сайловга оид масалалар бўйича тезкор ахборот бериб бориш ва маълумотларни етказиш ишларини ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига оид ахборот материалларини сайловчиларга, номзодларга, кузатувчиларга ва кенг жамоатчиликка етказиш бўйича “Saylov – 2021” веб-порталини ва бошқа ахборот-ресурсларини юритилишини таъминлайди.

Даврийлик принципига амал қилган ҳолда сайлов ўтказиш демократик жамиятнинг белгиси ва шартидир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилганидек, “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир”. Ҳақиқатан, демократияни сайлов ҳуқуқининг умумэътироф этилган принципларга мувофиқ ўтказиладиган ва демократик тусга эга сайловларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Зеро, демократия — бу халқ ҳокимиятчилиги демакдир.

Шундай экан, давлатни идора этишда халқ бевосита ёки билвосита иштирок этиши лозим. Давлат ҳокимиятини, унинг органлари ва институтларини шакллантириш учун очиқ-ошкора, эркин ва адолатли сайловлар ўтказилиши керак. Бундай сайловларда фуқаролар ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода қилиши учун барча шароитлар, ҳуқуқий кафолат таъминланиши зарур.

“Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”нинг 21-моддасида шундай дейилган: “Ҳар бир инсон бевосита ёки эркин сайланган вакиллар воситаси орқали ўз мамлакатини бошқаришда қатнашиш ҳуқуқига эга. Ҳар бир инсон ўз мамлакатида давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эга”.

Хўш, миллий сайлов қонунчилигимизда юқоридаги ҳуқуқ нечоғли таъминланган? Бунинг учун, аввало, Конституциямизга мурожаат қиламиз. Ўзбекис­тон Республикаси Конституциясида мамлакатимиз фуқароларининг жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга эканликлари, бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек, давлат органларининг фао­лияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилиши белгиланган.

Конституциянинг 117-моддасида қайд этилганидек: “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади. Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар”.

Оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг боришини ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб боришлари, сайлов комиссияларининг мажлислари очиқ ўтказилиши, уларнинг қарорлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши ёки қонунда белгиланган тартибда ҳаммага маълум қилиниши лозим.

Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Шунингдек, сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органларидан, жамоат бирлашмаларидан ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга оширадилар. Сайлов комиссияларининг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди. Сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятида мамлакат Конституциясига, Сайлов кодексига ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қиладилар.

Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари ва қадриятларига зид бўлмаган халқаро ҳуқуқда умумэътироф этилган демократик нормаларнинг миллий қонунчилигимизда акс этганлигини яна кўплаб мисоллар орқали ёритиш мумкин. Зеро, Ўзбекистон инсон ҳуқуқларига содиқлигини бутун дунёга эълон қилар экан, ўзи ратификация қилган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа халқаро ҳужжатларда белгиланган асосий қоидаларни миллий қонунчиликка тўлиқ имплементация қилиб келмоқда.

Дарҳақиқат, мамлакатнинг жаҳон миқёсидаги нуфузи кўп жиҳатдан унда амал қилаётган сайлов тизимининг очиқ ва ошкоралигига, халқаро ҳуқуқда умумэътироф этилган демократик нормаларга мувофиқлигига ҳам боғлиқ. Чунки сайловга кучли фуқаролик жамиятига эга бўлган демократик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси, халқ хоҳиш-иродасининг эркин ифодаланиши, фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этишининг асосий шакли сифатида баҳо берилади.

Хулоса ўрнида айтганда, инсонпарвар адолатли ислоҳотлари, очиқлик ва ошкоралик сиёсати, минтақада ва бутун дунёда тинчлик ва тараққиётни таъминлаш бўйича долзарб ташаббуслари туфайли халқаро ҳамжамиятда эгаллаган муносиб ўрни йилдан-йилга мустаҳкамланиб, нуфузи юксалиб, бутун дунёга ижобий имиджи билан танилаётган, миллий юксалиш сари дадил қадам ташлаган жонажон мамлакатимиз – Ўзбекистонда халқаро сайлов стандартларига мувофиқ, эркин ва адолатли, очиқ ва ошкора сайлов ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига старт берилди. Бу жараёнда фаол иштирок этиш ҳар биримизнинг бурчимиз.

Худоёр МАМАТОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси котиби.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 1 =