Замонавий ахборот технологиялари ва сайлов жараёнлари

Маълумки, жорий йилнинг октябрь ойида мамлакатимизда катта сиёсий тадбир — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Мазкур тадбирни юксак савияда ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Буни миллий сайлов тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш борасида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилаётган кўламли ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Мамлакатимизда мазкур йўналишда изчил ишлар бош­ланганига уч йилдан ошди. Жумладан, Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимига (СЖБАТ) асос солиниб, Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати (СЯЭР) жорий этилди. Ушбу янгилик 2019 йили мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларга ўтган сайловларда муваффақиятли қўлланилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 4 октябрда қабул қилинган “Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори миллий сайлов тизимига Сайлов жараёнини бошқаришда ахборот тизими ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини жорий қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.

Мазкур ахборот тизими ҳуқуқий тажриба тартибида 2017 йил декабрь ойида Тошкент шаҳрида Халқ депутатлари туман кенгашлари сайловида синовдан ўтказилиб, маҳаллий ва хорижий экспертлар томонидан юқори баҳоланган эди.

Унинг афзаллиги шундаки, ушбу тизим “Бир сайловчи — бир овоз” тамойилини таъминлаш, бир сайловчининг бир неча рўйхатга киритилишига йўл қўймаслик, маъмурий-ҳудудий бирликлар кесимида ҳамда хорижда яшаб турган умумий сайловчилар сонини, сайлов округлари ва участкалари бўйича сайловчилар нормаларини белгилаш учун қулай имконият яратади. Ягона электрон рўйхатни қўллашни тартибга солувчи нормалар Сайлов кодексида ҳам мустаҳкамланган. Шу маънода, жорий йилда бўлиб ўтадиган Президент сайлови нафақат қонунчилик нуқтаи назаридан, балки техник-технологик жиҳозларни қўллаш жиҳатдан ҳам мутлақо янгича шакл­­да ўтади.

Жорий йилда “Saylov-2021” портали ҳамда мобил иловасининг ишга туширилиши ҳам ана шундай муҳим янгилик сифатида миллионлаб сайловчилар, сайлов ташкилотчилари, экспертлар, кузатувчилар, номзодлар, партиялар фаолларининг оғирини енгил қилади. Порталга сайлов бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, барча даражадаги сайлов комиссияларининг таркиби, манзили, телефон рақамларига оид маълумотлар, сайлов иштирокчиларига мўлжалланган ўқув материаллари, эслатма ва услубий тавсиялар, электрон кутубхона ҳамда саволларга жавоблар ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида юклаб борилади.

2019 йил парламент ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайлов куни мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги олт­мишта сайлов участкасига тажриба-синов сифатида ўрнатилган 120 видеокамера сайловчиларнинг овоз бериш жараёнини Марказий сайлов комиссиясининг Халқаро матбуот марказига ва интернет орқали онлайн режимида бутун дунёга намойиш қилиб турди. Йигирмата сайлов участкасига овоз бериш чоғида фуқароларнинг шахсини аниқлаш учун биометрик ҳужжатларни “ўқийдиган” олтмишта қурилмадан тажриба сифатида фойдаланилди. Жорий йил сайловларида ушбу амалиётни янада кенгайтирилган тарзда қўллаш чоралари кўрилмоқда.

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ўзи нима?

СЯЭР — Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган, доимий ёки вақтинча турар-жойга эга фуқароларига оид маълумотлар базаси. Рўйхат тузилаётган вақтда тегишли сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилиб турган фуқаролар ҳам сайловчилар рўйхатига киритилади.

Шакллантирилган СЯЭРни Президент сайловида самарали қўллаш учун уни янада такомиллаштириш муҳим вазифа сифатида белгиланди. Ушбу вазифалар жорий йилнинг 15 февралида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси томонидан тасдиқланган Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар режасида ўз ифодасини топди.

Айни пайтда, СЯЭРни шакллантириш учун масъул органлар рўйхати кенгайтирилди. Рўйхатда сайловчининг нафақат биометрик паспортига оид, балки жисмоний шахснинг идентификация ID-картаси серияси ва рақамига доир маълумотлар ҳам инобатга олинадиган бўлди.

Шакллантирилган СЯЭРдаги маълумотларни янгилаш ва долзарблаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, маҳаллий ҳокимликлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар томонидан жойларда февраль-май ойларида фуқароларнинг яна бир бор хатлови ўтказилди. Хатлов натижалари жойларда ташкил этилган ишчи гуруҳларнинг штаб­лари ёрдамида Ички ишлар вазирлигининг “Манзил” дастурида 21 миллиондан зиёд фуқаронинг паспорт маълумотлари турар-жой кадастр рақамига боғлаб чиқилди. Хатлов жараёнида Кадастр агентлиги томонидан тақдим этилган 7 миллионга яқин хонадоннинг барчаси ўрганилди ва кўчмас мулк объектининг кадастр рақами аниқлаштирилди.

Амалга оширилган бундай ишлар самарасида энди дадил айтиш мумкинки, мабодо, сайловчилар рўйхатида хато ва ноаниқликлар аниқланса, ҳар бир фуқаро тегишли сайлов комиссиясига мурожаат этиши мумкин. Муаммо зудлик билан бартараф этилади.

Дейлик, бирор сайловчининг яшаш жойи ўзгарса, бошқа ерда вақтинчалик рўйхатдан ўтса, бу ўзгариш СЯЭРда ўз аксини топади. Сайловчининг фақат бир жойда бир марта овоз беришига хизмат қилади. Ҳар бир сайловчининг қаерда, қачон овоз бергани ёки бермагани ягона базада қайд этилади. Шунингдек, бутун оила номидан бир киши келиб овоз бериши ҳолатларига ҳам чек қўйилади.

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати сайловчилар учун яна кўплаб қулайликлар яратади. Масалан, сайловчи Марказий сайлов комиссияси сайтини ва Ягона интерактив хизматлар давлат порталини очиб, паспорт маълумотларини киритиш орқали ўзининг қайси сайлов участкасига тааллуқли эканини ва сайлов участкаси жойлашган манзилни осонлик билан аниқлаши мумкин бўлади. Мазкур хизмат сайлов кампанияси даврида ишга туширилади.

Сайлов жараёнларига замонавий ахборот технологияларининг жорий этилиши илк бор Сайлов кодекси асосида ўтадиган Президент сайловини миллий сайлов қонунчилиги ва умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва принцип­лар асосида демократик, очиқ-ошкора ташкил этишга хизмат қилади.

Шерзод Алимов,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссияси Котибиятининг ахборот-коммуникация технологиялари бўлими бошлиғи.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − four =