Аъзолик гувоҳномалари топширилмоқда

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сурхондарё вилоят бўлими томонидан вилоятдаги фахрий ва фаол журналистларга эътибор қаратилмоқда. Вилоятдаги ижодкорлар уюшмага аъзо сифатида рўйхатга олинган бўлиб, доимий кўмак бериб ҳам келинмоқда.
Яқинда бир гуруҳ журналистларнинг аъзолик гувоҳномаси ва кўкрак нишонлари Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасидан янгиланган ҳолда берилди. Айни кунларда ушбу гувоҳномалар вилоят бўлими томонидан аъзоларга етказилмоқда. Журналистларимиз вилоятимизнинг турли чеккаларида яшаб, фаолият юритаётганига қарамай аъзолик гувоҳномаларини топшириш билан бир қаторда, уларнинг ижтимоий аҳволидан ҳабар олишмоқда. Тез фурсатда янгиланган гувоҳномалар тўлиғича ўз эгаларига топшириб бўлинади.

ЎЖИУ Сурхондарё вилоят бўлими.

 

Бухорода матбуот анжумани ўтказилди

Бухоро вилоят Туризм ва спорт бош бошқармасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида вилоятнинг туризм салоҳиятини ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, жорий йил якунлари ва рўёбга чиқарилаётган лойиҳалар хусусида сўз борди. Оммавий ахборот воситалари ходимлари, мустақил журналистлар иштирок этган тадбирни вилоят ҳокимининг ўринбосари — Туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Ботиржон Шаҳриёров олиб борди.
Таъкидландики, жорий йилда вилоятда жами 692 ўринга мўлжалланган 25 та жойлаштириш воситаси шай қилинди. Шунингдек, вилоятда 2 та сайёҳлик фирмаси, 2 та ресторан, 3 та туристик ахборот маркази, 128 та йўл кўрсаткич белгиси, 38 та санитар-гигиена шахобчаси фаолияти йўлга қўйилди. Бу саъй-ҳаракат туфайли вилоятга ташриф буюрган сайёҳлар сони 1 миллион 625 минг нафардан ошди. Бунда маҳаллий сайёҳлар сони 1 миллион 613 минг 338 нафарни ва хорижий сайёҳлар сони 11 минг 749 нафарни ташкил этди. Шунингдек, туризмнинг алоҳида турларини ривожлантириш мақсадида 50 та туристик маршрутни ўз ичига олган манзилли чора-тадбир дастури амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ғиждувон туманининг “Қўрғон” ва “Чорсу” маҳаллаларида, Вобкент туманининг Ширин қишлоғида “Туризм қишлоғи” ва “Туризм маҳалласи” ташкил этилмоқда. Умуман, вилоятдаги 28 та туризм объектида ёндош инфратузилма объектларини барпо этиш, реконструкция қилиш, кенгайтириш ва модернизациялаш бўйича жами 82 миллиард 861,3 миллион сўм қийматдаги манзилли дастур ишлаб чиқилган.
Бундан ташқари, жорий йил якунига қадар вилоятда сайёҳлар ва меҳмонларни жойлаштириш иншооти сонини 451 тага, туристик компаниялар сонини 130 тага етказиш учун борилмоқда. Чунончи, Бухоро шаҳрининг Ислом Каримов кўчасида Гастрономик кўча ташкил этилади. Унда миллий, веган, кошер ва европа ошхонасига хос таомлар тайёрлашга ихтисослашган 40 дан ортиқ ресторан фаолиятини йўлга қўйиш, мастер-класс, театрлашган концерт томошалари намойиши уюштирилади. Бунинг ҳисобидан 300 дан кўпроқ янги иш ўрни яратилади. Мазкур кўчанинг ташкил этилиши асосида вилоят «Bukhara food caravan” фестивали ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Матбуот анжуманида вилоятимиз сайёҳлик индустриясига оид атрофлича маълумотга эга бўлган ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга батафсил жавоб олдилар.

ЎЖИУ Бухоро вилоят бўлими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 + 6 =