Юксак эътибор шукуҳи

Мустақиллик, Озодлик, Ҳурлик… Бу сўзлар оддий сўзлар эмас. Улар бугун ҳар бир ватандошимизнинг қалбида, юрагида жо бўлиб, ғурур ва ифтихор туйғуларини, қувонч ва шодлик, мас­рурлик шукуҳи ила қоришиқ десак асло хато бўлмас.

Ўзбекистон — Она Ватанимиз ўз эркига эришганига 30 йил тўлди. Бу тарихий сана, шубҳасиз. Бу ўтган йиллар Ватанимиз тараққиёти, ривожи йўлида жуда катта силсила, зарҳал ҳарфлар билан битишга арзигулик даврдир. Эҳтимол, 30 йил тарих олдида унча катта вақт ҳисобланмас. Лекин инсон тақдири, эл-юрт олдида бу кичик вақт эмас.

Бугун юртимизда Мустақиллик эълон қилинган 1991 йилда туғилган ўғил-қизлар — энг навқирон ёшда! Улар жамият ҳаётида ўз ўрнига эга, турли соҳаларда меҳнат қилиб, обрў-эътибор, ном қозонишга эришган минг-минглаб умидли келажагимиз эгаларига айланишган.

Айниқса, охирги 5 йил ичида мамлакатимиз ҳар томонлама янгича босқичга кўтарилди. Барча соҳаларда ўзгариш, янгиланиш сари дадил қадам қўйилди. Луғатимизда Янги Ўзбекистон, Учинчи Ренессанс пойдеворини бунёд этиш сингари улуғвор мақсадлар илгари сурилди.

Дарҳақиқат, Президент Шавкат Мирзиёев сиёсати Ўзбекистонни тамомила янги босқичга олиб чиқмоқда. Шу боис, бугунги одамлар кечагидай фикр қилмайди, тамомила ўктам, замонавий, демократик тарзда фикр-мушоҳада эгаларидир. Ўзбекистонимизнинг 30 йиллик шодиёналари арафасида илм-фан, санъат, адабиёт, матбуот, иқтисодиёт, қиш­лоқ хўжалиги, суд-ҳуқуқ, мудофаа, қўйингки барча-барча соҳада фидойилик билан меҳнат қилаётган, ҳатто эл-юртимизга меҳнати сингган марҳум ватандош­ларимизгача Президентимиз Фармонларига мувофиқ юксак унвон, орден ва медаллар топширилди.

Бундан ташқари, Президентимизнинг 2021 йил 24 майдаги Фармонига мувофиқ ўн минглаб юртдошларимиз “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишонлари билан тақдирланди.

Жорий йил 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида ҳамда Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги айёми муносабати билан   кўп­лаб юртдошларимиз қаторида 100 нафарга яқин журналистларга Президентимизнинг Фармонига мувофиқ юксак давлат мукофотлари берилди.

Куни кеча эса мамлакат ОАВлари ходимларидан қарийб минг нафарига “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони топширилди.

Байрам шукуҳи ҳар бир юракларда. Ана шу айём арафаси кунларида пойтахтимизнинг Миллий матбуот марказида бир гуруҳ ОАВ ходимларига “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишонини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Мукофотларни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров тантанали равишда ўз эгаларига топширишди.

Тадбирда мамлакатимизда янги демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида эришилган юксак натижаларда ахборот соҳасида фидокорона меҳнат қилаётган мутахассисларнинг ҳам улкан ҳиссаси борлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбарининг эътиборига сазовор бўлган пойтахтимизда яшаб меҳнат қилаётган ёки кексалик гаштини суриб ёшларга ўз тажриба-ўгитлари билан кўмак бераётган фахрий журналистлар, соҳа вакилларидан  300 га яқин ОАВ вакиллари бу мукофотлар эл-юрт олдидаги хизматларининг юксак эътирофи эканини айтиб, миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров бир қатор касбдошлар билан  мамлакатимиз журналистикаси  ривожига улкан ҳисса қўшган ва бугунги кунда ёш журналистларга  ўз тажрибалари билан сабоқ бериб келаётган фахрийларимиз  Собир Қурбонов, Насиба Иброҳимова, Шароф Бошбековларнинг уйларига бориб, “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишонини топширдилар.

Фахрийларимиз бу эътибор ва ғамхўрликдан мамнун бўлиб,   Янги Ўзбекистон равнақи йўлида астойдил меҳнат қилишларини таъкидладилар.

Бундан ташқари, Уюшма бошқаруви аъзолари, таниқли журналистлар Аббосхон Усмонов, Эргаш Ибрагимов, Саидакром Саидвалиев ва бошқа бир қанча фахрий журналистларга ҳам эсдалик нишонларини топширдилар.

Устоз журналистлар давлатимиз раҳбари томонидан кўрсатилаётган бундай юксак эътибор, ғамхўрликдан миннатдорликларини изҳор этишди.

Ўз мухбиримиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty + 1 =