МИЛЛИОНЛАР ЎЙИНИМИ ЁХУД МИЛЛИОНЕРЛАР?

“Hurriyat” газетаси, 2021 йил, 16 июнь 25-сонида эълон қилинган “Ўзбек футболи қачон довруғ қозонади?” сарлавҳали мақолани ўқиб, барчамизнинг дилимиздаги гаплар ёзилганига амин бўлдим. Унда спортда, айниқса, футбол мусобақаларида юксак марраларни эгаллаган дунёга таниқли футбол юлдузларининг ҳаёти, шунингдек, ўзбек футболининг бугунги муаммолари батафсил ёритилган.
Футбол дейишса, “Суюнчи” фильми эсимга тушаверади. Яқин-яқингача ҳам қишлоқ жойларида гуруҳ-гуруҳ бўлиб тенгдошлар мусобақалари, ҳудуддаги ташкилот ходимлари ўртасида ўйинлар йилнинг тўрт фасли демай ўтказилар, уларга ҳеч қандай ҳомийнинг ёки томошабиннинг кераги ҳам йўқ эди. Ҳозирга келиб ҳамма жойда бўлмаса-да, айрим ерларда бу анъана сақланиб қолган. У ерларда томошабин ҳам етарли, ғолиб гуруҳ учун рағбатлантириш маблағи ҳам иштирокчилар томонидан йиғилади.
Аслида ҳам, энг яхши футболчилар қишлоқда камол топишади. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам келажакда етук футболчи бўлиша олмайди. Сабаби ҳам маълум, миллион-миллион сарфлаб, спорт мактабларига киришолмайди, омадлари келганлари ҳам “пул тикиб”, жамоага қўшилолмаслиги натижасида аро йўлда қолишади. Балки сиз, ўша йигитнинг ҳақиқий иқтидори бўлганда саралаб олинарди-ку дерсиз, аммо мен бу гапга умуман ишонмайман, ишонолмайман. Футбол – пул, даромад дегани. Шунинг учун ҳам биринчи навбатда, пули борлар сафда қолади.
Бундай дейишимга сабаб, бир вақтлар ўзим ҳам футбол мактабига кириши учун ўғлимни имтиҳонларга олиб борганман. Ота-оналар иштирокида югуриш, турникка тортилиш каби синовларда қатнашишди, икки жамоага бўлиниб, тўп ҳам суришди. Ўғлим, ҳайтовур югуришда ҳам, турникка тортилишда ҳам, футболда ҳам энг ижобий натижа кўрсатганди, ўшанда. Тойчоғимнинг натижаларидан кўксим осмон бўлиб ўтирганимда ёнимдаги аёл “Опа, ўғлингиз зўр-ку, гаплашиб қўйдингизми?”, — деб қолди. “Яна ким билан гаплашишим керак, ўғлимнинг кимлигини натижалари кўрсатиб турибди-ку” – деган жавобимни эшитгач эса “Ие, унда киролмайди. Бекор қипсиз, катта ўғлим ҳам шу ерда ўқиган. Ҳозир эса анави – югураётганларнинг охирида келаётган ўғлимни ўқитмоқчиман. Тўғри, сал бўшангроқ, аммо машқ қилаверса эпчил бўлиб кетар. Муҳими гаплашиб қўйилган”, — деб дилимни хира қилди.
Рости ўшанда унга ишонмагандим. Аммо уч кундан сўнг эълонлар доскасига чиқарилган имтиҳон натижаларини кўриб, ўғлим кабиларга нисбатан қилинган адолатсизликларни кўриб ҳафсалам “пир” бўлганди, аччиқлангандим. Қабул комиссияси олдига кирдим, адолат ахтарган бўлдим. Ўшанда бир ёши каттароқ ходим олдимга келиб, четга бошлади-да аста деди.
“Опа, учта “қоғоз” беринг, ўғлингиз албатта футбол мактабимизга киради, ҳақиқатан иқтидори бор, тезкорлиги зўр экан” деди. Биласизми, лом-мим дея олмай қолдим. Очиқдан-очиқ савдони кўриб, ўғлимнинг ҳужжатларини қайтариб олдим. Бунинг яна бир сабаби, спорт ўқитувчисининг “Ўғлингиз ўқишга кирганидан кейин ҳам йилига, керак бўлса кунига пул сарфлашингиз керак. Бўлмаса, командага ҳам киритилмайди”, — деганди…
Терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатига ҳали-бери чиқмаслиги тайин, сабабини ҳам ҳамма билади. Бизнинг қишлоғимиздаги каби неча ўнлаб, юзлаб энг иқтидорли йигитлар футбол мактабида ўқиш бахтидан мосуво бўлди, амаллаб кирганлари ҳам юқоридаги сабаблар билан футболдан кўнгиллари совиди. Бунинг ҳосилини эса бугун йиғиб олмоқдамиз.
Мана бизнинг футболга бўлган муносабат, футболнинг келажаги. Тўғрироғи, футболга бизда “катта даромад манбаи” дебгина қарашади. Яъниким, аввал сарфласанггина… ҳосилини оласан. Коррупция ботқоғига ботган спортнинг бу туридан нега жаҳон чемпионатига чиқишимизга умидвор бўлаётганимизни ўзимиз ҳам тушунмаймиз?!
Яқинда Наманган туманидаги Олахамак қишлоғидан бўлган бир танишим аввал иқтисодиёт коллежи бўлган, ҳозирда “Моно марказ”га айлантирилган ташкилот стадионини ўз меҳнатлари билан 10 йилдан бери қараб, турнирлар ўтказиб келишаётганини, бугун эса харидорлари кўпайиб, “парник” учун, қандайдир “тадбиркорлик учун” бериб юборилаётганидан хавотирда эканини айтди ва шуни матбуотда ёритсак фойдаси бўладими” деб қўнғироқ қилди. Туманда олахамакликларни “футбол шайдолари, тўғрироғи жиннилари” дейишади маҳаллий тилда. Турнирлар, баҳсларнинг кети узилмайди. Ҳақиқий фанатлару, ўйинчилар бор. Қишлоқ аҳлининг футбол мактабларига киролмаган йигитлари ўша ерда алам билан тўп суришади, чиниқишади. Вилоят бў­йича ҳам мусобақаларда қатнашиб, кўп марта совринларни қўлга киритган, бу жамоа. Ҳам жисмоний меҳнат, ҳам майдонда чиниқаётган йигитларнинг ҳечқурса “қишлоқ майдонида ушалаётган орзулари”га ҳам бугун эга чиқиб турибди. Ўйинчилару, ишқибозлар хавотирда… Қаерга борамиз?
Юртимизда тадбиркорликка кенг йўл берилгани ҳаммамизга маълум. Бироқ гуркираб турган, қишлоқ аҳли эҳтиёжини қондираётган соҳани “синдириш, йўқ қилиш” эвазига эмас-да…
Улар бор-йўғи ўзлари меҳнат қилиб тайёрлаган майдонни асраб қолишмоқчи, бўш вақтларини эса шу ерда қизғин футбол ўйинлари билан ўтказишади. Юқоридан, тадбиркорлардан ҳеч нима сўрашмайди, ўзларига меҳнат ҳамда шуғулланишлари учун майдонларига дахл қилмасалар бўлгани…
Дарвоқе, ишонмасангиз боринг, ҳақиқий “талантлар” ўша майдонда…
Саида ИСМОИЛОВА,
журналист.
Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen + sixteen =