Обуна — ихтиёрий, ватанпарварлик-чи?

“Hurriyat” газетасида   чиққан хабар, мақола, суҳбатларни   ҳамиша қизиқиб ўқиб бораман.   Ушбу нашр   — халқимизнинг оммабоп   газетасидир. Очиғини айтиш жоиз,   бу газета айниқса, ўзбек журналистикасининг   ўтмиши ва бугунги   кунига тааллуқли сермазмун   мақолалар эълон қилиб,   ўз миссиясини баҳоли   қудрат уддаламоқда. Лекин   масаланинг бир жиҳати   бор: куйинчаклик ила   ёзилган мақолалар қоғозларда   қолиб кетаверса-ю, аҳвол   ўзгармаса, бундан не   наф? Авваллари бирор   муаммоли масалалар кўтарилса,   жамоатчилик ўз фикр-мулоҳазаларини билдирар   эди; ўша муаммо,   керак бўлса, расмий   доираларга олиб чиқиларди.   Учинчи Ренессанс пойдеворини бунёд этиш ғояси илгари   сурилаётган бугунги кунда   матбуотдаги “нола”ларга   мутасадди раҳбарларнинг нега парвойи палак?

“Hurriyat”нинг шу йил 13 октябрь 41-сонида таниқли журналист   Баҳром Рўзимуҳаммад қаламига   мансуб “Мен дардимни   кимга айтсам… ёхуд   жиддийлик одамни зериктиради”   сарлавҳали мақоласини ўқиб,   ўйга толдим. Қуйидаги   сатрлар идрокимда кўп   айланди: “Мен куни кеча   отамаконда — Хоразмда   кечаётган обуна жараёнлари   билан қизиқдим. “Газетамизга бу йил ҳеч   ким обуна бўлгани   йўқ. Биз обуна   деган гапни деярлик   унутиб юбордик. “Эзгу   сўз”ни ўз пулимизга   нашр қилдириб, бепул   тарқатяпмиз. Аҳён-аҳёнда   дўстларимиз кўмаклашиб турадилар, — деди мазкур газетанинг   бош муҳаррири Қадамбой   Солаев”.

Хоразмликлар бу нашрни   жуда яхши биладилар:   “Эзгу сўз”— хусусий газета. Агарда ҳар пайт-ҳар   пайтда “кўриниш” бермасалар   газета ёпилиб қолади.   Бинобарин, кам нусхада   бўлса-да, бир амаллаб чиқармоқдалар. “Сақлаб турибдилар” десам,   мантиққа монанд келар.   Хўш, “Эзгу сўз” хусусий экан дейлик, вилоят ҳокимлиги эгаси бўлган “Хоразм   ҳақиқати”нинг аҳволи қандай?   Туман газеталарининг-чи? Баҳром Рўзимуҳаммад таъкидлаган   ўша “Шовот истиқболи”   газетаси   2020 йил   ҳисобига бор йўғи, тўққиз   маротаба нашр этилибди.   Атиги тўққиз! Жорий   йилдагисини билмадим.

Энди ҳақли равишда   савол туғилади: дейлик, тўқсон   йилнинг нари-берисида чоп   этилиб келаётган туман   газетаси нега айнан   ҳозирги кунда ёпилиб   кетиши керак? Ҳар   битта туман нашрининг   ўзига хос тарихи   бор-ку, ахир?! Биз ҳаммамиз   ўша “кичкина” газеталарга   хабар, мақола, лавҳа,   очерклар ёзиб, катта   бўлганмиз. Нега ўсмирлигимиз эсдалиги саналмиш туман   “кўзгу”лари синиши керак?

Шу хусусда   гапирсангиз, интернет бор-ку,   исталган маълумотингизни интернет   сайтларидан бемалол олишингиз   мумкин, дейдилар. Ҳар ҳолда,   шунга ўхшаган иддаоларни   кўп эшитамиз. Хорижий   давлатларда интернет йўқми?   Аслида, бундан йигирма   йиллар аввал ҳам   Туркия, Россия, Жанубий   Корея каби турмуши   бизга яқин давлатларда   электрон матбуот гуркираган.   Шуларга ёндош шаклда   босма матбуот ҳам   тараққий қилаверган-да!

Ҳар газетанинг ўз   ифори бор. Шундай   зиёлиларни танийман: қирқинчи-эллигинчи йиллардаги газеталар тахламларини асраб қўйишган. Бу   ҳам бир солнома.   Алалхусус, ўзбек журналистикасининг бошланғич бўғини ҳисобланадиган туман газеталарини қўлдан   бой бермаслик жоиз. Туманлардаги хусусий мулк эгалари   ўзларининг хос нашрлари   иқтисодига кўмак берсалар,   ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаган бўладилар. Обуна-ихтиёрий, лекин ватанпарварлик-чи?

Тўғри, кейинги   даврларда ўзбек журналистикаси жанр жабҳасида камбағаллашиб бормоқда. Масалан, 1970-1980   йилларда туман, вилоят,   республика газеталарида хабар,   мақолалардан ташқари лавҳа,   репортаж, очерк, фельетон   жанрлари гуллаб-яшнаган эди.   Ҳозир-чи? Ҳозир диққатни   тортадиган бирор лавҳа   ёки очеркка кўзимиз   тушмайди. Фельетон жанри   унутилди ҳисоб. Яқин   ўтмиш матбуотининг фойдали   жиҳатлари қайта тикланса,   мухбирлар қалами тағин   чархланарди.

Авваллари   “материал” танқислиги воқеликка   кўчмаган эди. Дейлик,   вилоят ва республика   газеталари таҳририятлари бўлим   мудирларининг ғаладонларида ўнлаб-юзлаб   хатлар, мақолалар тахланиб   ётганига гувоҳ бўлганман.   Шулардан танлаб-танлаб бериларди.   Яна денг, “мақолаларга обзор” отлиғ рукн   амалда эди. Айрим   ҳаваскор мухбирлар “исм-фамилиямни обзорда кўрдим” деб   мақтаниб юрардилар. Вилоят,   туман газеталарининг штатсиз   мухбирлари бўларди; қишлоқларда   “Штатсиз мухбирлар постлари”   ташкил қилиниб, фаол   мухбирлардан бири пост   бошлиғи вазифасини бажаргувчи   эди. Биринчи нав­батда   туман газетаси, радиоси   ходимлари, штатсиз мухбирлар   вилоят, республика газеталарини зўр иштиёқ ила   ўқир эдилар, таҳририятларга хат ёзишарди, хат   олишарди. Бугун-чи? Бугун…   очиғини айтаман —   туманларда “Hurriyat”   газетасини ўқимайдиган, лофга   йўйманг — юзини   ҳам кўрмаган ҳатто журналистлар бор. Афсуски,   шундай — газета   чиқарадиган, ҳаётлари газеталарга   қоришиқ журналистларнинг ўзлари   газета ўқимасалар, бошқалардан   нимани кутиш мумкин?

Хўжакўрсинга   газетага интиладиганлар ҳам йўқ эмас. “Биз фалон ташкилотга   ҳисобот беришимиз керак.   Пуллик хизмат жорий   қилинса… Масалан, газетангизнинг ўн-ўн беш   нусхасини чиқаришга ёрдамлашамиз” дейдиганлар бор. Улар   йигирма-ўттиз нусха атрофида   босиладиган “минигазеталар”ни истайдилар.   Матбуот, халқ тақдири,   хусусан, ёшлар тақдири   кўнгил ишига айланмаяпти-да ахир?!

Учинчи Ренессанс матбуотдан   жабҳа олгани тарихий ҳақиқатдир. Абдулла Қодирий,   Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид   Чўлпон, Мақсуд Шайхзода   каби улуғ адибларимиз   ўз даврларида публицист   ҳам бўлганлар. “Аччиқ” мақолалар   ёзганлар. Миллат тараққиёти   кўйида ёниб яшаганлар. Етмишинчи-саксонинчи йилларда   ҳам бу анъана узилган эмас. Хоразмда Эгам Раҳим, Эркин   Самандар, Фозил Зоҳид   сингари кўплаб адиблар   матбуот жаб­ҳасида ишлаб,   ақлу заковати неъматларини халққа тортиқ этганлар.   Айни даврда ижодкорлар   ҳам матбуотдан тобора   узоққа кетмоқдалар.

Сўзимни охирида   шуни айтмоқчиманки, таниқли ижодкор Баҳром Рўзимуҳаммаднинг юқорида сарлавҳаси зикр   этилган изҳорномаси “ёлғиз   от” бўлиб қолмаслиги   даркор. Боиси, мақолда айтилганидай: “Ёлғиз отнинг чанги   чиқмас, чанги чиқса-да   донғи чиқмас”. Алҳол, “Hurriyat” газетаси чорловларини ҳар бир қаламкаш,   ҳар бир зиёли   қўллаши, қувватлаши жоиз.   Шундагина тўқсон-юз йилнинг   нари-берисида шаклланган, сайқалланган   журналистикамизни   омон-эсон сақлаб қолишга   эришамиз.

Шержон МАШАРИПОВ,

“Хива тонги” газетасининг бош муҳаррири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

7 + 17 =