Тарозини тенг тутa оламизми?

Мен тоғли Китоб туманининг чекка бир қишлоғида яшайман. Бизнинг ҳудудга ҳам бугун алоқа   воситалари етиб келган. Ўрта мактабларда компьютерлаштирилган хоналар ҳам мавжуд. Ҳатто мактаблар кузатув ускуналари билан жиҳозланган. Бир сўз билан олганда ҳаммаси рисоладагидек муҳайё. Аммо ўқувчиларга электрон шаклда баҳо қўйишни унча мақбул иш деб ўйламайман. Чунки бу ўқувчиларнинг билимини, олган баҳосини   ота-оналар томонидан назорат қилишни йўққа чиқариши аниқ.

Масалан, мен ўзим ўрта мактабни 1966 йилда тамомлаган бўлсам, ўша пайтдаги дафтарларим шу жумладан, кундалик дафтарим ҳам узоқ вақтлар сақланиб келган эди. Кундалик дафтаримизга ҳар ҳафтада ота-оналаримиз қўл қўйиб беришар экан, олган баҳоларимизни ўз кўзлари билан кўриб, назорат қилардилар. Мактаб хотираларини қўмсаганда эса ўша кундалигимизни қўлга олиб, қалдирғочдай чуғурлашиб, дарсларда мунозара қилган дамларимизни эслар эдик.

Ҳамон ёдимда,   8-синфда ўқиётган давримда рус тили дарсида ёнимда ўтирган синфдошим билан бир сўз қоидаси устида тортишиб қолдим. Шунда рус тили ўқитувчимиз Хосият Саломова менга танбеҳ бериб, дарсдан чиқариб юборди. Келгуси дарсда эса ўша кунги ўтилган дарсни мендан сўраб қолди. Табиийки, мен жавоб беролмадим. Шунда ўқитувчимиз кундалик дафтаримга “2” баҳо қўйиб берди. “2” баҳо олганимни уйдагиларга кўрсатишга қаттиқ уялганман. Шу-шу бўлди-ю, дарсларга тўлиқ қатнашиб, яхши баҳолар олишга ҳаракат қилдим. Кундалигимга қизил ручка билан фақат аъло баҳолар ҳамда мақтовларгина ёзилиши керак дея ўз олдимга мақсад қилдим.

Шундан бўлса керак ҳарбий хизматда 6 ойлик авиация мактабида рус тилида ўқиб, яхши баҳолар билан тамомладим ва авиация ҳарбий қисмида катта механик вазифасида хизматни давом эттирдим. Натижада командирларнинг бир неча раҳматномалари-ю, олий ўқув юртига кириш учун йўлланмани қўлга киритдим. Олий ўқув юртида 5 йил рус гуруҳида қийналмасдан ўқидим. Шу билан бирга гуруҳ сардори сифатида гуруҳдошларимнинг ҳам ўқишига ёрдамлашардим. Мен нима учун буларни эслаяпман, негаки кундалик дафтаримга қўйилган баҳоларнинг мен учун таъсири катта бўлган.   Ўқувчига бирдан бир ота-онанинг назорати кундалик дафтарида фарзандининг олган баҳосини кўриб, ҳар ҳафта охирида имзолаб бериши, паст баҳо олган бўлса, танбеҳ бериши кўп ўзгаришларни келтириб чиқариши аниқ.

Тўғри, ҳозир ахборот коммуникация технологиялари жадаллик билан ривожланиб бораётган асрда яшаяпмиз. Ўқувчини электрон тарзда баҳолаб бориш билан бирга, кундалик дафтарига ҳам параллел равишда баҳо қў­йилиб, ота-оналар томонидан назорат этилса, яхши бўларди, деб ўйлайман.

Мактабларга замонавий техникалар ўрнатилган бўлса-да, айрим жойларда булар бир кун ишласа, бир кун ишламайди-ку!

Бир набирам кундалик дафтарини олиб келиб олган баҳоларини кўрсатганида мен хурсанд бўлиб “яхши ўқиб, аъло баҳоларни кўпроқ олсанг, бадиий китоб олиб келиб бераман” деганимда у бирам хурсанд бўлдики, ке­йинги ҳафталарда кундалигини кўпроқ   аъло баҳолар билан тўлдиришга ҳаракат қилди.

Хуллас, фикри ожизимча, “Электрон кундалик” билан “Кундалик   дафтари” бирга қўшиб юритилса, аввалгидек ўқувчиларнинг аъло баҳолар олишга бўлган қизиқиши кучаяди ҳамда ҳозирги техник ривожланиш жараёнидан ҳам орқада қолмаслик­лари   аниқ. Хўш, шундай қилиб, тарозининг икки палласини ҳам тенг тута оламизми ёки замонавийлик деб эртага китобдан ҳам воз кечиб қўя қоламизми?

Яна шуни ҳам алоҳида таъкидлашни истардимки, ҳар бир оиланинг шароити ҳар хил. Кимнингдир фарзандига 2-3 миллионлик “шапалоқ” телефон олиб беришга имконияти бордир, яна кимларнингдир фарзандида оддий 50-60 минг сўмлик оддий телефон ҳам йўқ…

Ҳа, мақолада ўта долзарб мавзу қаламга олинган. Бу борада   тегишли мутасаддилар ва ота-оналар нима дейишаркин?

Саъдулла ТУРДИЕВ,

Китоб тумани

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − 12 =