Мард майдонда синалгай (Ғолиб ва музаффар ўзбек ўғлонларига)

                                                Сирожиддин Саййид,

                                                Ўзбекистон халқ шоири

 

Шавкатли замонларнинг

                       ўғлонлари сиздирсиз,

Бирингиз қош бўлсангиз,

                       бировингиз кўздирсиз.

Осонми бу дунёда

                       юрт донғини таратмоқ,

Олам аҳлин юзини

                       бир зарбингга қаратмоқ.

 

Дунё ўзи нимадир –

                       чексиз кураш майдони,

Тиш қайраб турса бунда

                       арслонига арслони.

Дилбандингни сен ўзинг

                      қўллаб тургил, отажон,

Ўзбекистон, жонажон,

                       Ўзбекистон, онажон!

 

Чин фарзандлар курашгай

                       номус учун, ор учун –

Дилда Ватан бор учун,

                       Дилда Ватан Ёр учун.

 

Кураш надир: гоҳ енгмоқ,

                       гоҳида енгилмоқдир,

Енгилмоғинг осону

                       енгмоғинг қийинроқдир.

Паҳлавон Маҳмудларнинг

                       тумори бўйнингизда,

Қадрдонлар соғинчи,

                       хумори кўнглингизда,

 

Бирингиз – йигирма ёш,

                       бирингиз йигирма беш,

Дунё надир, энг аввал

                       иддаосин қилгай пеш.

 

… Қалқиб турди кўзимда

                       жолаларим – жонларим,

Нону тузин пок-ҳалол

                       оқлолган ўғлонларим!

Шаънингизга шеър битдим,

                       тунларим сиёҳ бўлди,

Тўккан севинч ёшимдан

                       ҳар сўзим гиёҳ бўлди.

 

Чин фарзандлар курашгай

                       номус учун, ор учун –

Дилда Ватан бор учун,

                       Дилда Ватан Ёр учун.

Сангардак сувларидан

                       ичиб кетган боламсан,

Томиримсан, гиёҳим,

                       майсамдирсан, лоламсан.

Бир муштингда миллатнинг

                       залвори бор, юки бор,

Термизий боболарнинг

                       дуоларин кучи бор.

 

Алп эрларнинг наслисан,

                       Алпомишлар авлоди,

Баҳодирсан алпқомат –

                       Жалолиддин зурёди.

Етти иқлим зўрларин

                       енга олган фарзандим,

Дилу жони жонимга

                      пайваста ҳам пайвандим,

 

Ёт элларда ҳайиқмай

                       майдонга тушганингда,

Рингмас, гўё ўт-олов

                       сандонга тушганингда –

Кўксим аро потирлаб

                       қушга айланди дилим,

Ҳар зарбингдан менинг ҳам

                       муштга айланди дилим.

 

Ай болам-ай, ўпайин

                       қошларинг, қароғингдан,

Олам аро энг баланд

                       кўтарган байроғингдан!

Шавкатли замонларда

                       шаъну шавкат яралгай,

Шундай юксак онларда

                       халқ ва миллат яралгай!

 

Дилбандингни сен ўзинг

                       қўллаб турдинг, отажон,

Ўзбекистон, жонажон!

                       Ўзбекистон, онажон!

Мард ўғлонлар олишгай

                       номус учун, ор учун,

Дилда Ватан бор учун,

                       Дилда Ватан Ёр учун,

Дилда Ватан Ёр учун!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × one =