Оққушлар — чирқираб учган хотирам

                                                                   Зулфия Мўминова

 

                          Ватан

 

Сенга пахта керак – деб ўйлаганман,

Пахта териб, кўсак чувиган менман.

Ўзимдан оғирроқ қопни кўтариб,

Совуқ ёмғирларда увиган менман.

Аччиқ аёзларда тарс-тарс ёрилган,

Лабим айтолмади дил дардларимни.

Қор ёққан эгатнинг бир чеккасида,

Ёқиб исинганман шеър дафтаримни.

Энди ёшим ўтган, ҳусн ҳам кетган,

Жоним шубҳа қилма садоқатимга.

Ватан, сени қанча севайин Ватан,

Қандай ишонтирай муҳаббатимга?!

“Сочи узун қиз” — деб аташар эди,

Далага сочилди гавҳар сочларим.

Бир томчи ўсмага зор-зор тўкилди,

Қорабахмал қошим — қалдирғочларим.

“Ватан бу — пахта” деб алдашди мени,

Чанг ютганларим рост, тош ўпганим рост.

Сенинг номинг айтса лойларга ботиб,

Сенинг номинг айтса, тиз чўкканим рост.

Энди ёшим ўтган, чирой ҳам кетган,

Жоним шубҳа қилма садоқатимга.

Ватан, сени қанча севайин Ватан,

Қандай ишонтирай муҳаббатимга?!

Узоқлашиб борар менга билдирмай,

Яратган ёнига қайтарим — ҳаёт.

Йиллар юлиб кетган қўзичоқларим,

Бўри оралаган отарим —   ҳаёт.

Оққушлар чирқираб учган хотирам –

Танчада қунишган қишлариммикан?

Марварид оқтутлар —   кўз ёшимми ё,

Бирма –бир тўкилган тишлариммикан?

Энди ёшим ўтган, чирой ҳам кетган,

Жоним шубҳа қилма садоқатимга.

Ватан, сени қанча севайин, Ватан,

Қандай ишонтирай муҳаббатимга?!

 

 

           Менинг боболарим у диёрларда

(Муқаддас ҳоклари Афғонистонда қолган

улуғ боболарим хотирасига бағишлайман.)

Юлдузли хаёллар суриб ётурлар,

Ким билан суҳбатлар қуриб ётурлар,

Жонини Жабборга бериб ётурлар,

Менинг боболарим у диёрларда.

 

Жонимга айланиб бўлган бу даргоҳ,

Ҳар кеч қулоғимда Бобур чеккан оҳ,

Унга жоним фидо навзамбилиллоҳ,

Менинг боболарим у диёрларда.

 

Мангу йиғлаб ётган булоқлар – кўзлар

Янтоқлар тагида йиғлаган қизлар —

Навоий қабрида гуллаган сўзлар,

Менинг боболарим у диёрларда.

 

Ақлига эгилган ойлар, осмонлар,

Олтинга топилмас китоб карвонлар,

Давлатли султонлар, чин мусулмонлар,

Менинг боболарим у диёрларда.

 

Мен борсам, зиёрат довонин ўпсам,

Машрабнинг ёрилган товонин ўпсам,

Чопони силтаган бўронин ўпсам,

Менинг боболарим у диёрларда.

 

Бошга салла қилиб тўфонларини,

Инсофга чақирган бўронларини,

Қумда қаср қилган армонларини,

Менинг боболарим у диёрларда.

 

Бир ёнда Беруний, бир ёнда Машраб,

Бири илм талаб, бири шеър талаб,

Шайтон базмларга қўймас ҳам қараб,

Менинг боболарим у диёрларда.

 

Имон, эътиқодла кўкларга учган,

Меҳру муҳаббатла дунёни қучган,

Амудан йўлбарсдек ётиб сув ичган,

Менинг боболарим у диёрларда.

 

Жону жаҳонимга туташ томирлар,

Олтиндек кўмилган хонлар, амирлар,

“Мозори шариф”да шариф қабрлар,

Менинг боболарим у диёрларда.

 

Соғинч селларида увиб ётурлар,

Тупроқ остида ҳам севиб ётурлар,

Бошларин Қиблага қўйиб ётурлар,

Менинг боболарим бу диёрларда.

 

Юлдузли хаёллар суриб ётурлар,

Расулуллоҳ ила суҳбат қуриб ётурлар,

Жонини Жабборга бериб ётурлар,

Менинг боболарим у диёрларда.

 

 

                 Майлими?

 

Тиканлар устида ётсак майлими?

Қумга олтин каби ботсак майлими?

Қиличлар дамидан ўтсак майлими?

Қалбимнинг султони айтинг, майлими?

Бир дона майиздек тўкилдим мен ҳам,

Юрагим чўқиса қушчалар хуррам,

Талашиб ташиса чумолилар жам,

Майлими султоним, айтинг майлими?

 

Ҳали келмай туриб кетсак майлими?

Сизни деб оловлар ютсак майлими?

Дунёдан куюблар ўтсак майлими?

Қалбимнинг султони айтинг, майлими?

 

Заҳри қотил ичсак кошоналарда,

Ҳурларга қўшилсак афсоналарда,

Сиз ачинмайсизми Фарғоналарда?

Қалбимнинг султони айтинг майлими?

 

Минг йил яшаймизми, биридан кечса?

Сабрга темирдан либослар бичса,

Қоработир — тунлар қонимиз ичса,

Қалбимнинг султони айтинг майлими?

 

Бир бор тингламадик кўнгил майлини,

Ҳатто гуноҳ дедик, гуллар сайлини,

Тош йўлда ётган гул — шўрлик Лайлими?

Майлими, султоним айтинг майлими?

 

Тоғдан лола бўлиб пастга йўл олсак,

Бизни оларми деб термулсак, толсак,

Давонда кимнингдир қўлида қолсак,

Қалбимнинг султони айтинг майлими?

 

Кўнгил адашибди Ёзёвонларда,

Олтита ариғи бор маконларда,

Сув сўроб сарғайсак саратонларда,

Майлими султоним, айтинг майлими?

 

Умр учди тиғи парроналарда

Нодирадек йиғлаб сарсоналарда,

Тонгимиз отмаса Фарғоналарда,

Майлими султоним, айтинг майлими?

 

 

Ўйлама

 

Ўйлама, мен кетсам у сўлади деб,

Йўлда ташлаб кетсанг, йўлда гуллайди.

Ўйлама, мен кетсам у ўлади деб,

Аёл ўтда гуллар, кулда гуллайди.

 

Кундуз мағрур юрар ифор таратиб,

Нигоҳи тушганни кулиб чўғлайди.

Тун. Увлаган итин бўйнидан қучиб,

Ўксиниб йиғлайди, жим – жим йиғлайди.

 

Кундуз оёғидан ажратиб олган,

Қопқонларни четга отиб йиғлайди.

Тунда малҳам суртиб изтиробларга,

Бардоши бошига ботиб йиғлайди.

 

Ўшалар одамми аёл номига

Турфа ғийбат тузган, кир рўйхат тузган.

Ўшалар одамми, фаришталарнинг

Ёқасига ёпишиб тугмасин узган.

 

Нафс бандалари англаб етмаган,

Энг муқаддас қўшиқ, сабргул — аёл.

Кибру ҳаво узиб отиб юборган,

Тупроқларда ётган атиргул — аёл.

 

Аёлни унутмас биргина Аллоҳ –

Минг бир балолардан ўзи қўллайди.

Музларни синдириб, тошларни ёриб,

Аёл гуллаб чиқар, аёл гуллайди.

 

 

                Бизлар кўришмадик

 

Бизлар кўришмадик, юз йиллар ўтди,

Ҳижрон тунлари бор, саҳарингиз йўқ.

Умр ўтда ўтди, кўз ёшда ўтди,

Қалбимнинг султони хабарингиз йўқ.

 

Менга айтдиларки: “Вақт даволайди”

Вақт даволамади, хабарингиз йўқ.

Вақт, бевақт довулдек эгди, синдирди,

Қалбимнинг султони хабарингиз йўқ.

 

Боғи Дилкушода гул бўлиб кутдик,

Сизнинг Самарқандга сафарингиз йўқ.

Олмалар тўкилди Боғишамолда

Қалбимнинг султони хабарингиз йўқ.

 

Ҳижрон музликлари ютди бу ишқни,

Музларни ёришга табарингиз йўқ.

Бу ҳолни ёзишга дафтарингиз йўқ,

Қалбимнинг султони хабарингиз йўқ.

 

Боғи Фирузада Султон Улуғбек

Ишқдан сабоқ берди хабарингиз йўқ.

Кавокиб сайлида ҳулкарингиз йўқ,

Қалбимнинг султони хабарингиз йўқ.

 

Бизлар кўришмадик, юз йиллар бўлди,

Нечун бу юракдан кетарингиз йўқ?!

Ё борса келмасдан,борса келардан,

Мактуб жўнатишга каптарингиз йўқ.

 

На бу ёзиқларни тузарингиз йўқ,

На бу ришталарки узарингиз йўқ.

Омон қолдиришга шакарингиз йўқ,

Тамом ўлдиришга заҳарингиз йўқ.

Қалбимнинг султони хабарингиз йўқ…

 

Муаллиф ҳақида:

Зулфия Мўминова — Нарпай туманида таваллуд топган. ТошДУ — ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетини тугатган.

“Ватан ташлаб кетмайди” ( 1984), “Бешикларни асрагин дунё” (1986), “Ёнаётган аёл” (1992) ,“Истиқлол олтин гулим” (1998), “Самога сочилган юлдузлар” (2000), “Қудратли юртимга” (2003), “Никоҳ шартномаси” (2005), “Биринчи ўқитувчим” (2008), “Аёлга бахт беринг” (2011), “Хўроз нега учолмайди?” (2014), “Бир куни дарс қолдирган бир умр пушаймон” (2015), “Ишқ боғида бор эдим” (2016), “Юмшоғой исмли типратиканча” (2017), “Сурхоннинг муҳтарама аёллари” (2018), “Буюк уйғониш” (2020), “Сурхоннинг тадбиркор ўғлони”, “Донишманд тошбақанинг кўз ойнаги. Эртаклар” (2020), “Юрагида анор гуллаган аёл”,   (2021), “Юрагига Сурхондарё сиққан аёл”, “Болаларга китоб беринг” (2021) сингари кўплаб китоблари нашр этилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × two =