“Барҳаёт наво” уйғотган мушоҳадалар

Куни кеча (22 август) “Маҳалла” канали “Барҳаёт наволар” туркумида Тожибар Азизова хонадонида таъсирчан, айни бир вақтда маъюс кайфият устун турадиган (айниқса, дастурнинг 2-қисмида) юксак телевизион маҳорат билан тайёрланган кўрсатувни 40 дақиқа давомида эфирга узатди. Мароқ билан, таъсирланиб кўрдим. Соат 16.00 дан 16.40 давомида ашула ҳам янгради, рақс ҳам бўлди. Тожибар Азизованинг ўйлари (эҳтимол, дарди) хавотирга ҳам солиб турди. Бир оғиз сўз кадрда ҳам, кадр ортида ҳам янграмади. Ашулалар матни бундан истисно. Бадиий-мусиқали, кўп ўринда телевизион имкониятлардан фойдаланилган ҳолда ранг-баранг кайфият уйғотадиган, ижод, бурч, оқибат ҳақида ўйлашга ундайдиган, ўз шакли, анча теран мазмунига эга бўлган асарни эфирга узатган “Маҳалла” канали ижодкорларига миннатдорлик сўзларини йўллаган ҳолда бу маҳсулотни ижод этган даргоҳ, медиамуҳит, истеъдодли гуруҳ, бош қаҳрамон ҳақида мухтасар маълумотни вербал ифода билан ҳам, айтилган сўз билан ҳам, берилмаганидан афсусландик.

Бу дастурнинг адабий сценарийси ўйлангани, ёзилгани, шунингдек, режиссураси нафис эстетик бўёқлари ҳаёт завқи ва драмаси (кўпроқ фожиаси) фалсафий тушунчалар, жумладан, сабабият тушунчалари билан боғланган ҳолда қабул қилиниши, ўрганилишни тақозо этади-ку! Одатдаги телевизион концерт сифати хушовозли хонанда, ҳиром айлаган, чарх уриб ўзбекнинг сержило рақсини томошабинга, тингловчига етказиб келган кўркам кадрлар, композициялар мураккаблашиб бориб психологик драма, фожиа унсурларидан холи бўлмаган лаҳзалар “тўқнашиб”, баъзан эса ашула матни, йиғлоқи бўлмаса ҳам ўйчан, ғамгин куй бир-бирига уланиб бизни сергаклантирди, томошабинни таърифланаётган воқеа иштирокчисига айлантирди.

Телевидение ҳамда унинг маҳсулотини қабул қилаётганлар  ўртасида бундай мусоҳаба ўрнатилишига нималар сабаб бўлгани ҳақида ўйладик. Кичик экран эстетикаси ҳамда ҳаво тўлқинлари ила узлуксиз хонадонларга узатилаётган ахборотни, бадиий асарни, мулоқот дамларини кузатиб, ўрганиб, идрок этиб бераётганлар ўртасида муносабат ўрнатилиши учун мавзу ва қаҳрамонни танлаш, ижоднинг бу соҳасининг синтетик табиати ҳисобга олинади, тасвир ва овоз воситаларининг ўзаро муносабатларини, ўзаро таъсири назарда тутилади. Биз бироз таҳлил қилишга уринаётган телемаҳсулотда бу  талаблар кўп ўринда ҳисобга олинмагандек кўринди. Бу ўринда бир таклифимизни келтириб ўтишга ботинамиз. Шоядки мазкур мулоҳазалар амалиётга наф келтирар.

Хизмат кўрсатган хонанда умрининг турли фаслларида суратга олинган кадрларнинг нафис уламасининг яхлит, таъсирчан компози­циясини кўрсатув қаҳрамони бўлмиш Тожибархон ҳам кўриб, эҳтимол таъсирланиб, эҳтимол узоқ ва яқин ўтмишга ғойибона “сафар қилиш”, қора кўзларида ёш айланиб, гоҳан биз – томошабинга (яъни, камера объективига) назар ташлаб, зарур бўлганида бир шингил сўз айтиб, ҳақиқий телевизион шаклга яна бир сайқал бериши мумкин эди. Кўрсатувдан таъсирланиб бу санъаткорнинг хонадонига телефон қилганимизда бу таклифимиз ўринли эканлигига ишондик:

– Кўрдик. Эшитдик. Лирик кайфиятга ҳам берилдик. Ҳаяжон қўнди ҳам. Менинг ашулам, қиёфам, ўзимни қатор телекамералар рўпарасида тутишим эмас, режиссёр Зариф Ёровнинг ҳаяжони, йиллар давомида тасмаларга муҳрланган тасвирга, куй, шеърий мисраларга меҳр қўйиб монтаж қилгани… яқинларим илиқ сўзларни айтишди. Санъаткор телевидениега миннатдорчилик сўзларини айтди, хонанда яна ўша, биз қаламга олаётган телекўрикда устун турган ҳолатга кираётгандек бўлдилар. Бу суҳбатнинг айрим тафсилотларини қуйида келтирамиз. Қирқ дақиқа давом этган телемусоҳаба каминага ҳам маъқул бўлганини, биз сим қоққан мўътабар хонадонда ҳам шодиёна сўзлар янграганини айтиб ўтиш номақбул бўлмас…

Газета чегарасидаги таҳлилимизни давом эттириб мусиқали тасвирга, ўйинга бой кўрсатувнинг таркибига мурожаат этсак. Студияда суратга олинган кадрлар композицияси кўркам, сермазмунлиги хонанданинг ўзи ҳам, қўшиғи ҳам ёқимлилигини, кадрлар йириклиги вокал ва чолғу ижросига боғлиқ бўлиши, ҳар бир мусиқали лавҳа қайта-қайта суратга олинишидан хабардор бўлишимиз боис улар – монтаж жумлалари бир-бирига ўзаро, бир чеккада боғланиши, бу лаҳзаларда Тожибархон ўзини эркин тутишини таъминлаган режиссурани қадрлаган ҳолда хонанданинг қиёфасида самимият, ижросида жозиба, оила даврасида меҳр сезилиб туришига гувоҳ бўлганимизни мамнуният билан айтардим. Умр ҳамроҳлари – эру хотин фарзандлари ёнида бир-бирларига жўр бўлиб айтиши, студиядаги ижро раққосаларнинг латиф ҳаракатлари, табассумлари, куйга гўёки маст бўлиб чарх уришлари – булар завқ берди, гўзалликнинг ранг-баранг кўринишларидан яна бир бор воқиф этди бизни. Студияда олинган кадрлар, очиқ ҳавода суратга туширилган лаҳзаларни тўлдиргандек кўринди. Қайтармади, таъкидламади олдинги кўриниш ва овозли ифодаларни. Бу ўринда кўрсатув қаҳрамони Тожибар Азизованинг чеҳрасида хорғинликми, маъюсликми, қандайдир бир дард ифодасини илғаб олгандек бўлдик. Хавотирландик. Овози ёқимли, оиласи иноқ, танлаган куйлари, уларга сингиб кетган лирик-психологик мисралар пурмаъноли, таъсирчан… бўлса-да, хонанданинг кайфияти ва бу ҳолатни таъкидлаб турган жисмоний ҳаракат фалсафий ўйларга ҳам ундади. Нималарнинг ифодаси бўлган экан порт­ретлардаги қайғу аломатлари, ҳазинлик ифодалари? Режиссёрнинг талаби бўлмаса керак бу… Режиссёр Алишер Мадраҳимов ўз вақтида суратган олган ноёб кадрлари монтаж хонасида янги маъно кашф этди.

Кўрсатувдан кейин бир кун ўтди.

Мазкур сатрларни ёзаётганимда хонандага қўнғироқ қилдим. Бажонидил суҳбатлашдилар. Нафақага чиққан хонандани кўрсатувдан кейин йўқлаганлар кўп бўлибди. Лекин мезбон айтишларича ТВ ходимини, бу соҳани ўрганган, билган, тажриба орттирганларнинг муносабатларидан воқиф бўлиш истаги ҳам бор экан. Бизни эса телевизион фаолиятнинг биргина кўринишини ижод этиш, техникадан эстетик мақсадларда фойдаланиш, изланишнинг суратга олиш жараёнидаги кўриниш ҳамон қизиқтирарди.

– Тожибархон, суратга олиш майдони кенгайиб ораста хиёбонга, серқатнов кўчаларга, кенг майдон ва истироҳат боғига чиққанингизда анча хомуш, бесаранжом, ғамгин ҳолатда кўриндингиз. Режиссёр хоҳиши, эҳтимол талаби билан шундай маъюс кайфиятда бўлганмисиз. Кўрсатув “Барҳаёт наволар” рукни остида берилгани ҳам мени хавотирга солди.

– Сезибсиз-да… Отам, онам вафот этган. Биз бир хазин ҳолатда бўлган чоғлар эди. Ўша оғир дамлардаги ҳолатимнинг айрим манзараси тасмада қолди. Лекин ўша дамларда садоқатли ҳамроҳим Мирза ака барҳаёт эдилар. Қўшиқни бирга айтган эдик… Коронавирус балоси уларни ҳам аямади.

Лирик, шўх қўшиқларингиз қатори қайғули, ҳис-туйғуларни уйғотадиган куй, тез ўтар умр, фироқ ўти, онаизор соғинчининг шеърий ифодаси қўшиқларга айланган-ку! Улар шу кайфиятдаги садолар билан уйғунлашиб ижро вақтида ўз таъсирини ўтказиши мумкин. Менга шоира Ҳалима Худойбердиева қаламига мансуб асарлар руҳан жуда яқин. Улар таъсирига бериламан. Айниқса, ижро дақиқаларида, ҳатто машқ қилаётганимда,  … – дедилар хонанда маъюс бир оҳангда.

Телевидение дастуридан ўрин олаётган айрим кўрсатувлар ижоднинг бу соҳаси билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр юритишни тақозо этади.  Истеъдодли журналист Гулмира Мусажонованинг адиб Эркин Аъзам билан ўтказган қизиқарли суҳбати айтиладиган сўз устун турадиган телемаҳсулотнинг хусусиятлари ҳақида, ниҳоятда ширали  овоз соҳибаси, бадиий диди юксак бўлган Ҳабибахон Охунованинг издошларининг ижроларига бағишланган кўрсатувда эса рақобат руҳи эмас, ворислик масалалари, тақлид ҳамда тажрибани ижодий ўзлаштириш масалалари диққат марказида бўлиши мумкин. Биз кўрган ва  “Hurriyat”га атаб ёзган “Барҳаёт наволар” туркумидаги биргина дастур уйғотган мушоҳаданинг мухтасар кўринишини томошабин билан бирга телевидениедаги ҳамкасбларимизга ҳавола қилмоқчи бўлдик.

Ҳамидулла АКБАРОВ.

 

ТАҲРИРИЯТДАН: Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Маҳалла” телеканали орқали намойиш этилган бир кўрсатув таассуротига оид ушбу мақоладан ҳам аёнки, мазмунли ва эътиборли кўрсатув тайёрланибди. Истардикки, яқин кунлар ичида ана шу дастур такроран намойиш этилса, яхши бўлар эди. Ахир, бир пайтлар телевидениеда “Телетомошабинларнинг талабларига биноан” деган яхши бир анъана бор эди. Кутиб қоламиз!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven + 1 =