Ҳар қандай ҳолатда ҳам касб одоби ва масъулиятни унутмаслик лозим

Инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинлик­лари олий қадрият ҳисобланган демократик жамиятнинг муҳим шарти сўз ва ахборот эркинлигидир. Бироқ бу журналист ёки блогер кўнглига келган ишни қилаверади, ёзаверади, дегани эмас.

Яқинда ижтимоий тармоқларни ларзага солган бир видеони кўриб (https://t.me/muxbir1/12126) (биз мазкур вазиятда аёлни, унинг қилмишини оқламоқчи ёхуд муҳокама қилмоқчи эмасмиз) қатор саволлар туғилди: микрофон кўтарган “мухбир” яланғоч ҳолатдаги аёлни камера қаршисида сўроққа тутиши қайси мезонга мос келади? Суд томонидан ҳали айбдорлиги исботланмаган аёлни бе­ҳаёликда, енгилтабиатликда айблаш журналист касб одоби ва қонун талабларига нечоғли мувофиқ? Қолаверса, “мухбир” ўзганинг мулки ҳисобланган уйга бостириб  киришга, бундай ҳолатда сўроққа тутишга, тасвирга олишга ҳақлими? Ўзи савол бераётганидек, унинг фарзандлари, яқинлари  шаъни ва қадр-қимматини унутмадимикан?..

Шуни қатъий қайд этамизки, журналистнинг жамият олдидаги масъулияти, касб одоби,  фаолият талаблари, энг муҳими, мавжуд қонун-қоидалар бор ва журналист буни унутишга ҳақли эмас. Хусусан, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасида қайд этилганидек, “Ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида журналист шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши шарт”.

Ўзбекистон Журналистларининг касб этикаси  кодексида  белгилаб қўйилганидек, “Журналист … ўз касб мажбуриятларини бажаришда ахборот олишнинг қонунга зид усулларидан (қўрқитиш, таъмагирлик, товламачилик, иғвогарлик, мукофот ваъда қилиш ёки одоб-ахлоқ нормаларига зид бошқа усуллардан фойдаланиш), шунингдек, ўз хизмат ваколатларидан шахсий мақсадлари йўлида фойдаланмайди”.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси  журналист ва блогерларни миллий ва халқаро қонунчилик, Ўзбекистон Журналистлари касб этикаси кодексига риоя этишга, ким бўлишидан қатъи назар, шахснинг шаъни ва ҳуқуқларини поймол  қилмасликка, фаҳш, зўравонлик ва инсон руҳиятига салбий таъсир кўрсатувчи иллатлардан сақланишга  чақиради.

Олимжон ЎСАРОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Бошқаруви раиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − nine =