Статистика аниқликни талаб этади
Бугунги жамият ҳаётини статистикасиз тасаввур этиб бўлмайди. Статистикани реал ва аниқ олиб борилиши ҳаётимизни бегилаб берувчи омиллардан бири ҳисобланади. Соҳани янада мукаммаллаштириш иш самарадорлигини ошириш ҳамда статистикадан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида 2021 йил 11 август куни “Расмий статистика тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни имзоланди.
Расмий статистика мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таҳлил қилиш ва баҳолаш ҳамда илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш мақсадида, шунингдек, жамоатчиликни хабардор қилиш, расмий статистикадан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш учун эълон қилинади.
Расмий статистика бу “Расмий статистика тўғрисида”ги Қонуннинг қоидаларига мувофиқ давлат статистика органлари ва расмий статистиканинг бошқа тайёрловчилари томонидан тайёрланадиган ҳамда тарқатиладиган статистика маълумотларидир.
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси соҳада ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Ҳар қандай жисмоний ва юридик шахслар расмий статистикадан фойдаланиши мумкин.
Улар эълон қилинган статистика маълумотларидан эркин фойдаланиш, эълон қилинмаган очиқ статистика маълумотларини олиш мақсадида расмий статистикани тайёрловчиларга сўров билан ёки уларни эълон қилиш тўғрисидаги таклиф билан мурожаат қилиш каби ҳуқуқларга эга.
Расмий статистика расмий статистиканинг асосий принципларига тўла мувофиқ ҳолда, шунингдек, айрим статистика маълумотларининг махфийлигини таъминлаш ҳамда барчага тенг фойдаланиш имкониятини бериш орқали эълон қилинади.
Расмий статистикани тайёрловчилар расмий статистикани статистика дастурида ва расмий статистикани эълон қилиш жадвалида назарда тутилган муддатларда эълон қилиши шарт.
Таркибида давлат сирлари ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сир бўлган расмий статистика маълумотлари эълон қилинмайди ҳамда қонунда белгиланган тартибда тақдим этилади.
Жамоатчилик расмий статистикани эълон қилиш муддатининг ҳар қандай ўзгариши тўғрисида эълон қилишнинг режалаштирилган санасига қадар хабардор қилинади.
Шунингдек, расмий статистикани тайёрловчилар қўшимча равишда ишлов берилган статистика маълумотларини, босма нашрларни ва бошқа материалларни расмий статистикадан фойдаланувчиларнинг сўровига кўра пулли асосда тақдим этиш ҳуқуқига эга.
Гулзада БЕГЖАНОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси
Тахиатош тумани прокурорининг иш ўрганувчи ёрдамчиси.
Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан ажратилган давлат гранти “Инсон манфаати — тараққиёт пойдевори” лойиҳаси асосида чоп этилмоқда. (С/22)