Матбуотнинг беқиёс кучи

Яхши биламан, матбуотсиз ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки, оммавий ахборот воситалари нафақат жамиятнинг, ҳаётнинг кўзгуси, балки, ҳар бир инсонни маънавиятга, маърифатга ундовчи бетимсол маёқдир.

Яхши эслайман, ҳали болалик чоғларимизданоқ яъни мактабда ўқиб юрган даврларимизда ўқувчилар нашри (ҳозирги   “Тонг юлдузи”) газетасини   қўлма-қўл ўқир эдик. Ва яна “Ғунча”, “Гулхан” каби журналларни қўлдан қўймас эдик. Мутолаа жараёнлари бизнинг руҳиятимизда китобга меҳру иштиёқ туйғуларини шакллантирган, десам асло янглишмайман. Ўсмирлик   вақтларимизда эса “Ёш Ленинчи” (ҳозирги “Ёшлар овози”) газетаси сирдошимизга айланган. Хуллас, ҳар битта кунимизни газета ва журналларсиз тасаввур қила олмаганмиз.

Ўша пайтларда газета дўконлари олдидаги гавжумликни айтмайсизми? Ҳар жума куни   эрталаб “Ўзбекистон адабиёти   ва санъати”ни харид   қилишга улгуролмасак, руслар   кўпроқ яшайдиган маҳаллалардаги киосклардан излаб топардик.   Ўша жойлардагина бу   газета сал “туриб”   қоларди.

Матбуотга астойдил   иштиёқ қўйганим туфайли   бир таҳририят қошидаги   “Ёш мухбирлар дорилфунуни”нинг тингловчиси бўлиб, журналистика сир-асрорларини ўргандим. 1980 йилдан 1995 йиллар оралиғида   “Тошкент оқшоми” газетасида   “Инсон умрининг қўнғироғи”,   “Аёлларни асранг”, “Баётдан чаманга”,   “Шайхонтоҳур шодиёналари”, “Ҳукм ўқилди”,   “Ниқоб йиртилди”, “Миси   чиқди” сарлавҳали кўплаб   мақолаларим ёритилган эди. Мана орадан анча йиллар ўтганига қарамай, ҳозир ҳам   ўша сарғайган газеталарни   асраб қўйибман. Шунингдек,   “Тошкент ҳақиқати”, “Савдогар”, “Оила   ва жамият” сингари   газеталарда ҳам “кўриниш   берардим”. Афсуски, “Тошкент   оқшоми”дай газета бугунги кунда чиқмай қолибди.

Ҳақли равишда савол   туғилади. Нега бугун кўпчилик, айниқса, ёшлар газета-журнал ўқимай қўйишди? Наҳотки, матбуот нашрларининг ўрнини, аҳамиятини ҳеч қайси сайт, интернет деганлари боса олмаслигини фарзандларимизга сингдиришнинг иложи бўлмаётган бўлса? Хўш, бу   ҳодисаларнинг асл сабаби   нимада ўзи? Интернет   сайтлари гуркираб яшнаганидами? Ёки ҳамманинг қўлида телефон деган матоҳнинг мавжуд эканлигидами?

Албатта, булар ҳам бор гаплар. Аммо ундай десак,   қардош юрт Туркияда   электрон матбуот бизларникини “чангда қолдириб”   кетади-ку? Шу алпозича турк газеталари   ададлари неча юз мингларча деб эшитамиз. Масалан, 1970 йиллар воқеалари акс эттирилган “Зулейҳа” теле­сериалидаги қаҳрамонларнинг эр­та­лаблари газета ўқиганларини   кўрдик. Демак, ўша пайтлардаёқ   одамларнинг турмуш тарзлари саҳифаларга   олиб чиқилган экан-да.   Серқуёш   Ўзбекистонимизда-чи? Нечун кўплаб   газеталар ўқувчиларининг камлигидан, обуначиларининг йилдан-йилга камайиб бораётганидан нолишмоқда?

Бир матбуот ишқибози сифатида шуни айтишим мумкинки, халқ албатта газеталарга қайтиши керак. Нима қилиб бўлса ҳам ёшларимизни мактаб ёшиданоқ маънавият сарчашмалари бўлган нашрларга ошно этишни ўйлаб кўришимиз шарт.

Ростини айтсам, бугунги   кунда аксарият нашрлардан менинг ҳам унчалик кўнглим тўлмайди. Ўқишли, мулоҳазали, танқидий-таҳлилий мақолалар жуда сийрак. Ахир, муштарийлар зерикарли нашрларни нима қилади? Мажбур қилиб обуна қилинганда ҳам бундай нашрлар бир четда чанг босганча қолаверади, ҳеч кимни мажбурий ўқитишнинг иложи йўқдир.

Бугун газеталарда нима учун фельетонлар умуман берилмай қолди? Нима, ҳамма жойда катта-кичик раҳбарлар фақат мақтовга лойиқ ишлашяптими, танқид қиладиган мавзу қолмадими ё?

Шахсий архивимдан талайгина   мисоллар келтиришим мумкин.   “Ўзбекистон овози” газетасининг   1992 йил, 4   январь сонида    “Ёлғоннинг   охири вой” сарлавҳали   танқидий мақолам ёритилган эди. Газетанинг 13 март   сонида эса “Ўзбекистон   овози” материаллари изидан”   рукнида   Ўзбекистон Қишлоқ   хўжалиги вазирлигининг расмий   жавоб хати эълон   қилинган. Унда айтилишича,   танқид остига олинган   амалдорга ҳайфсан берилибди.   Мана сизга кичиккина   танқиднинг натижаси…

Айни даврда кўпчиликни   “Матбуот ўзгаришга маҳкумми?”   қабилидаги савол ўйлантириб   юргани табиий ҳолат.   Бинобарин, соҳа мутахассислари, экспертлари бу хусусда   астойдил ўйлаб, фикр-мулоҳазаларини билдиришлари даркор.

Эҳтимол, матбуотнинг ўткир тиши, жасорати бўлгани боис жамоатчи мухбирликка, журналистлик   касбига меҳр қўйгандирман.

Абдуқаҳҳор ШУКУРОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 3 =