Агрономликдан… Киночиликка

ёхуд 90 ёшли кинорежиссёрнинг гурунглари

Москвадаги  Тимирязев номли Қишлоқ   хўжалиги академиясини тугатиб   агроном дипломига эга   бўлган Солий Давлетов, ўз соҳасидан кўра кино   оламида шуҳрат қозонган   инсон. Айни пайтда 90 ёшни қаршилаган кинорежиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Солий Давлетов номи бугун афсуски кекса ва ўрта ёш авлодгагина маълум. Бироқ Солий ака томонидан ишланган “Зулфия”, “Худойберган Девонов”, “Беруний”, “Ўзбек атласи” сингари 60 га яқин ҳужжатли фильмлар ўз даврида довруғ қозониб, Болтиқбўйи давлатлари, Малайзия, Россияда ўтказилган халқаро кинофестивалларда совринларни қўлга киритган эди.

Асли хоразмлик бўлган Солий ака билан суҳбатимиз нафақат кино, балки   босиб ўтилган ижод заҳматлари ва 90 йиллик ҳаёт йўлига бир назар ташлаш  ҳақида кечди.

— Солий ака, кинога қизиқишингиз қачондан бошланган?

— 5-6 ёшлик пайтларимда, 1937-38 йилларда Ҳазораспнинг Юқори   Мухомон қишлоғидаги ҳовуз   бўйларида уй деворига оқ   читдан парда тутиб, ўша   ерда овозсиз кинолар   кўрсатиларди. Оқ читда   ҳаракатланаётган одамлар, ажабтовур   машиналар, велосипедлар бизга мўъжиза   бўлиб туюларди. Баъзи одамлар   деворда кўриниб турган   одамларни афсунгарлик иши   деб қўрқар, айримлар юриб   келаётган поезд, машина, велосипед   экрандан чиқиб   кетади деб ваҳимага   берилишарди. Аммо кимдир тик   оёқда, кимдир ўтириб олиб   ҳайратланганича овозсиз фильмларни   кўрарди. Мени ҳам ана   шу болаликдаги ҳайрат   кино оламига киришга ундарди.

Уйда бобом, отам, ойим тўрталамиз ёруғлик учун, керосин чироқнинг гоҳ пилигини   пасайтириб, гоҳ кучайтириб ўтирганимизда деворга соямиз тушиб, кичрайиб, каттаяр, шунда мен   кўзимни юмганча кинода   кўрганларимни эслаб, ўзимча кинолавҳалар ижод қилардим.

— Отангиз, оилангиз қатағон даври   жаб­рини тортган экан­­сизлар…

— Отам Болта   Давлетов 1909 йилда Ҳазораспнинг Юқори Мухомон қишлоғида   этикчи оиласида туғилган. У Хивадаги Шерғозихон мадрасасида ўқиган. Кейин эса Ҳазораспда шўро саркотиби бўлиб ишлаган. 1937 йилга келиб у ҳам антисовет, аксилинқилобий тарғибот   олиб борганликда айбланиб   ҳибсга олинади. Унинг ўзи   хотираларида бу ҳақда шундай   деган:

— Ўша қатағон   даврида Хивадаги Калтаминор   ёнидаги Муҳаммад Аминхон мад­расаси биноси қамоқхонага айлантирилганди. Хоразмнинг турли жойларидан   келган маҳ­буслар бу   ерда сақланар, маҳбуслар оёқ   узатиб ёта олмас, чунки бино   одамга тўла бўлиб, ёнбошлаб, ғужанак бўлиб   ётардилар.Мадрасанинг катта   нақшинкор эшигининг ўртасини тешиб маҳбусларнинг изидан келганлар   билан суҳбатлашиш учун дарча   очишганди.

Воқеанинг давомини   отасининг хотираларини 97 ёшида, вафотидан олдин   видеокамерага ёзиб олган   ўғли, кинорежисёр Солий Давлетов   шундай давом эттиради:

— Отам қамалганда мен   5 ёшда эдим. Ўшанда ёз   ойлари эди. Отамни Ҳазораспдаги шўро идорасидан ҳибсга   олганича Хивага олиб   кетишган. Онам ва   бобом   учаламиз қишлоқда бу   хабарни эшитиб йиғлашдан   ўзимизни тўхтатолмадик. Мени “халқ душмани”нинг боласи дея   болалар боғчасидан қувиб   юборишди. Қишлоқда   оиладагиларимиз айрим калтафаҳм, лаганбардор кимсаларнинг зуғумидан бош кўтаролмай қолдик. Ниҳоят онам   иккимиз август ойида   отам билан учрашгани   Юқори Мухомон қишлоғидан   оёқяланг, пиёда Хива томон   тонг саҳардан йўлга   чиқдик, кун ботар олдидан   зўрға Хивага етиб   келдик. Тўғри турма бўлиб турган   мадрасага бордик. Меним эшикдаги   дарчага бўйим етмаслигидан   онам дадам билан   гаплашиб ҳол-аҳвол сўрашгач, мени қўлига кўтариб   дадамни кўрсатди. Дадам ҳорғин, уст-боши кир, абгор аҳволда кўринди. Мен йиғлаб юборай дедим. Соқчи келиб чиқиб кетишимизни   талаб қилди. Зўрға йиғламсираб   чиқдик. Бу пайтда кун   ботиб бўлганди. Қўлимиздаги рўмолда   онам ёпган нон   бўлиб, у қотиб қолган   эди. Дадам бизни еб   кетарсизлар дея, ноннинг ярминигина   олиб, қолганини қайтиб берганди. Очкўз соқчи ўша қолган   нонни ҳам олиб   қувиб солди. Хивада бирон   танишимиз йўқ бўлганидан, рўмолчада қолган   нон ушоқларимизни оғзимизга солганча   орқага қайта бошладик. Хива шаҳридан энди чиққанимизда, мен ҳам, онам ҳам йўл   юриб чарчаганимиздан ҳолдан тойиб, юришга мажолимиз қолмаганди. Хива атрофидаги Саёт   қишлоғидаги хўжа­ликлардан бири   ёнидаги қандайдир дарахт   ёнига бориб, хориб чарчаганимиздан   ўтириб дам   олдик. Атроф зимис­тон қоронғи   бўлиб, одамлар ухлаб қолган, итлар овозигина эшитиларди холос. Онамнинг кўйлагига ўралиб ухлаб   қолибман. Эрталаб кўзимни очганимда   онам ҳам энди   уйқудан турган экан. Билсак, биз тагида ухлаган дарахт нок экан. Ёнида ариқ бўлиб,   сув оқиб ётарди. Сувга юзимни ювиб, нок мевасидан олиб емоқчи   бўлиб қўлимни чўзганимни   биламан, онам тегма, эгасидан сўраганимиз йўқ, деди. Менинг эса егим келарди. Шунда болалигим тутиб, хархаша қила бошладим. Бизнинг   овозимизни эшитиб, ёнимизга қандайдир   чол келди. У шу   уйнинг ва   нокнинг   эгаси экан. Бизнинг шу   ерда ухлаганимизни эшитиб   онамни койиган бўлди. “Нега уйга кирмадингизлар, мусофир бўлсангизлар”, деди. Онам   дардимизни айтиб, ҳазорасплик эканлигимизни, Хивага нимага   бориб келаётганлигимизни айтди. Қарангки, бу чолнинг   ҳам ўғли Хивада   қамоқда экан. У бизни   уйига таклиф этди. Аммо   онам кўнмади. Чол эса   ноилож онамга бир   катта рўмолга тугиб   нон, узум, олма, нок териб берди. Мен   онам билан хурсанд   бўлиб то Ҳазораспга   келгунча меваларни, нонни еб етиб келдик.

Болта Давлетов қамоқхонада уриб   сўкишлар, кал­таклар остида қолиб   кетаверди. Ўшанда уришдан ташқари   азоб беришнинг бошқа   бир усули, яъни маҳбусни умуман икки-уч суткалик ухлатмай, тик оёқда   қўйиб азоб беришар   экан. Турманинг рус миллатига   мансуб бош­лиғи бир   куни қараса, маҳбуслардан бири   тик турганича кўзи очиқ ҳолда   ухлаб турган экан. Шунда   бош­лиқ сув сепиб   уни уйғотибди. Болта Давлетов   шундай азобларга чидай   олмай ўзини ўлдириш учун мохоркани сувга эзиб   ичади. Аммо мохорка заҳарга айланмай, у   қусиб қайт қилиб ташлайди. Ниҳоят, 9 ойлик азобу   даҳшатлардан сўнг уни   “айби исботланмади” дея   қамоқдан озод қилишади. Шундан кейин   у яна Ҳазораспга бориб ўз   ишида ишлай бошлайди. 1938 йилда у   Фарғона молия техникумига   ўқишга юборилади. Таҳсилни тугатиб   Ҳазорасп туманида молия бўлими мудири, кейин Хива   шаҳрида молия бўлими   мудири бўлиб ишлайди. Иккинчи жаҳон уруши   даврида эса Хоразм   партия қўмитасида инструктор   бўлиб фаолият кўрсатади. Вилоятдан урушга   кетувчиларни кузатишга масъул   бўлиб Орол денгизидаги Мўйноқ кемачилик пристанига   гуруҳ-гуруҳ аскарларни олиб   кузатиб қайтарди. 1942 йилда унинг ишчанлигини инобатга олиб   Хонқа тумани партия   қўмитасига   биринчи котиб   қилиб юборишади.

Бу вақтда техника йўқ, пахта   далаларида колхозчилар баҳорда   қўлда белкурак-кетмон билан   ер ағдариб, пахта экишган. Ерлар ҳаддан ташқари зах   олиб, уни йўқотиш учун   заҳкашлар қазилган. Ўшанда райком   фойтунда юриб қишлоқларни   айланар, “Эмадем” деган   биринчи   котибга ажратилган машинани   эса Дўсчан ака   деган ҳайдовчи тузата   билмаганидан гоҳ юриб, гоҳ   юрмай бузилиб қоларди. Агар машина қайсидир қишлоқда   бузилиб қолса, кечга яқин   аранг туяга судратиб   қайтиб келишарди. Бу орада   Хонқага Костров деган   рус киши келиб   машинани тузата олишини, ўзининг ҳайдовчилигини   айтади. Болта Давлетов уни ишга   олади. Костров Урганчга бориб эҳтиёт қисмлар олиб келади   ва машина юра   бошлайди. Энди саркотиб Давлетов   “Эмадем”да юриб қишлоқларни   айланиб ишни ташкил   қилади. Бир куни Тошкентдан   Давлетовнинг дўсти меҳмонга   келиб қолади. Ўшанда райкомнинг   томида қамишлар осилиб, чакки ўтиб ётган уйида   меҳмонга палов пиширмоқчи   бўлишади. Бироқ…бироқ   овқат пишириш учун   уйдаям, Хонқанинг   марказидаям пахта ёғи, кунжут ёғиям   топилмайди. Райкомнинг ўғли Солий,   Дўсчан шофёр билан   фойтунда қишлоқма қишлоқ   юриб зўрға озгина   ёғ топиб келишади. Ниҳоят, ярим кечаларда зўрға   ўтин билан палов   пишириб меҳмондорчилик қилишади.

Кунларнинг бирида   Ҳазораспнинг Юқори Мухомон   қишлоғидаги Давлат этикчи   эшакда Хонқага ўғлини   кўргани келади. Одамлардан райком   биносини сўраб топиб, манзилга келадию, бино   олдидаги дарахтга эшагини   боғламоқчи бўлади. Шунда инструкторлардан бири чиқиб, бу бино   райкомники эканлиги, эшагини бошқа жойга боғлашни буюради. Давлат этикчи “ўғлим райкомга   ишга келибди, шунинг ёнига   келдим” дейди. “Ким у   ўғлингиз?” сўрайди инструктор. “Болтабой деган, Ҳазораспдан” — дейди этикчи Давлат. Бирзум   ўйлагач, “бу ерда Ҳазораспдан   ҳеч ким йўқ, нариги   исполкомнинг биносидан қидиринг,   эшагингизни ҳам шу ёққа   олиб кетинг” дейди. Инструктор Болта Давлетов Урганчдан, Обкомдан ишга   келгани учун, уни ўша   ерлик деб биларкан. Давлат этикчи исполкомга бориб   Болта деган Ҳазораспли   ўғлини суриштира бошлайди. У ердагилар “бу   ерда Болтабой деган   йўқ, балки райкомда ишлар, фамилияси ким?” дея сўрашади.   “Фамилия деганинг нови?”   тушунмай сўрайди кекса   этикчи. “Фамилия дегани отасининг ёки бувасининг исми дегани”   тушунтиради исполкомдагилар. “Меним отим Давлат, лақабим этикчи” дейди. “Унда ўғлингиз Болта   Давлетов бўлади-да” дейишадию, райкомнинг исми шарифи   эсларига тушиб, “ўғлингиз райком   экан-да, анаву бинога боринг”   дея   манзилни кўрсатишади.

Давлат этикчи   райкомга борса, бояги навбатчи   инс­труктор “топдингизми этикчи   бува болангизни?” дея киноя   билан кутиб олади. Шу   пайт “Эмидем”да   райком-этикчининг ўғли келиб қолади. Ота-бола қучоқлашиб кўришади ва   бинога кирадилар. Инструктор ҳайрон. Ниҳоят вазиятни англаб, “Давлат ота, эшагингизни   райкомнинг дарахтига ўзим   боғлаб қўяман, беда солиб   сув бериб қараб   тураман, сиз бемалол райком   бува билан отамлашаверинг” дея лаганбардорлик қилади.

Шу тариқа Болта   Давлетов Хонқада ишлаб, туманни вилоятнинг довруқли ҳудудига   айлантиради.

Унинг меҳнатларини, ташкилотчилигини инобатга   олиб Москвага — олий партия мактабига   ўқишга юборишади.1947-50 йилларда шу тарзда Болта, рафиқаси Ҳалима, ўғли Солий Москвада яшаб ишлай, ўқий бош­лашади. Орадан   бир йилча вақт   ўтгач, уни Москва шаҳар   НКВДси   чақиришади.” Сиз олдин, қамалган экансиз, устингиздан   шикоят тушди, нимага буни   анкетага ёзмагансиз, партияни алдамоқчи   бўлдингми?” дея таҳдид қилишади. “Мен оқланганман, шунинг   учун бу ҳақда   ёзмагандим, текшириб кўришингиз мумкин”   дея олади қўрққанидан Болта   Давлетов. “Нима қилишни   ўзимиз биламиз”, бориб ўқиб   тураверинг ҳозирча, дейишади улар. Улар текшириб   кўришиб, оқланганини, партия   учун жон куйдириб   ўқиб, ишлаганини   билгач, шундан кейин чақиришмайди. Таҳсил тугаб   Болта Давлетов Хоразмга   қайтиб келади. Уни   вилоят   ижроқўмига раис қилиб   та­йинлашади. Орадан йиллар ўтиб   унинг қабулига бомж қиёфадаги   афтодаҳол рус кишиси   келиб “кирза этик”   олишга   ариза ёзиб киради. Ўша вақтларда дўкондан кирза   этик олиш учун   ҳам   вилоят   ижроқўмидан рухсат олиш керак   экан. Давлетов рус   кишисини кўриб уни   танийди. Бу ўша 1937 йилда   қамоқхона бошлиғи бўлиб, унга   азоб берган киши   эди. Фамилияси, исми, афти-ангори   ҳам ўша 25 йил   олдинги қатағон даҳшатларини эсга солиб   юборади. Аммо Давлетов   ўзини унга танитмай, аризага “кирза этик берилсин” дея қўл қўйиб   беради, кечиримлилик қилади.

2005 йилда 98   ёшида вафот этган   Болта Давлетовнинг хотиралари   ўша қатағон давр   қандай даҳшатларга тўла   мозийнинг қора кунлари   бўлганини эсга солиб   туради.

— Айтишларича, отангиз Бодил тахаллуси билан ижод   қилган, Ҳамид Сулаймон, Азиз Қаюмов сингари олимлар билан   дўст тутинган экан.

— Отамдан кўплаб   мумтоз адабиёт жанрларида ёзилган   мерос қолган. Насиб қилса   китоб қилиб чиқарарман. Бодил тахаллусли отам араб, форс, рус тилларини чуқур билар, қайсики олим Хивага келиб, тарихга, меъморий ёзувлар   бўйича тушунмовчиликка дуч   келса отамга мурожаат   қиларди. Тошкентдаги, Урганчдаги   уйимизда кўплаб олимлар, ижодкорлар тўпланишиб, маърифий гурунглар   қилишарди.

— Собиқ иттифоқ   кинематография институтига   ҳам ўқишга қатнаган   экансиз…

— Мен Хива, Урганч, Хонқада ва   уч йил Москва шаҳридаги рус   мактабларида ўқиганман. Академияда ўқиш   билан бирга эса ВГИКка   ҳам қатнаб режиссёрлик   сирларини ўргандим. Гарчи Хоразм   вилоят ижроқўмида иш   бошлаган бўлсам-да фикру   ёдим кино олишда   эди. 1959 йилда Хоразм вилоятининг   ўша пайтдаги раҳбари, маърифатли инсон Бектош Раҳимовга Амударё тўғрисида ҳужжатли кино ишлаш таклифини билдирдим. У кишининг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши билан 1960 йилда фильм тайёр бўлди ва ҳаваскор киночиларнинг   рес­публика фестивалида олий ўринни олди. Шундан сўнг бу   фильм бутун республикамиз кинотеатрларида,ТВда намойиш   этилди. Мен эса шу фильм боис орзуимга эришдим — ижроқўмдаги ишимни “Ўзкинохроника”даги режиссёрликка алмаштирдим. Шу-шу кино оламидаман.

— 1970 йилда ишланган   “Худойберган Девонов” фильмингизда биринчи ўзбек киночисининг ноёб тасмаларидан фойдалангансиз, уларни қаердан   топгансиз?

— Маълумки, қатағон даврда Девонов “халқ душмани” дея отиб ташлангач, унинг бой мероси ҳам   йўққа чиқди. Мен наҳот унинг ҳамма ишлари йўққа чиққан, бирон   бисоти қолгандир дея, Хивадаги уйини титиб чиқдим. Девор   ёриқлари, пол тагидаги тешиклардан, уйнинг у ери, бу   еридан қийқим-қийқим тасмалар   чиқди. Мен ўша Ферузхоннинг саройдан чиқиши, анҳордаги   қазув, Хива бозори, Амударёдаги елканли кемалар, ёш каш­шофлар, умуман, энг ноёб тасма сифатида сақланиб қолган   лавҳаларни шу тариқа топиб, фильмга киритганман. Ҳамон ТВдаги   кўплаб кўрсатувларда, Хоразм билан боғлиқ кўплаб фильмларда   ўша мен пол   тагидан, девор ёриқларидан топган   лавҳалардан фойдаланилади.

…Солий Давлетов кино   соҳасидаги ана шу фаолиятлари учун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби унвони билан тақдирланган. 1995 йилда Солий Давлетов   Хоразмга   қайтиб “Бодил”   студиясини ташкил қилади. Бир   нечта ҳужжатли фильмлар   ишлади. Айни пайтда Тошкентда яшаётган Солий Давлетов кексалигига қарамай кино   соҳасида кечаётган   янгиланишлардан хабардор ва уларга ўз муносабатини билдириб туради.

Шу ўринда 90 ёшни қаршилаган Солий Давлетовнинг ижодий фаолияти ўзбек ҳужжатли фильмида ўз ўрнига эга экан, режиссёр томонидан ишланган фильмларни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси телеканалларида қайта намойиш қилинса, савобли иш бўлар эди. Зеро, ўтмишни, тарихий воқеалар, тарихий шахслар ҳаётини ўрганмоқ, хайрлидир.

Умид БЕКМУҲАММАД.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven + three =