Ташаббуслар таровати

Оққан дарё оқмасдан қолмас, деганларидек, ғиждувонликларнинг илм-фанга бўлган қизиқиши-ю унинг юксак чўққилари сари интилиши кейинги асрларда ҳам изчил давом этиб келди. Улуғ ёзувчи, академик, филология фанлари доктори, профессор Садриддин Айнийга ўхшаган Ғиждувоннинг қатор-қатор асл фарзандларидан бири — Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги, физика-математика фанлари доктори, профессор Комил Муқимов фикримизнинг ёрқин далили.

Тўрт ака-ука зиёлининг кенжаси Комилжон — қишлоқ фарзанди. Унинг болалиги урушдан кейинги оч-ночорлик йилларига тўғри келди. Қорни тўйиб нон ея олмади. Кийгани ямоқ кўйлак билан йиртиқ калиш бўлди.

Мактабга ҳам шу аҳволда қатнади. Ўқишдан кейин рўзғорнинг бир томонини кўтариб турган сигирни ўтлатгани олиб чиқиб, китоб мутолаа қилди. Кечаси липиллаб ёниб турган лампа ёруғида дарс қилиш имкони бўлмади. Кундузи онасининг юмушларига қарашишдан ортмаса-да, йўл-йўлакай уй вазифаларини бажаришни ҳам унутмади.

Ёзда ҳовлидаги шафтолини териб, бозорда сотиб, пулига дафтар-китоб олиб, қолганини онасига келтириб берди. Акалар эса ўзларидан ортмасдилар. Йўл-йўриқ кўрсатиб, маслаҳат бериб турсалар-да, моддий ёрдам беришга имконлари бўлмасди. Комилжон шароитнинг оғирлигини кўриб-билиб тургани учун акаларидан илтифот кутмади. Бу унинг хаёлига ҳам келмади. Аксинча, улардаги тиришқоқлик, қийинчиликдан қўрқмаслик, мақсад сари интилиш сингари кўплаб хислатларни ўзида кўришга ҳаракат қилди. Буларнинг хамиртуруши фақат ва фақат меҳнат ва ўқиш эканлигини, бундан ўзга йўл йўқлигини теран анг­лади. Шу боис қўлидан китоб тушмади. Қўлидан китоб тушмагани учун ҳам аъло баҳоларга ўқиди. Айниқса, физика фани беҳисоб сиру синоатларга бойлиги асносида уни ўзига оҳанрабодек тортди. Комилжон кундан-кунга, ойдан-ойга, йилдан-йилга мазкур фан кўп нарсага қодирлигини, уфқлари чексизлигини янада чуқурроқ тушуна бориб, физикага доир дарсликдан ташқари китобларни излаб, топганларини қунт билан ўқиб, ўрганди. Ўқитувчисини ҳар дарс саволга тутиб, тушунмаганларини сўраб, маслаҳатлар олди. Юқори синфда ўқиётганида ушбу фандан қуйи синф ўқувчиларига сабоқ берди. Буларнинг бари Комилжоннинг орзусини мақсадга айлантирди. Ўқитувчилари иқтидорли бу ўқувчини қўллаб-қувватлабгина қолмай, олдинга, фақат олдинга интилишга ҳам илҳомлантириб, ҳам рағбатлантириб турдилар. Болалигидан сабр-­қаноатли, камтар, хушфеълу самимий бўлган Комилжон устозларининг ғамхўрлигига “Энг намунали ўқувчи” номи билан жавоб берди. Бу хис­лат унинг университет ва ундан кейинги ҳаётида ҳам сақланиб қолди. Илм-фаннинг янги-янги ҳайратли-ю машаққатли чўққиларини эгаллашида руҳлантириб, шижоату қанот бахш этди.

* * *

“Сен менга дўстингнинг кимлигини айтсанг, мен сенинг кимлигингни айтаман”, деган экан донишмандлардан бири суҳбатдошига. Бу саволга Комил Муқимович: “Менинг суянган тоғим ҳам, ишонган боғим ҳам, отамиз ўрнида оталик қилган (Худойим охиратларини обод қилсин) меҳрибон акам — Йўлдош Муқимов”, деб жавоб бердилар. Йўлдош Муқимов… Бу кишини республикамизнинг катта авлод вакиллари, шунингдек, ижод аҳли жуда яхши билади.

Умри қалам тебратиш билан ўтган Йўлдош Муқимов Ўрта Осиё давлат университетининг филология факультетини битириб, бироз вақт ўқитувчилик қилди. Кейин бутунлай ижодга берилиб, узоқ йиллар республика газета ва журналларининг турли лавозимлари “қозонида қайнаб”, тажрибали матбуот ходими, таниқли публицист-ёзувчи бўлиб етишди. Ана шундай бир пайтда ўша даврдаги биринчи рақамли газета — “Правда”нинг Ўзбекистондаги махсус мухбири лавозимига таклиф этилди. Энди у рес­публика раҳбари Шароф Рашидовдан тез-тез топшириқ олар, хизмат сафарида ҳамроҳлик қилар, марказдаги газеталарда чоп этилган мақола, репортаж ва очеркларида халқимизнинг матал, мақол, ҳикояту ривоятларини маҳорат билан ишлатар, ҳар бир материалида миллий руҳ барқ уриб турарди. Айниқса, адибнинг “Наврўз нақли” ва “Оталар сўзи ёхуд минг маржондан бир маржон” китоблари ривоятлар, нақллару афсоналарга бойлиги билан адабиётимиз равнақига муносиб ҳисса бўлиб қўшилганлигини эътироф этмай бўлмайди.

Мактабни олтин медаль билан битирган Комилжон ўзи чин дилдан севган физика фани оламини янада кенгроқ тадқиқ этиш мақсадида Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети)нинг физика-математика факультетига ҳужжат топширади. У пайтда мактабни олтин медаль билан битирганлар олий ўқув юртига суҳбат билан қабул қилинар эди. Комилжон физика ва математика фанларидан суҳбатдан ўтиб, талаба деган номга муносиб кўрилади. Аъло ўқиганлиги ва илмга чанқоқлиги инобатга олиниб, 1961 йили Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг физика факультетида ўқишни давом эттиришга юборилади. Ўқишни битиргандан сўнг, аспирантурада таҳсил олади ва Тошкентга қайтиб, номзодлик диссертациясини ҳимоя қилгач, катта ўқитувчи, доцент, кафедра мудири лавозимларида илмий-педагогик фаолият билан шуғулланади. Айни пайтда докторлик ишини ҳам назардан четда қолдирмайди ва уни 1988 йили Харьков шаҳрида муваффақиятли ҳимоя қилади. Унинг илмий-педагогик ва ташкилотчилик салоҳиятидан бохабар бўлган университет раҳбарияти катта ишонч билан факультет декани лавозимига таклиф этади. У таълим-тарбия жараёнининг пасту баландини, шунингдек, оғриқли нуқталарини яхши билганлиги учун белни маҳкам боғлаб, қатъият билан ишга киришиб, тез орада факультетни пешқадамлар қаторига олиб чиқади.

1992 йил профессор Комил Муқимов ҳаётида туб бурилиш даврини бошлаб берди. У Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан янги ташкил этилган Бухоро давлат университетининг биринчи ректори этиб тайинланди. Бу Тошкент ва Москва университетларида чиниқиб, етарлича илмий-педагогик тажриба орттирган Комил Муқимовга билдирилган юксак ишонч эди. Тўғри, соҳа бегона бўлмаса-да, аммо осон ҳам эмас. Айниқса, ўқув жараёни: тартиб-интизом, дарснинг сифати, ўзлаштириш, давомат… Хуллас, яна кўп­лаб ташкилий ишлар ҳам бор. Бирини бирисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Биттаси оқсаса бас, бу таълим сифатига таъсир этмай қолмайди. Буларнинг юқори савияда бўлиши кадрлар салоҳиятига бориб тақалади. Кимнинг нимага қодирлигини билиш бир кунлик ёки ўн кунлик иш эмас. Бу, аввало, ишнинг натижасига қараб баҳо беришни, сўраб-суриштиришни, адашмасликни, тўғри қарор қабул қилишни тақозо этади. Масаланинг яна бир нозик томони — янги жой ва янги одамлар. Комил Муқимовни жиддий ўйлантирган нарса шу бўлди. Чунки, янги жойнинг шарт-шароити-ю муҳитини, жамоанинг таълим-тарбия борасида олиб бораётган илмий-педагогик ютуқлари билан бирга камчиликлари-ю муаммоларини билмай туриб, катта бир университетда кўзланган эзгу ниятларга эришиш осон кечмасди. Шу боис етти ўлчаб бир кесишга ўрганган Муқимов яна акасига қулоқ тутди. Бир неча йил Бухорода ишлаган Йўлдош ака қошларини чимирганча бир зум ўйланиб туриб, деди: “Жой одамни эмас, одам жойни обод қилади. Бунинг учун тер тўкиб, ишлаш керак. Бу ҳалол, қатъиятли, адолатли, ташаббускор, ибратли бўлиш демакдир. Ана шундагина одамлар раҳбарга ишонади, унга эргашади. Мен буни Шароф Рашидов иш фаолиятида жуда кўп кузатганман. Бу улуғ инсоннинг раҳбарлик санъатига, одамлар билан ишлаш маҳоратига, билим ва тажрибасига, ҳавас қилгулик маънавияти-ю топқирлигига қойил қолмаслик мумкин эмас эди. У киши билан қилган суҳбатларим, олган маслаҳатларим нафақат ижодимда, балки тақдиримда ҳам ўчмас из қолдирганини ҳамиша мамнуният ва фахр билан эслайман”.

1995 йилда Муқимов ташаббуси билан рес­публикада биринчилардан бўлиб университет профессор-ўқитувчиларига дифференцияллашган рейтинг тизими асосида ҳақ тўлаш жорий қилинган бўлса, кейинги йили бир неча олий ўқув юрти қаторида тажриба сифатида бу университет талабалар билимини баҳолаш рейтинг тизимига ўтказилди. Ана шундай бир пайтда олимнинг янги монографияси ва олий ўқув юртлари учун “Основы термодинамики” номли ўқув қўлланмаси чоп этилганлиги унинг илмий салоҳияти баланд эканлигини кўрсатибгина қолмай, жамоасидаги касбдошларига ибрат ҳам бўлди.

2000 йилда у Бухоро давлат университетининг бозор иқтисодиёти шароитидаги динамик ривожланишида янги лойиҳаларни қўллагани ва юқори натижаларга эришгани учун Париж шаҳрида олтин медаль билан тақдирланди. Таълим ва илмдаги бундай ютуқлар 300 дан ортиқ илмий мақолалар муаллифи, тўрт фан доктори ва йигирма икки фан номзоди диссертациясининг илмий раҳбари, академик Муқимовнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшиб, янги тадқиқотлару кашфиётларга илҳомлантириб юборди.

ХХ асрнинг иккинчи ярмида пайдо бўлган ва илмий истеъмолга кирган “нанотехнология” атамаси янги асрда янада кенгроқ қулоч ёза бошлади. Бу соҳа ўзбек олими Комил Муқимовни ҳам анчадан бери қизиқтириб келар, уни аллақачон амалий ишга тортган эди. У нанотехнология тарихи, унинг илм-фан ва халқ хўжалигининг бошқа тармоқларини ривожлантиришда тутган ўрни масалалари билан жиддий шуғулланиб, етарлича маълумот ва тажриба тўплади. Туғилган янги фикр ва ғояларни илмий таҳлилдан ўтказиб, изланиш ва ўрганишни жаҳон тажрибалари-ю ютуқлари асосида давом эттираверди. Мақсад нанотехнологияни мамлакатимиз илм-фани муомаласига тезроқ олиб кириш, кадрлар тайёрлаш ва амалиётда қўллашни жадаллаштириш эди. Олим 2012-2013 ва 2016-2017 йилларда “Маърифат” газетасида “Нанотехнологиялар нима?” рукни остида ўн бешдан ортиқ илмий-оммабоп мақола эълон қилиб, мазкур нашрнинг “Фахрли муаллифи” танлови ғолиби бўлди. Хўш, ўзбек олимини бениҳоя қизиқтириб қўйган нанотехнологиянинг ўзи нима? У жаҳон олимлари томонидан қай даражада ўрганилган? Ундан қайси соҳаларда фойдаланиш мумкин? Тараққиётимизда қандай аҳамият касб этади? Унга сарфланадиган маблағ зое кетмайдими? Комил Муқимович менинг ана шулар ҳақида кенгроқ тушунчага эга бўлиш ниятим борлигини эшитиб, қўлимга ўзлари ёзган “Митти бунёдкорлар ёхуд нанотехнологиялар нима?” деб номланган китобчани узатдилар. Миннатдорчилик билдириб, рисолани ўқишга киришдим. Унинг илк саҳифаси Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сидан келтирилган мана бу мисралар билан бошланади:

 

Илмдан бир шуъла дилга тушган он,

Шунда билурсанким, илм бепоён…

 

Ростини айтганда, содда, равон, бироз илмий, бироз бадиий, аммо каттаю кичик тушунадиган қилиб ёзилган ва ноёб маълумотларга бой бўлган бу китобчани бир ўтиришда ўқиб чиқиб, ўзим ҳам нанотехнологияга қизиқиб қолдим. Унда математик формулаларни учратмайсиз. Нанотехнологиялар тарихи, уларнинг воситалари, нанобиотехнологиялар, нанотиббиёт, наноэлектроника, квант компьютерлари… Булар кимни қизиқтирмайди, кимни ҳайратга солмайди? Илмий-оммабоп бу китобчанинг “Мактаб кутубхонаси” рукни остида 44200 нусхада чоп этилиб, республикамиз мактабларига тарқатилганлиги жуда тўғри бўлган. Уни ўқиб бўлганимда, менда ҳам шундай фикр туғилди. Чунки, нанотехнология нима эканлигини ҳали кўпчилик эшитмаган ва билмаган бир пайтда уни ўрганишни мактабдан бошлаш мақсадга мувофиқ. Шубҳасизки, бу келажакда минглаб ёшларимизнинг турли соҳаларда нанотехнологияларни қўллаб, буюк кашфиётларга интилишларида, илм-фанда янги саҳифалар очиш­ларида жуда-жуда қўл келиши шубҳасиз.

Нанотехнологиялар ҳақидаги фикримизнинг аввалига қайтиб, шуни айтишимиз мумкинки, бизга энди-энди таниш бўлаётган бу ибора илк бора 1974 йили япониялик физик Нарио Танигучи томонидан илмий истеъмолга киритилган, “нано” қадимий юнонча “nonnos” сўзидан олинган бўлиб, ўзбек тилида “пакана”, “митти” деган маънони билдирар, “нано” бирор нарсанинг миллиарддан бир қисми деб қабул қилинган экан.

Агар рисолада баён этилганидек, нанотехнологиялар ёрдамида кўпайиб бораётган айрим касалликларга қарши кураш муаммоларини ечиш мумкинлигини инобатга оладиган бўлсак, муаллифнинг нанотехнологияни янада ривожлантириш учун астойдил жон куйдиргани бежиз эмаслиги яққол кўринади. Эзгу мақсад учун ортга қайтмайдиган академик Комил Муқимовнинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари Давлатимиз раҳбари эътиборидан четда қолмади. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузурида “Нанотехнологияларни ривожлантириш маркази” ташкил этилиб, унга қаҳрамонимиз раҳбар этиб тайинланди. Бугун бу марказда қатор олимлар билан бирга, кўплаб ёшлар ҳам устоз Муқимовнинг бой билим ва тажрибасидан баҳраманд бўлиб, қўйилган вазифаларни замон талаблари даражасида амалга ошириш учун илмий изланишларни изчил олиб бормоқдалар. Бу борада улар Жалолиддин Румий бобомизнинг “Илм ҳамма нарсадан устундир” деган пурмаъно ҳикматини ҳаётининг мазмуни деб билган устоз Комил Муқимов раҳбарлигида Президентимиз томонидан илгари сурилган “Янги Ўзбекистон” пойдеворининг илмий асосини яратишда ХХI аср технологиялари локомотиви деб тан олинган нанотехнологияларнинг роли беқиёслигини амалда намоён этишни бош мақсад қилиб олганлар.

— Миллий илм-фанимиз равнақида катта аҳамият касб этадиган нанотизимлар, наноматериаллар ва наноқурилмаларни яратиш давлатимиз иқтисодиётини ҳар томонлама равнақ топтиришнинг гаровидир, – дейди олим бу соҳанинг истиқболини аниқ-тиниқ тасаввур этиб тургандай.

Мен эса чеҳрасидан нур ёғилиб турган Комил Муқимовдан сўрайман:

— Давлатимиз раҳбарининг бундан етти йил муқаддам Ўзбекистон Фанлар академия­сида ўтказган тарихий учрашуви ҳақида гап кетганда, нималар ёдингизга тушади?

— Чиндан ҳам мамлакатимиз Президентининг олимлар ва соҳа раҳбарлари билан ўтказган бу учрашуви академиямиз ҳаётида янги тарихий саҳифа очиб, фаолиятида туб бурилиш ясади, – дейди суҳбатдошим қулфи-дили очилиб. — Ростини айтганда, академиямиз сукунат майдонига айланиб қолган, таркибидаги илмий-тадқиқот институтларини олий ўқув юртларига ўтказиш бошланган эди. Бундан ҳаммамиз ташвишга тушган, чунки бу мамлакатимиз илм-фани ривожига таъсир этмай қолмасди.

Давлатимиз раҳбарининг Фанлар акаде­мияси муаммоларини ўз вақтида илғаб, тегишли қарор қабул қилиб, кўрган тезкор чора-тадбирлари академиямиз қаддини ҳам, қадрини ҳам баланд қилди. Академикларга бериладиган гонорар ҳам икки баробарга оширилди. Бизнинг фундаментал тадқиқотлар билан шуғулланишимиз учун жуда катта имкониятлар юзага келди. Энди фақат илмий ишланмаларимизнинг сифат ва самарадорлигини ошириш, ҳаётга татбиқ этиш, шунингдек, сафимизни иқтидорли ёшлар билан тўлдириш ва мустаҳкамлаш учун берилган имкониятлардан тўғри ва унумли фойдаланган ҳолда ишлашимиз керак!

Албатта, Комил аканинг Шароф Рашидов, Ғафур Ғулом каби кўплаб машҳур кишилар билан учрашувлари, халқаро анжуманлардаги таассуротлари, таълим-тарбия бобидаги фикр-­мулоҳазалари, касбдошлари-ю шогирдларига ғамхўрлигидан то яқиндагина “Дўстлик” ордени билан мукофотланганига қадар кўп ва хўп гапириш мумкин. Мен эса Комил Муқимовнинг илм-фан аҳли ва ёшларимизга ибрат бўладиган ишлари, хислат ва фазилатларининг айрим қирраларидан бир шингил-бир шингил уздим, холос.

Нуриддин ОЧИЛОВ,

Ўзбекистон Миллий университетининг

журналистика факультети

ўқитувчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven + 14 =