Бухорода минтақавий семинар
“Жамият ва оммавий ахборот воситалари” мавзусида Бухорода ўтказилган минтақавий семинарда сўз олган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 26 июндаги Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табригида журналистика соҳаси ривожига қаратилган қатор долзарб вазифалар белгилаб берилгани, ушбу тадбир ана шу вазифалардан келиб чиққан ҳолда ташкил этилганини алоҳида таъкидлади.
Бухоро ҳамда Навоий вилоятларидаги ОАВда фаолият олиб бораётган журналист ва блогерлар қатнашган семинарда бу каби тадбирлар соҳа вакиллари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, журналистикага оид юзага келган муаммолар ҳақида фикр алмашиш, уларга ечим излаш, бу борада таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш, қолаверса, ижодкорларни рағбатлантириш каби эзгу мақсадлардан иборат экани қайд этилди.
Тадбирда “Бухоронома” газетаси бош муҳаррири Ш.Сулаймонов, Бухоро давлат университети профессори Ф.Мўминов, уюшманинг Навоий вилоят бўлими раиси О.Аслонов, “Рометаннома” газетаси муҳаррири М.Атоева, 3-Бухоро сайлов округи комиссияси ҳузуридаги матбуот хизмати раҳбари А.Рустамовнинг мавзу юзасидан маърузалари тингланди, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун яратилаётган шарт-шароитлар хусусида фикр алмашилди.
Шунингдек, мамлакатимизда ёш журналистларни тайёрлаш ва тарбиялаш ишига қўшиб келаётган ҳиссаси учун БухДУ профессори Ф.Мўминовга Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг махсус совғаси, Навоий вилоятида узоқ йиллар фаолият юритган фахрий журналист Ҳамдам Эшонқуловга 2-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони тантанали топширилди.
— “Юрган дарё, ўтирган бўйра” дея бежиз айтишмаган, — дейди Навоий вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармасининг “Саломатлик” газетаси бош муҳаррири Иброҳим Жумаев. — Бундай тадбирлар одамга куч, илҳом беради. Семинар баҳона бухоролик ҳамкасблар билан дўстлашдик, тажриба алмашдик, ушбу вилоятда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни билан яқиндан танишдик. Ўзгаришлар жуда катта. Улар ҳақида батафсил ҳикоя қилувчи мақола ёзишни кўнглимга тугдим.
Семинар доирасида иштирокчилар кўҳна шаҳар — Бухоронинг маданий ёдгорликлари, муқаддас қадамжоларини зиёрат қилиб, “Бухоро ёшлари” газетаси таҳририяти иш фаолияти ва тизимларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди.
Шарҳ – жанрлар қироли
Соҳа экспертлари таърифи билан айтганда, шарҳ – журналистик жанрлар қироли. У орқали воқеа-ҳодисаларнинг мазмун-моҳиятини тушуниб етиш, бирор нарса ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиш, тақдим этилган ахборотнинг асл мақсадини, давлатлар позициясини аниқ ва осон усулда қабул қилиш мумкин.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги Халқаро шарҳловчилар кенгаши томонидан Ўзбекистон Жаҳон тиллари университетининг Медиа ва коммуникация факультетида ташкил этилган йиғилишида халқаро шарҳловчилик, бу борадаги ютуқ ва камчиликлар ҳақида сўз юритилди.
“Халқаро мавзудаги материалларни тайёрлаш маҳорати” мавзусида ўтган йиғилишда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов ғоявий таҳдидлар, мафкуравий курашлар авж олаётган айни кунда аҳолида бу борада реал қарашларни шакллантириш, дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор ва холис ахборотлар – шарҳлар тайёрлаш, одамларда жараёнларга тўғри муносабат уйғотиш жуда муҳимлигини таъкидлаб, халқаро шарҳловчиларга бўлган талаб ортиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Уюшма қошидаги Халқаро шарҳловчилар кенгаши раиси Қ.Каримбеков, “Дунё бўйлаб” телеканали бош муҳаррири Ғ.Жамолов, Жаҳон тиллари университетининг Медиа ва коммуникация факультети декани А.Каримов, ушбу факультет кафедра мудири О.Тошбоевнинг “Халқаро шарҳ ёзиш технологияси: Ўзбекистон босма нашрлари мисолида”, “Ахборотлашган жамиятда халқаро шарҳнинг зарурати ва аҳамияти” каби мавзулардаги маърузалари тингланди.
Эркин мулоқот тарзида ўтган йиғилишда мамлакатимиз босма нашрлари, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизими телерадиоканаллари, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги каби етакчи давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситаларида халқаро шарҳловчилик мактаблари фаолияти ва бу борадаги муаммолар ечими хусусида фикр алмашилди.
Журналистлар уюшмаси қошидаги Халқаро шарҳловчилар кенгаши аъзолари, марказий оммавий ахборот воситаларининг халқаро мавзуни ёритишга ихтисослашган журналистлари, Жаҳон тиллари университетининг Медиа ва коммуникация факультети ўқитувчи ва талабалари қатнашган мазкур йиғилишда халқаро шарҳловчилик мактабларини тиклаш, бу борада “Устоз-шогирд” анъанасини йўлга қўйиш ва бошқа таклиф-тавсиялар билдирилди.
Журналистлар дона сурганда…
“Kun.uz” сайти ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллигига бағишлаб ўтказилган тезкор шахмат мусобоқасида ўттиз нафар журналист ва блогер дона сурди.
Тошкент шаҳридаги “Старт” спорт мажмуасида юқори савияда ташкил этилган ақл ўйини халқаро стандартлар асосида ўтди. Унинг очилиш ва ёпилиш маросимларида сўз олган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров давлатимиз раҳбарининг спортга, соғлом турмуш тарзига қаратаётган алоҳида эътибори, мусобақанинг аҳамияти, уни ташкил этишдан кўзда тутилган асосий мақсад хусусида сўз юритди.
Тадбирда шунингдек, “Kun.uz” масъул ходими А. Зоҳидов, “Ишонч”, “Маърифат” газеталари бош муҳаррирлари Ҳ. Эрматов, Ҳ. Нишонов ва бошқалар бу каби беллашув ва тадбирларнинг давомли бўлиши журналист ва блогерларни бирлаштириш, тадбир баҳона янада яқин бўлиш, дийдорлашиш, қолаверса, ижодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби эзгу мақсадларга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.
— Шахматга қизиқаман, вақти-вақти билан ўйнаб тураман, — дейди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош муҳаррир ўринбосари Очил Ҳазратов. — Бу борада ўзимни анча кучли ҳисоблардим. Бугунги ўйин ҳали ўз устимда анча ишлашим кераклигини кўрсатди. Мусобақада тўртта ғалаба, учта мағлубият қайд этдим. Муҳими, анча вақтдан бери кўрмаган устоз журналистлар ва ҳамкасблар билан кўришдим. Улар билан бир дастурхон атрофида суҳбатлашиш имкониятига эга бўлдик. Бундай тадбирларни соғинган эканмиз.
Қарийб кун бўйи давом этган мусобақада биринчи ўрин “Муштум” журнали бош муҳаррири Носиржон Тошматовга, иккинчи ўрин шу нашр ходими Муродилла Холиёровга, учинчи ўрин эса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Асрор Мўминовга насиб этди.
Ғолиб ва совриндорларга ташкилотчиларнинг пул мукофоти, диплом ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ахборот хизмати.