Сангардак ҳайратлари

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Сариосиё туманидаги 16-умумтаълим мактаби кутубхонасига 2000 тадан зиёд китоблар совға қилинди

Сангардакда бўлганмисиз?! Албатта, бўлгансиз, ҳеч бўлмаганда бу гўзал маскан ҳақида эшитгансиз ва “Ойнаи жаҳон” орқали кўргансиз. Ахир, дунё билади, бутун оламга машҳур бу макон. Ҳа, асло муболаға эмас. Кўкдан ерга нурдай… ҳа-ҳа, нурдай таралган шаршара — Сангардак шаршарасини ким ҳам эшитмаган дейсиз? Тоғларнинг туғлиги ўзида. Юксакликнинг сийратида ҳамиша сир бўлади. Уни гоҳ англаймиз, гоҳ англай олмаймиз. Англаёлмасак бунда не мўъжиза, деб билгимиз келиб, интиламиз. Англасак эса… сеҳрланиб, меҳрланиб талпинамиз. Улуғ тоғлар, улуғликлар, инсон қалбини мангу чорлаб туради…

Бу сафар…

Сангардак бизни яна бир мўъжиза билан ҳайратлантирди. Юрагимизни ҳаприқтирди. Борлиғимизни ҳаяжонлантирди.

Тошкентдан китоблар карвони Сангардакка бораяпти! Ана, хушхабар! Тошкентдан Термизгача, Термиздан Сариосиёгача, Сариосиёдан Сангардаккача учаверди бу — овоза. Хумо қушидай… Ҳаёт навосидай… Қадим дунё карвонларни кўп кўрган. Аммо китоб карвонларини-чи? Беруний, Ибн Сино замонларида унга дуч келганлар. Амир Темур, Навоий давронларида китоб карвонлари Самарқанддан Ҳирот сари юрган. Афсуски, не-не асрларда китоб карвонлари эмас, сароб карвонлари у томондан бу томонга эврилиб айланди. Китоб карвонлари эса гоҳ қизил, гоҳ қаро тўфонларда, чанг-тўзонларда кўзга кўринмай қолди…

Биз яратганга шукрки, манг­лайида қуёши бор халқмиз…

Куни кеча 2000 дона китобли катта маънавий карвон Сангардакка етиб келди. Кўкда қуёш чарақлайди. Бу ерда… Сариосиёдаги 16-мактабда китоблар нури ила чарақлаяпти. Ёруғликнинг ёруғликка қўшилгани хуш! Бир томонда сой шарқирайди, бир томонда тоғлар ҳайбатланади.

Ўртада, Сангардакнинг нақ юрагида, 16-мактаб бағрида улуғ инсонларнинг буюк китоблари ярқирайди. Мактаб ўқувчиларига қўшилиб, бошқачароқ қилиб айтсак, шу мактабнинг ўқувчисига айланиб, китоблар сари югурдим, кўнглим билан, қалбиму ақлим билан, китобларга қизиқишларим билан.

Олтину кумушранг қутилардан китоблар чиқарилиб столлар устига қўйилаяпти. Шу дамда мактаб устозларининг, ўқувчиларининг юрагидан тошқинланиб ўтаётган тўлқинларни ҳис этармикансиз?! Кўзлардаги қуёшларни англармикансиз?! Ана, китоблар-у, мана, ки­тоблар!

Алишер Навоий ҳазратларининг “Хамса”си, “Абдулла Орипов даҳоси”, Эркин Воҳидовнинг “Сайланма”лари… Ҳамма-ҳаммаси оламни-ю одамни ҳайратга солган асарлар, миллатнинг тафаккурини тоғлантирган китоблар…

Кўнглингиздан ўтаяпти-ёв, “Карвон ким билан келди экан?”, деган мулоҳаза. Сангардакка ушбу китоб карвони Ўзбекистон халқ шоири, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид билан бирга келди! Шу нурафшонликлар ичида, ёруғликлар ёнида турганимдан бир юрт фарзанди сифатида мен ҳам ғурурландим, севиндим. Тақдиримдан миннатдор бўлдим.

Ҳамманинг нигоҳи Сирожиддин Сай­йидда. Китоблар бўстони… Устозлар сафи ғурурли, ўқувчилар қатори сурурли. Тоғлар ҳам тинглаётгандай. Халқ шоири сўз айтади:

— Тоғларда ҳикмат кўп. Тоғлар бежизга пайдо бўлмайди. Олтин конидан фақат олтин чиқади, дерди устозимиз Абдулла Орипов. Тоғлар қўйнидаги қандай муҳташам мактаб. Тоғдай мактаб бу. Китоблар азиз. Лекин сал аввал яширмаслик керак, китоб деган нурли неъмат… нари-берида қолганди. Беш йилдирки бошқача. Президентимиз миллатнинг нигоҳини яна китобга қаратди. Кўп… кўп китоб келди. Карвон бўлиб. Буни ўқиш керак. Буни уқиш керак. Мана, “ Абдулла Орипов даҳоси” китоби, “Абдулла Орипов феномени” эди. Уни “Абдулла Орипов даҳоси” дедик. Мен кўп гапиришим мумкин. Лекин китобсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Ўқиган одам ўзини билади. Ҳаётни тушунади…

Сирожиддин акани эшитаяпман. Сўзлайверсинлар, тугатмасинлар, дейман. Кўнглингиз билан тинглайсиз. Сўзларида гавҳарлар, жавҳарлар, ҳикматлар. Гоҳо битта гаплари битта китобдай. Сизни ўйлантиради, кучлантиради. Илму моҳият сари ундайди. Сўздан сўзнинг фарқи бор. Олтин сўзлар барибир, олтин сўзлар-да.

Болалар интиқ тикилган. Ўқувчилар борлиғи билан эшитмоқда! Устозлар сўз мўъжизасига рўпарадай ҳол ила дил билан тингламоқда… Мактаб директори Раҳмонберди Турсунов хурсанд. Бахтиёрлиги бутун Сурхондарёга татигулик.

Ўртада китоблар. Илм подшосининг хазина сандиқлари очилгандай. 16-мактаб! Бугун ҳар кунгидан-да ҳашаматли, кошонавор. Болалар ҳеч қачон бунчалар севинишмагандек. Кўзлар қувончдан ёнади. Илму китоблар ҳақидаги гурунглар қизигандан-қизияпти. Устозлар, ота-­оналар, ўқувчилар, меҳмонлар сўзлаяптилар…

Барчани мактаб кутубхонасига чорлайдилар. У катта дорилфунун кутубхонаси мисол кенг, ёруғ китоблар билан янада улуғвор. Ус­тозлардан бири тортинибгина таклиф қилди:

— Шу китобингизга дастхат ёзиб берсангиз, Сирожиддин ака…

Устоз шоир бир лаҳза ўйга толди. Тоғлар паноҳида, мактаб кутубхонасида, минглаб ки­тоблар ёнида…

Дастхат ёзилаяпти. Гўзал жимлик. Нигоҳлар Сирожиддин Саййидда. Кутубхона ҳавосидагилар бор интиқ иштиёқда “ Нима деб ёзаяпти эканлар?” Мана, дастхат битилди. Устозлар, ўқувчилар ўқимоққа шошилдилар:

“Сурхондарё вилояти, Сариосиё туманининг 16- ўрта мактабидаги барча азиз устоз­лар ва қадрли ўғил-қизларимизга — бугунги улуғ Ватанимизнинг буюк алломалари, келажакнинг ҳақиқий эгаларини тарбиялашдаги бетимсол хизматлари учун

таъзим ва эҳтиром билан,

Сирожиддин САЙЙИД.

Беҳикмат бўлмагай тоғларнинг тоши!

Олтин конидан фақат олтин чиққан!

Сизларга бахт ва омад ёр бўлсин!

           17.09.2021”

Ҳамроҳлик қилаётган Ҳусниддин ҳожи бобо Низомиддинов йўл бошлади:

— Сирожиддин ака, мактабда шоирлар тўгараги бор. Қойил қилади сизни! Ўқувчилар… лекин катта талантлар. Шеърларини эшитсангиз…

Сирожиддин аканинг   нажиб хислатини биласизми? Спорт десангиз, каратэ десангиз, футбол десангиз, кутилмаганда яйрайдилар, “очилиб” кетадилар. Спортчилар билан гурунг аломат тус олди. Ҳазиллар қизиди… Жиддий суҳбат эса барибир ёш шоирлар билан бўлди…

Ўзимда ўқувчига айландим. Сангардакда, 16-мактабда. Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг сўзларини эшитаяпман. Саҳродаги ташна одамдай сўзларни симира­япман. Маъноларни тўла-тўла ичаяпман. Кўнг­лим маъно чашмасидан мириқаяпти… Сирожиддин ака меҳр билан гапираяптилар:

– Ҳаёт – кураш майдони. Адабиётнинг жонида сўз курашади. Сўз майдони бу. Сўзлар… сўзлар… Буни айтаверсам ўзим ҳам ҳайрон қоламан. Асли буни Лутфий бобо айтганлар. Сиё­сатда ҳам сўзнинг кучи ниҳоятда катта…

Ижод… энди… улуғ зотларга кўп дуч келдим. Худонинг ўзи ато қилди. Улардан оласиз-да. Гоҳ у сўзни, гоҳ бу сўзни, баъзан кутмаганингиз бир маънони эшитиб лол қоласиз. Кенг-да бу дунё. Сўз—чексиз олам. Навоий ҳазратларини ўқийман. Абдулла ака айтардилар: “Навоий бобога у ёқдан… самодан қуйилиб келган. У азиз зот ёзганлар, ёзаверганлар. Бундай насиба ҳаммага ҳам ато қилинмайди”, деб. Кўрганларим, билганларимдан айтсам, Абдулла акани олинг, Эркин Воҳидовни кўринг, бошқа катта адибларни… Ҳаммалари кўп, жуда кўп китоб ўқишган. Уқиб ўқиганлар. Ўқувчисизлар, ёшсизлар, шеър ёзасиз… майли, ёзаверинг, лекин, мен сизга айтсам, даҳо шоирларнинг, улуғ адибларнинг китобларини албатта, ўқиш керак. Ўқилмаса, уқилмаса, истеъдод ўсмайди. Ҳақиқий ўқиш, илм олиш дипломдан кейин бошланади. Бу рост. Бу жиддий гап. Қандай қилиб шоир бўлдингиз деб, мендан кўп жойда сўрашади. Тўғриси, ҳеч қўлимдан китоб тушмаган. Бобур ҳазратлари,

“Йўлни на билгай киши,

То раҳнамо кўрсатмагай”, —

деб битганлар. Бу гаплар оддий эмас. Билиш керак. Ўқиган билади. Нима деяётганини, нима ёзаётганини тушунади.

Ёт элларнинг боғи билан боғчаси,

Ўз элимнинг янтоғича кўринмас.

деган гаплар бор. Китоб ўқимаган буни қандай англайди?! Ҳамма гап китобда.

Саволлар берилаверди. Ёш истеъдодлар шеърларини ўқийверди. Яна шеър… яна шеър­лар ўқилаверади…

Сирожиддин Саййид устоз Абдулла Ориповнинг қуйидаги шеърини ўқидилар:

Қанча диёрларда сайр этиб юрдим,

Қанча манзилларда туздим ошён

Ва буюк ҳикматга охир юз бурдим,

Сийланган жойида азиздир инсон.

Юртим, сенда экан насибам тугал,

Сен ўзинг масканим, сен ўзинг шоним.

Сен — онам, сен — синглим, ёримсан азал,

Эй, жоним, жаҳоним — Ўзбекистоним!

Иста, қисматимга ўзинг бер барҳам,

Иста, яхши кунда номим қилгил ёд.

Менсиз ҳам мукаммал экан бу олам,

Менсиз ҳам бахтга ёр экан одамзод.

Юртим, фақат сенинг қўлингдан тутиб,

Болангдай эргашиб кета олсам, бас.

Сен пири комилсан, мен сенга муҳиб,

Сени танимаган мени ҳам билмас.

Эътибор қилинг, бор-йўғи 16 қаторли шеър. Аммо гўё дунё шунда мужассамдек. Қанча маъноларни 4 куплетга жойлаганлар. Ўрганайлик. Насиб бўлса, катта шоирлар, эл-юрт учун жонфидо инсонлар чиқади ораларингиздан…

Суҳбат роса қизиди. Вақт ўтаётганини ҳеч ким билмади. Китоблар, илму тафаккур, шоиру шуур борасидаги гурунгнинг ниҳояси кўринмасди…

Ижодий учрашув тугаши билан Ҳусниддин ҳожи бобо қатъий туриб олдилар:

— Бир пиёла чойимиз бор…

Бир пиёла чой устида ҳам, йўлда ҳам, хайр-хўшларда ҳам, Сангардакка келган китоб карвони, элнинг донишманд улуғлари, Сангардакнинг тарихи, юртнинг келажаги, китоблар ва тафаккур дунёси ҳақидаги фикрлар, суҳбатлар самимий давом этди.

Менгнор ОЛЛОМУРОД,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 + 20 =