Қобирғасин санаб қўйди шаббода

Мунаввара Юсупова

Муаллиф ҳақида: Мунаввара ЮСУПОВА — 1958 йилда туғилган. Тошкент давлат маданият институтида таҳсил олган. “Муҳаббат йўли”, “Эл фарзанди”, “Олтин бешик”, “Мунис нидолар” шеърий ва насрий тўпламлари чоп этилган.

МЕН ҲАММАГА дўстман …

Мен ҳаммага дўстман, менинг дўстим йўқ

Девона бир умид чарчади, толди

Хазонрез боғларнинг ками, кўсти йўқ

“Мевалар…” ер билан бир бўлиб қолди.

 

Хазон қучоғида барқ урар хумор,

Эҳтирос майсадан гуллар тутади.

Бетоқат ҳаяжон минг йилдан буён,

Ўзини унутиб, кимни кутади?!

Мен ҳаммага дўстман, менинг дўстим йўқ…

* * *

Мен ўзимни қолипга солдим,

Босиб, янчиб, чиқмайсан, дедим.

Неки бўлса, бўлар орада

Чегарани йиқмайсан,   дедим…

Опам, синглим — куну тун эгиз,

Улар нени берса оламан.

Улар билан қолганда ёлғиз…

Мен ўзимни таниб қоламан.

* * *

Ҳаёт бунча кўйлагинг гўзал,

Ўрик гулин қандай нақш этдинг?

Яшиллик — бу, ҳаёт деб, аввал

Қушларингга қанот бахш этдинг!

 

Ҳаёт бунча димоғларинг чоғ,

Гуллар ҳиди сармаст қилдими?

Бир бор кийиб кўрай деб, шу чоғ

Кўйлагингни…

олганимни, биров билдими?

ҲАР ОН…

Ҳар тонг, ҳар кун, ҳар он

Умид қилиб кутаман сени…

Кириб келар битта хушхабар,

Беғуборлик бўлади уни…

 

Ҳар тонг, ҳар кун, ҳар он,

Келишингни кутавераман…

Соғинчимдан рангу рўй сомон,

Ғариб кулбам, мискин бу чаман…

 

Ҳар тонг, ҳар кун, ҳар он…

Неъматини берар Худойим…

Юрагимни турткилар ҳамон,

Сенсизликдан ўтган бу ойим…

МЕҲР КЕТГАН

Меҳр кетган йўллардан,

Муҳаббат йиғлаб   борар.

Кимга… етган йўллардан,

Муҳаббат йиғлаб   борар.

 

Кўз ёшларини тўкиб,

Ҳаёт хамирин қориб,

Кийимлари сўкилиб,

Муҳаббат йиғлаб борар.

 

Қайтмади-ей, қайтмади,

Меҳржони қайтмади.

Айтмади-ей,   айтмади,

Видоларин айтмади.

 

Меҳнатлари қийин-ей,

Заҳматлари тайин-ей,

Ҳар дақиқа сайин-ей,

Муҳаббат йиғлаб борар.

 

Содда тўлдирар тўрни,

Ҳимоялар, ким хўрни,

Берарми яна қўрни,

Муҳаббат йиғлаб борар…

* * *

Қонларда ўсган   гулим,

Нега кулдинг?

Дилимни қитиқлаган,

Кўзимда тонглар   отди…

 

Жонларда ўсган   гулим,

Оҳ, бунча титраяпсан?!

Эпкинлардан қўрқаман,

Кимдир узмоқчи   экан…

 

Шонларда ўсган гулим,

Қайдан бунча   куч-қувват?!

Биласизми, аслида

Ягона куч муҳаббат,  муҳаббат…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight + 6 =