Қайтадан порлаган қадим чироғинг…
ИСТИҚЛОЛ ҚАСИДАСИ
Истиқлол дилларни тўлдира келди,
Чирмовуқ томирин сўлдира келди,
Асл инсонликни билдира келди,
Уйғониш замони муборак, юртим.
Ёмоннинг ёлғони – ёлғон ёмони,
Ёлғоннинг замони – замон ёлғони.
Қаллоб истибдоднинг эврилиш они
Фош бўлган ёлғони муборак, юртим.
“Кеча ва кундуз”дан иборат ҳаёт,
Кундузидан бўлди мосуво наҳот?
Кундуз шуъласидан кўкарган баҳор,
Чўлпоннинг армони муборак, юртим.
Синди зулумотнинг қўрғошин ранги,
Оқариб отмоқда истиқлол тонги.
Дилга нур йўлласин, қўлласин тангри,
Армоннинг Чўлпони муборак, юртим.
Фикр эркин бўлмай озод бўлмас руҳ,
Кўнгил озод бўлмай тўкилмас андуҳ.
Нурланиб, ҳурланиб келганда шукуҳ,
Имтиҳон довони муборак, юртим.
Истиқлол истисно эл ғофил агар,
Бир-бирин йиқишда то машғул агар,
Оналар қўлида кетмон ғул агар,
Изтироб имкони муборак, юртим.
Ўзингдан ўрмасин тошбағир зобит,
Бемаҳал ҳеч уйдан чиқмасин тобут.
Виждонинг тиғ бўлсин, иймонинг – совут,
Яссавий иймони муборак, юртим.
Истиқлол кўзлари тийрак боладир,
Асрлик тарихдан сабоқ оладир.
Ўзбек омон бўлса у ҳам қоладир,
Чўнг тарих ўғлони муборак, юртим.
Учларинг узайсин кўкармоқ чоғинг,
Ёнларинг яйрасин, берк бўлсин боғинг.
Қайтадан порлаган қадим чироғинг —
Турон Туркистони муборак, юртим!
1991.
ЯНА КЕЛАР СЕН КУТГАН БАҲОР
Қўй, оҳ чекиб ўртанма бунча,
Табассум қил, кўзлари хумор.
Битта бўлмас бутоғда ғунча,
Бошқасининг очилмоғи бор.
Сабр айлагил тағин келгунча
Яна келар сен кутган баҳор.
Ҳаёт ўзи шундай азалдан,
Ёнма-ёндир иқрор ва инкор.
Гул-майсали гўзал қирнинг ҳам,
Назар ташла, паст-баланди бор.
Гулдан тўшаб пойингга гилам
Яна келар сен кутган баҳор.
Келар, салқин, сўлим бир саҳар
Ҳузурингга елади тулпор.
Орзулари орзунгдай тоза,
Қаршингда бош эгиб шоҳсувор
Қўлларингга қўлини қўяр,
Яна келар сен кутган баҳор.
Энди уни эслама, сулув,
Лутфу карам айламас ағёр.
Оқилларнинг башорати бу:
Бир заҳматнинг бир эҳсони бор.
Унут уни, ўйларингдан қув,
Яна келар сен кутган баҳор!
1972.
СОҒИНИШ
Неча йилки, яшаяпман шаҳарда,
Орзуларга, умидларга сиғиниб.
Беихтиёр уйғонаман саҳарда,
Шовуллаган ёнғоқзорни соғиниб.
Нигоҳимни қўшни равон сеҳрлар,
Унда каклик тўр қафасда сайрайди.
Таниш наво сархуш этиб саҳарлар,
Кўнглим дала гулларидай яйрайди.
Буни ҳар ким шарҳ этади ўзича,
Хотин-халаж куюниб баҳс бойлайди:
“Худо ҳаққи, одамларнинг кўзича,
Ҳар кун саҳар қўшни қизин пойлайди…”.
Яшаяпман, хуллас, барча сингари,
Тараққиёт шаробидан бўлиб маст.
Аммо алвон лолазорда бир пари
Имо қилиб, тушларимда тинч қўймас…
1976.
ЭЙ КЎНГИЛ
Нописанд босма хазон япроғини,
Бошинг узра эсла соя чоғини.
Тангри ҳукмига азал бир чора йўқ,
Бандаси билмас келиб-кетмоғини.
Истаса бергай шифо беморига,
Дард бериб солгай синовга соғини.
Умр ўтар дарё каби қалқиб оқиб,
Айлагил тақдир насиб қирғоғини.
Раббано қодир ўзи, ғофир ўзи,
Ҳар нафас тортиб турар қармоғини.
Боқ, қуёшни қон этиб ҳар рўзи шом
На учун кўз-кўз этар ўроғини?
Билмаса меъёрини офтоб ҳам
Қувратар боғи чаман ҳар ёғини.
Эй кўнгил, бул ҳодисот ибрат сенга,
Эл аро фасона эт келмоғини.
Олмоқ эрсанг бир ғариб кўнглини ол,
Айро этсанг, айро эт дил доғини.
Саъди оллога етар қирмочи ҳам,
Ёри жонга туҳфа қил қаймоғини.
Шон деса йўл олди деб Тошканни айт,
Шаън деса кўрсат Нурота тоғини!
2000.
ГАРАШАЛИКЛАР ҚЎШИҒИ
Буғдойзорда елга етак наво оқар,
Кун тиғида булутлардан таҳсин ёғар.
Бу диёрни севганларга бахтлар боқар,
Юрт қадрига етмаганни чақмоқ урсин.
Гарашалик, агар иши кетса ҳам чап,
Оқ сут берган онасини кетмас ташлаб.
Ким билмаса умри учун буни матлаб,
Бахтга етдим деганида чақмоқ урсин.
Бойчечакни боласидек суймаса ким,
Ризқу неъмат тупроқ исин туймаса ким,
Бир гул сўлса, армон ичра куймаса ким,
Гулга қўли етган чоқда чақмоқ урсин.
Туёқлари учқун сочиб тулпор елар,
Тун бағрига титроқ солиб тоғлик келар.
Ул келгунча уйда чироқ ўчса агар,
Ёр иззатин билмаганни чақмоқ урсин.
Таслим бўлмас ғурур эли тоғлар мангу,
Бўлиқ сийна бўса берган чоғлар мангу,
Хиёнатдан қалбда қолган доғлар мангу,
Ўзга боққа кўз тикканни чақмоқ урсин.
Баҳор келди, қани сенинг турналаринг,
Самовотга осудалик тилаганинг?
Гар йўқ эса маъқул бунда турмаганинг,
Дўппиталаб бошгинангни чақмоқ урсин!
1975.
ОРЗУ
Даврада ўтирган чолларга ёқиб
Одоби, суҳбатга бўлдими мавзу,
Дер эдилар очиқ юз билан боқиб:
“Саъдулла Ҳакимнинг набираси бу!”.
Мени хаёл олар, билмас ниҳоя,
Тасаввур этмакка бор, ахир, ҳаққим.
Авлодимни кўриб айтсалар шояд:
“Бобосин дегайлар Саъдулла Ҳаким!”.
2016.
ПОЛОПОН
Қалдирғоч келтирса оғзида сув-дон,
Боласи тумшуғин тутар шодумон.
Сен ҳам лабларингда асал бер менга,
Мен эсам, ҳар сафар бўлай полопон!
2017.
ҚАЙ ЗАМОН
Исмингни шеъримга қўшдим, қай замон
Кимдир китобимни варақлаган он,
Тилга олар экан гўзал исмингни
Менинг ҳам номимни эслар бегумон.
2015.
КЕКСА ТУТ
Тўкилмоқда олча барглари,
Ёмғир туман каби қуйилар.
Бўш қўлларин чўзиб кекса тут
Йўлчи кузга илтижо қилар:
“Тўхта, ташлаб кетма бешафқат,
Орзум эди ҳар яшил япроқ.
Тирик туриб азобдир, фақат
Хотиралар билан яшамоқ…
1976.
ЁНГАН ДИЛ
Сизга дуч келганда сезаман,
Юрагим патирлар қуш каби.
Сабаби — мен сизни севаман,
Мен сизни истайман, сабаби.
Эҳтимол, менинг бу ҳасратим
Сизга бир эрмакдек туюлар.
Ёнганни тушунар ёнса ким,
Ким севса бир куни севилар!
1976.
ЎЗБЕКЛАР
Ўзи емай қавмига
Едиргувчи халқдир бу.
Ўзи юпун қолса-да
Кийдиргувчи халқдир бу.
Ҳатто оғир йилларда
Йиғмаган дастурхонни,
Яссавийдан бир мисра,
Бир бурда қора нонни
Қўрли сандал устида
Кўп билан кўрган баҳам.
Соғинмаган ёмонлик
Етти ёт зотларга ҳам.
Ўша шавандаликни
То ҳануз этмаган тарк.
Тилида Ғарб каломи,
Дилида донишманд Шарқ.
Қувонч кирса уйига,
Тўй қозонин осади.
Халқи билан семириб,
Халқи билан озади!
1989.
ЗАЙНАБ
Кумуш дедим, Отабекча қайғурдим,
Сен ҳам зайнаб ўз элимнинг қизисан.
Сен чеккан ғам менинг-да ўз
қайғумдир,
Сен ҳам зайнаб ўз элимнинг қизисан.
Ана, Кумуш от чоптириб кезади,
Отабек тулпори жилов узади,
От туёғи менинг кўксим эзади,
Сен ҳам зайнаб ўз элимнинг қизисан.
Инсон ожиз жаҳонгир рашк қошида,
Уммон нима дил тўккан ашк қошида,
Ким қизғанмас ишқни Зайнаб ёшида,
Сен ҳам зайнаб ўз элимнинг қизисан.
Кўрдим сени, Зайнабсан ё Кумушсан,
Бир шўх боқдинг, бир қарасам,
хомушсан.
Отабеклар бунчалар кам демишсан,
Сен ҳам зайнаб ўз элимнинг қизисан.
Сени ўйлаб сочларимда қор, мана,
Кўкрагимда бир ошиқ қуш зор, мана,
Зайнабнинг ҳам Отабеги бор, мана,
Сен ҳам зайнаб ўз элимнинг қизисан!
1991.
НАВОИЙ ВА БОБУР
Она тили ори, ғурури
Асрлардан садо беради.
Навоийдан сўз айта туриб,
Тилга Бобур келаверади.
Олти кунда яралмиш олам
Ва одам ҳам. Шукрона айта
Биз февралнинг олти кунида
Туғиламиз ҳар йили қайта.
Ҳали борлиқ қиш уйқусида,
Ҳали кўзин очмайин бодом,
Туркий замин кенгликларида
Чапараста гуллайди одам.
Сен, эй кўнгил, гар тиларсан хўб,
Сўз сеҳридан умрингга нажот,
Мир Алишер этагини ўп,
Бориб Мирзо эшигида ёт…
Она тили ори, ғурури
Асрлардан садо беради.
Навоийдан сўз айта туриб,
Дилга Бобур келаверади!
2011.
КАТТА ЙЎЛ
Катта йўлга туташган
Бу йўл тоғу қир оша –
Гараша, Жиззах, Тошкент,
Тошкент, Жиззах, Гараша.
Кимдир булутдек шошган,
Ким вазмин қадам ташлар –
Гараша, Жиззах, Тошкент,
Тошкент, Жиззах, Гараша.
Дилдан сел каби тошган
Соғинчлар йўл қарашар –
Гараша, Жиззах, Тошкент,
Тошкент, Жиззах, Гараша.
Бир из қолдирдимми мен,
Чин фарзандга яраша —
Гараша, Жиззах, Тошкент,
Тошкент, Жиззах, Гараша.
Юрагим ювган тошқин
Кипригимга илашар —
Гараша, Жиззах, Тошкент,
Тошкент, Жиззах, Гараша.
Йўқ, ўт-ўлан этмас банд,
Йўловчи бор, йўл яшар –
Гараша, Жиззах, Тошкент,
Тошкент, Жиззах, Гараша!
2011.
СЕНИ СЕВДИМ
Ўн саккизингда, эй гул, зор сени севдим,
Бағримни ўртаса ҳам нор, сени севдим.
Надир гуноҳ? Гуноҳ севмоқ агар бўлса,
Ортди гуноҳимки, такрор сени севдим.
Куймасин деб мендек ишқингда, яна
Суймасин деб мендек ағёр, сени севдим.
Соғинмоқ касбимдир,
севмоқ сени – ишим,
Бекор гап ким деса бекор сени севдим.
Борми фасл тағин севгида ўтказай,
Куз, қиш яна ёзу баҳор сени севдим!
1976.
ОШКОРАЛИКНИ ТУШУНИШ
Ошкоралик деса манави бу зот,
Доим саф олдида юришга мойил,
Орқада қолишдан чўчиб, шу заҳот
Қип-яланғоч бўлиб олибди, қойил!
1986.
ЭЙ РАФИҚ
Эй рафиқ,
Бунингдек нокаслик нечун,
Паст кетма, баланд тур, айтай бир қиёс.
Макони юксакда бўлгани учун
Барчага баробар нур сочар қуёш!
1987.
ЭПИГРАММА
— Наҳотки ўзгарган бўлса аҳду ком,
Тириклар кушоду ўликлар бадном?
— Нишон кўрсатдию шараф инъоми
Расуллик даъвосин айлади ғулом.
1987.