Оғиркарвон йўлларида

ёки ёш носир Шерзод ОРТИҚОВ ёзиқларига айрим эътирозлар

 

Кимнингдир ижодига бош суқиб, уни ўз билганингизча таҳлил қилиш, адабиёт мезонларига, баъзан кўнгил майлларига бўйсуниб ижодкорнинг жондек асари ҳақида турли йўсинда донишмандлик қилиш, анчайин мураккаб ва оғир масала… Бир томондан бу жараён бировнинг уйига сўроқсиз кириб олиб, кўзга кўринган нарсани титкилаб юришга ўхшаб кетади. Баъзан ҳаммаси холис бўлиши учун ҳам ёзарманга чегара ичидаги бироз андишасизлик, “одамлар нима деркин” деган туйғулардан йироқлик керак.

Биз қимирлаб турган адабий ўзанга хизмат қилувчи яна бир омил: ўқирманнинг ёзарманга айланишида! Яъни, ўқирман маълум асарни ўқидими, у шу асар қаршисида қарздор эканини ҳис этмоғи, асар савиясига ҳайрихоҳ тарзда уни билганича тадқиқ қилиб, фазилатларини ҳам, қусурларини ҳам кенг доирада ўртага ташлашга урунмоғи керак! Токи, билмаганлар билсин, камчиликларини кўра олмаганлар кўрсин. Асосийси, асар моҳиятининг тўлиб боришида, бадиийликнинг бағри бутунлашишида!

Ижод борасида тузини еб, тузлиғига тупурмаслик, ўқирманнинг қуруқ мақтовдан нарига ўтмаслиги, охир-оқибат ўртадаги бадиий асарнинг “тузсизланиш”ига олиб келади. Бу нафақат бир асарнинг, балки бутун адабиётнинг ҳам умрига дахлдор ҳолат.

Хуллас, танқид – адабиёт учун доя хотиндек гап, у етилмаган асарни керакли унсурлар билан боқиши, яхшигина бадиий мазмун туғдира олиши ҳам мумкин…

Ҳозирги кунда инсониятнинг кўп қисми ижтимоий тармоқда туғилиб, дастлаб ҳаётини ўша ерда йўлга қўйиб бораётгани маълум. Адабиётнинг оғиркарвон йўлида танилиб бораётган носирларидан бири – Шерзод Ортиқов. Унинг ижоди билан танишишим – “Куз симфонияси” китобининг тақдимотидан сўнг бошланди. Тақдимотнинг руҳи, мухлисларнинг муаллифга муносабати айтарли даражада юқори эди. Ўша кундан бошлаб ижодкорни “адабиётга етаклаб кирган” эсселарини ўқий бошладим ва тез орада мени илҳақ қилган “Куз симфонияси” қўлимга тушди. Очиғи, эсселарни ўқиш давомида кашф этиб бораётган “янги” ёзувчим ҳақидаги фикрлар бу китоб мутолааси давомида очиғи, мени бироз ташвишлантириб қўйди. Ёзувчи ҳақида билдирилаётган баландпарвоз фикрлар сабаб тўпламдан фавқулодда юқори даражадаги бадиий ва мазмуний мукаммалликни кутганмидим?..

Умуман, китобдан ўрин олган асарларда самимият, мазмун, айтарли бадиийлик ҳам бор. Аммо биз каби ёш авлодни ҳайрон этадиган, очиғи, хафа қиладиган жиҳати – ноқисликларнинг ниҳоятда оддийлигида ва кўплигида эди. Масалан, “Баҳор якшанбаси” ҳикоясида ана шундай оддий камчиликлар бисёргина кўзга ташланиб турибди. Булар: ортиқча сўз қўллаш, яъни бир гапдан икки-уч сўзни олиб ташласангиз ҳам мазмуннинг заррача ўзгармаслиги. Аммо ёзувчи бағрикенглик билан сўзни аямасдан қўллайди. Кўриниб турган моҳиятга кераксиз жумлаларни тиқиштираверади. Бундай ғализликларга ҳикоянинг охиригача кўп марта дуч келасиз.

Масалан, “диққатимизни ўзига жалб қиларди” (“ўзига” сўзи керак эмас), “Собир мирзонинг карвонсаройи деган унинг машҳур номи бўларди” (“унинг” сўзи нимага керак? Карвонсаройнинг номи айтилаётгани ҳаммага маълумку!), “аммо, шунда” (бу бирлик­ларни ёнма-ён қўллашдан қочиш лозим), “Докани чайқаб, сувини сиқиб ташлаб, унинг кузовини яна бир марта артиб чиққанимдан сўнг, у қуёш нурларида ярақлай бошлади” (такаббурлик бўлса ҳам очиғини айтай, мен буни шундай ёзган бўлардим: кузовни яна бир артганимдан сўнг, қуёш нурларида ярақлай бош­лади). Қолган сўзлар на бадиийликни оширган, на бирон янги маълумот улашган. Машина дока билан артилаётгани сюжет бошидан маълум эди. Унинг борлигини яна таъкидлаш, нималардир деб гапни чўзишнинг натижаси эса адабиётда бадиийлик меъёрини эмас, “бемаза қовун”нинг уруғини кўпайтиради, холос… Юқорида келтирганимиз, бир қарашда арзимасдек кўринадиган қўштирноқ ичидаги гаплар биз каби адабиёт атрофида ўралашиб юрган думбул ёшларнинг ёзиқларимизда учраса, унчалик эътиборни тортмас. Аммо кўплаб чет эл нашрларида ҳам ўзбек ёзувчиси сифатида кўриниш бериб бораётган ёзувчининг бу каби ижодий камчиликларига кўз юмиб бўлмайди.

…Асардаги воқеликлар иккига бўлиниб, икки қаҳрамон тилидан ҳикоя қилинсада, бу ҳикоянинг бадиий пафосини оширмайди, ҳикоя бошидан охиригача биринчи шахс тилидан “айтиб берилиши”ча давом этади. “Қилардим, бўлардим, кетардим” тарзидаги бу услуб айнан тақиқланмаган бўлса-да, қўли келишиб қолган ёзувчига бироз камлик қилади, деб ўйлайман… Адабиётнинг у ёқ-бу ёғига кириб юрган, дили, тили замон билан ҳамнафас руҳда новаторликка мойиллашиб бораётган адабий мухлис учун бу жараён бадииятда эртакнамоликни ошираётгандек, қаҳрамон вайсақилашаётгандек кўриниши мумкин.

Ўзбек адабиётида “устоз” деб тан олинадиган буюкларимиздан бири Абдулла Қаҳҳор ҳам биринчи шахс тилидан “айтиб берилувчи” ҳикояларни қаттиқ танқид қилган. Иложи борича бу йўлни танламасликни маслаҳат берган…

Уруш – ўз номи билан уруш! Бу борада ҳи­коядаги баъзи ўринлар сизни ишонтира олмайди: “Уруш пайтида ҳам баҳор шундай келарди, унинг фусункор жозибасини ҳис қиларканман, атрофни бир зум унутардим. Болалигим ёдимга тушар, ота-онам бағридаги қисқа ўтган бахтиёр кунларим, ўз даври зиёлиси бўлган отам, сочларини доим ўриб юрадиган онам, бу ёруғ оламда тўрт йилгина яшаган норасида синглим хаёлимдан ўтарди. Ўзимга келгач эса бош кийимимни тўғрилаб, окопдан бошимни чиқарар, атрофда давом этаётган ўқлар ёмғирига, танкларнинг оғир қадам олишига, аэропланларнинг устимиздан визиллаб учиб ўтишига, атрофимиздаги ерларни ўпириб тушаётган снарядлар товушига хавфсираб назар солар ва туриб-туриб қарши томондаги немисларга қарата “нега биз уришяпмиз ўзи”, деб бақиргим келарди.”

Тўғри, юқоридаги ўйлар ҳамманинг ҳам хотиридан кечиши мумкин. Аммо… атака вақти эмас! Муаллиф дастлаб ёритиб берган қаҳрамоннинг ҳолати билан атрофдаги шиддатли жанг тасвири унчалик ҳам бир-бирига ёпишиб тушмайди. Ва яна окопдан бошини чиқариб, танкларнинг оғир қадам олишини, аэропланларнинг устидан визиллаб ўтишини томоша қилиб ўтириш ҳам, муаллиф ўзи таъкидлаган, атрофида снарядлар портлаб ётган жангчининг ҳолати эмас. Айни шу дамда “нега биз уришяпмиз ўзи” дея бақирмоқчи бўлиши ҳам бироз “ўтказиб юборилган”. Юқорида айтилганидек, уруш – барибир уруш, унинг оғир-енгили, ёзувчи айтгандек “далаларни хотиржам яёв кезадиган” вақтлари бўлавермайди. Айниқса, атака – ҳар бир жангчи учун жаҳаннам билан тенг! Бундай дамда ҳар қандай жасур жангчи ҳам душман томонга қараб бақиришни эмас, биттагина дайди ўққа учиб кетиши мумкин бўлган ширин жонини ўйлаб талвасага тушади. Хоҳлайсизми-йўқми, уруш қатнашчисида қўрқув ҳисси бўлади.

Муаллиф тутқин қаҳрамон тилидан крематорийда ёқиб юбориладиган асирлар гуруҳларини санар экан, бу гуруҳга эгизаклар, паканалар ва бошқа нотабиий хусусияти борлар киришини келтириб ўтади. Шу ўринда инсон хусусиятларига нисбатан “нотабиий” сифатини қўллаш, менингча, мутлақо нотўғри. Чунки инсондаги хусусиятлар унга Аллоҳ томонидан раво кўрилган бўлади, нотабиий сўзи эса сох­­та, табиий эмас маъноларида қўлланиши мумкин.

Бадиий ҳақиқат талабларидан бири шуки, маълум асарни ўқиётган ўқувчи ундаги образлар тизимига қўшилиб кета олиши, бадиийликда яширинган реал ҳаётнинг қайсидир қисмини тасаввур қилиши керак. Қаҳрамон хоҳ салбий, хоҳ ижобий бўлсин, ўқирман унинг ҳар бир ҳаракатига ҳайрихоҳ бўлиб қолиши, асар қаҳрамони билан ҳаётдаги ўқувчи ўртасида қадрдонлик юзага келиши керак. Шу жиҳати билан ёзувчининг “Куз симфо­нияси” ҳикояси бир қадар камчиликлари бўлишига қарамасдан анчайин дилга яқин. “Ёмғир вальси” ҳикояси ҳам кутилмаганда “ҳиндчасига” якун топса-да, асар бошидан давом этиб келаётган самимий руҳ сизни бир дам ўзидан узоқлаштирмайди. Аксинча, бу дунёнинг барча қонун-қоидаларидан кечиб бўлса ҳам, икки қаҳрамоннинг ҳикоя сўнггида бир-бирига нисбатан пайдо бўлган илиқ туйғулари бора-бора куйдиргувчи қайноқликка айланишини хоҳлаб қоласиз…

Хулласи калом, гап тамом эмас, балки, гапираверсак адабиёт ҳақида ҳам, ўзимизча ижодини талқин ва таҳлил этишга уринган носиримиз ҳақида ҳам гапимиз тугаши амри маҳол. Шундай экан, адабиёт ҳақидаги янгироқ ва яхшироқ фикрларимизни дилимизда янада тарош­лаб боришга ҳаракат қиламиз.

Ижодкорларни ижод борасида имкон борича кузатамиз, адабий ютуқлар, арзирли асарлар кутиб қоламиз.

Гулранг УБАЕВА,

Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти

университети талабаси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 1 =