Шеърият аслида ҳикматдир
Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид ижоди ҳақида ўйлар
“Сўзда сеҳр, шеърда ҳикмат бор”. Ушбу муборак калом сўзга, шеъриятга берилган юксак баҳо бўлиши баробарида қалам аҳли учун мезон ҳамдир. Ана шу юксак талабга мувофиқ бўлмоғи учун шеър ҳикмат ва маърифатни мужассам этмоғи зарур. Негаки, замонлар ўтаверади, даврон эврилаверади, лекин бу талаб ўзгармайди. “Назмда ҳам асл анга маъни дурур, бўлсун анинг сурати ҳар не дурур” деганда буюк Алишер Навоий шеъриятнинг шакли янгиланиб борса ҳам лекин у маънидан, яъни ҳикматдан айри бўлиши мумкин эмаслигига ишора қилган бўлса, ажаб эмас. Шоирнинг шоирлиги, аслида, ижод намуналари ана шу мезонга нечоғлиқ жавоб беришига кўра белгиланади. Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид шеърияти безавол ҳикматлар гўзал бадиий талқин этилгани жиҳатидан миллат бадиий-эстетик тафаккури такомилида алоҳида ўрин тутади.
Истеъдод ва эътироф
Истеъдод Худодан берилади. Ҳар қанча меҳнат ва заҳмат маҳсули бўлмасин, истеъдоддан бебаҳра ижод юксак мақомга кўтарила олмайди. Чинакам иқтидор соҳиби илк асарлариданоқ кўнгилларга йўл топади. Дастлабки ижод намуналари биланоқ эътироф қозонади, назарга тушади. Сирожиддин Саййид ана шундай салоҳият эгаларидандир.
Шеърият муҳиблари яхши биладилар: шоирнинг илк китоби “Руҳим харитаси” номи билан чоп этилган. Шубҳасиз, биринчи китоби нашр қилинган ёш шоир юрагида андак ҳадик, бир оз ҳаяжон бўлади. “Устозлар нима дер экан?” деган хавотир чулғайди унинг қалбини. “Тошкент оқшоми” таҳририятида хизмат қилаётган ана шундай хаёллар оғушидаги шоирга кутилмаганда кимсан устоз Абдулла Орифнинг ўзи телефон қилиб: “Китобингни ўқидим, Сирож! Ана шу мўъжаз китобдан катта қадамларнинг товуши келяпти” дегани, биринчидан, устоз ижодкорнинг янги авлодга хайрихоҳ назари ифодаси бўлса, иккинчидан, тоза, самимий эътирофни англатади. Аён бўладики, Сирожиддин Саййид 1984 йили чоп этилган ана шу илк китоби биланоқ ўзининг ижодий келажаги ҳақида муайян тасаввур бера олди.
Шундан буён шоирнинг “Салқин харсанглар кафтида”, “Севги мамлакати”, “Асрагил”, “Меҳр қолур, муҳаббат қолур”, “Куйдим”, “Ватанни ўрганиш”, “Кўнгил соҳили”, “Кўксимдаги зангорларим”, “Қалдирғочларга бер айвонларингни”, “Дил фасли”, икки жилдлик “Сўз йўли”, “Очил, эй гулки, бўстон вақти бўлди”, “Аламли дунёда аламли гулим”, тўрт жилдлик “Асарлар” тўпламлари чоп этилди. Энг муҳими, унинг ижоди тўпламдан-тўпламга, китобдан-китобга ўтган сари юксала борди. Моҳиятан теран, бадиий жиҳатдан баркамол шеърлари ўқувчи қалбини забт қилишда давом этаётир.
“Сирожиддин Саййид билан мен 1987 йили танишганман, – деб ёзган эди машҳур рус шоири Андрей Вознесенский. – Ўшанда у янги навқирон шеърият армиясининг ёш аскари эди, аммо унинг курткасида маршаллик нишони ярқираб турарди. Тошкент шоирлари вақт синовларидан ўта олдилар. Бу гап Сирожиддинга ҳам тааллуқлидир. У Абдулла Орипов билан, бошқа шоирлар билан бир қаторда ўзбек шеъриятининг таниқли намояндаларидан биридир. Унинг шунчаки шаҳар эмас, инсоний қисматимнинг таркибий қисми ҳисобланувчи Тошкентдан туриб қилган ҳар бир телефон қўнғироғи мен учун ҳамиша қадрлидир”.
Ўзбекистон халқ шоири Александр Файнбергнинг эътирофи янада самимийдир: “Мен ижоди метафорага бой бу шоир ва ҳеч қандай қолипга тушмайдиган бу шахс билан бутунлай якдилман. Менинг фикримча, Сирожиддин Саййиднинг ижодда эришганлари сингари истиқболи ҳам ёрқин ва нурафшондир”.
Табиийки, бундай таърифу таҳсинга сазовор бўлиш осон эмас. Бунинг учун тунларни тонгларга улаб муттасил меҳнат қилиш, ижод малакасини ҳамда маҳоратини ошириш устида тинимсиз заҳмат чекиш, энг муҳими, бу заҳматдан лаззат топа билиш ва Худо берган истеъдодни мунтазам равишда камол топтириш талаб этилади. Шунинг учун ҳам “Дунёда энг оғир – Сўзнинг йўлидир” деб билган Сирожиддин Саййид ижоднинг барча машаққатларини мардона зиммасига олди, шеъриятни қисмат деб билди, ижодда камолга эришди.
Устоз адабиётшунос олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов шоир ҳақида мана бундай ёзган эди: “Шоирлар ҳар хил туғилади. Шоирларки бор, гўдак атак-чечак қилиб йўл юришни ўргангандек, кўп йиллар давомида шеърият алифбесини ўзлаштиради, ҳар хил шоирларга эргашиб кўради, изланади ва бора-бора қийналиб бўлса-да, ўз йўлини топиб олади. Шоирларки бор, биринчи қадамлариданоқ ҳаммани лол қолдириб, туйғуларини, ҳисларини, фикрларини тутилмаган образларга буркаб, “афсоналарнинг тушига кирмаган сўзлар”да куйлай бошлашади. Уларни “ёш шоир” деган тушунчага сиғдириш қийин. Улар ёши кичик бўлса-да, шеъри, шеърий тафаккури балоғатга етган бўлади. Назаримда, Сирожиддин Саййидни ана шундай “тайёр” шоирлар тоифасидан десак хато бўлмайди”.
Олим бу сўзларни 1982 йили ёзган эди. Шундан буён ўтган қарийб қирқ йил Озод аканинг фикрлари нечоғли ҳақиқат эканини кўрсатиб турибди. Дастлабки шеърлари биланоқ шоиру адиблар, адабиётшунослару мунаққидлар тилига тушган Сирожиддин Саййид бугун ҳам элнинг назарида. Эътиборга лойиқ бир воқеа: адаб аҳли даврасидаги бир суҳбатда ёш, иқтидорли шоир шеър ўқиди. Гаштакда иштирок этган устоз ижодкорлардан бири: “Шеърларингизнинг савияси анча баланд, бироқ уларни ўқишда Сирожиддин Саййидга тақлид қилар экансиз. Агар яхши шоир бўлишни орзу қилсангиз, ҳар қандай тақлиддан сақланинг”, дея насиҳат қилди. Устознинг фикри тўғри, шубҳасиз. Мен эътиборни масаланинг бошқа жиҳатига қаратмоқчиман: ёш истеъдодлар ҳаммага ҳам эргашавермайди-да…
Бу воқеа навқирон ижодкорларнинг Сирожиддин Саййидга ҳавас қилишига ягона мисол эмас. Шоирнинг миллий шеъриятимизда ўз ўрнига эга ижодкор эканига яна кўплаб далиллар келтириш мумкин. “Илоё, ҳар кимга ҳаётида ифтихор насиб этсин. Ифтихорнинг гўзал шаклу шамойиллари кўп. Уларнинг энг аввали, албатта, халқу Ватанингдир! Ундан сўнгра, балким, устозу шогирдлар. Шу маънода, жумладан, мен ўзимни ниҳоятда бахтли инсонлардан бири деб ҳисоблайман. Улуғ халқим, буюк устозларим, кўз-кўз қилишга арзигулик софдил шогирд укаларим бор. Шоён шеъриятимизда эса ана шундай ифтихорларимиздан бири, шубҳасиз, Сирожиддин Саййиддир”. Устоз Абдулла Ориповнинг ушбу эътирофи ҳам шоирнинг ижодий салоҳияти ҳавас қиларли эканини кўрсатади.
“Қўлимда Сирожиддин Саййиднинг янги туркум шеърлари, — деб ёзган эди адабиётимизнинг яна бир қаҳрамон шоири Эркин Воҳидов. – Самимий ва эҳтиросли сўзлар. Шарқона лутф билан айтилган нозик сўзлар. Шоир сўзлари… Шеър кўнгил нидоси бўлиб туғилади ва кўнгиллар мулкига айланади. Уни қабул этмоқ ҳам кўнгил ишидир… Шеърият қалб ҳолатидир. Уни қабул этмоқ ҳам қалб ҳолатига боғлиқ. Шеър маъносини сўз билан баён қилиш мумкин эмас. Сўз билан англатиш мумкин бўлган фикр эса шеър қилиб айтилмайди. Шеър – завқ, ҳайрат, кулгу, изтироб, армон, тазарру, муножот… демакдир. Шеър – ишқ демакдир, ибодат демакдир.
Сирожиддиннинг шеърларини ўқиб, мен шеърият ҳақида бундай осмоний хаёлларга берилдим. Мақсадим унинг шеърларини осмонга кўтариш эмас, балки фақат сизнинг кўнглингизга ҳавола этмакдир”.
Сирожиддин Саййид шеърлари ҳақиқий истеъдодларга хос тарзда “кўнгил нидоси бўлиб туғилади”, унинг назмий асарларида сўз муҳаббат суви ҳамда дарду изтироб тупроғи билан қорилади. Шунинг учун ҳам устоз Эркин Воҳидов айтмоқчи, “кўнгиллар мулкига айланади”.
Шоир сўз исрофидан парҳез қилади. Сўзни тежаб ишлатади, сўзга залворли мазмун юклай билади. “Шеъраро полвон бўлиш осон эмас” деган биргина таъриф орқали устоз Абдулла Орифнинг миллий адабиётимизда тутган ўрнига муносиб баҳо бергани бунинг исботидир.
Сирожиддин Саййид бугуннинг энг машҳур шоирларидан. Шуҳрат юкини кўтариш осон эмас. Айрим қаламкашлар озгина танила бошласа, салгина тилга тушса, босар-тусарини билмай қолади. Ўзидан бошқа барча ҳақида, ҳатто адабиётимизнинг мумтоз намояндалари тўғрисида ҳам нописандлик билан сўзлай бошлайди. Бурни кўтарилиб, саломингга алик ҳам олмай қўяди. Бу эришганлари ҳали ҳеч нарса эмаслигини, эртани қўя турайлик, бугун ҳам ижодкор сифатида арзирли бир ишни уддалай олмаганини хаёлига ҳам келтирмайди. Бироқ бу гапларнинг Сирожиддин Саййидга заррача ҳам алоқаси йўқ. Гарчи бўй-басти ҳавас қиларли, қомати адл бўлса-да, ҳосили кўпайгани сайин тобора эгила борган мевали дарахт сингари, қанчалик шуҳрат қозонмасин, одамийлик, камтарлик фазилатлари камол топиб бораётгани бунинг исботидир.
Шеър нима, шоир ким?
Бу савол муаззам шеъриятимиз қадар қадимийдир. Бир пайтлар устоз адабиётшунос Озод Шарафиддинов “Шеър кўп, шоир-чи?” деган саволни бежиз қўймаган эди. Ким кўп – шоирликка даъвогар кўп. Лекин улуғ Огаҳий айтганидек, Тангри таоло “…алар орасида баъзисининг (!) тилин фасоҳат ва балоғат бобида нодир ва сўз риштасига маоний жавоҳирин назм этарга қодир қилиб, маъни аҳли орасида қуёш янглиғ равшан ва сарафроз этти”. Шу боис даъвогарларнинг камдан-ками чинакам шоирлик мақомига эришган. Сирожиддин Саййид ана шундай ноёб салоҳият эгаларидандир.
Аслида, бу ёруғ оламда айтилмаган сўз қолмаган. Ҳар бир гўшасидан минглаб мутафаккирлар етишиб чиққан бизнинг заминимизда ўз сўзини топиб айтиш осон эмас. Устоз Абдулла Ориф таъкидлаганидек: “Шоир бўлиш қийин, шоир бўлиш оғир шундай буюкларнинг каҳкашонида”. Шунга қарамай, тақдир Сирожиддин Саййидга ўз сўзини айтиш имконини берди. Шоир ана шу сермашаққат, “нўши бир бўлса, ниши минг, роҳати бир бўлса, ташвиши минг” (Огаҳий таърифи) йўлнинг саботли йўлчиларидандир. У ўзининг шоир сифатидаги дастурини қуйидагича ифодалайди:
Юртим, менга зар керакмас зарларингдан,
Киприкларим ўпсалар бас гардларингдан.
Мен бир насим бўлиб келдим,
мен бир насим,
Айтиб ўтсам дейман кўҳна дардларингдан.
Ҳа, юртни бойликлари учун севиш ватанпарварлик эмас. Бу ҳақиқатни, янглишмасак, биринчи бўлиб Абдулла Орипов айтган: “Юртим, сени фақат бойликларинг-чун Севган фарзанд бўлса, кечирма асло!”. Сирожиддин Саййиднинг ютуғи шундаки, ифоданинг тамомила ўзига хос шаклини топа олган: “Юртим, менга зар керакмас зарларингдан”. Кейинги мисрадаги поэтик тасвир – киприкнинг она замин гардларини ўпиши метафоранинг оҳорли экани, миллий руҳнинг бетакрор ифода этилгани жиҳатидан юксак бадиий қимматга эга. Ва ниҳоят, насим бўлиб келган шоир юртнинг кўҳна дардларини айтиб ўтишни ўзининг ижодкор сифатидаги бурчи деб билади. Она-юртнинг, ўзинг мансуб бўлган миллатнинг дардларини куйлаш, унга малҳам бўлиш, шоир фикрича, ижодкорнинг ҳаётий аъмолидир, вазифасидир. Бу мисралар кўнгилларга оқиб киради, шуурларни нурлантириб юборади.
Шоир сўз йўли осон эмаслигини янгидан-янги шеърларида, тутилмаган ташбеҳлар воситасида ифодалайди. “Ғафур Ғулом сиёҳдонига” шеърида бетакрор ифодаланганидек:
Улуғ шоирларнинг қалби сиёҳдон бўлган,
Ёзса юрак қони билан ёзган,
сиёҳ – қон бўлган.
Сирожиддин Саййид “Шоир кимдир?” дея савол қўяди (“Нуқтаи назар” шеъри) ва “Мир Алишер бобонинг биринчи ва мангу муовинидир” деган хулосага келади. Адабиётга бундай юксак мезон асосида қараш ижодкорга муайян масъулият ҳиссини юклайди.
Чўлпон адабиётни “ўткир юрак кирларини ювадурғон тоза маърифат суви” дея таърифлаган эди. Сирожиддин Саййид шунга уйғун фикрни ўзига хос тарзда, бетакрор ифодалайди. Унингча: “Шеър гарчи шоирнинг кўксида ёнган, Бўғзини куйдирган олов унидир. Шеърият – гул эмас, чечакмас, асли. Руҳ ва кўнгилларнинг кир совунидир”. Бинобарин, инсон руҳи ва кўнглини адабиётчалик поклайдиган бошқа бир ҳодиса мавжуд эмас. Муҳими, шоир кўҳна бу ҳақиқатни поэтик жиҳатдан янгича ифодалайди.
Сирожиддин Саййиднинг “Ёш шоирларга” деб номланган шеъри бор. Унда шоир шеърият йўлига кираётган ёшларга хитобан мана бундай ёзади:
Бу диёрда тоғу тош шоир бўлиб,
Ерга тушгайдир қуёш шоир бўлиб.
Ўргатар куйлашни булбул сувлари,
Майса ҳам тебрайди бош шоир бўлиб.
Сирожиддин Саййид сўз масъулиятини теран ҳис этади. Гарчи қуйма мисралар битса-да, шеърий матнлар устида тинимсиз меҳнат қилишдан толмайди.
Мен дардни ҳеч кимдан
Кўчирганим йўқ,
Ёзганимдан кўра
Ўчирганим кўп, —
сингари мисралари ҳам бунинг далилидир.
Шоир шеъриятни илоҳий неъмат деб билади. Унинг фикрича, шеърият — муҳаббат кўшки, ишқнинг айвони, кўнгил билан руҳнинг мовий осмони. Бу ташбеҳлар ҳам етарли эмасдай. Шеърият – безавол гулшан, мангу яшил боғ. Лекин унга ошно бўлганлар – чин шоирларнинг юраклари доғ. Шоирнинг эътирофича:
Улар олам юзин
Ҳайрон этдилар.
Кўнгил қони бирлан
Алвон этдилар.
Шеъриятнинг Навоий, Бобур сингари даҳоларию юлдузларни, гул сўзларни куйдириб кетган Усмон Носир, Асқад Мухтор, Шавкат Раҳмонни, эл кўзини ёшлаб кетган Муҳаммад Юсуф сингари ижодкорларни ёд этган шоир бу дунёнинг сўзфурушларига қарата бундай хитоб қилади:
Ким сўз деб нафсига
Нон берар фақат.
Ҳақиқий шоирлар
Жон берар фақат.
Шоир сўз санъатини қисмат деб билади. Унга жону жаҳонини бағишлайди. Сўз деб нафсига нон берувчиларни қабул эта олмаслиги сабаби шунда. Теран фикр ва гўзал бадиият уйғунлигидаги назм намуналари шоирнинг бадиий-эстетик мезони юксак эканидан дарак беради.
Буюк Навоий ижодхонасидан сабоқ олиб…
Сирожиддин Саййид мутолаадан, ижодий изланишдан толмайдиган шоирлардан. У ҳазрат Навоий асарларини кўп ўқийди. “Хазойин ул-маоний”ни қайта хатм қилган кунини энг катта байрам деб билади. Муҳими, лирик асарларида улуғ Навоийдан, мумтоз шеъриятимиздан баҳрамандлик янги бадиий кашфиётларга эшик очиб келаётир. Буюк салафи ғазалларига юксак маҳорат билан боғлаган мухаммаслари бунинг исботидир.
Ким қошинга мубтало бўлубтур –
Ул икки қилич аро бўлубтур,
Дил ичра ики яро бўлубтур,
Кўзунг не бало қаро бўлубтур –
Ким, жонға қаро бало бўлубтур.
Ёр қошига мубтало бўлишни икки қилич аро тушишга ўхшатиш – мумтоз ташбеҳнинг оҳорли ва бетакрор намунаси! Бу икки қиличнинг дил ичра ики яро солиши – ҳар учала мисра мазмун жиҳатдан ҳам, бадииятига кўра ҳам ҳазрат Навоий байтига шу қадар мутаносибки, ҳайратга тушмасликнинг иложи йўқ.
Сирожиддин Саййид ҳазрат Алишер Навоийнинг кўплаб ғазалларига юксак фасоҳат ва балоғат намунаси бўлган мухаммаслар боғлаган.
Ижодкор шеърларидан бирини “Навоийни ўқиш” деб номлаган. Унингча: “Ҳар бир калла, ҳар бир бош жаҳолатдан қўрқиши керак. Ҳар бир бола, ҳар бир ёш Навоийни ўқиши керак”. Навоийдек улуғларни ўқимаслик, англамаслик жаҳолатга олиб келишидан огоҳ қилишни бурчи деб билган шоир “Ҳар бир ота, ҳар бир мўйсафид Умр ҳикматларин кўрсатиб, Нафс арқонларин қирқиши керак, Фарзандлари, набирасига Навоийни ўқиши керак”, дея таъкидлайди.
“Хамса” ҳайратлари” – Сирожиддин Саййид шеъриятида янги саҳифа очган туркум. Буюк бешликдаги ўзи ҳайратланган сатрларни иқтибос этган шоир кўнглидан ўтказган лирик кечинмани фалсафий тафаккур уйғунлигида бетакрор талқин этади. Жумладан, “Ҳайрат ул-аброр”даги Низомий Ганжавий васфига бағишланган бобдан: “Ранж тоғин қозмоқ анинг пешаси, Тоғи анинг назму тили тешаси” сатрларини иқтибос олар экан, ундан ҳайратларини шеърга айлантиради. Шоир фикрича, назм тоғи беҳиштнинг чаман боғи эмас, уни сўлим соҳил ё дашт тупроғига ҳам, боғу бўстоннинг гул қучоғига ҳам қиёслаб бўлмайди. Мана бу ташбеҳ ҳазрат Навоий поэтик хулосасининг мутлақ янгилангани жиҳатидан қимматлидир: “Бунда заҳмат чекиб кўҳкан Фарҳоддай Назм эли туну кун сўз қазийдилар”.
Мана бу сатрлар назм тоғида сўз қазишнинг – шоир меҳнатининг нечоғлиқ машаққатларга тўлиқ экани тутилмаган образлар орқали сувратлантирилгани жиҳатидан эътиборга лойиқ:
Бунда роҳат бўлмас, бўлмагай ором,
Қийнарлар ўз жисму жонини фақат.
Юрак-бағирларин айлаб туриб жом,
Шоирлар ичгайлар дил қонин фақат.
Ижоддан кутилган самарага эришмоқ учун тун билан куннинг тафовутини унутиш даражасида заҳмат чекмоқ зарур. Ҳатто бунинг ўзигина кифоя қилмайди, ана шу заҳматдан ҳаловат топмоқ керак. Табиийки, бундай мақомга эришмоқ қийиндан қийин:
Қазиш осон эмас сўз харсангларин,
Тафовут бўлмагай тун билан кунда.
Шеърнинг шўху шингарф ранг, оҳангларин
Гиёҳлар, жилғалар бергайлар шунда.
Назм тоғининг Фарҳоди бўлиш осон эмас. Бу дараю ғорларда не зотлар рўшнолик кўрмай, беному нишон ўтганлари бунга далил. Лекин минг йиллардан буён айрим тақлидчи, гапдон тўтилар гердайиб юришини қўймайди. Бу роҳу манзилнинг жангал, бешаси кўп бўлгани каби йўлбарсу кийиклари ҳам мўл. Сўз доғини тортган ҳар вола дилнинг лола доғи янглиғ куюклари ҳам бор. Бу тоғ чўққисига қараб интилган ҳар кимга гоҳи зар тўкилса, гоҳи насибаси қум-кукун бўлади. “Бунда жон берилгай ҳар бир тош учун, Қон билан ёзилгай ҳар ному насаб” – ижод машаққати бошқа бирор шоир назмида бундай талқин этилмагани Сирожиддин Саййиднинг бетакрор ижодкор экани исботидир.
Юксалиб боргайдир бу тоғ бош узра,
Дил бунда болғаю тил теша бўлгай.
Майда маъдантош ё чақмоқтош узра
Минг бир машаққату андеша бўлгай.
Ким мўмиё излар, кимдир қор курар,
Тоғ узра осмон ҳам чексиз ва мовий.
Юксак чўққилардан жилмайиб турар
Низомий, Деҳлавий, Жомий, Навоий…
Ҳазрат Навоий назмни ранж тоғига, буюк Низомий тилини тешага қиёслаган бўлса, Сирожиддин Саййид ижод машаққатини дилни болғага қиёслаш орқали оҳорли ифодалайди.
Бу ҳали биргина мисол. “Хамса” ҳайратлари”ни синчиклаб мутолаа этсангиз, ушбу буюк бадиий обидадан шоир не ажиб туйғуларни ҳис этганини билиб оласиз. Ўзингиз жиддий эътибор қаратмаган лавҳалар шоирда қандай ажиб туйғулару лирик кечинмалар пайдо қилганидан ҳайратга тушасиз. Ижодкорнинг тахайюл олами нақадар кенг ва тасаввур имконияти қанчалик катта эканига қайта ва қайта амин бўласиз.
Ҳазрат Навоий ижодхонасидан муттасил равишда муносиб сабоқлар олаётган Сирожиддин Саййидни назм тоғининг кўҳкан Фарҳодига тенглаштирсак, асло муболаға бўлмас.
Умрнинг ҳикмат фасли
Одам умрининг қиммати у яшаган ва яшаётган йиллар сони билан эмас, Ҳақни англаш даражаси, Ватан ва миллат олдидаги хизматларига кўра баҳоланади. Сирожиддин Саййид ижодининг дастлабки кезлариданоқ ана шу ҳикматни англаган, шеърларини ҳикмат нури билан суғорган, ҳикмат тоғи сари тобора юксалиб келаётган ижодкор. Туркий шеъриятда ҳазрат Алишер Навоий бошлаб берган арбаъинчилик анъанасининг янгиланиши руҳидаги шеърларида ҳам ана шу хусусият яққол намоён бўлади. Шоирнинг “Қирқ ҳадис” туркуми бунинг ёрқин исботидир. Туркум Ҳақ таолога муножот билан очилади:
Сенинг даргоҳингда кўзларимда нам,
Энда аён менга ул борар жойим.
Кечиргин отамнинг гуноҳларини,
Онамга умр бер ўзинг, Худойим.
Қайси мавзуга бағишланган бўлмасин, шоир шеърларида ҳаёт фалсафаси гўзал бадиий шаклда ифодаланади. Ўзликни, умрнинг моҳиятини англаш ва англатиш шоир ижодининг асосини ташкил этади. Шеъриятимиз назариётчиси Шайх Аҳмад Тарозий муножотни: “Тенгри ҳузуринда тазарру қилмоқ”, дея таърифлаган эди. Тазарру руҳидаги муножотни битар экан, Сирожиддин Саййид солиҳ фарзанд сифатида, аввало, ота-онасини ёдга олади: “Кечиргин отамнинг гуноҳларини, Онамга умр бер ўзинг, Худойим”.
Сингил – тиловчи. Халқимизнинг бу ҳикмати ҳаёт ҳақиқатининг айни ўзини ифода этади. Мунис сингилларимиз ҳар доим акасининг саломатлигини, Худонинг паноҳида бўлишини тилайди. Акасининг камолини истаб ҳар доим қўли дуода. Сирожиддин Саййид шеърларида сингилнинг кўп ёд этилиши, бу муштипарнинг кузги райҳонларга қиёсланиши сабаби шунда:
Мен улуғ ҳикматни англадим чоғи,
Йиғлаб қонлар этиб кўнгилларимни.
Ўзинг омон сақла, асрагил ўзинг
Кузги райҳонлардек сингилларимни.
Сирожиддин Саййид – бутун вужуди, руҳи билан ватанпарвар, халқпарвар шоир. Ҳар қандай мавзудаги шеърида фикр, албатта, Ватан ва халқ меҳрига йўғрилган бўлиши бунинг исботидир. Ушбу муножот-шеърдаги: “Ўзинг паноҳингга олгин мулкимни, Ўзинг юз ўгирма элим, юртимдан”, сатрлари ҳам буни тасдиқлайди.
“Қирқ ҳадис” туркуми “Замоннинг эгаси” шеъри билан очилади. “Замондан койинманглар, зеро замоннинг эгаси Оллоҳдир” мазмунидаги муборак ҳадис шоир талқинида мана бундай назмга солинган:
Оллоҳ сизга берган ой ва йил учун
Арзир ҳар лаҳзанинг нақши бўлсангиз.
Азалдан ёмонга ёмондир замон,
Замон яхши эрур – яхши бўлсангиз.
Ҳар кимга дилдаги нияти йўлдош,
Эзгу мақсадлари бир умр ёрдир.
Замондан ҳеч қачон койинмангизким,
Замоннинг эгаси Парвардигордир.
Сирожиддин Саййид муборак ҳадислар мазмунини теран фалсафий моҳият ва гўзал бадиият уйғунлигида назмга айлантиради. Зоҳиран бу осонга ўхшаб туюлади. Аслида эса бунинг учун шоир ҳаётга файласуф нигоҳи билан қарай олиши, ҳадисдан кўзланган моҳиятни теран идрок этиши ва ниҳоят уни юксак маҳорат билан бадиий синтез қила олмоғи зарур. “Оллоҳ гўзалдир, гўзалликни хуш кўради” мазмунидаги ҳадисни шоир назмда мана бу тарзда ифодалайди:
Ялтироқ дунёнинг аҳволина боқ:
Унда шому саҳар ясан-тусандир.
Бари алдамчидир, бари омонат,
Фақат Худо мангу, Худо гўзалдир.
У гўзал ишларни хуш кўргай билсанг,
Анграйма ҳашамнинг бозорига сен.
Қалбинг гўзал бўлса, ахлоқинг гўзал,
Тушгайсан Оллоҳнинг назарига сен.
* * *
Сурхондарёнинг Сариосиё туманида Ҳисор тоғ тизмаларидан бошланувчи машҳур Тўполондарё бор. Адабиётимизга ўтган асрнинг 70-йилларида Тўполондарёдай тошиб-жўшиб кирган шоир мўъжаз ҳажмдаги шеърларига сиғмаган теран фалсафий ғояларини катта лироэпик кўламдаги достонлари орқали ифодалаб келаётир. “Жароҳат”, “Сўз ҳижрони”, “Саксонинчи йиллар”, “Тўполондарё билан хайрлашув”, “Таназзул”, “Ном”, “Баҳор Сурхондан бошланар”, “Юз оҳ Заҳириддин Муҳаммад Бобур…” сингари достонлари шоирнинг ижодий салоҳияти нечоғлиқ катта экани исботидир.
“Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур” достони бадииятнинг юксак намунаси экани билан алоҳида ажралиб туради. Асар одатдаги достонлар каби яхлит сюжетли бўлмай, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ёки ижоди билан боғлиқ юз лавҳанинг бетакрор бадиий талқини асосига қурилган. Таркибий тузилиши жиҳатидан уни тазмин-достон деб аташ мумкин. Достон мураккаб ва зиддиятли қисмат соҳиби бўлган Бобур сийратини чуқур ўрганишга, тафаккур ва тахайюл қилишга, ибратланишга хизмат қилиши жиҳатидан қимматлидир. Достонда бор-йўғи қирқ етти йиллик умрида ўзидан бебаҳо шеърлар, беқиёс “Бобурнома”, аруз, фиқҳ ва бошқа илмларга оид асарлар, ундан ҳам муҳими, эзгу ном қолдиришга улгурган Заҳириддин Бобур қисмати бутун қамрови, бор кўлами билан тасвирланган. Бу ҳақда алоҳида мақолалар нашр этилган. Лекин таъкидлаш керакки, шоир достонлари кўплаб тадқиқотларга мавзу бера олади.
* * *
Ижодкор ҳар доим замон билан ҳамнафас, ҳамқадам, ҳатто ундан бир қадам олдинда юрмоғи шарт. Акс ҳолда у Ватан ва миллатга муносиб хизмат қила олмайди. Сирожиддин Саййид атоқли шоир бўлиши баробарида жамоат арбоби сифатида ҳам жамият ҳаётида фаол иштирок этиб келаётир. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига у раис этиб тайинлангач, уюшма чин маънода Ватан ва халққа хизмат қилиш йўлида ижодкорларни бирлаштирадиган, уларнинг бошини қовуштирадиган, улуғвор мақсадлар сари интилишларига қанот бағишлайдиган марказга айланди. Шоир Олий Мажлис Сенати аъзоси сифатида бутун ижодий-интеллектуал салоҳиятини давлат ва жамият равнақи йўлига сафарбар этиб келаётир. Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси ва раҳнамолигида Ватан ва миллат олдига қўйилган янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини қўйишдек буюк мақсад йўлида жонбозлик кўрсатмоқда. Бу борадаги ишлар қанчалик масъулиятли бўлса, шунчалик фахрли ҳамдир.
Умрининг ҳикмат фаслига қадам қўяётган, шеърлари халқимиз кўнглининг туб-тубидан жой эгаллаб улгурган Сирожиддин Саййид ижоди миллий адабиётимиз ривожида алоҳида ўрин тутади. Биз шоирга бундан кейин ҳам муаззам адабиётимиз хазинасини янгидан-янги асарлари билан бойитиш ва миллат бадиий-эстетик тафаккурини юксалтириш ишига муносиб ҳисса қўшишдан толманг, дейишга бурчлимиз.
Нурбой Жабборов,
филология фанлари доктори, профессор