“Кундалик дафтари”ни қайтаринг!

Ҳар гал қишлоққа, уйга борганимда укаларимнинг мактабда қандай ўқиётгани, фанлардан олаётган баҳолари билан қизиқаман. Авваллари кунда­ликларини кўздан кечириб, қайси фанни яхши ўзлаштиряпти-ю, қайсиларидан баҳолари пасайиб кетаётганини бемалол кузата олардим. Бугун эса неажабки, мактабларда оддий кундалик дафтарлардан воз кечилган. Ҳаммаси электрон журналда. Аммо интернетга кириш учун кўчамиздаги сталба (сим­ёғоч) нинг олдига чиқиб, телефонни юқорига кўтариб ишлатилмаса ишламайди. Унинг устига бу “Электрон кундалик”ка киришни масалан мен умуман билмайман. Пойтахтдек жойда ўқиб, олий маълумотли бўлган одам бу электр… йўғ-э, “Электрон кундалик”ни текширишни билмаса, энди вилоятдан ташқарига чиқмаган, кимгадир телефон қилганда “қўнғироқ қилинаётган обонент аппарати ўчирилган…” дея айтиладиган гапни доим кимдир айтиб туради деб, ўйлайдиган ота-­онамни тасаввур қилаверинг.

Дадам телефон одамни бузади, болага ёшлигидан бу матоҳни тутқазмаслик керак, дейдилар ҳаммамизга. Менга ҳам мактабни тамомлаганимдан сўнг телефон ишлатишга рухсат беришган. Шунинг учун ҳам зериккандан китоб ўқиб, буни асосий машғулотимизга айлантирганмиз. Укамга эса буни тушунтириб бўлмай қолган. Дарс жадвалим ҳам телефонда, баҳоларим ҳам телефонда, менда эса телефон йўқ деб, ғингшигани-ғингшиган.

“Бизга булар ўтмайди, бола йиғлаб-йиғлаб юпанади”, — деб укамнинг хархашаларига дадам парво ҳам қилмайди. Бироқ минг афсуски, укаларимнинг кўнг­­ли ўқишдан совиб кетяпти. Тўғри-да, авваллари мен ўтган ҳафтада мана шунча беш олибман дея ўртоқлари билан рақобатлашиб ўқишарди. Дада бешларимни қаранг, онажон бу ҳафта йигирмата беш олибман, деб ғурурланиб, мақтаниб келишарди.

Энди ҳаммаси йўққа чиқандек.

Кимлардир балки мурғак боласига тахтакашдек “ойпон”ларни бериб қўйгандир, лекин ҳамма ҳам бу “матоҳ” боласини тўғри йўлдан чалғитмаслигига ишона олмайди. Айниқса, бизнинг ҳамқишлоқлардек соддадил одамлар. Қолаверса, бу зорманда анча қиммат. Барчанинг ҳам олиб беришга имкони йўқ. Бугун сотиб олганингиз, эртага дарров русуми ўзгаради, ё эскиради. Битта ўртоғи олиб келса бас, ўзиники билан солиштиради. Яна бошқасини олиб берасизми? Фикри-ёди телефонда, планшетда, компьютерда! Барибир ўқишдан чалғийди-да. Бунинг устига “Электрон кундалик” бепул бўлса экан! Аксинча, унга обуна бўлиш учун қоғоз шаклидаги кундалик дафтар нархидан кам бўлмаган пулни тўлаб қўйиш керак. Бунинг устига интернет орқали “кундаликка кириш” дастурига боғланиш зарур. Энди айтинг, миллионлаб оддий одамларга битта дастурчи, ёки электрончи керакми? Қолаверса, интернет деганлари қаерда бепул ва муаммосиз ишлайди? Ҳали чироқ ўчиш масалаларини гапирмай қўя қолайлик. Шундай экан, “Кундалик дафтарлари”миз кимга халақит бераётган эди ўзи?

Хўш, болалар ёинки, ота-оналар нима ютаяпти бу ўзгаришдан? Ва бугунги кунда мамлакатимиздаги 10 мингдан зиёд мактабларда неча фоиз “Электрон кундалик”ка обуна бўлинган? Фарғонадаги қишлоқ мактаб­ларининг бирида бўлиб, ана шу масала билан қизиқдим. Азбарои шу мактаб­­га ёвқараш бўлмаслик учун унинг қайси мактаб эканлигини очиқламай қўя қолай. Аммо 20 фоиз ҳам “Электрон кундалик”ка боғланилмаган. Обуна бўлганларнинг қанча қисми ота-­оналар билан, ўқувчилар билан қамраб олинган? Буни эса бугун ҳеч ким билмаса керак. Шу жиҳатнинг ўзи бу платформанинг ҳозирча бемаврид эканлигини кўрсатиб турибди.

Қизиғи шундаки, “Электрон кундалик” иловасига эътибор қилмасангиз ҳам кўриниб турибди: Россиянинг “Дневник.ру” иловасидан нусха кўчирилганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Яна компьютер ўйинлари деймиз, порнография деймиз, зўравонлик, пичоқ­бозлик деймиз. Болаликдан телефондан бўшамаганидан кейин бундай ҳолатлар урчийди-да.

Гўёки бир мўъжизадек ишлайдиган янгидан-янги дастурлар диққат марказида турганда сизнинг одоб-ахлоқ ҳақидаги вайсашингиз боланинг қулоғига кирармиди.

Мана нима учун устозига қўл кўтарадиган ўқувчилар, буюк аждодларимизнинг суратини оёқ ости қиладиганлар пайдо бўлаяпти. Садоқат ва инсонийлик нима эканлигини билмайдиган меҳрсизларни ўзимиз етиштирмаяпмизми? Ҳадемай устозларнинг ҳам кераги бўлмай қолса керак. Ҳамма нарса компьютерда, интернетда бор-ку. Худо сақласинку, аммо мен ҳозирданоқ роботларнинг ўқувчиларга инсонийлик туйғуларини қандай оҳангда гапириб, қандай усул билан ўргатишини тасаввур қилаяпман…

Энди мулоҳазамизни яна ўша кимлардир “эскилик сарқити” деб биладиган, аслида фарзандларимиз учун ноёб таълим-тарбия кўзгуси ҳисоб­ланган “Кундалик дафтари” ҳақидаги фикрларимиз билан давом эттирсак.

Кундалик дафтар. Нима дейсиз, у шунчалик ёмонмиди? Ахир, чиндан ҳам ҳар гал баҳо олганда… уни устозларимизга қўйдириб, “бугун онажон, 4 та беш олдим!” деб хурсанд бўлиб уйга чоп­масмидик?

Умуман, миллионлаб болаларнинг тақдирига дахлдор бундай нарсалар ким билан ҳисоблашиб ўзгартирилмоқда? Шундай экан, Халқ таълими вазирлигига савол беришга ҳақлимиз: мамлакатда неча фоиз ота-оналар, ўқувчилар, келинг ўқитувчиларнинг ҳам бу борадаги фикри ўрганилди?

Сўраб кўринг, бугун минглаб, миллионлаб ота-оналар, ҳатто аксарият ўқитувчилар ҳам “Кундалик дафтари” ўрнига “электрон дастур” киритилганидан хурсанд эмас. Эҳтимол, китоблардан ҳам тўлиқ воз кечишни ўйлаётгандирмиз? Ким билади, ахир ҳамма нарсанинг бугун электрон версияси бор-ку? Тўғрими?

Президентимиз Шавкат Мирзиёев катта йиғинларда бир неча бор “Болаларимизни телефон тарбиялаяпти”, деб афсус билан гапирдилар. Шахсан ўзим эшитдим. Лекин, халқ таълими мактаб ўқувчиларининг қўлидаги телефонни бироз муддатга олиб қўйиш ўрнига, аксинча, “Кундалик дафтари”ни тортиб олди.

Назаримизда бу мутлақо нотўғри. Бу билангина ҳамма замонавий коммуникация эгаси бўлиб қолмайди. “Кундалик дафтари” тутган бола, интернетда ишлолмайди, деб ким айтди? Ахир бугунги ёшлар шундоғам туғилганидан телефонга ёпишиб катта бўлишяпти-ку.

Илтимос, ўйлаб кўрайлик, ҳали ҳам кеч эмас: “Кундалик дафтари”ни қайтарайлик!

Минг-минглаб қишлоқларимизда яшаётган, интернет тугул, телефоннинг антеннаси чиқиб-чиқмай ўйнайдиган жойларда ўқиётган болаларимиз учун барибир “Кундалик дафтари” керак. Ҳатто, мактабни анча йиллар олдин битириб кетган фарзандларининг “Кундалик дафтар”лари сақланади кўплаб оилаларда. Чунки бу дафтарда ҳар ҳафта хулқи, одоби деган жойлари бўлар эди. Ўқитувчи, ота-она имзоси қўйиларди. Ҳам жуда арзон, қулай ва фойдали эди.

Юқоридаги мулоҳазаларимни ўқиб кимлардир аниқроғи, халқ таълими мутасаддилари мени “замонавий интернет имкониятларига душман” сифатида баҳолаши мумкин. Шуни айтишим керакки, бугун интернетга, илғор коммуникация тизимларига қарши бўлишнинг ўзи катта хатолик. Интернетсиз, илғор технологияларсиз ҳаёт йўқ, келажак йўқ. Аммо интернет деб, замонавийлик деб ҳамма нарсадан воз кечиш ҳам тўғрими? Ахир китоб-дафтардан, шу жумладан, “Кундалик дафтарлари”дан ёшларимиз фойдаланмаса, замондан орқада қолиб кетадими?

Ўйлаб кўрайлик, сиз бунга нима дейсиз азиз юртдош­лар?!

Камолиддин РЎЗИМАТОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

8 − 3 =