“Алпомиш” — афсона эмас!

“Алпомиш” – афсона эмас, эртак эмас, у — асл ҳақиқат. У — илдизи неча асрларга туташган қадим   ўзбек халқининг узоқ ўтмиши ҳақида битилган дос­тон. Ҳаёти ва кураши, севгиси, муҳаб­бати, азобу изтироблари, кўз ёши-ю, шодлиги,   хуллас, бир сўз билан ифодалаганда бутун бир халқнинг тарихи ифодаланган олтин мерос. Шу туфайли ҳам, неча ўнлаб асрлар давомида халқимиз   ўз қаҳрамонини севиб,   ардоқлаб, бошига кўтариб келган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Алпомиш   достони яратилганлигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори   замирида жуда катта   тарихий ҳақиқат ётибди. Ва   ҳеч муболағасиз айтсак бўлади, бу мамлакатимиз барча   зиёлилари учун бир   дастур вазифасини ўтайди. Ушбу қарорнинг қабул   қилиниши “Алпомиш”ни шунчаки бир   эслаб қўйиш эмас, балки, асрлар давомида унутилиб, топталиб келинган   ўтмишнинг тикланиши ҳамдир.

“Aлпомиш” достони тўла   нашрининг чоп этилиши   халқ оғзаки ижоди   мухлисларига катта совға   бўлди. Достоннинг академик   нашрини амалга ошириш   ва хорижий тилларда   чоп этиш, юз   жилдлик “Ўзбек фольклори   ёдгорликлари” тўпламларини нашрга тайёрлаш ва   2001 йилдан бошлаб уни   чоп этишга киришиш   мамлакатимизда халқ ижодини   гуллаб-яшнатиш борасида қилинаётган   ғамхўрликнинг яна бир   ёрқин далили, десак хато бўлмас.

Фольклоршунос олимларнинг   фик­рича, “Алпомиш”нинг   40 дан ортиқ варианти   бор. Энди, тўй шарофати билан   чоп этилмаган лекин   эл орасида машҳур   бўлган нусхаларини ёзиб   олиш керак. Олдинги йили “Алпомиш” достонининг сурхондарёлик бахши   Хушбоқ Мардонақул ўғли   айтган нусхасини ёзиб   олдик. Видеотасмага кўчирилган бу   залворли достон узлуксиз   ижро этилганда деярли   бир кечаю кундуз керак бўлади.

Хушбоқ бахши — машҳур бахшилар сулоласининг   кенжа вакили. Шерна бахши унинг   бобоси, Мардонақул бахши   эса падари бузрукворидир.

Хушбоқ бахшининг   танглайи дўмбира билан   кўтарилган. Энди Алпомишга келсак,   унинг камон отиб, от   чоптириб ўтган тупроғи   Бойсун қўнғирот эли эди. Бу ерлар   ҳозир ҳам бор. Мана, Бешқўтон деган жой бор, Бойсари ўз акаси Бойбўридан закот учун аразлагандан кейин беш минг қўй билан келади. Бешта қўтон қурдиради. Ҳар қўтонга мингтадан қўй солади. Қалмоқларнинг подшоси Тойчахон эди. Шерободнинг Турган деган дарёси Талашқоннинг устидан оққан. Дарёнинг бир бетида — кунчиқар томонида қўнғиротлар яшаган бўлса, нариги томонида, яъни то   Хоразмгача бўлган чегараларда қалмоқлар   яшаган. Ана шу Бешқўтон бойлари дарёдан бу томонга ўтганда, қалмоқ чопарлари Тойчахонга хабар беради. Беш минг қўйли Бойсари: “Биз сиздан мадад истаб юрт тилаб келдик, бош­пана беринг, майли молимизга закот берамиз”, деб хат йўллайди. Тойчахон: “Ёрдам сўраб кептими, кўкрагидан итармайман, инсоф қиламан. Мусулмон, пок, ҳалол одам   экан. Берганини берсин, закот сўраманглар. Майли, беш минг қўйи ўтлайдиган ер ажратинглар”, — деб мулозимларига буюради.

Бу воқеалар ўтган йилларда Деновда ёзиб олинган нусхада аниқ берилган. Биз бу жойларни бежиз келтирмадик. Чунки Тойчахоннинг қизи Товканинг қўрғони ҳам шу ерда, – Сурхонда. Талашқон деб бекорга ном берилмаган, Кўкалдошнинг оти Кўкдўнон билан Бойчиборнинг бир-бири билан талашиб юрган жойи шу макон.

Муродтепа деган жой ҳам бор биз томонда. Унинг ҳам тарихи ғалати. Бойсари билан Бойбўри фарзандсизлик доғида куйиб юрган пайтлари овга чиқади ва шу тепанинг устида туриб, Худодан зурриёд тилаб, ёлвориб, қайғу-ғам билан уйқуга кетади. Уларнинг муножоти қабул бўлади, Бойбўрининг тушида учта одам келиб: “Тур, муродинг   ҳосил бўлди, Худойим сенга бир ўғилу бир қиз, Бойсари укангга бир қиз ато этди”, — деб уйғотади. Шунда Бойбўри сакраб уйғониб, укасини қучоқлаб, йиғлаб-йиғлаб суюнчилайди: “Шу тепада муродимиз ҳосил бўлди. Кел энди, бу тепанинг номини Муродтепа қўяйлик. Болаларимиз улғайиб, шикорга чиқса, энг аввал шу тепани зиёрат қилсин” , — деб тайинлайди.

Боботоғдан пойга чопганию Алпомишнинг зиндонигача Сурхон заминида   борлиги – буларнинг бариси тарихий   манба эмасми?

Бундай аниқлик   бошқа қайси халқ   достонларида бор?

Зеро, бу тирик манбалар “Алпомиш”нинг афсона   эмаслигини, ўзбекларнинг тенгсиз достони эканлигини далиллайди, бундай мукаммал бойликни авлоддан­-авлодга етказиш бурчимиз эканлигини ҳар биримиз чуқур ҳис қилмоғимиз зарур.

Тоштемир ТУРДИЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 − 8 =