«Босмачи» бобом хотираси

Энамнинг биринчи невараси бўлганим сабаб, у киши менга бошларидан ўтган кунларни, кўрган – боққанларини кечаю кундуз ҳикоя қилиб чарчамас эдилар.

— Отамиз “босмачи” ўтган эканлар. Акам тўрт ёшлигида, мен бир ёшлигимда Зоминнинг “Бойтерак” қишлоғида у киши қизиллар томонидан отиб ўлдирилиб, онамиз 30 ёшлар атрофида бева қолган, — кўзда ёш билан ҳикояларини бошлар эдилар Марзия энам. — Онам ҳам, акам ҳам босмачининг аёли, босмачининг ўғли дея ҳукумат томонидан кўп ситамлар кўрган экан. Онагинам яқинларининг азаларида, эсга тушганда отамизни   ёдлаб шундай йиғлардилар:

 

Қанча эл оғалари

           Ўрисларга сотилди.

           Какулдорни сўрасанг,

           Бойтеракда отилди.                

           Менинг бахтим бахт эди,

           Хонлар қурган тахт эди.

           Паҳлавоним бек эди,

           Тилагани эрк эди.

           Отам қурган Оқсарой

           Оқсаройда на қилай,

           Отам менга на қилсин

           Менинг ўзим бетолай.

  

           Оқсаройга битгандай

           Юрагимда нақшим бор.

           Газанда босқинчида

           То ўлгунча қасдим бор.

 

            Оқсаройда чинорлар

            Шивирлайди барглари.

            Адо қилар ёронлар,

             Шаҳидимнинг дардлари.

 

Бу марсияни мен икки марта эшитганда ёдлаб олган эдим. Энамни саволларга кўмиб ташлардим: Эна отангиз нега “босмачи” бўлган?   “Қизил”лардан бўлганда қаҳрамон бўларди!

— Отам юртимизга бегоналарни киргизмаймиз, ўзгаларга қарам бўлмаймиз, — деб курашган! Отлари Тожиқул бўлган. Босмачиларга алоҳида отлар   қўйилган шекилли, отамни “Какулдор” деб аташган. Зоминга бориб, эскилардан суриштирсанг, отамнинг қўрқмас, ботирликларини ҳали-ҳали айтиб беришади!

— Оқсарой қаерда? Онангиз   марсиясида уни такрор-такрор тилга олган.

— Самарқанддан нарироқда, —   Амир Темур қурган баланд минора экан. Ўз даврида дунёдаги энг баланд минора бўлган. Ё отам, у ёқларга онамизни олиб борган, ё таърифини айтиб берган. Онамиз ўз йиғисида доим Оқсаройни қўшиб айтган. Эссизгиная, “Оқсаройни кўрганмисиз” — деб сўрамаган эканман.

Орадан салкам бир аср ўтиб, Оқсаройга бориш, унинг бетакрор гўзалликларини кўриш менга — “босмачи” бобомнинг эварасига насиб этди!

Ёраб! Менинг ғамдийда   Янглишой энагинам — Оқсаройни кўрган экан! Бўлмаса унинг маҳобатини бундай тарзда куйлай олмас эди! Оқсаройга ўйилган нақшлар, бетак­рорлигини, сира ўчмаслигини юрагидаги дардларига ўхшата олмас эди! Оқсаройдаги неча минг йиллик тераклар барглари товушини эшитмаганда эди, дардларини унинг шивирларига уйқаш билмас эди!

Ҳар гал Зомин тоғларига дам олишга борсак, пурвиқор тоғлар орасидан бир гуруҳ отлиқлари билан “босмачи” отамиз чиқиб келаётгандай туюлади. “Бойтерак” қишлоғидан Янглиш энамизнинг дардли марсияси элас-элас эшитилиб, кўнглимни бузади.

Эрк дея шаҳид кетган “Какулдор” отамиз, унинг жасурлигини мадҳ қилиб ўтган энагинамизнинг мардона қиёфалари кўз ўнгимдан сира кетмайди.

Аслида босмачилар ким бўлган? Ўз туп­роғини ҳимоя қилиб ўз юрти, халқи учун курашганларми ё ўзга юртлардан қурол ўқталиб ўз сиёсатини ўтказмоқ ниятида юртимизни босиб олган ёвларми, буларнинг қай бири аслида “босмачи” деб аталмоғи керак эди? Буни қарангки, маккор ёғийлар юрт ҳимояси учун курашган ота-боболаримизни ўзимизга “босмачи” деб сингдиришган эди. Бугун бу ҳақиқатни очиқ айтмасак инсофдан бўлмас.

Дилором ИСМАДИЁРОВА,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Сирдарё вилоят бўлими мутахассиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight − 2 =