Ҳаракатлар стратегияси: миллий мақсадларимиз рўёби

Умуммиллий ғоя

Ҳар бир халқнинг олдига қўйган улуғ ва истиқболли режалари мамлакат ўз тақдирини қандай кўра олиши, унга эришиш салоҳиятини ҳам намоён этади. Зеро, давлатнинг миллий стратегик мақсадлари мажмуининг борлиги унинг эртанги куни, эзгу мақсадларига юксак ишонч бор, деганидир.

Мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегияси юрт тақдирини белгиловчи ва янги ислоҳотлар даврини ўзида ифода этувчи умуммиллий ғояга айланди. Таъкидлаш керакки, мамлакатимизда амалга оширилган саъй-ҳаракатларнинг беш йиллик сарҳисоби ўртага ташланганда бу йўлда муҳим дастурил­амал бўлган Ҳаракатлар стратегияси ўзини муносиб равишда оқлагани исботланди.

Хўш, бу сарҳисоб нималарни ўзида ифода этди?

Аввало, мазкур стратегия аниқ ва устувор тамойилларга эга бўлиб, барча соҳа ва тармоқларни қамраб олган муҳим йўналишлари босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилди, дастур ва амалий ҳаракатнинг изчил бирлиги унинг натижадорлигини янада оширишга хизмат қилди. Одамларнинг тили, миллати, динидан қатъи назар тинч ва фаровон, ҳаётидан рози бўлиб яшаши давлатнинг бош мақсадига айланди.

Айниқса, кундан-кунга ривожлантириб бораётган ижтимоий соҳаларда, жумладан, ёшларга муносиб таълим бериш, уларни замонавий касб-ҳунарлар, билим ва салоҳиятли инсонлар этиб тарбиялаш йўлидаги амалий ишларни барчамиз шукроналик ва миннатдорлик билан тилга олмоқдамиз. Узлуксиз таълим тизими мазмунини сифат жиҳатидан янгилаш, иқтидорли ўғил-қизлар билан аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни амалга оширишга ҳам бирламчи эътибор қаратилаётгани аҳамиятлидир.

Таълим ва фан соҳаси–стратегиянинг “юраги”

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг тўртинчи — таълим ва фан соҳасини ривож­лантириш йўналишида белгиланган вазифа ва мақсадлар тўлақонли адо этилаётганига гувоҳмиз.

Яъни, узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш йўлини давом эттириш, сифатли таълим хизматларига имкониятларни ошириш, меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мувофиқ юқори малакали кадрларни тайёрлашга жиддий киришилди. Натижада, сўнгги беш йил ичида мамлакатда олий маълумотли кадрлар тайёрлаш тизими тубдан ислоҳ қилинишига эришилди. Бунда мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтиришдан тортиб, мазкур муассасаларга болалар қамровини оширишгача самарали қадамлар қў­йилди. Умумий ўрта таълим сифати тубдан оширилиб, мактабларда чет тиллар, информатика, математика, физика, химия, биология каби бошқа муҳим ва талаб юқори бўлган предметлар чуқурлаштирилган тарзда ўрганилмоқда. Касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларини бозор иқтисодиёти ва иш берувчиларнинг эҳтиёжларига жавоб берадиган мутахассис­ликлар бўйича тайёрлаш ҳамда ишга жойлаштириш борасидаги ишлар ҳам янада такомиллашганини эътироф этиш керак.

Қолаверса, илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш, илмий ва инновация ютуқларини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳузурида ихтисослаштирилган илмий-экспериментал лабораториялар, юқори технология марказлари ва технопаркларни ташкил этиш вазифаси босқичма-босқич адо этилаётир.

Ҳаракатлар стратегиясининг муҳим аҳамиятларидан бири бу — мамлакатимизда ёшларга сифатли олий таълим бериш борасида олиб борилаётган изчил ишларда янада яққол намоён бўлаётир. Биргина олий таълим қамровининг сўнгги беш йилда 9 фоиздан 27 фоизга кўтарилгани, 2016 йилда мавжуд бўлган 77 та олий ўқув юрти бугунга келиб 142 тани ташкил этиб, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларни моддий қўллаб-қувватлашга эришилгани мазкур ҳужжатда белгиланган ҳар бир банд ўз ечими ва рўёбини топаётганидан далолат.

Мамлакатда олий таълим тизимини ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологиялари асосида ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш мақсадида жорий этилган Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси эса бизга қўшқанот бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Халқаро ҳамкорлик уфқлари

Хорижий мамлакатлар билан қўшма таълим дастурлари доирасида янги касблар бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилди. Буни Фарғона давлат университети мисолида айтадиган бўлсак, университет ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган халқаро олий ўқув юртлари сони бугунги кунда 70 тадан ортди. Қозон федерал университети ва Венгрия давлат университетлари билан қўшма факультетлар ташкил этилиб, талабаларнинг билим олиш даражаси халқаро стандартларга янада мослаштирилмоқда. Шунингдек, илм-фан ва инновацион ривожланиш соҳасидаги ижобий ўзгаришларнинг олий таълим муассасаларидаги самаралари ёш олим ва тадқиқотчилар сафининг сезиларли даража ошиши университет илмий салоҳиятининг юксалишига хизмат қилмоқда. Бу эса муҳтарам Президентимизнинг “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тар­биялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак”, деган сўзлари замиридаги улуғвор мақсаднинг рўёби сари дадил қадамлар қўйилаётганини англатади.

Миллий таълим сифатини янги ва юқори босқичга олиб чиқиш, шунинг баробарида олий таълимни Янги Ўзбекистонга хос ва мос тизимга айлантиришни кўзда тутган юксак ислоҳотларнинг Фарғона давлат университетидаги амалий ифодалари олийгоҳимизни таълим истиқболи сари муносиб қадамлар ташлаётганини кўрсатади.

Университетнинг халқаро олий таълим ютуқларини ўзлаштириш ва таълим сифатини дунё стандартлари даражасига олиб чиқишга қаратилган саъй-ҳаракатлари ҳам янги босқичга кўтарилди.   Япониянинг Тохоку университети, Москва давлат университети, Германиянинг Мюнстер университети, Жанубий Кореянинг Ҳангук университети, Қозоғистоннинг Евроосиё миллий университети, Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети, Хитойнинг Конфуций институти, Швециянинг Лунд университети сингари 70 дан ортиқ Европа ва Шарқий Осиёдаги нуфузли олий таълим муассасалари билан ўрнатилган ҳамкорлик ришталари олий таълимнинг халқаро ютуқларини ўзлаштириш имконини бериш билан бирга, талабаларнинг халқаро стандартлар асосида билим олиши учун замин яратмоқда. Россия Федерациясининг Қозон федерал университети билан “Филология ва тилларни ўқитиш: рус тили” йўналишида қўшма таълим дастурининг йўлга қўйилгани бу борадаги муносиб қадам бўлди. Мазкур йўналишдаги ҳамкорлик алоқалари Томск давлат университети ва Санкт-Петербург давлат университетлари ҳам ўрнатилиши режалаштирилган. Таъкидлаш керакки, муҳтарам Президентимиз эътибори ва ташаббуси асосида Фарғона давлат университети ва Венгриянинг Etvosh Lorand университети ўртасида мевачилик ва узумчилик йўналишида қўшма факультет ташкил этилиши олийгоҳимизнинг аграр соҳа мутахассисларини тайёрлашдаги тажрибасига билдирилган ишончнинг белгисидир.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси билан ўтказилаётган кўплаб илмий-инновацион лойиҳаларга университетимиз мезбонлик қилмоқда. Биргина Фарғона давлат университети чет тиллари факультетида бўлиб ўтаётган EMI (English as a Medium of Instruction) халқаро лойиҳаси турли йўналишлардаги фанлар ва модулларни инг­лиз тилида ўқитиш тажрибасини ривожлантириш, бу соҳадаги стратегияларни ишлаб чиқиш, фан ўқитувчиларига ўқув ва баҳолаш материалларини инглиз тилида яратиш имкониятларини тақдим этмоқда. Британия Кенгаши ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда олиб борилаётган уч йиллик лойиҳа профессор-ўқитувчиларининг мутахассислик фанларини инглиз тилида ўқитиш маҳоратини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Илм-фан — тараққиётни белгилайди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 сентябрдаги “Республика олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган, илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланаётган иқтидорли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони ёш ва изланувчан педагоглар, талабалар учун алоҳида имконият ва эътибор намунаси бўлди.

Бугунги кунда университетимизда Бегзод Иминов, Исломжон Мўминов, Рустам Умрзоқов, Низомиддин Қўлдошев, Нуриддин Аҳмадиев, Ҳасанбой Қодиров, Бекзод Тоипов сингари ёш тадқиқотчилар фанлар бўйича фалсафа докторлиги диссертацияларини ҳимоя қилиш арафасидалар. Куни кеча университетнинг ўзбек тили ихтисослиги 2-курс докторанти Гулруҳ Жўрабоева эса ўз диссертация (PhD) ишини муваффақиятли ҳимоя қилди. Филология факультети доценти Гулбаҳор Розиқова докторлик (DsC)диссертациясини ёқлади. Жорий йилнинг ўзида профессор-ўқитувчиларимиз сафи 4 нафар фан доктори, 33 нафар фанлар бўйича фалсафа докторлари билан кенгайгани илм-фан тараққиётини белгиловчи куч саналган ёш авлоднинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг амалий натижасидир.

Шу ўринда айтишим мумкинки, ўзимнинг илмий ишимни ёзиш ва уни ҳимояга олиб чиқиш жараёнидаги қийинчиликларни ёдга олсам, бугунги илмий изланишдаги ёшлар учун яратилган имкониятлардан, уларнинг илмий-ижодий парвозига юксак ёшларпарвар сиёсат билан қанот берилганидан қувониб кетаман. Аслида мана шу ҳолатнинг ўзида биз олдимизга қўйган стратегик мақсадларнинг бугунги ҳосиласини кўраётирмиз.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаб­буси билан университетда ташкил этилган “Теxnoways Ferghana” технологик ривожланиш марафони ўзининг янги инновацион ишланмаларини яратган юздан ортиқ талабалар ва ёш олимларга илмий юксалиш ва муваффақият олиб келди. “Мен инноваторман” шиори остида ўтказилган марафон талаба-ёшлар ва ўқитувчилар ўртасида инноваторликни қўллаб-қувватлаш ҳамда лойиҳаларни амалиётга татбиқ қилишга ёрдам бериш, ёшларнинг инновация, стартап, технология, дастурлаш бў­йича билимларини ошириш, шунингдек, ишлаб чиқилган лойиҳаларни тижоратлаштириш кўникмаларини шакллантириш ва рағбатлантиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Унда 17 нафар ёшларимиз томонидан тақдим этилган лойиҳа ва ишланмалар юқори баҳоланди ва навбатдаги акселерация босқичига йўлланма берилди. Турсуной Aбдувалиеванинг “Электр токини ўтказувчи сиёҳлар ишлаб чиқариш”, Бекзод Усмоналиевнинг “Aгросервис”, Aббосхон Aъзамовнинг “Инновацион аератор”, Мирзараҳим Мирзараҳимовнинг “Реал Жоб”, Дилфуза Хожиеванинг “ТЕAМ wоrk.uz”, Хондамир Рустамовнинг “БиоДатаБанк.uz” каби стартап лойиҳаларининг истиқболдаги самарасига алоҳида ишонч билдирилди.

Бугунги кунда олий таълим тизимини янги сифат босқичига кўтариш бўйича бошланган катта ишлар олдимиздаги улуғвор вазифа — Президентимиз таъбири билан айтганда, фаол фуқаролик позициясига эга бўлган, Ватан ва халқ манфаатларини қатъий ҳимоя қила оладиган, замонавий, кенг фикрлайдиган ёш авлодни шакллантириш мақсади йўлидаги изланишларимизни янада жадаллаштирмоқда.

Олдимизда Янги Ўзбекистондаги Учинчи Ренессанснинг таянч устуни бўлишдек улуғвор мақсад турибди. Шубҳасиз, бу йўлдан бизга тараққиётнинг тамал тоши бўлган илм-маърифат маёғи билан борамиз. Ёшларимизни илм-фан, маърифат ва маънавият, тараққиёт ютуқлари билан таъмин этмоғимиз эса янада муҳимдир.

Дарҳақиқат, Ҳаракатлар стратегияси бугунги глобаллашув шароитида Ўзбекистон учун сиё­сий, ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ислоҳотларнинг энг муҳим беш устувор йўналишини амалга оширишнинг миллий стратегик ҳужжати эканлиги амалда тўлақонли ўз аксини топди. Эндиликда Учинчи Ренессанс сари муносиб одимлар ташлаётган Янги Ўзбе­кистон стратегияси жамиятнинг яқин ва ўрта истиқболидаги тараққиётини кўзда тутган устувор йўналишлари юртимиз ҳаётида амалий ифода топишига улкан умид ва ишонч бор қалбимизда. Зеро, қисқа вақт ичида Она Ватанимизнинг янгидан-янги ўзгариш ва янгиланиш­лар мамлакатига айлангани халқимиз тақдири янада порлоқ ва муродбахш йилларга ҳамоҳанг бўлишини кўрсатади.

Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,

Фарғона давлат университети ректори,

педагогика фанлари доктори, профессор

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − 5 =