Китоб саккизинчи мўъжизами?
Бундан анча йиллар илгари забардаст ёзувчи Шукур Холмирзаев (Охирати обод бўлсин) Ёзувчилар уюшмасида ўтказилган бир анжуманда айнан “Адабиёт ўладими?” деган мавзуда маъруза қилган ва “Адабиёт ҳеч қачон ўлмайди” деб хулоса чиқарган эди.
Тасодифни қарангки, бир неча йил олдин Гватемала ёзувчиси, Нобель мукофоти совриндори Мигел Анхел Астуриаснинг “Адабиёт қачон ўлади?” мақоласини ўқиган эдим. Бу буюк ёзувчи 1975 йилда вафот этган. Биргина “Сеньор президент” романи юзлаб тилларга таржима қилинган. Улуғ адиб “Лотин Америкаси романи” деб аталаётган янги йўналишни бошлаб берганлардан бири. Ёзувчи бизни эндигина ташвишга, ҳаяжонга солаётган муаммолар ҳақида ўз қарашлари, ҳукм-хулосаларини бундан ярим аср олдин очиқ-ойдин айтган, авлиёларча фикр билдирган экан: “Аниқ биламан, кун келиб авлодлар коммунизм ва шу каби тузумлар ҳақида ёзилган китобларни унутадилар. Халқларнинг ботиний қиёфаси минг марталаб ўзгаради, лекин у инсонлигича қолаверади. Айнан шу – инсонликнинг қаймоғини ўзида олиб чиқа олган китобларгина мангу қолади”. Астуриас бу сўзларни дангал, мардона айтган пайтда биз янги, порлоқ коммунистик жамият қурамиз деб кўкрагимизга уриб юрар, ҳамма бирдек бахтиёр, фаровон турмуш кечиради деб ишонар эдик. Камчиликлар, етишмовчиликлар, қийинчиликларга ўткинчи нарсалар деб қарар эдик. Ҳаётнинг ўзи кўзимизни мошдек очиб қўйди. Ўз юртидан қувилиб, ғурбатда яшаган Астуриас ва унинг маслакдошлари ҳақ бўлиб чиқди. Биз чув тушдик. Қаттиқ алдандик. Бу аччиқ сабоқни унутмаслигимиз керак.
Бугунги кунда юқоридагига ўхшаш саволларга эҳтиёж йўқ. Аксинча, Янги Ўзбекистонда маънавий бойликлар – адабиёт, санъат, илмга эҳтиёж тобора кучайиб бормоқда.
Буни фақат халқимизгина эмас, бутун дунё аҳли кўриб турибди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев амалий ишларни, тадбиркорликни, ижодий бунёдкорликни кенг қўламда бутун мамлакатимиз бўйлаб авж олдириб юборди. Қисқа муддат ичида қилинган ва қилинаётган ишлар, қурилишларни кўриб, ақлингиз шошиб қолади. Хорижий инвестацияларни юртимизга кенг миқёсда жалб қилиш, тинч-тотувлик, яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш, ҳамма соҳаларда адолат устуворлигини ўрнатиш… Маънавият соҳасига келсак, китобхонлик маданиятини ошириш, китоб нашр этиш тизимини такомиллаштириш, ижодкорларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларга яратилаётган имтиёзлар… Аммо, энди ноз-неъматларни осонгина ўзлаштириб, текин еб ётиш даври ўтди. Куни кечагина амалдорнинг мушугини “пишт” дейишга қўрқар эдик. Ҳозир эса халқнинг насибасини ўмаришга ўрганган порахўр раҳбарлардан қанчадан-қанчаси жазосини тортиб ётибди. Яқин йигирма беш йил ичида аёвсиз йўқ қилинган кутубхоналар, бузиб ташланган маданият саройлари тикланяпти. Худога шукур, одамлар китоб ўқий бошлади. Жойларга китобларни олиб бориб тарқатишдек эзгу ишлар йўлга қўйилди. Хуллас, адабиёт, маданият соҳасидаги ишлардан тобора кўнглимиз тўлиб бораяпти. Албатта, гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек, камчиликларимиз ҳали кўп. Масалан, қўлига китоб ушламаса ҳам ўзини китобхон қилиб кўрсатаётган чаламулла раҳбарларимиз кам дейсизми? Ана шулардан кўпроқ қўрқиш керак. Янги ҳокимларимиздан бири: “Озод Шарафиддинов китобни саккизинчи мўъжиза деб атаган” деб ёзди. Ахир ҳаммамиз биламиз-ку, домланинг китоб ҳақидаги салмоқли мақоласи “Биринчи мўъжиза” деб аталади. “Оламда яна бир мўъжиза борки, – деб ёзади у. – Унинг буюклиги, муқаддаслиги етти мўъжизанинг жамики улуғворлиги, гўзаллигидан камлик қилмайди… Бу мўъжиза китоб. Китобнинг мўъжиза, мўъжиза бўлганда ҳам биринчи мўъжиза (!) эканини кўпгина буюк одамлар қайд қилган”. (О.Шарафиддинов. Биринчи мўъжиза. Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, Т., – 1979, 11-бет). Домла айнан шундай ёзган. Нега энди билимдонлик қилиб, китобни “саккизинчи мўъжиза»га айлантириб, уни энг охирги ўринга (!) суриб қўйишимиз керак? Устозимиз айтганидек, китоб, адабиёт ҳар доим биринчи мўъжиза бўлиб қолаверади. Шундай экан, унга зарурат ҳеч қачон, ҳеч қаерда камаймайди. Аммо, табиийки заиф, ғўр асарларнинг умри ҳамиша қисқа бўлган. Бундан кейин ҳам шундай бўлади. Демак, чинакам яхши асар ўлмайди. Шу ўринда биргина мисол келтириб ўтай. Ҳазрат Алишер Навоий ва султон Ҳусайн Бойқаро даврида илм-фан, адабиёт ва санъат гуллаб-яшнагани маълум. Айниқса, ғазалхонлик юксак мақомда турган. Ҳатто бозорда ғазалфурушлик қилувчилар ҳам бўлган. Хўш, энди айтингчи, ана шу ғазалфурушлардан қанчасининг номи-ю девони бизгача етиб келди? Узоққа бормай қўяқолайлик. 20-30-йилларда ҳам кўплаб адабий-бадиий китоблар нашр этилгани маълум. Уларни ҳозир саноқли мутахассислардан бошқа ким билади?
Вақтнинг ўзи адолатли ҳакам. Унинг шафқатсиз синовидан ўта олган асарларгина мангуликка дахлдор бўлиб яшаб қолади. Демак, ҳақиқий асарларга зарурат ҳеч қачон, ҳеч қаерда йўқолмайди. Унга банкротликнинг дахли йўқ. Ҳозирги зийрак китобхон яхши асар билан бемаза қовуннинг уруғини адашмай ажрата бошлагани адабиётимизнинг катта бахти. Хуллас, китобга муносабат ҳамиша жиддий ўринда турганки, бу хусусда батафсилроқ тўхталишга тўғри келади. Биргина йигирманчи асрнинг ўзида, китоблар бир неча марта қатлиомга учраганини эсланг. Бундан 25 йиллар илгари юз берган совуқ бир ҳодиса юрагимга тошдек ботган. Эски консерваториянинг рўпарасидаги катта китоб дўкони бор эди. Ана шу антиқа дўкон бир кун ичида йўқ қилинди. Икки кун муҳлат, магазинни бўшатасанлар деб буйруқ қилинган. Айтилган вақтда ёлланган ишчилар магазинда битта ҳам китоб қолдирмасдан ҳаммасини кўчага улоқтиришган. Китобга – илм хазинасига муносабатни кўринг! Замон зўрники бўлгандан кейин аҳвол шу-да! Ҳеч ким китоб сотувчиларнинг дод-фарёдига қулоқ солмаган экан!
Президент Шавкат Мирзиёев бир деганда айнан ана шу китоб магазинини аввалгидан кўра салаботли қилиб жойига тиклаб қўйди. Қойил қолдик. Минг раҳмат!
Ёзувчилар уюшмасининг Пушкин кўчасидаги кутубхонасини кўпчилик яхши билади. Бу ерда неча йиллар заҳмат чекиб йиғилган ёзувчи, шоирлар-муаллифларнинг дастхати битилган нодир китоблар тўпланган эди. Ҳозир улар қаерга кетди? Уларни йўқотишга ким буйруқ берган? Ёки Дўрмондаги Ёзувчилар боғида китоб кам эдими? Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида, “Шарқ”, “Ўқитувчи”, “Ўзбекистон” нашриётларида, шаҳарлар, туман марказлари, қишлоқ советлари, мактаб кутубхоналарида озмунча китоб йиғилган эдими? Тарихий аҳамиятга молик машҳур “Турон” кутубхонаси қани? Ўзим туғилиб ўсган қадрдон қишлоғим Хумсондаги кутубхонага кирганимизда китоблар кўплигидан бошимиз айланиб кетарди.
Ҳозир шу кутубхонадан ҳамда қишлоқдаги мухташам масжидлардан (қариялар тўққизта, бирови ўн битта (!) масжид бўлган дейишади), қишлоқ марказидаги тошкентлик Ориф ҳожи бобо қурдирган улкан, салоботли масжид, Олим қози бобомиз қурдирган, хоналари кўркам нақшлар билан безатилган ажойиб бинолардан ном-нишон қолган эмас. Раҳматли бобом Маҳмуд оқсоқол Додимов (халқ душмани сифатида Чимкентда 1933 йил 21 март — Наврўз кунида отилган) қурдирган улкан, салобатли масжид ҳам 50-йилларнинг охирларида ваҳшийларча бузиб ташланган. Бизнинг кўз ўнгимизда қуриб битказилган катта клуб, улкан чойхона нима учун бузиб ташланганини ҳеч ким билмайди! Ўттизинчи йилларда араб ёзувида битилган китобларга келган қора кунлар тўқсонинчи ва ундан кейинги йилларда крилл ёзувидаги китобларнинг бошига тушди. Буларнинг барини айтаман десак, бир эмас, ўнлаб суҳбатлар камлик қилади. Худога шукур, ниҳоят, бошқача замон келди. Ҳозир муҳтарам Президентимизнинг шахсан ўзи китобхонлик маданиятини оширишга бош-қош бўлиб турганини кўриб, кўнглимиз яйраб кетади. Ҳамма ерларда масжидлар, маданият саройлари, кутубхоналар қайта қурилмоқда. “Турон” кутубхонаси ҳам қайта тикланди. Улар матбуот, радио ва телевидениеда кенг тарғиб қилинмоқда.
Бизнинг халқимиз ҳам, адабиёт ва санъатимиз ҳам ўтган асрда боши берк кўчага кириб қолди. Ундан чиқиб кетишнинг ҳеч қандай иложи йўқ эди. Ёлғон, зўравонлик асосига қурилган, ҳар қандай адолатни поймол қилишга тайёр турган ваҳший, қаттол хукмдорлар ўзининг сохта ғояларидан бошқа ҳеч нарсага йўл бермади. Адабиётда янги изланишлар, янги тамойилларга заррача ўрин йўқ эди. Оқибатда халқнинг чинакам ҳаёти, бошидан кечираётган оғир кунлари адабиётдан ташқарида қолди. Ижод эркинлиги бўғиб ташланган бундай шароитда хориждаги чинакам адабий жараён ҳақида тўғри тасаввурнинг ўзи йўқ эди. Шу йилларда чиқадиган ҳар бир китоб Москванинг тасдиғидан-чиғириғидан ўтказилганини ёзувчиларимиз яхши билади.
Ҳозир аҳвол бутунлай ўзгарди. Чет эл адабиётини аслиятда ўқийдиган ва таржима қила оладиган янги авлод шаклланиб бўлди. Бахтимизга “Жаҳон адабиёти” журнали мунтазам чиқиб турибди. Бу ижобий жараён янада ривожланишига шубҳа йўқ. Ҳозирги ёш ижодкорларимиз ана шу ҳаётбахш омиллардан баҳраманд бўлмоқдалар. Шу кунларда катта ёзувчиларимиз Хуршид Дўстмуҳаммад, Эркин Аъзам, Усмон Азим, Луқмон Бўрихон, Исажон Султон, Абдуқаюм Йўлдошев, Шойим Бўтаев, Шоҳида Исахонова ва бошқа кўплаб ижодкорларнинг насрий асарлари хориждаги асарлар билан бемалол беллаша олади. Улуғбек Ҳамдамнинг “Мувозанат” романи чет элда чоп этилди. Исажон Султоновнинг қисса ва ҳикоялари хорижий китобхонларга манзур бўлаётганидан хабаримиз бор. Шоира қизларимиз, сингилларимиз ҳам орқада қолаётгани йўқ. Зулфия Мўминованинг “Аёлни енгиб бўлмайди” шеърий тўплами Америка Қўшма Штатларида чоп этилиб, инглиз тилли мухлисларга маъқул бўлаётганини эшитганимизда бошимиз осмонга етди. Шарифа Салимованинг шеърлари немисларни мафтун этганидан қувончга тўлдик. Хосият Рустамова ҳам анчадан бери жаҳон шеърияти минбарига дадил чиқиб, мухлисларни қувонтирмоқда.
Бугунги ўзбек насри Ғарбу Шарқ адабиётининг соясида қолиб кетмасмикин деб ташвишланишга ўрин йўқ. Аксинча, дунё адабиётининг сара намуналари қанча кўп таржима қилинса ва кўп ўқилса,улардан бир умр сабоқ олинса – бу айниқса, ёш ижодкорларимиз учун шунча кўп фойдалидир. Улар маҳорат, ўқиб-ўрганиш мактабидир. Ғарбда бульвар (кўча) адабиёти, бизда эса бозор адабиёти деб “шуҳрат” қозонаётган хашаки асарлар бошқа нарса. Улар вақт синовига бардош беролмаётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Бундай асарларнинг савиясини бугунги китобхонларимиз адашмай ажратадиган бўлиб бораяпти. Шунинг учун бу муаммоларга батафсил тўхталмай қўя қолайлик.
Кейинги йилларда мен кўпроқ бадиий таржима билан шуғулланяпман. Бадиий таржимага фақат маънавий эҳтиёж туфайли ботиниб-ботинмай қўл урганман. Қирим-татар ёзувчиси Айдер Осман “Олишув” қиссасини журналга ҳавола қилган экан. Наср бўлимида ишлаётган қадрдон укаларимдан бири – таниқли шоир, таржимон ва олим Тоҳир Қаҳҳор шу қиссани таржима қилиб беринг деб таклиф қилди. Мен дастлаб рад этдим. Аммо Тоҳир: “Қувғинда юрган ана шу халққа маънавий ёрдамимиз тегсин, муаллифнинг ўзи ҳам ёрдам беради”, – деб қўймади. Шу гап далда бўлди. Айдер Османнинг “Олишув” қиссаси ва “Сулаймон” ҳикоясини таржима қилдим. Улар “Шарқ юлдузи”да босилди. Сал кейин бу икки асар “Таниш кўзлар” тўпламига кирди. Ўқувчилар яхши қабул қилишди. Кейин анча йилларгача таржимага қўл урмадим.
“Жаҳон адабиёти” журналида ишлаган пайтимда инглиз адибаси Уайданинг “Нелло ва Патраш” ҳикоясини Дилдора Алиева билан бирга таржима қилган эдик. Устоз Озод Шарафиддинов маъқуллаб, “Қўлингиздан келар экан-ку” деб мақтади. Сўнг домланинг даъвати қийин-қистови билан машҳур араб ёзувчиси, Нобель мукофоти лауреати Нажиб Маҳфузнинг “Родопис” тарихий романини таржима қилдим. У “Раққоса Родопис” ҳамда “Малика ва раққоса” номи билан икки марта нашр этилди. Кейинги таржималар ҳам ана шундай – журнал даъвати билан қилинган. Сергей Давлатовнинг “Чемодан” қиссасини ҳам устознинг таклифи билан қилганман. Қисса устида завқ билан қаттиқ ишлаганим эсимда. Кейин ҳам журналда бир қатор таржималарим босилди. Ўзимга ёқадиганлари: Корней Чуковскийнинг “Чехов”, америка адибаси Лилион Росснинг “Хемингуэй портрети” бадиалари, Карлос Фуэнтоснинг “Қувноқ жамоа”, япон адиби Тецуо Миуранинг “Адашган шуълалар”, Нобель мукофоти лауреати Иван Буниннинг ҳикоялари, Василий Яннинг буюк аждодимиз Спитамен ҳақидаги “Қўрғон узра гулханлар” романи, Лев Толстойнинг “Жаҳон адабиёти” журналида “Асосий қаҳрамонларим – ҳақиқат” номи билан эълон қилинган хотиралар ва мактублари, Мигел Анхел Астуриаснинг “Сеньор президент” романи… Уни ҳам Тоҳир Қаҳҳорнинг даъвати билан таржима қилганман.
Бунин ҳикоялари таржимаси учун ҳам узоқ вақт ботинолмай юрдим. Бу ёзувчи номини биринчи марта тўртинчи курсдалигимизда Озод домла маърузасида эшитганман. (Ёзувчининг тўққиз жилдлик асарлар тўпламини қўлга киритишимнинг ўзи бир тарих.) Айниқса, ҳикояларини севиб ўқидим. Таржима қилиш сира хаёлимда йўқ эди. Аммо Бунин асарларига асир, ошиқу шайдо бўлиб қолган эдим. Кўп иккиланишлардан кейин таваккал деб ишга киришганман. Беназир таржимон ва хассос адабиётшунос, илм йўлидаги устозларимдан бири Иброҳим Ғафуров бир учрашганимизда мазкур таржима ҳақида кўнгилга ёқадиган илиқ гапларни айтди ва “фақат сал-пал қалам теккизса бўладиган жойлари бор, умуман яхши”, деб баҳо берди. Эшитиб, роса севинганман. Аммо ана шу “сал-пал” қалам теккизиладиган жойлар қаерда экан? Бу муаммо устида бош қотириб, таржимани қайта-қайта ўқидим, ҳар гал ниманидир тузатган бўлдим. Ниҳоят, кўнглим тўлиб, уларни буюк адиб асарларини нашрга тайёрлашга масъул бўлган шоир укамиз Ғулом Мирзога элтиб бердим.
Астуриаснинг “Сеньор президент” романи бадиий жиҳатдан жуда бақувват, шиддатли кураш-конфликтлар асосига қурилган. Золим, мустабид ҳукмдор – “сеньор президент”нинг икки юзламачилиги, мунофиқлигини кўрсатиш асосий ўринда туради. Бу ҳокими мутлакда заррача шафқат, инсонийлик йўқ, ўз қабиҳ режаларини амалга ошириш йўлида яқин, садоқатли мулозимларини қурбон қилиш унинг учун қўғирчоқ ўйнатишдек оддий нарса… Хуллас, ёвузлик, маккорлик асосий касбига айланиб бўлган. Асарнинг ичига кириб борганингиз сари ҳайратингиз ошиб бораверади. Таржима жараёнида қанчалик қийналганимни айтиб ўтдим. Аксинча, Лев Толстойнинг хотиралари, кундаликларини анча осонлик билан роҳатланиб таржима қилган эдим…
Толстой, Чехов, Бунин асарлари мен учун ҳар доим ўқиб ўрганиш мактаби бўлиб қолаверади. Бу даҳоларнинг асарларини қандайдир мажбурият, тирикчилик дардида эмас, юқорида айтганимдек, қалб амри билан таржима қилдим. Халқимиз маънавияти бойисин, руҳан юксалсин деган умид ва ишонч менга мадад бераётганини доим ҳис қилиб, илҳомланиб турдим. Ана шу яхши ният қўлимга қалам тутқазди. Кўряпсизки, таржима масаласида ҳеч ким мажбур қилиб, зўрлаб қалам тутқазгани йўқ. Фақат диди ва савияси баланд ўқувчига манзур қила оламанми деган андиша доим кўнглимни бир чеккасида туради.
Энди яна бир муҳим масала — танқидчилик ҳақида тўхталайлик. Маълумки, бадиий адабиётни адабий танқидсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Улар эт билан тирноқдай гап. ХХ асрдаги адабий жараёнга бир назар солинг. Айниқса, 20-30-йилларни, урушдан кейинги “конфликтсизлик” назарияси ҳукм сурган даврларни эсланг. Афсуски, бу йилларда эндигина шакллана бошлаган адабий танқид бир юмалаб, ҳукмрон мафкуранинг садоқатли малайига айланиб қолди. 30-йиллардан 50-йилларнинг ўрталаригача адабий танқид ўзининг асосий вазифаси – адабий асарни холис таҳлил қилиш орқали адабиётни ривожлантириш, олға етаклаш ўрнига асосан “фош қилиш”, қуруқ офаринчилик, мадҳиябозлик билан шуғулланди ва минг афсуски, бу иллатни йўқотиш деярли мумкин бўлмади. Танқидчилик салгина ўзини тиклай деганда, афсуски, яна мадҳиябозлик, урра-уррачилик бошланиб кетди. Мустақилликка эришганимиздан кейин йигирма беш йил ичида биронта бўш, заиф асарни чинакамига танқид тарозисига солиб, холис баҳосини берган адибий-танқидий мақолани холисанилло тилга олиб ўтинг-чи! Фақат мархум Озод домлагина шоир Барот Бойқобилов шеърияти ҳақида кескин фикр билдира олди. Камина ёзган “Спитаменнинг аччиқ қисмати” мақоласи эса ҳаддан ташқари қисқартириб чиқарилгани учун кутилган самарани бермади. (Уни яқинда дадил муҳаррирларимиздан бири Нортўхта Қилич “Фаровон юрт” газетасида ҳеч қандай ўзгартирмасдан чиқаргани учун миннатдорчилик билдираман). Хуллас, “эмас осон бу майдон ичра турмоқ!” Бизда йўқотиб бўлмаётган ёмон бир иллат бор. Ундан ҳамон қутула олмаяпмиз. Ҳамон ёв ўтиб кетгандан кейин қилич кўтариб “урхо-ур”га қўшилиб югурамиз… Шундай, ҳаммамизда ҳам шиддат, мардлик, шижоат етишмайди. Мен бу гапларни изтироб, алам билан айтаяпман. Тўғри, бир вақт анча-мунча кескин фикрлар билан чиққан пайтларим бўлди. Ўзим ҳам бугун у даврларни соғиниб қўмсайман… Хуллас, очиғини айтганда, ҳозирги танқидчиликда шижоат йўқ. Газета-журналларни тўлдириб мадҳия айтишдан чарчамаётган катта ёзувчилар, шоирларни танқид қила оламизми? Борингки, кескин бир танқидий мақола ёздингиз ҳам дейлик. Уни босиб чиқарадиган дадил муҳаррир бор деб кимни кўрсата оласиз? Хуллас, айб ўзимизда. Муаммоларни бир чеккадан санай бошласак, калтакнинг боши энг аввал ўзимизга тегади. Машойихлар: “Пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса бировга ур!” дейишади-ку!
Мен бу гапларни, муаммоларни четлаб ўтиш учун айтаётганим йўқ. Адабиёт оламида пайдо бўлаётган янги асарларни улар яхши ёки ёмонлигидан қатъий назар, ҳаммасини таҳлил қилиб баҳосини бериш фақат адабий танқидчининг вазифаси эмас. Мана, бугун тўла-тўкис ишлаб турган Академиямизга қарашли илмий-тадқиқот институтларидаги ўнлаб етук тадқиқотчи олимлар, илмий ходимлар биринчи навбатда бевосита адабий жараённи таҳлил қилиш, янги асарларни баҳолаш билан шуғулланади. Бу масаланинг жиддий томонларидан бири. Хўш, қайси олим ёки тадқиқотчининг “Матбуот менга ўрин бермайди, ёзган мақолам ёки илмий ишимни юзага чиқармайди” деб шикоят қилиб юргани ёки бирон нуфузли анжуманда гапирганини эслайсизми? Энди муаммонинг бошқа томонига ҳам назар солайлик. Нега даврий матбуотда мавжуд муаммолар кескин танқид қилинган ўткир, долзарб мақолалар – танқидий чиқишга етарли эътибор берилмайди. Нега тўртинчи ҳокимиятнинг ташаббуси билан кўплаб нашр этилаётган заиф, ночор асарларга баҳо берилмайди? Энди холис фикр айтинг. Бу ўринда ким кўпроқ айбдор? Беғам танқидчими ёки даврий нашриётлардаги қўлини совуқ сувга ургиси келмайдиган тепса тебранмас, фақат юқорининг қош-қовоғига қараб иш қиладиган мутасадди ўртоқларми? Нега матбуот тўртинчи хокимият – Абдулла Қаҳҳор, Одил Ёқубов, Озод Шарафиддиновга ўхшаган муросасиз, журъатли муаллифларни излаб топишмайди?.. Уларнинг ўткир қалами воситасида муаммоларни дадил кўрсатиб, бонг урилмайди. Кўрамизки, муаммолар бугун туғилган ўткинчи нарсалар эмас ва уларнинг ечимини топиш хамирдан қил суғургандек осон бўлмайди.
Энди бевосита бугунги адабий жараён ҳақидаги айрим кузатишларим билан ўртоқлашсам. Бугунги кунда фаол ижод этаётган Хуршид Дўстмуҳаммад, Усмон Азим, Эркин Аъзам, Абдуқаюм Йўлдошев, Нортўхта Қилич, Исажон Султон, Собир Ўнар, Шойим Бўтаев, Шодиқул Ҳамро, Жўра Фозил, Саломат Вафо, Шаҳодат Исахонова ва яна кўп кейинги давр ижодкорларининг асарларини ўқганимда кўнглим яйраб кетади. Кекса ёзувчимиз Муҳаммад Салом ҳам орқада қолаётгани йўқ. Унинг изланишлари, айниқса, “Зиндондан садо”, “Катта хонадон” романи, “Капролактам” публицистик мақоласи изтироб, дард билан ёзилган. Мен кейинги бир-икки ҳафта ичида Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Жадид” қиссаси, Икром Отамурод, Муҳиддин Омоннинг янги китоби ва Азиз Саиднинг “Вақт манзили” шеърий манзумасини катта ҳаяжон билан ўқиб чиқдим. Айниқса, “Жадид” қиссасида тасвирланган зўравонлик, маккорлик, ёлғон ваъдалар билан амалга оширилган инқилобий воқеалар 1917-1921 йиллардаги хунрезликлар, халқимиз бошига ёғдирилган сон-саноқсиз мусибатлар, қатли-ом манзараларини ўқиб қаттиқ таъсирландим. Уларда кучли дард, ҳаяжон бор. Ўқувчи юқоридаги асарларни лоқайд ўқий олмайди.
Мен мазкур мақолада таржимачилик борасидаги жиддий оғриқли муаммоларга ҳам тўхталиб ўтишни хоҳлар эдим. Худога шукурки, улар ижобий ечимини топиб бормоқда. Таржима кенгашининг ташаббуси билан ҳазрат Алишер Навоий асарлари ва бир қатор шоирларнинг шеърлари тагламалар орқали жаҳондаги катта тилларга ўгирилмоқда ва ижобий натижаларга эришилмоқда. Аммо бу ерда ҳам жиддий муаммолар бор. Ана шу таглама-таржималарда аслиятдаги теран маънолар, санъаткорлик, мажозий тимсоллар тўла сақлаб қолинганми? Улар хориждаги шеърият, санъат мухлисларининг қалбини ларзага солиб, ўзига асир қила оладими? Ҳамма гап шунда. Лоақал Алишер Навоий асарларининг русча таржималарига бир қўр назар солиб кўрайлик. Таниқли шоир ва ёзувчимиз Муҳаммад Алининг гувоҳлик беришича, “жуда машҳур таржимон Лев Пенковский (биз уни бошимизда кўтариб сийлаганмиз, ардоқлаганмиз. О.А.) Алишер Навоийнинг асарларини русчага таржима қилаётганда, масалан “Лайли ва Мажнун» достони таржимаси жараёнида истамаган бобини ташлаб, истаган бобини қўшиб, ўз ҳолича таржима қилган… Масалан, Мажнуннинг Лайлига, Лайлининг Мажнунга ёзган мактублари (достоннинг энг ҳаяжонли, драматик нуқталари! – О.А.) ташлаб кетилган эди. Ҳайронман, бу ҳолат “Евгений Онегин”да Татьянанинг Онегинга, Онегиннинг Татьянага ёзган мактублари борлигиданми ёки бу мактублар шоирнинг машҳурлигига соя ташлашидан ҳайиққанми, (оддий ичи қоралик, хасадгўйлик туфайли! – О.А.) ишқилиб “Лайли ва Мажнун”даги гўзал мактублар русча таржимада йўқ. Шунда бизларга нисбатан нописанд қарашларни сездим (“Юлдузнинг беш қирраси” тўплами. Чўлпон номидаги НМИУ” Т., 2017 й., 37-бет.).
Ҳатто таржимонларнинг ҳасадгўйлиги, масъулиятсизлиги туфайли мумтоз адибимиз Ойбекнинг “Навоий” романи таржимаси ҳам жуда қаттиқ қисқартирилган экан (бу ҳақда улуғ шарқшунос олим Е.Бертельс афсусланиб ёзади: “Русский, сильно сокрашеннқй перевод Айбека, “Навои”, М., 1946, стр. 316 и сл. Изб.труды: “Наваи и Джами” изд. “Наука”, ГВЛ. М., 1965) Мазкур маълумотни ўқиб, фиғоним фалакка чиқди. Ўз вақтида энг юксак Давлат мукофоти билан тақдирланган буюк ёзувчига, буюк асарга қардош таржимонларимиз шу даражада масъулиятсизлик билан қарагандан кейин бошқаларига нима дейсиз?!
Яна бир мисол келтираман. Буюк ёзувчимиз Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романи “Тошкентлик ошиқлар” номи билан ўтган асрнинг 80-йилларида Берлинда чоп этилган эди. Туркистон муаммолари билан шуғулланадиган айрим мутахассисларни ҳисобга олмаганда роман кўп сонли немисзабон ўқувчилар орасида шуҳрат қозонмади. Нега? Сабаби оддий: немисча таржима романнинг Москвада босилган чала нашридан ёки Тошкентда 1958 йилда асосий жойлари қисқартирилиб, майиб-мажруҳ ҳолда чиққан нусхаси орқали қилинган эди. Ҳар икки нашрда ҳам романнинг шоҳ томирлари қирқиб ташлангани маълум. Асарнинг асосий қаҳрамонларидан бири Юсуфбек ҳожининг аҳил бўлиш ўрнига бир-биримизни қирпичоқ қилиб қириб яшасак эрта-индин рус бўйинтуруғини бўйнимизга илишга мажбур бўламиз деган аламли хитоблари китобда бемалол чиқишига большевик саллотлар хотиржам қараши мумкин эдими? Адибнинг чексиз изтироблари оддий, жўн мелодрамага айлантирилган майиб-мажруҳ асар қаерда-ю, Абдулла Қодирий ёниб, дард билан, эҳтирос билан ёзган улуғвор роман қаерда?
Таржима муаммолари борасида айтиладиган дардли нуқталар тўлиб ётибди. Бизда улуғ рус шоирлари А.Пушкин ва М.Лермонтовнинг асарлари 30-йиллардаги қатағонлардан олдин таржима қилина бошланган эди. А.Пушкин таваллудининг 100 йиллиги нишонланган 1949 йилда тўрт жилдлик сара китоблари нашр этилди. Бу даврда буюк шоирнинг илк таржимонлари Чўлпон, Элбек, Усмон Носирлар қатағон қурбонига айланган эдилар. Шунда инсоф билан йўл тутилди. Усмон Носир таржима қилган “Боғчасарой фонтани” достони Ҳамид Ғулом таҳририда босилди. Таржимони кўрсатилмаган ҳолда Чўлпон таржимасидаги “Борис Годунов” драмаси Зулфия таҳрири остида чоп этилди (Элбек таржима қилган болаларга бағишланган асарлар нисбатан анча бўш эди – айримларини Миртемир қайта таржима қилган. О.А.) 1954 йилда А.Пушкин асарларининг ана шу тўрт жилдлиги қайта босилди. Бу гал тазйиқлар кучли бўлган шекилли, “Боғчасарой фонтани” Усмон Носир эмас, Ҳ.Ғулом таржимасида (!) эълон қилинди. Шунда фақат Зулфия опа мардона тура олганига қойил қолиш керак: У “Борис Годунов” драмасига фақат муҳаррир сифатида имзо чеккан! Асл таржимон – Чўлпоннинг номи кўрсатилмаган, аммо Чўлпон матни тўла сақлаб қолинган. Бу ардоқли шоиримизнинг ўзига хос катта жасорати эди.
Устозларимизнинг нодир таржималарга ана шундай катта эҳтиром, садоқат билан қарай олгани ҳаммамизга ибрат бўлмоғи лозим. Энди дангал савол берсак бўлади: биз доимо эъзозлаган, ҳамиша бошимизда кўтарган ҳурматли рус таржимонларида нега масъулият ҳисси етишмаган? Нега улар буюк ижод намуналарига (!) лоқайдлик, совуққонлик билан қараганлар? Бу саволлар бизни оғир ўйларга толдиради…
Мен Ҳазрат Навоий асарларининг ҳаммаси шундай ағдарилган демоқчи эмасман. Рус таржимонлари орасида ҳайриятки Сергей Ивановга ўхшаган жумард, ҳалол ижодкорлар кўп. Уларни ҳар доим эъзозлаш, иззат-ҳурматини жойига қўйиш, яхши анъаналарини муносиб давом эттириш муқаддас бурчимиздир.
Хуллас, бугунги таглама таржималарнинг ҳаммаси юксак даражада эканлигига ким кафолат бера олади? Менимча, вақт олий ҳакам — ўзи уларни синовдан ўтказади, ўзи саралаб олиб, авайлаб асрайди. Чала таржималар қолиб кетаверади.
Таржимага қўл урадиган киши ўта инсофли, ҳалол, виждонли бўлиши керак. Бу ҳаммага маълум ҳақиқат. Айтайлик, Лев Толстой, Чехов асарларини ўқиб, асл мазмуни, моҳиятини чуқур англаб етмай туриб уларнинг санъаткорлик қудратини теран ҳис қилмай туриб бу ишга қўл уриш… юмшоқ қилиб айтсак, ўта соддалик бўлади. Бундан ташқари сиз таржима қилмоқчи бўлган асарингиз аввал таржима қилинган эмасми, агар таржима қилинган бўлса, бу иш қай даражада амалга оширилган? Сиз ундан ўтказа олишга қодирмисиз? Бу жиддий саволларни яхшилаб ўйлаш лозим. Маълумки, таржима оғир меҳнат ва масъулият талаб қиладиган соҳа — оддий косибчилик эмас, машаққатли санъат. Кейинги пайтларда айрим ҳаваскорлар таржима санъатини ўта жўнлаштириб, ғариб аҳволга солиб қўяётганини кўриб, нима дейишни билмай қоласиз. Масалан, “Ижод олами” журналида (2017 йил, 1-сон) буюк Чеховнинг “Белолобый” ҳикояси “Оқ қаншар” номи билан эълон қилинди. Ҳикоя илк марта ўзбек тилида ёзувчининг 1953 йилда нашр этилган уч жилдлик тўпламида (2-жилд) босилган эди. Таржимон Э.Жабборов. Ҳозир бу икки таржимани муқояса қилишга имкон йўқ. Фақат айтишим мумкинки, аввалги таржима анча равон, силлиқ. Кейингисида сарлавҳадан бошлаб, ҳар қадамда ғализ жумлаларга қоқила бошлайсиз. Майли, ёш таржимон, аста-секин ўрганиб кетади дейишингиз мумкин. Аммо ҳикоя охиридаги “Инглиз тилидан Нодирабегим Иброҳимова таржимаси” ёзувини ўқиганингиздан кейин бутунлай ҳафсалангиз пир бўлади. Қаранг-а, бутун оламга машҳур буюк рус ёзувчисининг нодир ҳикояси ўзбек тилига аслият тилидан эмас, инглиз тилидан “Афанди пиширган шўрванинг шўрваси” бўлиб таржима этилганига нима дейсиз? Ёш таржимон жаҳон тилларини қай даражада билишини кўз-кўз қилмоқчи бўлганми? Ёки асар муаллифи инглиз эмас, рус ёзувчиси эканини, ҳикоя рус тилида ёзилганини билмайдими? Бундай пала-партишлик, масъулиятсизликни оқлаш мумкинми? Борингки, ҳаваскор таржимон, ўзи билиб-билмай хато қилгандир дейиш мумкин. Унда бутун масъулият журнал жамоаси зиммасига тушмайдими? Ачинарлиси шуки, бундай пала-партишлик биринчи марта бўлаётгани йўқ. Аввал ҳам газеталаримиздан бири француз ёзувчиси Мопассан ҳикояларини инглиз тилидан ағдарилган таржимасини эълон қилган эди. Афсуски, бу иллат тез болалай бошлади. Нуфузли журналларимиздан бири француз тилида ёзилган “Мансур Халлож” романини… форс тилидан ағдариб бемалол эълон қилди. Афсуски, бу ажойиб “кашфиёт”га ҳам ҳеч ким муносабат билдирмади. Таржимадек ноёб, нодир соҳада кўриниб қолаётган бундай пала-партиш ишларни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди.
Шу кунларда китоб дўконларида сотилаётган Лев Толстой қаламига мансуб “Илёс” ва “Инсонга қанча ер керак?” ҳикоялари ҳам анча йиллар олдин таниқли таржимонларимиз томонидан ўзбекчалаштирилган эди. Бугунги кунда уларни ғализ бир алфозда қайта ағдариб, нашр этилишини ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди. Бу юксак мақомга кўтарилиб бораётган ўзбек тилига, ўзбек таржимашунослигига, адабиётимизга ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас.
Хуллас, таржимачилик соҳасида ҳам дўппини олиб қўйиб, очиқчасига гаплашадиган, баҳслашадиган гапларимиз кўп. Соғлик-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик бўлса уларга ҳам навбат келади.
Ортиқбой АБДУЛЛАЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,
филология фанлари номзоди, ёзувчи, таржимон