Яқинроқ борсанг, яхшироқ кўринади…

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик  партияси Марказий Кенгаши, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ҳамда партиянинг “Депутат аёллар клуби” ташаббуси билан Бухоро вилоятида  “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган хотин-қизлар ва ёшларнинг муаммоларини ўрганиш, уларни имкон қадар жо­йида ҳал этиш мақсадида яқинда Бухоро вилоятида “Сайёр қабул” ташкил қилинган эди.

Ишчи гуруҳ аъзолари, туман ижро ҳокимиятлари, прокуратураси, ички ишлар, бандликка кўмаклашиш бўлимлари каби бир қатор ташкилот ва муассасаларнинг вакиллари иштирокида ўтказилган “Сайёр қабул”да “Аёллар дафтари”,  “Ёшлар дафтари”га киритилган  хотин-қизлар, ёшлар томонидан 2 ёшгача бўлган бола нафақаси, оромгоҳларга йўлланма олиш, бандлик, тадбиркорлик билан шуғулланиш  учун имтиёзли кредит олиш, уй-жой таъмири, оилавий муносабатларни қайта тиклаш, шунингдек, субсидия  орқали уй-жой олиш каби бир қанча масалаларда оғзаки ва ёзма тарзда келиб тушган 300 га яқин мурожаатлар ўрганилди, айримлари ижобий ҳал этилди, қолганлари масъуллар томонидан назоратга олинди.

Тўғри, бугун барча муаммоларга бирданига ечим топиш, уларни ҳал этишнинг иложи бўлмас. Аммо шундай масалалар борки, арзимаган вақт эвазига битадиган ишлар ҳам баъзи бир маҳаллий мутасаддиларнинг бепарволиги сабаб муаллақ ҳолда қолаётгани одамларни қийнаётгани аён бўлмоқда. Қуйида таниқли шоира, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фарида Бўтаеванинг айни шу сафар давомидаги кечинмалари, таассуротлари ўрин олган…

Шукронaлик

Мен поездда Тошкентдан Бухорога қараб йўл олар эканман,  фикрим каҳкашонида “Бухорои Шариф” деган товуш қайта-қайта жаранглайверди. Нега бу мақом дунёнинг фақат айрим шаҳарларигагина насиб қилганлиги ҳақида ўйладим. Нега, аждодларимиз бу қадар “шариф” сўзига иззат кўрсатганлар?!… Шариф сўзи араб тилидан олинган бўлиб олижаноб, аслзода маъноларини англатади. Муҳаммад (с.а.в) авлодларининг номига қўшиладиган ҳурмат сўзи. Ўрта асрлардан бошлаб 7 шаҳар; Макка, Мадина, Қуддус, Бағдод, Дамашқ, Мозори Шариф ва Бухорои Шарифлари диний марказ сифатида шуҳрат қозонгани учун, уларга “Шариф”  сўзи қўшиб айтиладиган бўлган. Бундай мартабанинг боиси нима экан? Тўғрироғи ким ёки кимлар экан? Дунёни зир титратган илм уламолари Етти Пирлар, Баҳоуддин Нақшбандми ё? Aрабларга-да Пайғамбарини танитган, у Зоти Олийнинг ҳар сўзларини жони эвазига, нафаси эвазига йиғиб, жамлаб ислом оламига нур таратган зот Имом Бухорийдир, балки?..

Бу юрт ўз Пирларини билармикинлар, танирмикинлар? Томирларида оқаётган қоннинг, босаётган тупроқнинг қанчалар муқаддас эканлигини англармикинлар? Балки,  билганларида бугун ёмғирдай ёғилаётган муаммолар, низолар, норизоликлар, сабрсизликлар, хасад ва инсофсизликлар рўй бермасмиди?..

Ўзбекистон Миллий Тикланиш ДПдан Олий Мажлис Қонунчилик Палатасига сайланган депутат ва марказий қўмита аёллари Бухорои Шарифдаги муаммоларни ўрганишга киришар эканмиз, аризачилар олдида кўндаланг бўлиб турган масалалар аждодлари қолдириб кетган буюк ечимлар олдида ниҳоятда майда ва ҳеч гап эмаслиги уларни  бироз сабр, шукур, ғайрат,  эътибор, интизом, одоб ва меҳр билан битадиган  юмуш эканлигини тушунтиришга ҳаракат қиламиз…

Хaтолaр жaбри

— Мен уйсизман, эрим ташлаб кетган, чунки, унинг ўз оиласи ва 5 нафар фарзанди бор, — деб, сўз бошлайди Дилбар, икки ёшлар чамасидаги ухлаб қолган ўғлини кўксига босиб.

— Ота-онангиз, қариндош-уруғингиз йўқми?, — деб сўраймиз.

— Бор, аммо улар мендан воз кечишган. Ота-онам уйга киритмайдилар. Чунки, мен хато қилдим, адашдим…

Бу аёлни тинглар эканмиз, ҳеч қаерда ўқимаганлиги, бирор-бир ҳунари ҳам йўқ эканлиги, энди эса ночор аҳволда, боши берк кўчага кириб қолганлигини кўриб ачинасан. Коллежда ўқиб юрган пайтидаги ақлсизлиги, ўзидан анча катта киши билан нотўғри йўлга киргани, эрта туғуруқ, эрта қийинчиликлар, эрта муаммолар гирдоби…

Бугун эса уйсиз, боқувчисиз, меҳрсиз, ёлғизлик азобига маҳкумалиги нафақат унинг муаммоси эмас, балки жамият олдига қўйилган оғриқли муаммодир.

Нега энди, сенинг хатоинг учун атрофингдагилар, маҳалла, ҳокимият, давлат товон тўлаши керак ?! Депутатлар, вазирликлар, турли мутасадди ташкилотлар сенинг ғамингни ейиши керак?! Шу ҳақда ўйлайдиган, виждони қийналадиган ёшлар, аёллар, камайиб бораётганлиги ташвишга солади.

Бугунги кундаги шунга ўхшаш масалаларнинг моҳиятига ечим топмас эканмиз, улар урчиб кетаверади. Ечимнинг эса  жавоби — билим ва фақат билимдир!

Нaжот керaк

— Сиз билан алоҳида гаплашсам майлими? – деб, жовдираб турган бир ёш йигитни илтимосига кўра бошқа хонага кирдик. Унинг ўпкаси тўлиб, гапиришга қийналар, кўзларидан оқаётган ёшларни артиб улгурмас эди. Менга нажот керак, илтимос, мени эшитинглар! – дейди у, чуқур- чуқур нафас олар экан.

Ёнимдаги сенатор Ҳусейнова Aбира Aмановна иккимиз уни тинчлантиришга ҳаракат қилдик.

— Нима бўлди? Бир бошидан гапир, болам, – деймиз.

— Мен Меҳрибонлик уйида тарбия топганман, у ердан чиқаётганимда 3 кишига 1хонадан 3 хонали уй берилди. Ўзингиз биласиз, у уй 5 йилга берилади. Муддат тугаб, у ердан чиқиб кетдим. Устачилик қиламан. Бир фарзанди бор аёлга уйландим. Яна бир бола кўрдик. Aёлим туғуруқдан кейин сил касаллигига дучор бўлиб қолди. Даволатдим, топ­ган пулимни ҳеч нарсага етказа олмаяпман. Икки фарзанд, ижарада турамиз, аёлим эса доимо касалхонада. Ҳозир 27 кг. бўлиб қолган, қоқ суяк! — деб, ҳўнграб юборди.

— Ўпкасини операция қилса бўлар экан. Бир маротаба қилдирдик. Яна бир операция турибди. Бунга эса ҳеч қаердан маблағ тополмаяпман…

Биз дарҳол ўша ернинг ўзида Соғлиқни сақлаш вазирлигига қўнғироқ қилдик. Aёли даволанаётган шифохона ва бош шифокор билан боғландик. Ёрдам беришадиган бўлишди. Биз эса ўз назоратимизга олдик.

Меҳрибонлик уйида тарбияланувчиларнинг кейинги ҳаёти, уларнинг ўқиши, касб-ҳунарга эга бўлиши ҳам бугунги кундаги энг долзарб масала эканлиги намоён бўлди.

Фарида Бўтаева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

депутати.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one + three =