Буюк адибнинг яна бир сири

“Ҳар қандай янгилик – унутилган эскиликдир” деган гап аслида ҳақиқат. Масалан, кейинги пайтда “селфи” деган сўз истеъмолга кириб келди ва ёшларимиз унинг туб маъносини билиб-билмай ўз-ўзини турфа йўсинда суратга олиб, миллий менталитетимизга ёт ажабтовур қилиқлар қилиб қўйишмоқда ва натижада ҳақли равишда ота-оналар, педагоглар, миллат ойдинлари, умуман олганда, ёшу кекса илғор зиёлилар томонидан қаттиқ танқидга учраётгани ҳам бежиз эмас.

Гапнинг индаллосини айтганда, жаҳон адабиёти намояндаси, буюк шахс ва адиб Лев Толстой ҳам ўз даврида селфи олган экан. Лекин унинг бу уриниши зинҳор-базинҳор бачкана эмас, балки моҳир қаламкашнинг мусаввирона иқтидорини намоён қилган. Бунга кўриб турганингиз – ушбу тарихий суратнинг ўзи гувоҳлик беради: “1862 г. (й.)”, “Самъ себя снялъ” (ўша пайт­даги рус имлоси қоидасига кўра, айириш белгилари тўғри қўйилган. Мазмуни: “Ўзимни ўзим суратга олдим”), “Гр. Л.Н.Толстой”, яъни “гражданин (фуқаро) Л.Н.Толстой”, “Фотография Ясной Поляны” (“Ясная Полянадан фотосурат”) каби сана ва сўзлар ушбу тарихий фотосурат гирдига ўшанда 34 ёшда бўлган навқирон ёзувчининг ўз қўли билан ёзилган.

Маълумки, Ясная Поляна – Россиянинг Тула вилоятидаги Шекин туманида жойлашган гўзал маскан, машҳур қўрғон. Бу жойнинг ном қозонишига сабаб шуки, бу ерда 1828 йил 28 августда Лев Николаевич Толстой туғилди, яшади ва ижод қилиб, дунёга танилди ва киндик қони томган гўшани ҳам дунёга танитди. Бу ердаги улуғ адибнинг қабри ва давлат қарамоғидаги қўрғонча музейдан одамлар оёғи узилмайди: дунёнинг турли бурчакларидан зиёрат қилишга келган минглаб адабиёт ихлосмандлари Лев Толстой ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ тарихий осори атиқалар билан яқиндан танишадилар ва … албатта селфига ҳам тушадилар.

Энди ўзингиз холисона баҳоланг ва айтинг, XIX аср ўрталаридаги бу маънавий ҳодиса, яъни ўзини ўзи тарихга муҳрлаган буюк адиб Лев Толстойнинг ушбу тарихий сурати билан бугунги ёшлар “кашф қилган” селфи ўртасида қанчалик тадрижий тафовут бор?

Шундай ўй-хаёллар оғушида Лев Толстойнинг ўзидан жавоб излайман. Не ажабки, буюк адиб бисотида ҳар қандай мулоҳазага аниқ-тиниқ муносабат билдирилишига ўрганиб қолганмиз. Бу гал ҳам шундай бўлди. Бу саволимга шундай толстойона жавобни топдик: “Бизда минглаб йиллар давомида миллиард-миллиард одамлар орасидан етишиб чиққан буюк донишмандлар тафаккурининг шундай асл мевалари мавжудки, бу буюк инсонларнинг ақл дурдоналари вақт синовига чидаш бериб, ғалвирдан ўтиб келмоқда. Ўртамиёна нарсаларнинг бари итқитиб ташланиб, фақат ўзига хос, теран, зарур нарсаларгина қолган…”.

Бунга нима қўшимча қилиш мумкин? Бизнингча ҳеч нима! Демак, бу донишмандона фикрга қўшилиш жоиз. Шундай эмасми?!

Дарҳақиқат, “ўртамиёна”, айниқса, бачкана нарсалар итқитиб ташланиши керак.

Сафар ОЛЛОЁР,

Республика Маънавият ва

маърифат маркази

масъул ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four + 17 =