Фирибгар “ҳимоячи”ларнинг ҳимоячилари ким?

Касб тақозосига кўра адвокатларнинг муаммосини ўрганганимда уларнинг кўпчилиги судларнинг олдида юрадиган, хонаси ҳам йўқ “чўнтак адвокат” лари ҳақида ёзмайсизми, дейишганди. Дарҳақиқат, бир шикоят туфайли шундай “адвокат” га дуч келдим…

Сожида Эргашева қайнонаси ва эрининг зулмларидан, зўравонликларидан қочиб, учта фарзандини етак­лаб, ҳомиладор ҳолида Тошкентда яшайдиган опасиникига паноҳ излаб келади.   Чунки аёлнинг дардини эшитиб унга елкадош бўладиган ота-­онаси вафот этганди.

Қишлоқда яшайдиган қариндошлариникига борса ҳам бўларди. Аммо уларнинг тинчини бузгиси келмайди. Акаларининг уйига борса, улар ўша заҳотиёқ изига қайтариб юборишар, “Сабр қил, ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади” дейишдан нарига ўтишмасди.

Шунинг учун у Тошкентга йўл олади. Бу ерда уни опалари вақтинча пропискага қўйишди. Қўлларидан келганча ёрдамлашади. Болаларига алимент ундириш мақсадида Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлар­аро судига ариза бериш учун борганларида эса суд биносида қоп-қора кийинган бир аёлга дуч келишди.

Ўзини “Адвокат Мунираман” дея таништирган аёл меҳрибончилик билан уларнинг нима учун келганликларини сўрайди. Унинг адвокатлигига ишонч ҳосил қилиш учун бирор бир ҳужжатини ҳам сўрашни хаёлига келтирмаган   опа-сингил унга дардларини дос­тон қилишади.

“Ўзим ёрдам бераман! Керак бўлса қорнингдаги боланг учун ҳам алимент ундириб бераман”, деб уларнинг қўйнини пуч ёнғоқ билан тўлдирган “адвокат” хонимнинг гапларига содда опа-сингил чиппа-чин ишонишди-қолишди.

Кўзларига авлиёдек кўринган бу “адвокат” нинг уддабуронлигини қарангки, ўша куннинг ўзидаёқ иш бошидан деб бир ярим миллион сўмни қуртдай санаб олади.

Орадан вақтлар ўтди. Опа-сингил “адвокат” аёл билан телефон орқали суҳбатлашиб, яна қоп-қоп ваъдаларни олиб туришади. Шундай суҳбатлардан бирида бундай ишларда яхшигина тажриба орттирган “адвокат” имиз улардан яна 100 АҚШ доллари беришларини айтади. Опа-сингил ўртада маслаҳатлашиб, ишимиз битиб мушкулимиз осон бўлиб қолса бўлгани деган мақсадда тилла тақинчоқларини сотиб, “адвокат” га айтган пулини тутқазадилар.

Опа-сингил “адвокат” га ишонган ҳолда ишлари ижобий ечим топишини кутиб юрганда суд мажлиси иккинчи томон келмагани учун қайта-қайта қолдирилаверди.

Шундай қилиб “адвокат” хонимга бўлган ишонч ҳам буткул йўқолади.

Опа-сингил бу саргузаштлари ҳақида бошқа бир танишлари билан гаплашганларида, адвокат билан тузган шартномалари бор-йўқлигини, у билан гаплашишдан аввал адвокатнинг ҳужжатини текширган ёки текширмаганликларини сўрайди. Жавоб эса ўзингизга маълум.

Шундан кейин танишларини ҳам қаторларига қўшганча опа-сингил энди учовлашиб суд биносига ошиқадилар.

“Адвокат” билан гаплашилаётганда сиз бизга ҳеч қандай шартнома ёки бош­­қа бир ҳужжат бермадингиз, иш эса ҳеч бир ўзгаришсиз турибди. Хизмат ҳақини эса не-не ваъдалар билан олдиндан олгансиз деган гапларни кўтара олмаган “адвокат” хоним жаҳл қилиб “сенлар мени фирибгарга чиқариб қўйдинглар-ку” дея зарда қилади.

Юринг хонангизда бафуржа гаплашиб олайлик дейишларига қарамай уларни эшитгиси келмай, ўзини олиб қочаверади. Ноилож, опа-сингил бу аёл ҳақида суд биносидагилардан сўрашганида улар танимасликларини айтишади.

Шундан сўнг фирибгар аёлга қайта-қайта қўнғироқ қилиб, керакли жойларга шикоят қилишларини айтиб, зўрға пулларини қайтариб олишади.

Аммо бир нарса жуда қизиқ. Доим суднинг ҳовлисида изғиган бу “адвокат” хоним кимнинг эркатойи бўлиши мумкин? Ростакам адвокат бўлса битта хона олиб ўтирмайдими? Агар ростдан ҳам уни шу ердагилар танимаса, нега бемалол суд идорасида юришига, кириб-чиқишига имкон бериб қўйишган?

Фирибгар, исми шарифининг ҳам аниғи бўлмаган бу “ҳимоячи” хоним Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди ёнида, суд биноси ичида “фаолият” юритаётганига нима дейсиз?

Хонбиби ҲИММАТ қизи

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 + 14 =