Ис газидан эҳтиёт бўлинг!

Маълумки, совуқ кунлар бошланиши билан ҳарорат кескин пасайиб боради. Шу боис, кўпчилик хонадонларини иситиш учун турли чоралар кўра бошлайди. Электр иситиш асбоблари, табиий газ тармоқлари ёки иситишнинг бошқа турли йўлларидан фойдаланилади.

Огоҳлик жуда зарурки, табиий газнинг тўлиқ ёнмаслиги, бехосдан узилиб қолиши, хона ичида тўпланиши, табиий газни ёқиб қаровсиз қолдириш, қувурларни улашда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида чақнаш, ёнғин, ҳамда табиий ва ис газидан заҳарланиш ҳолатлари каби турли фавқулодда вазиятлар содир бўлиши мумкин. Бу ҳол инсонларнинг турли хил тан жароҳатлари олиши ёки айрим ҳолатларда ўлим билан якунланиши кузатилади. Ушбу ҳолатларнинг келиб чиқиш сабаблари ва манбалари ўрганилиб, таҳлил қилинганда, фуқароларнинг табиий газдан нотўғри фойдаланиши, назоратсиз қолдирилиши, иситиш қурилмалари, газ қувурлари уланган жойдан газ сизиб чиқиши оқибатида инсонларнинг заҳарланиши кузатилмоқда. Бундан ташқари, қўлбола иситиш мосламалари билан иситиладиган хоналарда мўри тўлиб қолиши ва ёнғин вақтида ёпиқ, тутунли хоналарда қолган шахсларда ҳам заҳарланиш ҳолатлари юз бериши мумкин.

Маълумот учун: ис гази хонадонларда, ташкилотларда фойдаланиладиган табиий газнинг тўлиқ ёнмаслиги, кўмир ва органик моддаларнинг чала ёнишидан ҳосил бўлади. У рангсиз, ҳидсиздир.

Ис газидан заҳарланиш даражаси газнинг миқдорига, кишиларнинг заҳарланиш жойда қанча вақт қолиб кетганлигига ва бошқа омилларга ҳам боғлиқ.

Аҳолини табиий ва ис газидан заҳарланишининг олдини олиш учун нафақат мутасадди ташкилот, идоралар хизматчилари балки, ҳар бир хонадон эгалари ва барча фуқаролар огоҳ бўлиши, барча эҳтиёт чораларини кўриши зарур.

Олим ОРИПОВ,

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Медиамаркази ДМ ЁХТТЭБ ЁН ва ПБ инспектори, катта лейтенант.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen + 1 =