Ҳалокатга бошлаши мумкин
Телефон жиринглаб қолди. Гўшакни кўтарсам касбдошим. Хонага келаверса бўлади-ку, деган ўй хаёлимдан ўтганини сезгандай суҳбатни қисқа қилди. Ҳозироқ ўғли ўқийдиган мактабга, навбатдан ташқари бўлиб ўтадиган ота-оналар мажлисига етиб бориши кераклигини билдирди.
Тушликда у билан учрашдик. У анча мулзам тортган, нимадандир хафа эди. Сабабини сўрасам: “Ота-оналар мажлисида бўлган гаплардан кўнглим хижил, — деди у. — Ўқувчилар орасида аллақандай таблетка қабул қилувчилар пайдо бўлибди. Уни истеъмол қилувчиларда кайфият ўз-ўзидан кўтарилиб, хурсанд бўлиб юраркан. Ташвишланадиган жойи таблетка конфетга ўхшагани учун ширинлиги билан диққатни тортаркан. Шундан уни қабул қилувчилар сони кун сайин кўпайиб бораётган эмиш. Бундай болаларнинг ўзлаштириши пасайиб кетаётганлигидан кўп устозлар куюниб гапирдилар. Эшитиб карахт бўлиб қолдим”.
Унинг гапларидан мен ҳам хавотирлана бошладим. Бу қандай таблеткаки, болаларни салбий томонга ўзгартираётган бўлса, наҳотки таркибида наркотик модда бўлиб, ёшларнинг келажагига хавф солса, деган ўйлар домида қолдим. Кўнглимга: “Мен ҳам, турмуш ўртоғим ҳам кун бўйи ишда бўламиз, фарзандларимизнинг мактабдаги аҳволидан мунтазам хабардор эмасмиз, балки бизнинг болаларимиз ҳам ўша таблеткадан истеъмол қилиб юришгандир” деган гумон ҳам келди. Интернет тармоғидан ҳамкасбим айтган дори воситаси ҳақида маълумот қидира бошладим. Охири топдим. “… наркотик аналетик дори воситаси” деган ёзувни ўқиб даҳшатга тушдим. Синчиклаб ўқисам, бу дорининг таркибида “опий” гуруҳига мансуб наркотик модда бўлгани учун фақат тиббий мақсадда қўллаш мумкин экан.
Шу-шу ота-оналар мажлисига янада зарурий эҳтиёж сифатида қарайдиган, қатнашиш тугул бошқа ота-оналар билан фикр алмашадиган бўлдим. Бир онахон юқоридаги ҳолатдан ташвишда эканлигини билдираркан, бир неча йил олдинги воқеаларни эслади: Тошкентнинг “илгариги “Шуҳрат” дўкони билан “Фарҳод” бозори оралиғида дори бозори бўларди, — деди у. — Кўп қаватли уйлар қуршовидаги бу ноқонуний савдо муҳити қанча ёшу қарининг соғлиғига зарар етказиб келган. Охири ҳуқуқ ҳимоячилари бу хунук ҳолатнинг олдини олишган бўлса-да, дори савдоси хуфёна тарзда давом этди. Болаларимизни дўконга юборишга қўрқардик. Чунки ўзгарувчан ёшдаги ўсмирларни тўхтатиб, арзон қилиб берамиз, татиб кўр, зўр қилади, кучли қилади” дея дори сотиб олишни таклиф қилганлар ҳақида эшитганмиз”.
Ўйланиб қоласан: бугун кўча-кўйда ноқонуний дори савдосига умуман эҳтиёж йўқ. Ҳар қадамда назоратдаги дорихоналар фаолият юритмоқда. Демак, маълум бир дорихона масъуллари фақат даромадни ўйлаб, шифокор тавсиясисиз дориларни пуллашмоқда, харидорларнинг ёшига эътибор бермаяптилар. Ёки тиббий дори билан “витамин”нинг фарқига бормайдиганлар дорихоналарга ишга олинган. Бўлмаса, болаларнинг қўлига бундай зарарли таблеткалар қандай тушади?
Кечқурун фаолият юритадиган “кафе”лардаги ўсмирларнинг ўзини тутишларини кўриб ҳайрон қоласиз. Бўлар-бўлмас гапларга шунақанги кулишадики, ҳазил-мазахлар шу қадар ҳам авжига чиқадики, тарбия кўрганларнинг боласи ўзини бундай тутмайди. Наҳотки, улар ҳам… қандайдир дори қабул қилган, деган хаёлга борасиз.
Бир куни эрталаб нон олгани дўконга кетаётиб, гандираклаб юрган татар миллатига мансуб қизга дуч келдим. Ёнига бориб, ундан, ёрдам керакмасми, деб сўрадим. Беҳолликдан сўзлай ҳам олмасди. Аста шу атрофдаги ўриндиққа ўтқаздим. Бир муддат ўзига келишини кутдим. Кейин у билан суҳбатлашиб ўнинчи синфда ўқиши, ота-онаси билан уришиб уйдан чиққани, қандайдир дори истеъмол қилганини айтди. Уни уйига элтиб қўйдим. Йўл-йўлакай қилган насиҳатларим таъсир қилди чоғи, ота-онамга айтманг, деб илтимос қилди.
Тошкент шаҳар Халқ таълими бошқармаси ходимлари билан суҳбатлашганимизда, улар ҳам бундай ҳолатлардан ташвишда эканликлари, ўсмир ёшлар орасида шубҳали таблеткалар қабул қилаётганлар учраётганлигини, бундай кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олишда ўқитувчилар, ота-оналар ва Ички ишлар ходимлари биргаликда жиддий ҳаракат қилаётганликлари, бу борада янада жонли суръатда чора кўриш лозимлигини айтишди.
— Бундай дорилар шифокор назоратисиз, ўзбошимчалик билан истеъмол қилинса, ўзига нисбатан қарамликни келтириб чиқаради, — дейди шифокор-нарколог Фурқат Баҳромов. — Истеъмол қилганлар эса пассив гиёҳвандга айланади. Улар ҳам руҳан, ҳам жисмонан бардам бўламан деган ўйда бундай таблеткаларни мунтазам қабул қиладиган бўлишади. Энг ёмони, дастлаб бир суткада битта таблетка истеъмол қилган шахс кейинчалик ўн-ўн беш, ҳатто элликтагача дори қабул қилиш даражасига етиб боришади. Бундай психотроп моддалар меъёридан ортса бепуштликка ҳам олиб боради.
— Қарамликнинг икки жисмоний ва руҳий тури мавжуд, — дейди Тошкент вилояти Пскент тумани олий тоифали шифокор-терапевти С. Мирқобилова. — Жисмоний қарамликда бўғимларда оғриқ туриши, иштаҳа йўқолиши, кўнгил айниши, сурункали ич кетиш, юрак оғриқлари кузатилади. Руҳий қарамликда эса уйқусизлик, жаҳлдорлик, агрессивлик, қўли ишга бормаслик ҳолатлари авж олади.
Демак, бундай салбий ҳолатларга бефарқ қараб бўлмайди. Бефарқлик — ҳалокатнинг бир эшиги. Кутилмаган нохушликлардан ёшлар — келажагимизни асрайлик!
Лобар ШОМУРОДОВА,
журналист