Мақсадларимиз орзу эмас…

Бир неча йиллар олдин Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сурхондарё вилояти бўлимига ижодга қизиқувчи ёшлар матбуот соҳасини ўрганиш ниятида кела бошлаган эди. Уларнинг сони ортиб бориши янги бир лойиҳанинг амалга ошишига сабаб бўлди. Уюшманинг вилоят бўлими қошида журналистика клубини ташкил этиш ғояси туғилди ва шу асосда ҳаётга татбиқ қилинди.

Қизиқувчи ёшларнинг кўпчилиги Термиз давлат университетидан эканлигини ҳисобга олиб, 2018 йил бошидан “Журналистикага илк қадам” номланган клубда машғулотлар ўтила бошланди. Унга касбидан ва ёшидан қатъий назар журналистикага қизиқувчи воҳадошларимиз жалб қилинди. Орадан кўп ўтмасдан бир қанча ижодкорларни кашф қилди. Уларнинг орасида бўлган Инобат Каримова бугун Термиз давлат университетида ахборот хизмати ходими сифатида, Муяссар Мардонова ҳам жамоатчи мухбир сифатида халқ муаммоларини қаламга олиб келмоқда. Уюшманинг вилоят бўлими томонидан ташкил қилинган клубнинг фаолияти ортидан бугун журналистикада ўрнини топаётган ижодкорларни кўплаб келтирса бўлади. “Медиа” клуб шаклида давом эттирилаётган лойиҳа бугунгача 50 дан ортиқ қаламкашларни қамраб олди. Машғулотлар асосан устоз-шогирд анъаналари асосида моҳир журналистлар тажрибасига таянган ҳолда олиб борилади. Ёшларга Сафар Омон, Норқувват Тўраев, Абдулла Холмирзаев каби бир қатор устозлар ўз тажрибаларини ўргатишмоқда.

Медиа клуб нафақат журналистикага қизиқувчи ёшларни балки ушбу соҳада фаолият олиб бораётган ёш ходимлар учун ҳам маҳорат дарслари, тренинглар ташкил қилинмоқда. Жумладан, “COVID-19”га қарши эмлаш жараёнлари, мавзуни ёритишда журналистлар иштироки” мавзусидаги семинар-тренингда Журналистларни қайта тайёрлаш маркази тренери Наргис Қосимова, Республика санитария-эпидимиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ходими Насиба Тоировадан тажрибаларини янада мустаҳкамлашди.

“Барқарор ҳаёт” халқаро ижтимоий-маърифат маркази ва Ўзбекис­тон Журналистлари ижодий уюшмаси Сурхондарё вилоят бўлими ҳамкорликда “Сурхондарё вилоятидаги журналистлар малакасини ошириш” номли тренингда вилоятдаги 15 нафар бўлажак ижодкорлар ахборотни тўғри талқин қилиш турлари, замонавий сарлавҳалар сирлари, тўғри ва нотўғри маълумотларни ажратиш, мақсадли аудитория танлаш сингари мавзуларда маълумотлар берилди.

Уюшманинг вилоят бўлими журналистлар тажрибасини ошириш, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш билан бирга уюшманинг кекса аъзолари ва нуроний ижодкорларга доимий эътибор қаратмоқда. Бўлим томонидан устоз ва шогирд анъаналарини давом эттириш йўлида кекса журналистлар иштирокида ижодий учрашувлар ташкил қилинмоқда.

Буларнинг барчаси Сурхон воҳасининг журналистикага қизиқувчи ёшлари малакасининг ошишига, уларнинг етук мутахассис бўлиш йўлидаги илк қадам албатта.

Мастура ҲАМРАЕВА,

ЎЖИУ Сурхондарё вилоят бўлими мутахассиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 3 =