Қадрият остин, манфаат устунми?

(Сафга қайтаётган носоз арава хусусида)

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин АЪЗАМ билан суҳбат

 

– Эркин ака, умр – оқар сув, дейдилар. Назаримда, вақт ҳозир сувдан ҳам тез ҳаракатланаётгандек. Сиз билан роппа-роса ўн йил аввал бир адабий суҳбат қилган эдик. Эсимда… “Бугунги адабий жараён менга йўлнинг ўртасида тўхтаб турган аравани эслатади. Ўз ҳолича у бузуқ эмас, юргизса – юради, аммо тўхтаб қолгани ҳақиқат. Биров келиб андак туртса, нарироқ силжийди ҳам, кейин яна қотади-қолади. Қизиқ жойи шундаки, уни туртиб ўтадиган, сал-пал ҳаракатга соладиганларнинг аксарияти – ё бу аравага алоқаси омонатроқ тасодифий кимсалар, ёки ундан бир манфаат чиқаришни мақсад қилган корчалонлар ва ҳоказо. Араванинг чинакам хўжайини – аравакашнинг ўзини эса бу атрофда аҳён-аҳён учратасиз”, деган эдингиз ўшанда. Бу хулосадан сўнг, мана, ўн йил вақт ўтди. Кечган даврда ўзбек адабиётида катта-кичик янги асарлар дунё юзини кўрди. Шу жараённинг бевосита иштирокчиси сифатида бугун қандай фикрдасиз?

– Бу гапга ўн йил бўлганига ҳам, уни ўзим айтганимга ҳам ишонолмай турибман, рости. Чунки бугунги адабий манзара тамоман ўзгача, ўтган ўн йилгина муддат ичида шунча янги ва яхши асар яратилганига бовар қилмоқ қийин. Менинг ўша аччиқ гиналарим сабабми (ҳазил, албатта), ёки табиий жараён маврид кутиб ётган эканми, адабий майдон бирдан ҳаракатга келди, сиз тилга олган бузуқ аравага жон кириб, ён-верини бошқа улову аравачалар босиб кетди. Ана энди кўринг-да гуриллаган жараённи!

Бироқ афсуски, бу жадал карвоннинг аксар қисми замона зайли биланми, биргина манзилни кўзлаб йўлга чиққан: бозорни! Қутлуғ ниятни кўнглига туккан чоғроқ бир карвон эса, бу томошадан лолу паришон, йўл чеккасида мунғайибгина турибди…

Бозор адабиёти, интернет адабиёти, харидорбоп адабиёт, пиар адабиёт… Адабиётнинг ўзи қайда қолди?! Жумла тузишни ўргандим-ку деб бўлар-бўлмас гапни ёзиб чиқавериш қачондан бери адабиёт саналадиган бўлди? Абжирроқ биттаси кўрган-кўрмаганларини ўзича ҳикоя қолипига солиб интернетда пайдар-пай эълон қилиб боради. “Офарин! Офарин!” “Қуллуқ, қуллуқ! Эътиборингиздан мамнунман”. Турлича кечмишлар, аммо калит бир хил, қулф ҳам ўша-ўша. Агар бадиий асарнинг ҳар бири ўзича янгилик бўлмаса, воқеликка ўзгача ёндашув, ўзгача руҳни ифода этмаса, унинг нимаси санъат?! Ана, жонсиз компьютер ҳам бугун шеъру ҳикоя ёзиб ётибди…

Хўш, буларни адабиёт сирасига қўшсангиз, адабиётнинг ўзини нима деб атайсиз кейин? Китобхоннинг қарашларида чалғиш пайдо бўлмайдими?

Афсуски, шундай бўлди, китобхон ҳозир гангиб-довдираб қолган: бунинг қай бири тиллаю қай бири жез? Янада таассуфли жойи шуки, ташқи жило бобида жез кўпинча ҳар қандай олтинни хиралаштириб қўяди.

Буниси камдек, китоб ёзган-ёзмаган бари бугун “ёзувчи” аталмоқни истаб қолган. Шунга эришиб олса бўлди, қолганини ўзи қўшиб кетаверади: истеъдодли, ўта истеъдодли, таниқли, атоқли… Буюкларимизнинг кўпайгани! Ҳой, мусулмонлар, шошмайлик, озроқ сабр қилайлик, биздан кейин келажак авлод ўзи аниқлаштириб олар: ким истеъдодлию ким бундайроқ, ким буюгу ким… суюқ!

– Яхшими-ёмонми, қизғин жараённинг бошлангани катта гап эмасми? Ўзанни тўлдириб оқаётган бўтана бир кун бориб тинар-тиниқар, ўша сизу бизнинг ғашимизга тегаётган “эъжод” намуналари сараги-сарак, пучаги пучакка ажралиб қолар… Лекин фаол изланаётган, янгилик яратишга интилаётган ижодкорларимиз ҳам бор-ку, улар ҳақида нима дейсиз?

– Жуда оптимист экансиз… Фаол изланаётган, янгилик яратишга интилаётган ва бу йўлда унча-мунча натижаларга эришган дўстларимга қуллуқ қиламан, омадлар тилайман! Мен балки қолоқдирман, эскичароқдирман, аммо улар қаторида мўлжални чап­­га олган ғирром, адабий найрангбоз­лар ҳам борлиги чатоқ-да. Афсуски, кўпинча шуларнинг ошиғи олчи бўлиб кетаётир. Матн ғариб, жумлалар тўмтоқ, сўзлар ўрнига тушмаган; мен нодон фаҳмига етмаган бирон сиру сеҳри бордир деб обдан синчиклайсиз – йўқ-да, ўша одатдаги сўз бўтқаси, мужмаллик, китобийлик. Қисқа бир жумладаёқ ифодалаш мумкин бўлган фикр-муддаони англатмоқ учун зўр бериб чайналгани чайналган. Ниҳоят, “дарди”ни англагач, “Ия, қиролимиз яланғоч эканлар-ку!” демоқдан бош­­қа иложингиз қолмайди. Мен бу тои­­фа қаламкашларни ўзимча “бадхатлар” деб атайман. Улар аслида нўноқлигини гўёки бир “янгилик” орқасига яширмоқчи! Овора бўласиз, биродар, сизнинг “сарчашма”нгизни жуда яхши биламиз. У бизнинг булоқларга яқин ҳам келмайди. Йўқ, янгипараст дўстим, сиз бу ўйинларингиз билан бизни ҳайратга сололмайсиз, уларни қўллайдиган одам, аввало, сизнинг назарингизда “бобомдан қолган”дек туюладиган анъанавий йўлни ҳам қотириб қўйган бўлиши керак!

Уни-буниси майли, “янги” йўлда ёзилиб китобхоннинг меҳрини қозонган бирон-бир етук намунани кўрсата оласизми?

Асли жаҳон адабиётидан бехабар, лекин оми кўринмоқдан қўрқадиган битта-яримта “шунос”нинг “балли-балли”си билан мени ишонтиролмайсиз; бир ўжар устозимизнинг сўзлари ёдга тушади: “Ўзим ўқиб кўрмагунча авлиёсининг ҳам гапига ишонмайман, окаси!” Журналда бир атоқлимизнинг мақоласида ярим бетли “изм”чилар рўйхатини берганимизда (дўппини бош­дан қўймайдиган ҳалимгина домламиз обдан ўқиб-ўрганиб овруполашибдилар-да, деган хаёлда) шу соҳанинг чин билимдони бўлмиш бошқа олим ўша рўйхатдаги аксар номлар хатодан-хато ёзилганини айтиб мулзам-музтар қилгани ёдимда.

Изланишсиз, янгиликсиз адабиёт қуриб-қовжираб қолажагини ҳамма билади. Лекин қидирганда аввало, ўзимиздан қидирайлик, ўзимиздан топайлик. Ана шунда дунё бизни таниган бўлади. Аслида, ўзимиздан олиб, бир суфлаб дунёга кўз-кўз қилинаётган матоҳларга маҳлиёлик энди бизга ярашмас.

Қаранг, шугина гапни айтаман деб қанча билжирабман-а!

– Бир суҳбатингизда эшитганим – “Умримдаги энг катта фожиа – адабиётнинг қадрсизланганию ёзувчининг назардан қолгани! Бундай бўлишини билганимда, Тошкент деб юрмай Бойсунимга кетавермасмидим…” дегансиз. Ҳозир ҳам шундай фикрдамисиз?

– “…адабиётнинг қадрсизланганию ёзувчининг назардан қолгани” – нима, нотўғрими? Қайтадан тасдиқлаб, имзо чекиб берайми? Сабабини ўзингиз биласиз. Бутун дунёда шундай ҳозир. Инсоний қадриятлар остин-устун бўлиб кетган. Чунки пулнинг, моддий манфаатнинг қўли баланд келди. Адабиёт, санъат, маънавият деган нарсалар беклигимизни кўз-кўз этувчи анчайин бир дастёрга айланиб қолган… Очиғи ҳам, аччиғи ҳам шу!

Қайтиб ўзига келмоғи учун эса инсоният қаттиқ бир сесканишни бошдан кечирмоғи даркор – бошқа чораси йўқ. Жайдарироқ ифодаласак – Худойим одамзодга инсоф бериши керак.

Энди, Бойсунга кетиш масаласи. Алам устида айтилган бўлса керак бу гап. Кексайганда киндик қони тўкилган жойга бориб яшаш ёмонмасдир. Романтикаси ҳам бор ёзувчи одамга. Лекин ўзим, ҳар қанча истамайин, Бойсунда қолиб яшаёлмасдим. Димиқиб кетардим-ов. Кундалик тирикчилик ташвишлариёқ еб қўяди. Қўлни чўнтакка солиб бориб-келмоқ бошқа. У ерда ёзишу юксак материялар ҳақида ўйлашга вақт, имкон қайда дейсиз!

Тағин бир армонли жиҳати, Усмон шоир айтмоқчи, “кетиб қолган Бойсундан Бойсун…”

– Бугун санъатлар ичида кино сердаромад соҳалардан, дейишади. Сизнинг ҳам “Чантриморэ”, “Эркак”, “Дилхирож”, “Забаржад”, “Жаннат қайдадир”, “Сув ёқалаб”, “Паризод” каби бир қатор кинофильмлар муаллифи эканингизни назарда тутиб бераётирмиз бу саволни: ҳақиқатан ҳам сердаромадлиги важидан шу соҳага қўл урдингизми ёки кўнглингиздаги ҳикоя ва қиссаларга сиғмаганларини ўзгача йўсинда ифодаламоқ ниятидами? Умуман, ижоддаги муваффақиятларингизни қайси соҳада деб биласиз: насрдами ёки кинодами?

– Кино мўъжизасига қизиқиб, берилиб кетганман-да. Бошқа нарса хаёлга ҳам келмаган. Сиз санаган фильмларда юриб, отли-туяли бўлганимиз йўқ. Сувники – сувга дегандек. Кейин, гарчанд номим расмий рўйхатига тиркалган бўлса-да, ўзимни шу соҳадан нон ейдиган туғди-битди киночи ҳисобламайман. Меники бир ҳавас, уч йил-тўрт йилда бир мўраламасам, ҳадеб ул серғалва даргоҳга йўлим тушавермайди. Лекин яширмайман, мудом ўша ёққа тортиб туради, жозибаси зўр, билмайман – қайдан юққан, қовушадиган жойларим ҳам бор.

Бу икки санъат соҳасининг қай бири таъбимга мослиги борасидаги саволга кўп марталаб жавоб қилганман. “Адабиёт – жафокаш хотин, кино эса жафокор маъшуқа. Унисидан ҳам, бунисидан ҳам кўнгил узолмайсиз…” Шу ҳазиломуз ўхшатма ўзимники бўлса керак.

– 2015 йилда китобларингиз Вашингтон, Париж китобхонлари қўлига етиб борди. “Шовқин” романингиз кўпгина баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Бу асар инглиз тилига “Буюк осий Шайх Санъон ворислари” деган ном билан таржима қилинган. Тўпламни ўқиган китобхон ундан Шайх Санъонни қидиради, албатта. Зийрак китобхон бу метафорани англаши мумкин. Аслида таржиманинг бундай номланишига сабаб нима?

– Роман эмас, кейинги йили Лондонда нашр этилган китоб шундай аталди. Тўпламда сиз айтган “Шовқин”дан бошқа асарлар ҳам бор, умумий номи – “Буюк осий Шайх Санъон ворислари”. Сираси, мен чет элда чиққан дастлабки икки китобимни шундай номламоқчи бўлганман, аммо Париждаги ноширларимиз негадир французчасини ҳам, инглизчасини ҳам “Эртак билан хайрлашув” деб атамоқни маъқул кўришди.

Тўғри пайқабсиз, осий пир ҳақидаги ривоят “Шовқин”нинг мағзини, метафорасини ифодалайди. Асарда ўша машҳур афсонанинг ўзи ҳам сценарийдан парчалар тарзида келтирилган. Ўйлаб кўрсам, буюк шайхимиз дучор бўлган қалтис синовлар маълум даражада сизу бизнинг, шўро мафкураси остида яшаган барчанинг чекига тушган экан. Бу ҳол тўпламдаги бошқа асарларга ҳам тааллуқли экани учун китобни шундай деб атамоққа қарор қилдик. Инглиззабон ўқувчиларда бу ном қизиқиш уйғотди деёлмасам-да, билишимча, ҳарқалай, эътироз туғдирмади.

Яшириб нима, эътиқодий парокандалик бобида неча-неча замон Санъон бобонинг ворислари мақомида яшаб келдик-да. Қани эди, ул зотдаги илоҳий тозариш, тугал покланув бизга ҳам насиб этса!..

– Сиз бугун нафақат ёзувчи ва кинодраматург, балки “Тафаккур” журнали бош муҳаррири сифатида ҳам фаолият юритасиз. Муҳаррирлик масъулияти ва ижод машаққатини уйғунликда олиб бор­япсиз. Буни журналнинг “Муҳаррир минбари” рукнидаги чиқишларингиздан ҳам билиш мумкин. “Эрталабки хаёллар”нинг ўзида жамланган фикрлар ҳар бири алоҳида катта асарга тенг. Хаёллигича қолиб, ҳали ҳаётга айланмаган асарларингиз борми? Шу ҳақда ҳам эшитсак…

– Бор. Анча-мунча… “Шарқ юлдузи”нинг эскидан-эски бир сонида оқсоқол адибларимиздан бирининг ижодий режаларини ўқиганим эсимда. “Келгуси ўн йилликда тўртта рўмон ёзиш ниятим бор, – дея орзусини баён қилган эди етмиш яшар ёзармонимиз. – Булардан ташқари, яна иккита тарихий рўмон ҳам каллада пишиб турибди…” Оқсоқол тўқсонларни қоралаб оламдан ўтдилар, бироқ орзуларидан бирортасининг ушалганини кўрмадик.

Ҳали қоғозга тушмаган ёки битмаган нарса ҳақида гапириб, бебурд, ваъдабоз аталмоқнинг нима кераги бор?!

Гулноз САТТОРОВА суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 4 =