Энг катта бахтсизлик ватан туйғусидан мосуво бўлишдир
“Маънавий ҳаёт” журнали Бош муҳаррири, таниқли шоир, Ўзбекистон республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Эшқобил ШУКУР билан суҳбат
— Эшқобил ака, жонажон Ватанимиз мустақиллигимизнинг 30 йиллигини кенг нишонлаш арафасидамиз. 30 йил эҳтимол тарих олдида қисқа вақтдир. Лекин бир инсон тақдири мисолида у кичик рақам эмас. Не-не боболаримиз Истиқлолни орзу қилгани учун жон фидо қилишган ахир. Аммо бугун айримлар Истиқлол нечоғлик улкан бахт, нақадар улуғ саодат эканлигини у қадар англамаётгандек…
— Яқинда ишим юзасидан жадидлар фаолиятини бироз ўргандим. Мени ҳайратга солган нарса шу бўлдики, улар миллат ва Ватан тараққиёти учун ўзларини шу даражада жавобгар ҳисоблаганларки, энг оилапарвар одам ҳам ўз оиласи учун бунча қайғуролмайди. Бу йўлда жон деса, жони кафтида, қон сўралса, қони бўғзида турган уларнинг. Сарғайган саҳифаларни варақлай туриб, Ватанни қаттиқ севиш уларнинг қисмати эканига амин бўласиз. Бу буюк қисмат! Ким нима деса десин, уларнинг ўлими ҳам юзлаб одамларнинг ҳаётидан кучли бўлган. Тўғри айтасиз, пулини чангаллаб, ўзининг қобиғидан нарини кўрмай, пўпанак босиб, юрт туйғусидан бебаҳра юрганлар қанча. Энг катта бахтсизлик Ватан туйғусидан мосуво бўлиш десам, буни сира баландпарвоз гапга йўйманг. Ҳақиқатдан шундай. Бу туйғудан маҳрум қирқ минг одамдан кўра, кўнглида шу туйғуни асраб-авайлаб келаётган битта одам афзал.
Элимизда жуда оддий, лекин жуда муҳим иккита савол бор. Одатда бизникилар одамни таниш учун шу икки саволни берадилар. Руслар бир қоп туз едириб, одамни ўрганса, ўзбеклар, узоқ гурунгларда одамни ўрганади. Шу икки савол одамнинг тарихини белгилайди, кўнглининг харитасини ифодалайди.
Бу саволлар қуйидагича: 1. Киндик қонинг қаерга тўкилган? 2. Ота-боболарингнинг қабри қаерда? Бу икки савол жавоби замирида инсон яшириниб ётади.
Ҳар нарсанинг қадрини билиш учун шубҳасиз унинг моҳиятини англаш керак. Мустақилликнинг моҳиятини маърифатсиз англаб бўлмайди. Чунки маърифатсиз мустақилликнинг ўзи бўлмайди, бўлган тақдирда ҳам у мустақиллик эмас, қулликнинг бошқа шаклидаги кўриниши бўлади холос. Сиз айтаётган муаммо – мустақилликнинг қадрига етиш муаммоси кўпчилик зиёлиларни ташвишга солади. Истиқлолга биз осонликча эришганимиз йўқ. Бир юз ўттиз йил давомида кўп қурбонлар берилди. Жуда кўп. Тарихга бир қур назар солсангиз юрак титраб кетади. Улар ҳам сиз билан биз каби орзуманд одамлар эди. Аксариятининг болалари ортидан изиллаб қолаверди. Қатағон қилинди, ўлдирилди, отилди, хўрланди, маҳв этилди. Мана шу етти сўзлик жумланинг ортига бир қаранг. Уёғда азоблар, уқубатлар, изтироблар ҳасратлар қон қусиб ётибди. Миллат гуллари каллаклаб ташланди. Тирик қолганлари ҳам инсондай эркин яшай олишмади. Наим ака (академик Наим Каримов. Таҳр.) айтарди: “Миртемир ака қариб қолганда ҳам эрта-индин мени олиб кетишса керак деган ваҳима билан яшарди” деб. Шукрки, товонидан чақмоқ чақнайдиган дунёга чиқаётган илм-маърифатли ёшларимиз бор. Лекин, баъзи ёшларнинг мустақилликка қарашини кўриб хафа бўлиб кетасан. Уларнинг орасида мустақиллик ҳақида тузукроқ ўйлаб кўрмайдиганлари ҳам бор. Бор шундайлар. Мустақилликка жўн қараш Ватанга жўн қараш билан баробар. Зеро, истиқлол бизнинг ҳаётимиз, тақдиримиз.
— Адабиёт ва ижод ҳақида чуқурроқ, теранроқ фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз. Ҳамма замонларда ҳам миллатнинг шоиру ёзувчиси унинг дардини, фожиаларини, оғриқларини қаламга олган. Бунга ўзбек ва жаҳон адабиётидан мисоллар бисёр. Ижодкорлар керак бўлса жамиятнинг асл юзини очиб берган, лекин ҳамду сано билан шуғулланмаган. Улар миллатнинг бугуни эмас, балки эртасини ўйлаган. Ўзбек адабиётида, кейинги 25-30 йилни оладиган бўлсак, миллатнинг юзини, ўзбекнинг дарду-ташвишини ёритган асарлар кўп эмасдек. Ёки халқчил асарлар кўп ёзиляпти-ю, жамоатчилик, китобхонларимизнинг буни англаб олиши қийин кечяптими? Яъни, асл “Адабиёт надир?” ва сизнингча бугунги адабиёт қанақадир?
— Яхши асарлар яратилмаяпти деган гапга унчалик қўшилмайман. Озми-кўпми, бор бундай асарлар. Фақат омманинг эҳтиёжлари кескин ўзгариб бораяпти, тўғрироғи, майдалашяпти. Адабиётдан кўра, боши-охири йўқ сериалларга, кўпчиган шов-шувларга эҳтиёж кучайди. Ижтимоий тармоқлардаги турли хил олди-қочди, майда-чуйда гаплар кўпларни юксак хаёллардан, тафаккурдан, дид ва фаросатдан узоқлаштириб юбораяпти. Бальзакнинг бир гапи бор: “Одамларнинг майда-чуйда гаплари ҳар қандай даҳони гўрга тиқади” деган. Бизда эса аксарият айни шу майда-чуйдаларга шайдо, олди-қочдиларга маҳлиё. Гурунглашиб кўринг, улар шундан нарига ўтолмайди. 9-10-синфларда ўқиб юрган кезларимни эсласам… Мактабдан сўнг доимо пахта даласида бўлардик. Ишлардик. Лекин шунда ҳам ҳамма ўқирди. Ўша вақтларда битта қиссами, романми эълон қилиниб қолса, бу асарнинг яхши-ёмонлигидан қатъи назар, ҳамманинг ундан хабари бўларди. Аълочиларни-ку қўяверинг, ҳатто билмасвойлар ҳам ўша китобларни ўқирди.
Ҳақиқий адабиёт бор, бозор адабиёти бор. Бозор адабиётидай сур адабиёт бўлмас экан, имконини топса, Навоий ё Қодирийни бир четга суриб ташлашдан ҳам тоймайди. Буниям кўраяпмиз. Абдулла аканинг сохта шоирларга қарата майли юравергину лекин “Асл нусхаман деб дод солмасанг бас” деган гапи бор. Ҳолбуки бундай дод кундан кун кўпайиб бораяпти. Тилсиз, тафаккурсиз, дидсиз асарлар пайдо бўлаяпти. Ҳали паст-баландни билмаган болаларимиз эса китоб дегани шу экан деб чиройли муқоваланган “чиқинди”ларни жимгина қабул қилишяпти, гўё торт қутисининг ичига ахлат тиқилгандай… Ёмон китоб шайтоннинг фаришта либосида кўринишидай гап. Бундан эҳтиёт бўлиш керак.
Президентимиз адабиётга қанчалик жиддий эътибор билан қараётганига, бу борада катта ишларни амалга оширганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Лекин ўзимиз, яъни ёзувчи шоирлар адабиётга қандай қараяпмиз? Бу жиддий савол. Шу саволни ҳар биримиз ўзимизга бериб кўрсак яхши бўларди.
— Ўтган асрда катта шоир-ёзувчиларимиз қайноқ асарлар битибгина қолмай, публицист сифатида ҳам майдонга чиққан. Уларнинг мушоҳадага ундовчи, таҳлилий-танқидий, оғриқли мавзулар кўтарилган мақолаларини ўқиганмиз. Янги Ўзбекистоннинг бугуни, қолаверса, сўнгги 5 йилда амалга оширилган оламшумул ишларни, ён-атрофда кечаётган ўзгаришу воқеа-ҳодисаларни нега зиёлиларимиз қаламга олмаяпти ҳисоб? Онда-сонда нимадирлар эълон қилинади, аммо тош босадиган публицистика жуда оз. Хусусан ўзингизда ҳам. Вақт етмаяптими ёки бошқа сабаблар борми?
— Ҳа, деярли ҳамма улуғларимиз публицистика билан шуғулланган. Беҳбудий, Чўлпон, Фитрат, Қодирийлардан тортиб, кейинги давр пешволари Абдула Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиевалар ҳаммаси муҳим муаммолар кўтарилган кўплаб мақолалар ёзишган. Ҳеч нарсага бефарқ қарашмаган. Уйғоқлик дегани шу. Мустақиллик арафасида Хуршид Давроннинг “Босқинчилик қаҳрамонлик бўладими?”, Шавкат Раҳмоннинг “Махфия”, Эркин Аъзамнинг “Тафаккур” журналидаги “Муҳаррир минбари”даги мақолалари ҳар бири катта таъсирга эга бўлган чиқишлар эди. Мақолани эълон қилиш оғир эди. У пайтлар цензура қаттиқ ишларди.
Телевидениега энди ишга кирганимда “Мушоира” деган кўрсатувни тайёрлардим. Кўрсатув кўригидан сўнг директор ўринбосари – Опа мени кабинетига чақириб, кўрсатувдан “Шукруллонинг “Она дуоси” деган шеърини олиб ташланг!” деб буюрди. Мен негалигини сўрасам, у “Агар эпласангиз шеърдаги ҳамма “дуо” деган сўзни олиб ташлаб, бераверинг, фақат “она дуоси” деган гап эфирга кетиб қолмасин. Чунки, “Она дуоси” деб берсак, динни тарғиб қилган бўламиз!” деган. Ҳолбуки шеърда “дуо” сўзи кўп эди, қофиялар ҳам шунга боғлиқ эди. Яна бир воқеа “Саодат” журналида ишлаб юрганимда бир мақола юзасидан цензор чақирди. Бордим. Цензор жуда тунд одам эди. У қовоғидан қор ёғиб: “Мақолада автор “Тунда ғамгин кезаман” деб ёзибди. Бу гапнинг тагида қандай маъно ётганини биласизми?” деди. Мен: “Ҳа энди тунда кезиб юрган бўлса, нималарнидир эслайди, хотирлайди, шунга шундай ёзган-да” дедим. Цензор яна-да тундлашиб: “Йўқ, билмабсиз. Автор бу ерда жамиятдан норози эканлигини сездириб қўяяпти. У жамиятдан норози! Шунинг учун тунда ғамгин кезаяпти” деди. Мен унга кесатиб: “У ҳолда авторнинг шу гапини “Тунда ўйнаб кезаман” деб ўзгартириб қўямиз-да” десам, у қошини чимириб, “Шундай деб ўзгартириб қўйинг!” деди. Яна бир гал журналда берилаётган “Нафсингиз билан урушда бўлинг!” деган ҳадис масаласида мени ўша цензор чақиртирган ва менга “Сиз одамларни урушга даъват қилаяпсизми” деб иддао қилган. Мен тушунтиришга ҳаракат қилдим: “Нафсингиз билан урушда бўлинг” дегани ҳаром-харишдан йироқ бўлинг, ўғирлик қилманг, бировнинг ҳаққини еманг, нафсингизни тийиб юринг, дегани. Бунинг нимаси ёмон десам, у: “Унда “урушда” сўзини олиб ташланг!” деган. Тасаввур қилинг: “Нафсингиз билан урушда бўлинг” деган гапдан “урушда” сўзини олиб ташласак, нима қолади? Кўраяпсизми, улар ҳатто пайғамбар сўзларини ўзгартиришга мажбурлашар эди. Бундай мисолларни жуда кўп келтириш мумкин. Шундай вазиятда ҳам устозларимиз миллат дардини айтишнинг йўлини топишган.
Публицистика ёзиш бадиий асар ёзиш каби ўзининг қатъий талабларига эга. Қолаверса, ёзувчи Шахсликка даъвогар экан, унинг муносабати ҳам шунга яраша бўлиши керак.
Ижодкорнинг ҳар бир нарсага ўз муносабати бор. Фақат эринчоқлик қилмасдан ёзиш керак. Мамлакатимизда сўнгги тўрт йилда амалга оширилган ишлар ва ўзгаришлар ҳақида публицистик мақолалар кам бўлса-да ёзилаяпти. Мен ўзим ҳам йигирмага яқин мақолалар ёздим ва эълон қилдим. “ХХI аср ўйлари”, “Она тилимизнинг абадияти нима билан кафолатланади?”, “Элсизлик бу йўлсизликдир”, “Халқ ва тарих тили”, “Жиддий ва аламли бир савол”, “Тарихни шамолга муҳрлаб бўлмайди”, “Халқ қалби билан ўйнашманг” каби мақолаларим шулар жумласидандир. Ўзгаришлар ва янгиланишларга ўз муносабатини билдираётган адиб ва шоирларимиз бор. Лекин уларни ўқиш қандай кечаяпти? Энди бу бошқа масала.
— “Маънавий ҳаёт” журналининг бош муҳарририсиз. Бизда бугун энг глобал муаммо — МАЪНАВИЯТ. Тўғри, ҳавас қиладиган ёшларимиз албатта кўп, лекин ҳавас қилолмайдиган ёшларимиз жудаям кўп! Дейлик, журнал жуда катта машаққат билан чоп этиляпти. Савияли, мазмуни тош босадиган материаллар эълон қилиш учун таҳририят ходимлари сидқидилдан ҳаракат қилаётганига гувоҳмиз. Аммо бошқа босма нашрлар сингари унинг ҳам ўқувчиси жуда кам. Газета-журнал ўқимайдиган авлод эртага ким бўлиб етишади?
— Мени буюк анъана ва қадриятларга нисбатан жўн қарашлар, сохта муносабатлар, баландпарвоз ўлик гаплар, пружинасифат тутумлар хавотирга солади.
Кейинги қирқ йил ичида дунё бутунлай ўзгарди. Бу қалтис шитобга нафосат ва гўзалликнинг бардоши етмаяпти. Адабиёт, тасвирий санъат, мусиқа каби нафис санъатларга оғир бўлаяпти. Дейлик, мусиқа санъати ўрнини ҳад-ҳудудсиз шовқин-сурон эгаллаши ҳам шундан. Бир қарасангиз ҳаммаси зўр, ҳаммаси аъло! Одам ўзининг маишати учун беқиёс имкониятларни яратди. Қойил! Лекин шунинг баробарида маънодан узоқлашиш жараёни тезлашиб кетди, она табиатга зулм кучайди. Оталар ва болалар, оналар ва қизлар, акалар ва укалар, опалар ва сингиллар, қўни-қўшнилар муносабатларида хатарли инқилоблар содир бўлди. Дарвоқе, орада ҳар нарсада инқилоб ясаш модага айланди. Бу кийинишдан, еб-ичишдан тортиб, катта маданиятларгача ўпирилишларни келтириб чиқарди. Озарбайжон шоири Саломнинг бир шеъри бор: Бизга инқилоблар керакмас, етар! Халқни уйғотиш дегани унга уйқу бермаслик дегани эмас.
Мени яна бир нарса ўйлантиради. Баъзи одамлар шу юртимизда вояга етишади, маблағ топишади, шу ерда бойишади, пули кўпайгач қайсидир давлатга кўчиб кетишади. Кейин уёғлардан гап-сўзларини эшитсангиз, гап оҳангида ватанга беписандлик сезилиб туради. Мен бу ўринда кимларгадир ё қайсидир гуруҳларга беписандлик эмас, уларнинг айнан ватанга ва халққа, қадриятларимизга нисбатан беписандлиги ҳақида айтаяпман. Баъзилари юртимизга етти ёт бегона юртга қарагандай қарашади. Ахир ота-боболарингнинг хоки шу ерда ётган бўлса, сен қайдасан? Яқинда шундай бир аёл номаъқул суратини оммага эълон қилиб, кейин бу ҳолга жамоатнинг норозилигига нисбатан иддао қилганини кўриб, беписандлик ҳам эви билан-да деб ўйладим.
Юртдан узоқда яшаш мумкин. Бунга ҳеч ким қарши эмас. Баъзан вазият ё тақдир ҳам буни тақозо қилиши мумкин. Четда яшаб ҳам ватанига сидқидилдан хизмат қилаётганлар бор. Муҳими, одам қайда бўлмасин кўнглида ватанини олиб юриши шарт. Чунки Ватан дегани фақат яшаш жойи эмас, шунчаки ухлаб турадиган, овқатланадиган омонат бошпана ҳам эмас, унда ҳар бир одамнинг тарихи, қонидаги кечмишлари, имон-эътиқоди, таянч туйғулари, ҳаёт томирлари, хуллас, инсонни инсон сифатида тутиб турувчи ҳамма нарса мужассам.
Ватандан олисда яшаш ватансизликка олиб бормаслиги керак.
Ватансизлик ёмон. Миллатининг тайини йўқ деган гапдан Худо асрасин, бу жуда хунук гап. Ўзингиз ўйлаб кўринг, миллатсиз, ватансиз яшаш мумкинми? Асло! Балки мен эскича қарашлар одамидирман, лекин буни тасаввур қилолмайман. Ватансиз ва миллатсиз ҳаётнинг менга кераги йўқ. Мен боболарим ва момоларимнинг руҳи менда яшаётганини, улар шу ватаннинг тупроғига айланганини, оёқларим остида пойи патагим бўлиб, “Болам қадамингни тўғри бос” деб турганларини эшитишим керак. Ҳеч қачон ватанни оёқ ости қилишларига йўл қўйманг.
“Маънавий ҳаёт” журнали ҳақида илиқ гаплар айтдингиз. Раҳмат. Таъкидлаганингиздай, бугунги кунда маънавият – глобал муаммо! Юқорида сиз билан гаплашган гапларимизнинг ҳаммаси бугунги маънавий жараёнлар билан боғлиқ. Журналнинг савияси учун қўлимиздан келганича ҳаракат қилаяпмиз. Ҳар бир жумлани қайта-қайта кўрамиз. Ҳозир журнални мактабларга етказиш бўйича ҳаракатлар кетаяпти. Энди янада қаттиқроқ ишлашга тўғри келади. Мақсадимиз аниқ: савия, дид ва фикр.
— Яхши биласиз, бугун минг афсуски, босма нашрларга эътибор анча сусайган. Сизнингча, матбуотнинг бугунги аҳволига, обуначилар йўқлигига ва одамлар нега газета-журналлардан узоқлашиб кетганига асосий сабаб нимада?
— Мен бу ҳақда айтдим. Оммавий эҳтиёж кўп нарсани ҳал қилар экан. Лекин жамият ўз эҳтиёжларини ҳам тафтиш қилиб туриши керак экан. Яъни, бу эҳтиёжлар заминида нималар ётибди, улар ҳақиқатан ҳаётий эҳтиёжми ё шунчаки очкўз васвасаларми? Наркотик ҳам кимлар учундир эҳтиёж. Одам шундай жумбоқки, қўйиб берсангиз, жаҳолатга ҳам эҳтиёж сезиб қолади. Шоир Фитратнинг бир шеърини жуда яхши кўраман. Унда шундай аламли сатр бор: Ошанг, афандилар, ошанг, бу хоин иштаҳа сизники!
Бундан бир неча йил аввал нафақат газета-журналлар, ҳатто китобга эҳтиёж сўниб қолди. Ўзи бадиий китоблар керакми, ёзувчи ва шоирларнинг жамиятга кераги борми дегандай қарашлар ҳам пайдо бўлди. Биз буни кўрдик, аламини тортдик. Баъзи жойларда “Нима иш қиласиз?” деган саволга “Ёзувчи ё шоирман” деб жавоб берсангиз, “Булар ўзи нима қилиб юришади?” маъносида совуқ қарашларни ҳам кўрдик. Шундай вазиятга келиб қолганимизда Президентимиз катта миқёсда китоб ва мутолаа маданияти масаласини кўтарди, адабиётнинг ҳурматини тиклаб қўйди, тараққиёт маърифатсиз амалга ошмаслиги, маърифат эса китобдан олиниши ғоясини илгари сурди.
Тинимсиз сериал кўраётган ё ижтимоий тармоқларда олди-қочдилар изидан қувиб юрган одамнинг дунёқараши билан газета-журнал ё китоб варақлаётган одамнинг дунёқарашида осмон билан ерча фарқ бор. Лекин одамларнинг газета-журналлардан узоқлашувига бошқа сабаблар ҳам борки, бу бевосита нашрларнинг ўзи билан ҳам боғлиқ. Орада маълум бир муддат нашрлардаги бир хиллик, ҳаддан ташқари расмийлик, бир-бирини такрорлаш ўқувчиларни бездирган. Лекин сўз эркинлиги шарофати билан ҳозир газета-журналларимизда ўзгаришлар бўлаяпти. Энди ўқувчилар аввалги кайфият билан эмас, ҳафсала билан газета ва журналларни варақлаб кўрсалар, ўзлари учун нималарнидир олиши мумкин. Лекин журналист кадрлар масаласида, таҳрир ва тил масаласида бир жаҳон гапларим бор эди-ю, бошласам, бир газетага сиғмайди. Аламлиси, баъзан отини тўғри ёзолмайдиганлар ўзини журналист деб эълон қилишяпти. Ҳолбуки, матбуот жамиятнинг, маданиятнинг шаффоф ойнаси бўлиб қолиши керак.
Абдурасул ЖУМАҚУЛ суҳбатлашди.