Баланд сасли орзулар

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов

таваллудининг 80 йиллиги

 

Ёзувчилик касбининг ўзига хос жиҳатлари, машаққатлари билан бирга зарур фазилатлар мажмуи бор. Ана ўша фазилатлар эгалланар экан, ёзувчи асарлари   ҳар қандай миллат ва заминда ўз “оёғини” мустаҳкам қўяди. Бугун 80 йиллик таваллуд санаси миллатнинг, адабиётчиларнинг табаррук бир байрами ўлароқ нишонланаётган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг ижод олами юқоридаги фикрнинг исботи тарзида кўзга ташланади.

Бир пайтлар қалам ҳақига автоулов минган ёзувчи – шоирлар авлоди ҳақида бот-бот гапирилади. Яъники, улар Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимов, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовлар авлодлари экан. Зотан бу авлодга мансуб ижод аҳлининг яратган асарлари, ўзбек адабиёти экологиясини тозалашдаги хизматлари, миллий дард, миллий изтироб билан нафас олган асарларининг ўзбек адабиётидаги ўрни ҳар қандай автоуловга қилингандай ҳавас ва энтикиш манбаига айланса қанийди…

Ўткир Ҳошимов 1941 йил 5 августда Тошкент шаҳрида туғилди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультети журналистика бўлимини тугатган. Илк китоби — “Пўлат чавандоз” биланоқ оғизга тушган. “Чўл ҳавоси”, “Одамлар нима деркин”, “Шамол эсаверади”, “Қалбингга қулоқ сол”, “Баҳор қайт­майди”, “Дунёнинг ишлари” қиссалари ҳамда “Нур борки, соя бор”, “Икки эшик ораси”, “Тушда кечган умрлар” каби романлари нашр этилган. Ёзувчининг бир қанча асарлари экранлаштирилган. “Хазон бўлган баҳор”, “Инсон садоқати”, “Виждон дориси”, “Тўйлар муборак”, “Қатағон” каби драма, комедия, бир қатор киносценарийлар муаллифи эканлигини халқимиз яхши билади.

“Дафтар ҳошиясидаги битиклар” китоби ижтимоий-маънавий ҳаётда муайян из қолдирди. Ҳамза номидаги Давлат мукофоти лауреати, “Меҳнат шуҳрати”, “Буюк хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган.

Адиб асарлари билан танишар экансиз, унинг кўзи ҳар доим муҳим ва ҳатто энг кичик нарсаларни, асл вазиятларни, тасвирларни, ҳаётни ташкил этувчи тафсилотларни пайқаш қобилияти доимо ўзига хос бўлганлигини илғаймиз.

Бу кузатиш ва бадиий хулоса чиқариш қобилияти, бошқалар эътибор бермаётган нарсаларни пайқаш қобилияти. Бу дарё бўйлаб сузиб кетаётган қоғоз қайиқ, бу дарахтларнинг кўлмаклардаги акси каби гўзалдир.

Ёзувчининг нуқтаи назари одамларни ва улар ўртасидаги муносабатларни, уларни ўраб турган дунёнинг элементларини ва дунёнинг ўзини ишончли тасвирлаш учун зарурдир. Ва у янги қизиқарли ғоялар манбаи бўлиб хизмат қилади, у муаллифнинг ўзига хос ва фақат сизнинг нуқтаи назарингизга айланади.

Ёзма фикрлаш вазиятга, одамга ташқаридан қараш қобилияти ҳамдир. Ўткир Ҳошимовнинг ёзган асарларида қора-салбий, оқ-мусбат эмас, шунингдек, ҳаётда ва табиатда яшил, қизил, сариқ, оч қизил ва бинафша ранглар ҳам борлигини кўрамиз.

Бундай фикрлаш очиқ фикрлашни назарда тутади: бир муаммо бўйича бир нечта турли (ҳатто қарама-қарши) фикрлар бўлганда ва уларнинг барчаси тўғри бўлса, ҳар ким яшаш ҳуқуқига эга бўлади. Битта вазиятдан чиқишнинг бир неча йўли мавжуд эканлигини ва уларнинг барчаси ўз йўлида фойдали ва тўғри эканлигини Ўткир Ҳошимов асарлари воситасида илғашимиз осонроқ кечгандек бўлади.

Юқорида адибнинг асарларини номма-ном санаб ўтдик. Бу жуда осон. Бироқ уларнинг остида қолиб кетган кунлар-чи, тунлар-чи, ёзувчи тушиб кўрган турфа хил қиёфалару тубсиз жарликлар-чи?! Булар эса асар номини санаган янглиғ осон ҳол эмас, силлиқ ҳам эмас!

Биз баъзан ҳаётнинг бир хил кўринишларидан, бир хил оҳангларидан зада бўламиз, толиқамиз. Қаергадир қочгимиз келади. Бу ҳолни ёзувчи қандай кечиради? Шу аниқки, ёзувчининг қочадиган жойи маълум: у хаёл дунёсига — фантазиялар қаърига, туйғулар тубига   қочади. Ёзма дунёдан бошпана топади. Бу эса тунги осмонга қараб, коинотни томоша қилишдай, бир кўз билан юлдузларни, иккинчи кўз билан қоғоз варағи ёки компьютер экранига тикилишдай ҳолатни кўз олдимизда гавдалантиради.

Янаям фикр қилишга ундайдигани биз санаган асарларнинг ҳар бирининг замирида қурбон қилинган уйқу ва сабрнинг мукаммал кўриниши бор. Сабр тубсизлиги… Ҳар қандай ҳикоя устида ишлаш жуда кўп вақтни олади ва биринчи қораламаларни ёзиш учун эҳтимол, бир ой, балки бир неча йиллар керак бўлади. Биз бу меҳнатнинг ҳажмини ҳар биримиз ҳис қила олганимиздами, ёзувчининг нафақат туғилган кунини, балки ниҳоятда улуғ бир сабр орқасидан дунёга келган ҳар бир асарининг туғилган кунини нишонлаган бўлармидик…

Ўткир Ҳошимовнинг асарларини кузатар экансиз, уларда ниҳоятда гўзал бир завқни кўрамиз. Агар ёзувчи ҳаёт ҳақиқатларидан завқ туя олмас экан, у яратган асар ҳам бизни завқлантирмаслиги табиий.

Ёзувчининг ҳар бир асари “баланд овозда” қилинган орзулардир. Бу сас бизга яшашни ўргатмайди, билағонлик қилмайди, боши берк кўчаларга олиб бориб қўйиб ортига қайтиб кетмайди. Ўқувчини муттасил руҳий исканжа ва қийноққа солиб ҳузурланмайди. (Адабиётда ўқувчини руҳий ва психологик ўпқонларга ташлаб қўйгувчи ёзувчилар асарларини эсланг.) Улар қалбимизни,   туйғуларимизни, идрокимизни керакли витаминлар билан, ижодий ва ҳаётий кислород билан тўйинтираётганга ўхшайди. Бу аслида фақат Ўткир Ҳошимов ижодигагина эмас, асл Сўз асл Адабиёт йўлидаги ҳар бир ижодкор асарига хос умумфазилатлардир.

Aлбатта, Ўткир Ҳошимовнинг ёзувчилик фазилатлари булар билангина чегараланиб қолмайди. Уларда жасорат ва қатъият бор – майин бир жасорат ва мўмин-қобил қатъият мужассам. Ва бу фазилат Ўткир Ҳошимов асарларини, ижодий базасини ич-ичдан ёлқинлантириб туради.

“Қаламкашга қишлоқнинг қалби, шаҳарнинг ақли керак”, “Изтироб чекиб ёзилган асар роҳат қилиб ўқилади”, “Одатда йиғлаб ўқиладиган асарлар йиғлаб ёзилади. Аммо кулиб ўқиладиган асарларнинг ҳаммаси ҳам кулиб ёзилавермайди.” Ижодкорлар орасида афоризмсифат маъно ташиган ушбу ҳикматли сўзлар Ўткир Ҳошимовга тегишли. Зеро уларда ҳаётий ҳақиқат, ижодкор қалбининг кунжакларидаги энг инжа ҳиссиётлар ва донишмандларга хос бадиий ва ҳаётий идрок бор. Зотан бу фазилатлар Ўткир Ҳошимовнинг ҳар бир асарига хосдир.

…Куни кеча пойтахтимизда жойлашган Ўзбек Миллий театрида Президентимизнинг “Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилган кеча чинакам маънода ўзбек адабиётига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг навбатдаги намунаси бўлди, десак хато бўлмайди. Беихтиёр бугунги ўқувчи Ўткир Ҳошимов асарларига қай даражада муштоқ, ҳаётнинг сокин ва бир зайл паллаларида яратилган асарлар бугунги тезкор техника замонида яшаётган китобхон ёхуд “интернетхон”ларни қай даражада жунбушга сола олади, бу асарлар бугун ҳатто бироз замонавийликка ўч хос китобхонларга қайси жиҳатдан таъсир ўтказади қабилидаги ўйларга берилади киши.   Жавобимиз эса оддий, бироқ яхлит: Ўткир Ҳошимов асарлари миллий руҳ билан тўйинган, уларнинг тагзаминида юқорида таъкидлаганимиз каби сокин бир жасорат бор, тили ва руҳиятида ўзбекона миқёс бор. Замон истаганича тезлашаверсин, унинг асарлари ўз ўқувчисини тўхтатишга, секинлатишга, ўтмишнинг юрагига қулоқ тутишга даъват қила олади. Улар ҳақиқий ўқувчилар бўлса, албатта.

Маълумки, улуғ адиб хотирасини абадийлаштириш мақсадида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан ўтган давр мобайнида бир қатор ташкилий-ижодий ишлар ҳам амалга оширилди.

Хусусан, таълим муассасалари, меҳнат жамоалари, маҳаллалар, ҳарбий қисмлар ҳамда Адиблар хиёбонида таниқли ижодкорлар, олимлар, маданият ва санъат намояндалари иштирокида Ўткир Ҳошимов ижодига бағиш­ланган кўплаб учрашувлар, давра суҳбатлари ҳамда китобхонлик кечалари бўлиб ўтди. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Замонавий ўзбек адабиёти ривожида Ўткир Ҳошимов ижодининг ўрни ва аҳамияти” мавзусида илмий-амалий анжуман ўтказилиб, унда “Эл севган адиб: Ўткир Ҳошимов замондошлари хотирасида” номли китоби тақдимоти ҳам бўлди. Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Дўмбиробод маҳалласидаги Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов яшаб, ижод қилган уйга ёдгорлик лавҳаси ўрнатилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Ўткир Ҳошимов асарлари билимдони” респуб­лика кўрик-танлови ташкил этилди. Ҳудудий босқичда фаоллик кўрсатган 23 нафар ўқувчи кўрик-танловнинг республика босқичида иштирок этди. Танловнинг республика босқичи ғолиб­лари шу йилнинг 12 октябрь куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида муносиб тақдирланди.

Ўткир Ҳошимовнинг асарлари асосида спектакллар саҳналаштириш бўйича ҳам ишлар олиб борилди. Жумладан, Ўзбекистон давлат драма театрида “Дунёнинг ишлари”, Ўзбекистон давлат сатира театрида “Ўткир Ҳошимов асарлари асосида ҳажвиёт”, Андижон ва Қўқон мусиқали драма театрларида “Тўйлар муборак”, Бухоро вилояти мусиқали драма театрида “Тўйлар муборак ёхуд уйланмасам ўламан” номли спектакллар саҳналаштирилди.

Шунингдек, яқиндагина санага туҳфа сифатида “Шарқ” нашриёти Ўткир Ҳошимовнинг “Танланган асарлар”и,   турк тилида “Ötkir Haşimov. Seçme Hikâyeler” (“Ўткир Ҳошимов. Танланган ҳикоялар”) китоблари чоп этилди. Шу билан бирга Туркиянинг Анқара шаҳридаги “Hece Yayinlari” нашриётида шоир ва таржимон Ҳамза Ўзтуркчи томонидан нашрга тайёрланган “Замонавий ўзбек ҳикоялари” номли тўп­ламдан Ўткир Ҳошимов асарлари ўрин олди.

Адиб таваллудининг 80 йиллигига бағиш­ланган тантанали кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидовнинг таб­рик сўзи билан очилди. У ўз нутқида адабий-маданий жараёндаги ислоҳотлар ҳамда Ўткир Ҳошимов маънавий меросининг ўрни ва аҳамияти хусусида сўз юритди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид эса адибнинг бадиий асарлари моҳияти, ёш ижодкорларга кўрсатган ғамхўрлиги ҳамда адабий сабоқлари ҳақида сўзлади.

– Бундан ярим асрдан кўпроқ вақт илгари улкан адиб Абдулла Қаҳҳор ёш истеъдодли қаламкаш Ўткир Ҳошимовнинг “Чўл ҳавоси” қиссасини ўқиб: “Бирдан лов этиб аланга билан бошланган ижоднинг келажаги порлоқ бўлади. …Шу аланга ҳеч қачон пасаймасин, ижодингиз ҳеч қачон тутамасин!” – дея бўлажак халқ ёзувчисига ўзининг оталарча хайрихоҳлигини изҳор этган эди, – дея фикрини давом эттирди Сирожиддин Саййид. – Ўткир Ҳошимов ўзининг оташин ижодий фаолияти билан устозлар ишончини тўла тўкис оқлади.

Шундан сўнг Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғофуров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Хуршид Дўстмуҳаммад, адабиётшунос Шуҳрат Ризаев сўзга чиқиб, Ўткир Ҳошимовнинг ҳаёт ва ижод йўллари, инсоний фазилатлари ҳақида сўз юритдилар.

Тадбир давомида, Ўзбек давлат драма театри актёрлари ижросида “Дунёнинг ишлари”, Қашқадарё мусиқали драма театри жамоаси “Тўйлар муборак” спектаклидан парча намойиш этди. Ўзбек Миллий Академик драма театри актёри Ихтиёр Отажонов ижросида ёзувчи қаламига мансуб “Лайлак” номли саҳна кўриниши, Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ўқувчилари томонидан “Дафтар ҳошиясидаги битиклари” китобидан намуналар ўқилди. Юнус Ражабий номидаги Мақом ансамбли ҳамда санъаткорларнинг куй-қўшиқлари эса кечага ўзгача завқ-шавқ бағиш­лади.

Гўзал БЕГИМ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen + 17 =