Навоий сиймосининг бетакрор талқини

Фикримизнинг исботи учун катталарга ва болаларга мўлжаллаб битилган Иззат Султоннинг “Навоий” драмаси, Ойбекнинг “Бола Алишер” қиссаси, “Навоий” романи, Мақсуд Шайхзоданинг “Ўртоқ Навоий” балладаси, Миркарим Осимнинг “Язд чўли” ҳикояси (Адиб Алишер Навоийга бағишлаб 11 та ҳикоя ёзган ва уларни жамлаб “Зулмат ичра нур” номи билан нашр қилган – Б.Р.), Қўлдош Мирзонинг “Мубтало бўлдим сенга” қиссаси, Омон Мухторнинг “Амир Алишернинг дарди” драмаси, “Ишқ аҳли” романи, Исажон Султоннинг “Навоий” романи каби ўқишли бадиий асарларни санаб кўрсатишимиз мумкин. Рус тилида маҳорат билан битилган улуғ Алишер Навоийнинг ҳаёти, ижоди, темурийлар Уйғониш даври, замондошлари ва унинг асарлари, шоҳбайтлари ҳақидаги таниқли адиба Лидия Батнинг “Ҳаёт бўстони” номли қизиқарли асари шулар жумласидандир.

Адибанинг ўзбек халқи ҳаёти ва бадиий адабиёти билан яқин алоқаси унинг Тошкентда (1941–44 йй.) яшаган йилларида бошланган. Маълумки, у Ўзбекистон пойтахтига Иккинчи жаҳон уруши   даврида қамалда қолган Москва ва Ленинграддан эвакуация қилинган бир гуруҳ зиёлилар қаторида келган. Меҳмондўст она халқимиз уларга жуда катта меҳру муҳаббат, ёрдам кўрсатиб, бир бурда қора нонини бирга бўлишиб ейиш билан кифояланмай, уларнинг ижодлари ва илмий тадқиқотлари тўхтаб қолмаслиги учун барча шароитларни ҳам яратиб беришган. Ўз навбатида, бу ижод аҳли вақт ўтиб фидойи халқимизнинг бундай олийжанобликларини ўзларининг асарларида юксак пардаларда тараннум этишган.

Жумладан, Лидия Бать ҳам азим Тошкентда яшар экан, ўзбек адиб ва олимлари билан дўстона алоқада бўлган ҳамда бу каби адабий, маданий алоқаларни умрининг охиригача изчил равишда давом эттирган.

Лидия Григорьевна Бать (1900–1985) – таниқли рус адибаси ва мунаққиди, навоийшунос олима. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1970). Илк ижодини ҳикоя, очерк ва тақризлар ёзишдан бошлаган, кейинроқ эса қисса, романлар ёзган.

Ўзбек тилини яхши билган олима Ҳамза, Ғ.Ғулом, Ҳ.Олимжон, А.Қаҳҳор, Зулфия, А.Мухтор, Қ.Муҳаммадий ва бошқа шоиру адиблар ижоди ҳақида кўплаб мақолалар, очерклар, тақризлар ёзган. Ўз-ўзидан, Лидия Бать адабий фаолиятида муҳим ўрин тутувчи ва унга жаҳоний шуҳрат келтирган асарларидан бири бу – унинг даҳо шоир ва буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишлаб ёзган “Ҳаёт бўстони” (“Сад жизни”) (1948) номли романидир. Шоир ва мутафаккир, жамоат арбоби, шеърият мулкининг султони, мураббий ва муқаввий Алишер Навоийнинг ҳаёт бўстони ҳақида ҳикоя қилувчи   ушбу ўқишли асар бошқа миллат намояндаси томонидан ёзилган энг гўзал асарлардан бири ҳисобланади.

Ёзувчи Лидия Бать ушбу асарини ёзишни 1941 йилда, яъни улуғ шоир таваллудининг 500 йиллигига тайёргарлик кўриш жараёнида бош­лаган ва маълум муддат Тошкентда давом эттирган ҳамда уни 1948 йилда Москвада муваффақият билан якунлаган, шу йилнинг ўзида асар “Ёш гвардия” нашриётида “Болалар адабиёти” рукнида жуда катта нусхада нашр қилинган.

Ўша вақтда ҳали Алишер Навоий асарларининг даврий нашрлари бўлмагани учун адиба ушбу романни яратиш жараёнида кўплаб қўлёзмаларни ўқиб-ўрганган ҳамда Алишер Навоийнинг лирик ва насрий асарларининг маъно қатламларини, мағзини чақишга астойдил ҳаракат қилган.

Албатта, Алишер Навоий ҳақида бадиий асар ёзган қалам аҳли қаторида маҳоратли адиба Лидия Батнинг борлиги кишини қувонтиради. Унинг “Ҳаёт бўстони” асари 1948, 1956, 1967, 2016-йилларда Тошкентда нашр қилинган ва ҳатто мактаб дарсликларига киритилган. Ўзбек китобхонлари ҳамон уни қўлдан қўймай севиб ўқиб келмоқда. У менинг ҳам севимли асаримдир. Муҳими, бу китоб кейинчалик ҳам адиб­лар ёки тадқиқотчиларнинг Алишер Навоий ёки бошқа тарихий шахслар, буюк сиймолар ҳақида ёзилган тарихий мавзудаги бадиий асарлари учун ҳамон адабий таъсир ва ижод мактаби вазифасини ўтаб келмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Лидия Бать болалик, ёшлик, камолот (ўрта ёш), кексалик сингари Алишер Навоийнинг ёши билан боғлиқ даврини романда юксак эстетик пафосда бадиий, фалсафий ва тарихий талқин қилишда гўё Алишер Навоийнинг “Хазойин ул-маоний” девонига киритилган тўрт девоннинг рамзий номланишига нисбат берган. Маълумки, улуғ шоир ўзининг 3600дан ортиқ фасоҳатли шеърларини ўз ичига олган муҳташам “Хазойин ул-маоний” таркибидаги тўрт девонни айнан инсон ёши бўйича тақсимлаб номлаган. Яъни: 1. “Ғаройиб ус-сиғар” (кичиклик), 2. “Наводир уш-шабоб” (ёшлик), 3. “Бадоеъ ул-васат” (ўрта ёшлик), 4. “Фавойид ул-кибар” (кексалик даври) каби. Демак, Лидия Батнинг ушбу романида ёритилган ва тасвирланган даҳо шоир, буюк мутафаккирнинг мазмунли, ибратли умри, қизғин ижодий фаолияти Алишер Навоий ўзининг шеърий девонларига қўйган рамзий, фалсафий характердаги номлар асосида маҳорат билан кўрсатиб берилганини кўрамиз.

Фикримизча, биринчидан, ҳар бир фаслда Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ бўлган муҳим воқеа, ҳодиса қаламга олинган ва улуғ шоирнинг замондошлари бўлган кўплаб тарихий шахслар, қалам аҳли, темурий ҳукмдорлар, бунёдкор шахсларнинг адабий портрети, фаолияти хусусида ҳам бадиий лавҳалар, тасвирлар битилган бўлса, иккинчидан эса Алишер Навоийнинг буюк сиймоси тимсолида Темурийлар Ренессансининг маданий юксалиш даври ҳам кенг планда маҳорат билан тасвирланган.

“Ҳаёт бўстони” Тафт шаҳрида бола Алишернинг темурийлар Ренессансининг мумтоз муаррихи Шарафиддин Али Яздий билан бўлган учрашуви тафсилоти билан бошланган. Лидия Бать мазкур тарихий учрашув талқинини баён қилишда Алишер Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” ва “Насойим ул-муҳаббат” тазкираларида битиб қолдирган Али Яздий ҳақидаги фиқраларидан унумли фойдаланганини кўрамиз. Шу ўринда кекса тарихчининг бўлажак даҳога қарата айтган дуога йўғрилган тилагини эслайлик. Чунки муаллиф бу ўринда дунё болаларини илмли, маърифатли бўлишга чақиргани шубҳасиз: “Алишер қувонч ва ҳаяжон билан ўрнидан турди. Боядан бери болани кузатиб турган Шарафиддин меҳр билан унинг бошига қўлини қўйди-да: Илмингни камол топтир, илм зеб-зийнатинг бўлсин, зероки илм — инсоннинг йўлчи юлдузидир, – деди”.

Ёш Алишернинг Шарафиддин Али Яздий билан Тафт шаҳрида тарихий учрашуви фақат Лидия Батнинг мазкур асарининг “Қуш тили” (“Разговор птиц”) фаслидагина эмас, балки Миркарим Осимнинг “Язд чўли” ҳикоясида ва Исажон Султоннинг “Навоий” романининг “Тафт. Бир ажойиб чол” бобида ҳам бадиий талқин қилинган. Адиба Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асари қўлёзма нусхасини ҳам ўқиб ўрганган. У китобхонга Али Яздий шахсини Амир Темур ва темурийларнинг мумтоз муаррихи сифатида таништиришга ҳаракат қилган ҳамда фаслда унинг “Зафарнома” китобини ёзаётгани ҳақида тўхталгани роман сюжетининг энг диққатга сазовор лавҳаларидан бири ҳисоб­ланади. Ёки асардаги баъзи сюжетлар, етакчи образлар, персонажлар, умуман, образлар оламининг талқини Лидия Батгача ва ундан кейин ҳам бадиий асарларда учрайди. Масалан, Алишер Навоийнинг падари бузруквори образини Ойбек домла жуда чиройли талқин қилиб берган бўлса, Ғиёсиддин Баҳодирнинг сиймоси Лидия Бать романида ҳам ёрқин тарзда ёритилган ва ана шундай эстетик пафос нафақат кекса тарихчи Али Яздий ёки Ғиёсиддин Баҳодирнинг сиймосида, балки асарнинг бошқа қаҳрамонлари тасвири ва талқинида ҳам мужассам эканлиги сезилади.

Асарнинг бизни ўзига тортган яна бир жиҳати шундаки, истеъдодли адиба унинг “Амир Темур ҳукмронлиги даври” фаслида Соҳибқирон Амир Темур номини ҳам тилга олган ва у тўғрисида қизиқарли лавҳа битган. У мазкур фаслда ҳукмдор ҳақида гапирган қуйидаги тасвирга диққат қилсак: “Ҳиндистондан Озарбайжонга қадар Амир Темурнинг измида эди.

У ниҳоятда шижоатли эди. Унинг сира қўлидан қўймай тақиб юрадиган узуги кўзига: “Одил бўлсанг–олам сеники” деб ёзилган эди”. Яна адиба   асарда улуғ шоир ўз асарларида шарафлаган “Зижи Кўрагоний”нинг муаллифи Улуғбек Мирзо ҳақида ҳам хайрихоҳлик билан қалам тебратган. Умуман олганда, Лидия Бать ва темурийлар мавзусида алоҳида тадқиқот олиб бориш мумкин.

Муаллиф асарда даҳо шоир тилидан олға сурган миллий ва умумбашарий ғояларга тамсил қилиб Алишер Навоийнинг шоҳбайтларидан келтиргани ҳам асарнинг қимматини янада оширган. Масалан, китобнинг “Хотима” қисмида бетоб бўлган улуғ шоирнинг Поёб работида шогирди Хондамир билан қилган суҳбати баён қилинган. Суҳбатда Навоий тилидан айтилган ҳикматга йўғрилган шоҳбайтини ёдга олсак:

Бу гулшан ичра йўқдур бақо гулига сабот,

Ажаб саодат эрур қолса яхшилик била от.

Алишер Навоийнинг ўзи тарбиялаган тарихчи Хондамир билан бўлган кўплаб мулоқотлари, суҳбатлари тарихий ва адабий манбаларда баён қилинган. Тарихдан яхши маълумки, Хондамир улуғ устози Алишер Навоий ҳақида алоҳида “Макорим ул-ахлоқ” номли алоҳида асар ҳам ёзган. Лидия Бать ҳам Навоий ва Хондамир суҳбатини улуғ шоирнинг ўзи битган шоҳбайт билан хулосалагани ёзувчи маҳоратидан ва буюк мутафаккир ижодига бўлган ихлосидан дарак бериб турибди.

Мухтасар қилиб айтганда, Лидия Бать “Ҳаёт бўстони” тарихий романида Алишер Навоий сиймосининг ҳам даҳо шоир, ҳам буюк мутафаккир, ҳам мумтоз муаррих, ҳам қомусий олим, ҳам давлат арбоби, ҳам ўз даврининг бунёдкор ижтимоий шахси сифатидаги олмос қирраларини маҳорат билан очиб беришга ҳаракат қилган. Айниқса, унинг Алишер Навоийнинг болалик, ёшлик, камолот, кексалик даври билан боғлиқ бир-биридан қизиқарли тасвирлар, унинг мазмунли умри ўтган Ҳирот, Тафт, Самарқанд, Астробод, Машҳад, Марв шаҳарлари билан боғлиқ ҳаётий тасвирлар, манзаралар ҳам адиба томонидан ҳаққоний ёритилган. Ўз даврида замондош олимлар томонидан юксак баҳоланган мазкур асар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Буробия РАЖАБОВА,

Ўзбекистон Фанлар академияси

Ўзбек тили, адабиёти ва фольклор

институтининг етакчи илмий ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three + nine =