Навқирон авон

Дўстим Дилмурод Қирғизбоев, ота бувалари, асли аравонлик. Соқол мўйловларининг кузалиши ўзига жуда ярашган, покиза, орияти шундоқ юз-кўзига тепчиб турадиган, завқию зиёси ўзидан олдин юрадиган Кенжабой муаллимнинг ўғли.

Дилмурод билан биз ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари “Совет Ўзбекис­тони” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетасига ишга ўтганимда танишганмиз. Отаси Кенжабой акани ва жонсарак, кўзларидан нафақат ўғли Дилмуродга, балки унинг дўстларига ҳам меҳр ва жонфидолик ёғилиб турадиган волидаси Хосиятхон ая билан у уйланган 1986 йилда қадрдонимнинг никоҳ тўйига борганимда кўришганмиз. Ўшанда Кенжабой муаллим ўзимнинг отам билан ака-укадай ўхшашлигини кўриб, ҳайрон қолгандим…

Жайдарича айтсам, Дилмурод ҳам менга ўхшаб, қачонлардир орзу ҳавас­ларига эргашиб пойтахтга келиб қолган тошкентликлардан. Назаримда у Тошкентга не мақсадларни кўзлаб келган бўлса, айтарли, барчасига эришган омадли кишилар сирасига киради.

Ҳа, Дилмурод омадли экан. Журналистикани тугатиб, Тошкентда қолди. Турли таҳририятларнинг “эрка боласи” бўлиб ишлади. Элига ҳам, жамиятга ҳам нафи тегадиган очерклар, публицистик мақолалар, таҳлилий ва танқидий мақолалар, фельетонлар ёзди. Унинг “Хазон бўлмас баҳорим бор”, “Чинор шоҳидаги синчалак” номли китоблари ҳам ўқувчиларга яхши таниш. Ўзини намоён қилиш учун жидду жаҳд билан тиришди, зарур бўлса курашди. Тез орада тилга ҳам, назарга ҳам тушди. Соҳа мутасаддиларининг кўзида келажаги бор, тиришқоқ, ушлаган жойини узиб оладиган журналист сифатида шаклланди.

Унинг ажралиб турадиган инсонийлик фазилатларидан яна бири устозларига жуда садоқатли эканлиги. Мақсуд Қориев, Неъмат Ёқубов, Хуршид Дўстмуҳаммад каби таниқли муҳаррирларни пирим деб этагидан маҳкам ушлаган.

Иш фаолиятини журналистиканинг энг кичик хизмат поғонасидан бошлаган бу йигит қатор марказий газеталарда турли лавозимларда ишлади. “Миллий тикланиш” газетасининг бош муҳаррири вазифасини ҳам бажарди.

Шуни ҳам айтиш керакки, у бугунги мақом мавқеини қозониш, қишлоғидан дилига тугиб чиққан орзуларини амалга ошириш учун нима иш қилса астойдил қилди, ўзини ҳам, қаламини ҳам аямади. Ҳаётда бир   ҳақгўй журналист сифатида турли савдоларни, тухмат ва ҳасадларни, боринки оғир-енгил кунларни, сарҳад ошиб келганлар учун бегона бўлмаган нохуш ғавғоларни ҳам бошдан ўтказди…

У бугун менинг тасаввуримда ҳар қандай шароитда ҳам ўзини, ўзлигини сақлай оладиган, ҳақлигини исботлай биладиган, чайир ирода эгаси сифатида гавдаланади. Давраларда, идораларда ўз ишининг устаси, мутахассис кадрлардан бири сифатида тилга олинади, қадрланади ва иззатланади.

Дилмурод ҳақиқатан бахтли инсон экан. Унга Худо чин маънодаги садоқатли ёр ато этди. Сапурахон синг­лимиз ўз пайтида Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида довруғ қозонган, мамлакат чорвачилиги, паррандачилик саноати ривожи учун катта хизматлар қилган, Олий Мажлис депутати бўлган раҳматли Хошимжон ака Тешабоевнинг суюкли қизи. Мен касб тақозоси билан Хошимжон ака билан ҳам бир неча бор мулоқотда бўлганман. Ва, у кишининг биз ижодкорларга алоҳида хайрихоҳлик билан қараши, бажонидил интервьюлар бериши ҳам айнан куёви Дилмуроджон туфайли эканлигини доим ҳис қилиб турганман.

Дилмурод бугун оиласида ҳам, иш жойида ҳам суюкли, керакли, кўп яхши инсонлар, ҳар сўлим ва солим давралар соғинадиган, қайга борса файзи фасохати билан кириб борадиган мақомга эришди. У одамларга яхшилик қилиб завқланадиганлар тоифасидан. Мен унинг саховатпешалик билан боғлиқ бир қанча хайрли ишларини ҳам зимдан биламан. Лекин   бандасининг бандасидан яшириб қилган яхшилигини ошкор этиш ҳам ҳикматдан эмас… унинг яхши амалларини Аллоҳ ижобатли эҳсон сифатида даргоҳида қабул қилсин!

Камина Дилмуродни хаёлимда доим 40-45 ёшлар атрофидаги куч-ғайратга тўлган навқирон йигит деб юраверарканман. Яқинда “Ака, мен ҳам олтмишга киряпман”, деса рости ишонгим келмади. Бундоқ қарасам, ёлғонга ўхшамайди. Бу иштибоҳимни унга айтдим:

– Ака, ўзи шунақа бўлади. Кўнгил яқин одамлар бир-бири учун доим ёш бўлиб қолаверади, – дейди.

Ана сизга донишмандлик! Бу энди унинг яна бир қирраси, файласуфларча фикрлашидан дарак. Айтишича, мен ҳам етмишга кирсам ҳам унинг учун, доим ўша илк танишган чоғимиздаги Абдунаби ака эканман.

Аравонлик кўнгли яқин укам. Олт­миш ёшлик навқирон авон муборак бўлсин!

Абдунаби БОЙҚЎЗИЕВ

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси, шоир

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 − eleven =