Нотинч Қозоғистон: сабаблар, саволлар, сабоқлар

image description

Замонавий Қозоғистон давлатчилиги мисли кўрилмаган синовга рўбарў келди. Жорий йил 2 январь куни Жанаўзен шаҳрида суюлтирилган газ нархи оширилишига қарши бошланган норозилик намо­йиши бутун мамлакатни остин-устун қилган воқеаларга дебоча бўлди. Бу ҳодисалар донишманд шои­римиз Абдулла Ориповнинг “Гоҳ оддий тасодифнинг оддий бир ҳамласида Капалак қанотидай учиб кетар қасрлар” деган сатрларини ёдга солди.

Давлат раҳбариятининг намойишчиларга ён бериши – газ нархи туширилиши, Вазирлар Маҳкамасининг тарқатиб юборилиши акс таъсир этди. Аксилҳукумат чиқишлари кўлами янада кенгайиб кетди, учқун алангага айланиб, бошқа шаҳару қасабаларни ҳам домига тортди. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев геосиёсий мустақилликни довга тикиб, мамлакатга Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) тинчликпарвар қўшинини киритишга мажбур бўлди.

Бундай кўламдаги оммавий намойишларга фақат ёнилғининг қимматлашувини сабаб ўлароқ кўрсатиш соддалик бўлур эди. Зеро, бир гуруҳ “муқарраб” шахсларнинг иқтисодиётнинг муҳим соҳалари устидан назорат ўрнатиб бойлик орттираётгани, монопол ширкатларнинг “ўзим бўлай” сиё­сати, коррупция, ишсизлик кўпдан буён аҳоли норозилигига доялик қилаётган эди.

Шу тариқа ўзгаришларни талаб қилган аҳоли қатлами кўчага отланди. Ҳукумат намойишчиларнинг аксар талабларига қулоқ тутди, ҳатто Нурсултон Назарбоев Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан истеъфо берди. Аммо одамлар уй-уйига тарқай демади. Чунки вазият аллақачон издан чиққан, тинч намойишчилар тушунуксиз бир алфозда ғазабнок оломонга айланган эди. Издиҳом оралаган қуролли шахслар давлат ҳокимияти идораларига ҳужум уюштира бошлади, савдо мажмуалари, бино-иншоотларни ғорат этмоққа тушди. Шаҳарлар бамисоли муҳораба майдонига айланди, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ўлдирилди, давлат муассасалари ёқиб юборилди. Оломон биноларга эмас, гўё ўз истиқболига, умиду ишончига ўт қўйди. Фуқароларнинг тинч намойиши орқали ўз ҳақ-манфаатларини талаб қилиши халқаро меъёрларда мустаҳкамланган ҳуқуқ саналади. Аммо қонун сарҳадини бузиб, зулм-зўравонлик ва бузғунчилик йўлига ўтиш на халқаро ҳуқуқ, на инсонийлик мезонларига тўғри келади.

* * *

Нотинчлик рўй берган маҳал энг аввал ҳақиқат қурбон бўлади. Бу гал ҳам вазият хусусида бир-бирига зид хабарлар тарқалди. Хўш, намойишчилар орасида каллакесарлар, мерганлар тўдаси қаердан пайдо бўла қолди?

Қозоғистон раҳбарияти дастлаб норозилик акцияси қатнашчиларини “намойишчилар” деб атаган бўлса, қуролли ҳужум ва зўравонлик кучайгач, уларга нисбатан “террорчилар”, “босқинчилар” истилоҳларини қўллашни маъқул кўрди. Ташқи ишлар вазирлиги эса хунрезлик қилаётган шахслар хорижда тайёрланган қўпорувчилар экани ҳақида баёнот берди. Буни тасдиқловчи маълумотлар эса ҳали тўлиқ очиқланганича йўқ.

Не тонгки, мамлакатнинг иқтисодий-молиявий пойтахти саналган Олмаотада бошбошдоқлик, хўжасизлик авж олди. Ҳарбийлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари нега сусткашликка йўл қўйди? Ёки улар амалдаги президент буйруқларини бажаришдан бош тортдими? Қўшҳокимиятчилик, сиёсий гуруҳбозлик панд бердими?

Сўнгги кунларда Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ раиси ва яна бир қатор юқори мартабали шахсларга нисбатан давлатга хиёнат айблови билан жиноий иш очилгани фитна илдизи чуқур эканидан далолат бераётгандек.

Ўз ҳамқавмларининг молию жонига тажовуз қилган биродаркушлар ким эди? Уларнинг қўлига қурол тутқазганлар-чи?.. Жавобсиз саволлар кўп. Аксилтеррор амалиёти якунланиб, осудалик тўлиқ ўрнатилгач, жумбоқли масалалар жиддий тафтиш-тадқиқ этилса ажаб эмас.

* * *

Шубҳасиз, бу тартибсизликлар Қозоғистон иқтисодиётига кучли зарба берди. Биргина тадбиркорлар ва мулкдорларга етказилган зарар бир неча юз миллион доллар дея баҳоланаётир. Мамлакат миқёсидаги молиявий йўқотишлар кўп ҳадли рақамларни ташкил этиши шубҳасиз. Зўравонлик ҳамда фаровонлик ҳеч қачон ёнма-ён яшай олмайди. Бир кун жанжал рўй берган жойдан қирқ кун барака қочиши маълум. Боз устига, юрт бошига йўқчилик келганда унинг жабрини асосан қўли қадоқ, тўни ямоқ раият тортади. Қўшни мамлакатнинг айрим корчалонлари ҳам тартибсизликлар бошланиши билан апил-тапил учоғига минганча дориломон юртларга равона бўлди. Демак, нотинчлик келтирган моддий-молиявий зиённи қоплаш учун яна оддий халқ заҳмат чекмоғи лозим.

Иқтисодий йўқотишлар ўрнини вақт ўтиши билан тўлдирса бўлар, аммо бой берилган сиёсий суверенитетни мустаҳкамлаш учун кези келганда бир неча авлод курашмоғи талаб этилади. Қозоғистондаги тартибсизликлар мамлакат эгаменлигига ҳам таҳдид туғдирди. Россиядаги отнинг қашқасидек таниқли айрим сиё­сатчилар истиҳолаю андишани бир четга йиғиштириб, Қозоғистон ҳудудий яхлитлигига дахл қилувчи баёнотлар бергани эса “Кимга тўй, кимга аза” нақлини эсга солди…

Америкалик сиёсатшунос ва давлат арбоби Збигнев Бжезинский “Буюк шахмат тахтаси” китобида (1997) Қозоғистонни “минтақа қалқони” деб атаган эди. Ён ва жон қўшни бўлган ўлкада иқтисодий-сиёсий барқарорлик ҳукм суриши она юртимиз Ўзбекистон учун ҳам жуда-жуда муҳимдир. Зеро, у мамлакатимизнинг учинчи иқтисодий ҳамкори саналади (2021 йилда ўзаро савдо айланмаси қарийб 3,5 миллиард долларни ташкил этган). Қолаверса, Ўзбекистон илгари сураётган якдил Марказий Осиё концепциясида қўшни мамлакат залворли ўрин тутади. Бу жиҳатдан икки қардош мамлакатга бири қошу бири кўз деб таъриф берилса муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафта Қозоғис­тон етакчиси Қосим-Жўмарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқотда ҳам биродар қозоқ халқи ва раҳбариятини барқарорликни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларида доимо якдиллигини таъкидлади.

Қозоқ элининг улуғ фарзанди Абай “Қора сўз” пандномасида мансабсуйгичлик, ўтирикчиликни қоралаб, ишбошиларни Ҳақ ва халқ хизматида камарбаста бўлмоққа даъват этган эди. Янги йилнинг илк ҳафтасида рўй берган талотўплар ҳокимият қутқуси, уруғ-аймоқчилик, халқдан йироқлашув фалокатга етаклашини, айни чоғда, эркинлик ва масъулият бир-бирини тақозо этувчи тушунчалар эканини яна бир карра тасдиқлади.

Ҳозирги паллада Қозоғистонда барқарорлик ўрнатиш, суверенитет ҳамда яхлитликни муҳофаза қилиш учун ҳокимият ва халқ оғизбирчилигига эришмоқ даркор. Қардош қозоқ эли мушкул-мураккаб имтиҳондан донишмандлик, вазминлик билан ўтиши, қўшни ўлкада тез фурсатда бари изга тушишига тилакдошмиз.

Собир САЛИМ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight + 1 =