Тилшуноснинг фидойилиги (Олим ва таржимон Фаттоҳ Абдуллаевни ёд этиб…)
Эшак минганича овулларни айланиб, кекса чол-кампирлардан эртак, мақол, тарихий воқеаларни ёзиб олиб юрган кишини, нафақат оддий колхозчилар, балки фойтун аравали от, “эмадем”, “виллис” маркали машина минган раису райкомбувалар ҳам ҳурмат қилишарди. Эшак минган амакининг Урганчдаги пединститутда домла эканлигигина эмас, балки ғоятда кенг қамровли билими, маданияти, ўзини тутиши одамлар эътиборини жалб қилганди. Шу боисдан ҳам ота-оналар, ёшуллилар, мактаб ўқитувчилари ўқувчиларга яхши ўқишни насиҳат қилишар, “сизлар келажакда Фаттоҳ Абдулладай олим бўласизлар” дейишарди.
Ҳа, Хоразму, Қорақалпоғистон қишлоқларини эшак миниб айланиб фольклор намуналарини тўплаган олимга халқнинг ҳурмати баланд бўлган. Заҳматли меҳнатлари, илми, интилишлари билан нафақат оддий халқ орасида, балки олимлар, китобхонлар орасидаям эътироф этилган шахс, профессор Фаттоҳ Абдуллаев эди.
Фаттоҳ Абдуллаев асли Авлиёота, (ҳозирги Қозоғистоннинг Тараз) шаҳридаги машҳур қози Абдуллажон оиласида 1914 йилда таваллуд топганди. Абдуллажон қози барпо эттирган масжид ҳозирги кундаям Тараз шаҳри марказида фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, Абдуллажон қозининг маблағига бунёд қилинган ҳаммом биносиям ҳозирда сақланиб қолган.
Маълумки, Фаттоҳ Абдуллаев вояга етган йиллар динга, бой-мулкдорларга қарши кураш авж олган пайтлар эди. Шу боис Фаттоҳ Наманганга бориб яшаб, ўзининг ижтимоий келиб чиқишини яширишга мажбур бўлади. Илмга бўлган ихлос туфайли Каттақўрғонга бориб 1929-33 йилларда педагогика техникумида таҳсил олади. Ўқишни тугатиб, бир йил давомида “Каттақўрғон ҳақиқати” газетасида адабий ходим бўлиб ишлайди. Табиийки, интилган, изланганга толе ёр деганларидек, илмга ихлос Фаттоҳ Абдуллаевни 1934 йилда олис Ленинград шаҳрига бошлаб келади. Шу тариқа у 1934-39 йилларда Ленинград давлат университетининг филология факультетида таҳсил олади.
Бу вақт ичида моддий етишмовчилик боис Фаттоҳ Абдуллаев порт ва пиво заводида юк ташувчилик қилиб кун кўради. Ўқиш, иш юзасидан муомала, турли миллат вакиллари билан сўзлашиш натижасида рус тилини мукаммал эгаллайди. Инглиз тилиниям ўргана бошлайди.
Ўқишни тугатиб Тошкентга келгач, 1939-44 йилларда Низомий номли Тошкент давлат педагогика институтида ўқитувчилик, 1944-47 йилларда Наманганга бориб ўқитувчилар тайёрлаш институтида ўзбек тили кафедрасига мудирлик қилади. 1947 йилда яна Тошкентга қайтиб ЎзФАнинг тил ва адабиёт институтида бўлим мудири сифатида иш бошлайди.
Унинг 1946 йилда “Ўзбек тилида арабизмлар” мавзусида ёқлаган диссертацияси “ижтимоий бегона элемент томонидан динни тарғиб қилиш”да айбланишига бир баҳя қолади. Унинг устидан 1950 йилда аноним хат тушиб, Ф.Абдуллаев, академик Н.Маррнинг “илмий асосланмаган яфестик назарияси”га хайрихоҳликда айбланганди. Маълумки, ўша йилларда шўролар партияси томонидан илм-фан доираларидаги “яширин душманлар”ни фош қилиш ва уларнинг иғволаридан огоҳ бўлиш борасида кўплаб чақириқлар эълон қилинганди. Аноним хат айни шу паллада кўзланган нишонга бориб тегади. Тил ва адабиёт институтининг партияга ихлосли, илмга эса бефарқ ҳовлиқма раҳбарияти, аноним хатни асос қилиб, тутуриқсиз баҳоналар асосида Ф.Абдуллаевни ишдан бўшатиб юборади.
Ваҳоланки, ўша пайтлардаям фан номзодлари Тошкентда камдан-кам эди. Қолаверса, Фаттоҳ Абдуллаевнинг 1940-41, 1942-50 йилларда 7-синфлар учун яратган “Ватан адабиёти” хрестоматия дарслиги қайта-қайта нашрдан чиққанди. Бундан ташқари бир қанча ўқув қўлланмалари ўқитувчилар учун мактабда асосий таянч манба вазифасини ўтар, 1940 йилда нашр этилган “Умар Хайём — улуғ шоир ва файласуф”, 1941 йилда чоп қилинган “Камина — туркман шоири тўғрисида” ва бошқа мақолалари илмий доиралардаям анча довруғ қозонганди. Бироқ шунга қарамай, Фаттоҳ Абдуллаев ишдан четлатилади.
Натижада у пойтахтдаги бирон бир илмий, педагогик муассасага ишга жойлаша олмай, Тошкентдан анча узоқ бўлган, унчалик катта ва гавжум бўлмаган олис Урганчга бориб қўним топади. Кўнгилни чўктирувчи, илмни нохолис баҳоловчи дарғалар даккисидан сўнг у янаям фанга боғлиқ тадқиқотлар устида иш олиб борди. Хоразм шеваларига оид диалектологик материалларни, эртак, мақоллар, афсоналарни тўплаш, ёшларни илмга ихлосли авлод сифатида вояга етказишга интилди.
Фаттоҳ Абдуллаев қишлоқма-қишлоқ тўплаган бой шева манбаси асосида Хоразм шеваларининг этник ва лингвистик харитасини тузади ва ана шу асосда воҳадаги шеваларнинг илмий таснифини беради. Айнан у ўзбек тилшунослари ичида биринчи бўлиб диалектал луғатнинг намунасини яратади.
Сталин вафоти ва жамиятдаги илиқлик — “Хрушчёв баҳори” сабаб Фаттоҳ Абдуллаев 1956 йилда Тошкентга қайтиб келади. Дастлаб Низомий номли Тошкент давлат педагогика институтида, кейинчалик эса 1985 йил — вафотигача бўлган даврда ЎзФАнинг тил ва адабиёт институтида фаолият кўрсатади.
Тўплаган, таққослаган, тадқиқ қилган илмий ишлари асосида “Хоразм шевалари” (1961), “Хоразм эртаклари” (1961), “Хоразм шевалари фонетикаси” (1967), “Ўқиш китоби”, “Эски ўзбек ёзуви намуналари” (ҳаммуаллифлар: Т.Шермуҳаммедов, Л.Халилов (1973), “Сўзлар ўзаро қандай боғланади?” (1974), “Ўзбек тилининг ўғиз лаҳжаси” (1978), “Ўзбек тилида бошқарув” (ҳаммуаллиф Ф.Иброҳимова) сингари илмий-оммабоп китобларини нашр эттиради.
1961 йилда у “Ўзбек тили Хоразм шеваларининг фонетикаси” мавзусида докторлик диссертациясини ёқлайди.
Ф.Абдуллаев нафақат ўзбек тили ва қардош туркий тилларини, балки рус, инглиз тилларини ҳам чуқур эгаллаган олим сифатида, Жек Лондоннинг ҳикоялар тўпламини инглиз тилидан, Умар Хайём рубойиларини форс тилидан, Каминанинг шеърлари, Б.Кербобоевнинг “Дадил қадам”, “Небитдоғ” романлари, “Ойсултон” қиссасини туркман тилидан, Э.Казакевичнинг “Одерда баҳор” романини рус тилидан таржима қилиб нашр эттиради.
Ҳа, Фаттоҳ Абдуллаев нафақат етук тилшунос,тажрибали таржимон, айни пайтда адабиётшунослик, тарих, этнография сингари фанларга доир кузатишлар олиб борган серқирра олим ҳам эди.
Серқирра ижодкор ва етук олим ҳаёти ва илмий фаолияти тўғрисида кўплаб самимий сўзларни ёзиш мумкин. Бироқ энг асосийси, СЎЗга, тилшуносликка умрини бағишлаган фидойи олимнинг асарларини қайтадан нашр этишда. Чунки, профессор Фаттоҳ Абдуллаевнинг асарлари илк бора нашр этилганига ҳам ярим асрдан кўпроқ вақт бўлди. Бу вақт ичида бир нечта янги авлод шаклланди. Аммо домланинг асарларини баъзан кутубхоналардан ҳам топиш қийин бўлиб қолди. Масалан, болалар ва ёшлар учун “Хоразм эртаклари” китобини қайта нашр этиш, ҳаётимизда тилга эътиборсизлик бўлиб турган паллада домланинг асарларини қайта чоп қилдириш заруратини туғдирмоқда. Шу каби Фаттоҳ Абдуллаев асарларининг электрон вариантини тайёрлаб, соҳага доир сайтларда бериб борилса, домла илмий тадқиқ этган қўшни Қозоғистондаги тилшунослар, миллатдошларимиз ҳам бу илмдан баҳра олишган бўларди. Зеро, илм вақт, чегара билмайди. Қолаверса, инсонни иложи бўлса ҳаётлигида, агарки бунинг иложини топа олмаган эканмиз, вафотидан сўнг ҳам яратган асарларини қайта нашр қилдириб қадрини ўз ўрнига қўйсак эзгу иш бўлар эди.
Умид БЕКМУҲАММАД