“Мендан фахрланишса, дейман…”

Баъзи инсонлар тақдиридаги арзимаган нохушлик ёки хасталикдан тушкунликка тушиб, нолиб юришади. Аммо орамизда шундай одамлар борки, ҳар қандай тақдир озорларини бартараф этишга имконият топажакларига ишониб яшайдилар. Бу имконият яхши орзу-ният, олдинга қараб интилиш ҳиссидир. Улар бу жиҳатлари билан бошқаларга ҳам ҳаётни севишни ўргатадилар. Ана шундай, ҳар қандай шароитда ўзида яшашга куч ва ирода топа олган икки замондошимиз ҳақида ҳикоя қилмоқчиман.

 

Райҳон Нурмуҳаммедова 1971 йил Навоий вилоятида туғилган. Тўрт ёшида полимилит касалига чалинган. Олти ёшида пойтахтимиздаги 100-махсус мактаб интернатига ўқишга келган. “Мактабга келган чоғларим ота-онам, уйимдан узоқдалигимдан жуда ўксинардим, — дейди у, — қарасам, атрофимда ўзимга ўхшаган болалар ўйнаб-кулиб юришибди. Улар билан таниша бошладим. Йиллар ўтиши билан биродарлардай яқин бўлиб қолдик. Тарбиячи ва ўқитувчиларим шунақанги меҳрибон эдиларки, уларга бўлган ихлосим туфайли келажакда ўқитувчи бўлишга қарор қилдим”.

Райҳон мактабни битириб Низомий номидаги Педагогика университетининг математика факультетига ўқишга кирди. 1995 йил ўқишни битириб турмушга чиқди. Икки ўғиллик бўлди. Тиббиёт коллежида, “Меҳрибонлик” ногиронлар жамиятида ишлади. 2016 йили ўзининг қадрдон илм даргоҳи   бўлган 100-мактаб-интернатга ишга таклиф қилинди ва математика фанидан дарс бера бошлади. У вақти-вақти билан ўқувчиларига тиришқоқ синфдошлари, ўзи ўқитган шогирдлари ҳақида сўзлаб беради, уларда ҳаётга иштиёқ, илмга нисбатан рағбат уйғотади. Масалан, синфдоши Айдер Куртуллаевнинг ЎзМУнинг журналистика факультетини тамомлагани, ҳозирда Москвада яшаши, нуфузли бир газетанинг махсус мухбири сифатида Владимир Путин, Дмитрий Медведевлардан интервью олганини айтганда болаларга қандай таъсир қилишини тасаввур қилинг.

Яна бир қаҳрамонимиз Насиба Муратшайхова. Унинг ота-онасига шифокорлар Насибанинг мия фаолияти ўсиши сустлашаётгани, бора-бора юриши ҳам қийинлашиши мумкинлигини айтишади.   1996 йил уни онаси мазкур махсус мактаб-интернатга олиб келади. “Болаликдан менга ачиниб қарашларини истамасдим, — эслайди у, — шунинг учун 1-синфга қабул қилинганимда, онам билан хайрлашаётганимда йиғламаганман. Аксинча, бундай ҳолатларда тенгдошларим бегонасирашганда жаҳлим чиққан. Мактабда фаол бўлмаганимда, устозларимнинг ўгитларига қулоқ солмаганимда, Сарвар Баҳодиров сингари илмга ташна тенгдошларимга эргашмаганимда ногиронлигимча қолган бўлардим. Ўн тўрт ёшимда тикувчи бўлиб етишдим. Компьютер оператори, ҳисобчилик, кадрлар бўйича менежерлик бўйича малакамни оширдим. Шеърлар, газетага мақолалар ёзадиган бўлдим. Келажакда педагоглик касбини эгалламоқчиман. Яна депутат, сенатор бўлиб, ёки бирор вазирликда ишлаб ногиронлиги бўлган инсонлар ҳуқуқини ҳимоя қилишни орзу қиламан. Токи мендан ота-онам, устозларим, тенгдошларим фахрланиб юришсин. Бунинг учун ҳали кўп китоб ўқишим, мақсадларим йўлида изланишим керак. Ўн хил компьютер оламига кира олинг, биргина китоб ўқиган ўсмирга бас келолмайсиз…”, — дейди у.

Суҳбатдошларимдаги сабр-бардош, ҳар кимда ҳам бўлавермайдиган ирода ва қатъият мени ҳайрон қолдирганидан барча ота-оналарга дегим келади: “Нияти яхши дилбандларингизни бағрингизга “қамаб” қўйманг, уларни меҳрингизга қуршаган ҳолда катта ҳаётга қўйиб юборинг! Тоблансин, излансин, топсин! Ҳаёт чаманзорида бир гулга айлансин”.

Юлдуз ТИШАБАЕВА,

Тошкент шаҳридаги 100-махсус мактаб-интернатининг

Ижодий-маданий масалалар бўйича маслаҳатчиси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 1 =