Ватан қанотлари

14 январь — Ватан ҳимоячилари куни

 

Ватан – ҳар   бир миллат учун ор-номус, садоқат, эътиқод, матонат, жасорат мезони ва   тимсолидир. Ҳатто, қушлар   мавсумий қай манзиллар томон учсалар ҳам, лекин ўз ошёнига яна ва яна қайтаверади. Шу маънода Ватан ва ватанпарварлик тирикликнинг ўзига хос омили десак, хато бўлмайди. Ватан ҳисси инсонга Ватанидан олисда бўлганида яққол сезилади. Турли сабаблар билан ўзга юртларда яшаган кўплаб ватандошларимизнинг ҳаёти аянчли ва қайғули кечгани бизга тарихдан маълум. Бу ҳақиқат буюк бобомиз Алишер Навоийнинг “Олтин қафас ичра гар қизил гул битса, Булбулға тикондек ошиён бўлмас эмиш”, деган даъватларида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топган.

Айниқса, ёшларда ватанпарварлик туйғуларининг юксалиши ва намоён бўлишида, уларнинг жисмонан бақувват ва маънан етук бўлиб камол топишида миллий армиянинг ўрни беқиёс. Бугун ёшларимизда юксак ватанпарварлик туйғулари асосида ён-атрофимиз ва жаҳонда рўй бераётган сиёсий-ижтимоий жараёнларга миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда ёндашиш кўникмаларини, турли ички ва ташқи таҳдидларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантиришга эришиш устувор масала бўлиб турибди.

Жаҳон ва минтақадаги вазият, юзага келаётган хатар ва таҳдидларга мос ҳолда қайта ишлаб чиқилган ва 2018 йил 9 январда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.   Бу тарихиий ҳужжат мазмун-моҳиятидан келиб, Шавкат Мирзиёевнинг ҳарбий соҳага оид қабул қилган қарорлари, ҳарбий хизматчиларга яратилган имтиёзлар ва қулай шарт-шароитлар, уларни уй-жой билан таъминлаш бўйича узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари берилиши, ҳарбий шаҳарчаларни ободонлаштириш, уларда замонавий инфратузилмалар барпо этиш, муддатли хизматни ўтаётган ёшларга олий таълим муассасаларига имтиёзли йўлланмалар бериш, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига олий ўқув юртларида таълим олишлари учун давлат грант ўринлари ажратилиши мамлакат мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашда   муҳим омил бўлмоқда. Айниқса, бу борада туманлар, шаҳарлар, маҳаллаларда узлуксиз   тарғибот- ташвиқот тадбирлари ўтказиш ёшларимизнинг ҳарбий хизматга, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш имконини беради. Ундан ташқари, ҳарбий қисмлар, таълим муассасаларида ёшларнинг ҳарбий касбга бўлган қизиқишларини янада ошириш, ватанпарварлик фазилатларини камол топтириш мақсадида тарихий қаҳрамонлар Тўмарис, Широқ, Спитамен, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Бобур Мирзо сингари улуғ зотлар ҳаёти ва фаолияти, жасорати, жанговар тактикасини тарғиб этувчи учрашув ва давра суҳбатларини ташкил этиш катта ижобий натижа беради.   Шундан келиб чиқиб, Президентимиз “Ватанпарварлик ҳар бир давлат ҳаётининг маънавий асоси ҳисобланади ва жамиятни ҳар томонлама ривож­лантириш борасида энг муҳим сафарбар этувчи куч сифатида намоён бўлади”, дея   бежиз таъкидламаган эди.

Зеро, ҳарбий-ватанпарварлик концепциясининг устувор вазифалари ҳам ёшларда миллий армиямизнинг қудрати ва салоҳиятига бўлган ишончни кучайтириш, ҳар қандай мураккаб вазиятларда тезкор ва мустақил қарор қабул қилиш, замонавий ҳарбий-техника воситаларидан самарали фойдаланиш малакасига эга кадрлар етиштириш, Ўзбекистон манфаатларини нафақат ҳарбий соҳада, балки ҳаётнинг барча жабҳаларида ҳимоя қилишга тайёр, юрт учун фидойи, бугунги кун талабига жавоб бера оладиган қилиб тарбиялашга қаратилгандир.

Мамлакатимизда ўтган йиллар давомида ҳарбий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш борасида ибратли ишлар амалга оширилди. Жумладан, олий ҳарбий таълим муассасалари фаолияти кенгайтирилиб, уларнинг салоҳияти янада оширилди. “Ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекис­тон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2019 йил 28 июндаги 4375-сонли Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори асосида янги Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси таркибида барча ҳудудларда ташкил топган “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейларида фарзандларимиз онги ва тафаккурига ёшлигидан ватанпарварлик, миллий армияга ишонч туйғулари сингдирилиб борилмоқда.

Бугун дунёнинг олис ва яқин минтақаларида мураккаб можаро ва тўқнашувлар давом этаётган бир пайтда Ўзбекистонимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги ишлар янада самарали ташкил этилмоқда. Хусусан, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, қўшинларни замонавий қурол-яроғ ва техникалар билан таъминлаш, бўлинмаларни бошқаришда ахборот технологияларини кенг қўллаш, жанговар тайёргарлик ва касбий маҳоратни ошириш устувор вазифалар бўлиб қолаверади.

Зеро, ёшларда Ватанга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш бугун ҳаётий ва ахлоқий эҳтиёжга айланиши керак. Давлатимиз раҳбари, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 7 январь куни Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий таълим муассасалари фаолияти билан танишар экан, пойтахтимизнинг Юнус­обод туманида жойлашган “Темурбеклар мактаби” ўқувчи-ёшлари билан учрашди.

“Сизлар Янги Ўзбекистоннинг қанотисизлар. Бу қанотлар нима билан кучли бўлади? Билим билан! Камида икки-учта тилни, аниқ фанларни ва тарихимизни мукаммал билишингиз керак”,—деди Юртбошимиз.

Дарҳақиқат, юртимизнинг тинч-тотувлиги, эртамизнинг порлоқ йўли она Ватанимизнинг тинч-тотувлигига боғлиқ. Шу боис Ватан ҳимоячилари Президентимиз таъбири билан айтганда ҳаётимиз қанотларидир.

Эшболта Қобулов,

Термиз давлат университетининг

педагогика институти директори,

тарих фанлари доктори

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 2 =